04:36 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон: Миллий банк терроризмни молиялаштиришга алоқадорларнинг “қора” рўйхатини эълон қилди

16.03.2017 05:26 msk

Фарғона

Тожикистон Республикаси Миллий банки оғир жиноятлар содир этганлиги учун қидирувда бўлган икки юздан зиёд одамнинг, шунингдек, фаолияти Олий суд томонидан террорчилик ёки экстремистик деб тан олинган 15 та таъқиқланган ташкилотларнинг рўйхатини эълон қилди ва фуқаролар ҳамда тижорат ташкилотларини улар билан молиявий ҳамкорликни тўхтатишга чақирди.

“Қора рўйхат”да Тожикистон Ислом уйғониш партияси (ТИУП), “24 гуруҳи”, “Озод Тожикистон”, “Мусулмон биродарлар”, “Исломий давлат”, “Ал Қоида”, “Жамоати Ансоррулоҳ”, “ Ўзбекистон Исломий ҳаракати”, шунингдек, гиёҳвандлик моддалари, қурол-аслаҳа ва одам савдоси билан ноқонуний шуғулланишга алоқадор шахслар ҳам бор.

Тожикистон Миллий банкининг вакили маълум қилишича, бу рўйхатни эълон қилишдан мақсад – пул “ювиш”га алоқадор фуқаролар ва ташкилотларнинг активларини музлатиб қўйишдир. Унга кўра, бу рўйхат яширин йўллар билан топилган пулларни “ювиш”га қарши курашувчи Financial Action Task Force халқаро ташкилотининг талаби асосида тузилган.

“Халқаро молия институтлари бизнинг рўйхатимизга биноан ТИУП, “24 гуруҳи”,“Озод Тожикистон”нинг ҳисоб рақамларини музлатиб қўйиши зарур. Ўз навбатида, Тожикистон ушбу ҳамкорлик доирасида терроризмга алоқадор шахслардан келаётган маблағларни кузатув остига олади. Турли мамлакатларда терроризм ва бошқа жиноятларни молиялаштиришни бартараф этиш мақсадида бундай рўйхатлар тузилади”, - дейишди Миллий банкдагилар.

Эслатиб ўтамиз, январда Миллий банк Бош прокуратурага умумий ҳисобда 7 мингдан ортиқ операцияларнинг шубҳали транзакциялари рўйхатини берган эди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама