21:00 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда газ таъминоти хизмати ва қарздорлик бўйича тартиб ўрнатиш бошланди

14.03.2017 18:12 msk

Фарғона

Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ 1 мартдан 30 мартгача газ таъминоти хизмати фаолияти ва қарздорларни аниқлаш бўйича қаттиқ текшируви ўтказилади. Мустақил комиссия таркибига “Ўзтрансгаз” компаниясининг республикадаги барча -12 та вилоятларидаги ҳудудий бўлимларининг профил мутахассислари киритилди.



Уларнинг вазифаси – уйма-уй юриб маҳаллий аҳоли томонидан содир этилган турли кўринишдаги қонунбузарликларни аниқлаш (газ бўйича катта қарздорликлар, ҳисоблагичлар кўрсаткичларининг итстеъмол қилинаётган газ кубометрининг реал ҳажмига мослиги, қонунга зид равишда уланиш, ҳисоблагичларнинг синовдан ўтказилмагани ва бошқалар) ҳамда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг Мустақилликнинг 26 йили давомида фаолиятининг ревизиясини ўтказиш қўйилган.

Текширув кўлами ҳақида тасаввур қилиш учун Тошкентнинг 11 та туманида икки-учта мутахассисдан иборат юзлаб гуруҳлар ишлаётганини айтиш кифоя. Мисол учун, Миробод туманининг бир нечта маҳалласида шунақа гуруҳлардан нақ 50 таси ишлаяпти, ҳолбуки бу туманда ўттиздан зиёд маҳалла жойлашган. Гуруҳларга бир кунда бешта уй/квартиралардаги тегишли ҳужжатларни текшириш топширилган.

Хоразмлик назоратчилар “Фарғона” мухбирига айтишларича, энди қарздорлик аниқланганда уларни қоплашга ҳамма, ҳатто ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва прокуратура ходимлари ҳам шошиб қолдилар. Мисол учун, шунақа тоифадаги амалдорлардан бири етти йилдан бери газ учун қарздорликни тўлашдан бўйин товлаб келганди, энди бўлса у бир йўла 32 млн сўм тўлашга тўғри келди. Айни пайтда бюджетга келиб тушаётган пулларнинг миқдори юзлаб миллион сўмлардан ошиб кетди.

“Зангори оловдан” қонунга хилоф тарзда фойдаланиб келаётган кўплаб хусусий иссиқхоналар, чорвачилик комплекслари, қандолатчилик цехлари ва бошқалар ҳам аниқланди.

Текширувчилар, шунингдек, барча хонадон эгаларига йўқ қарзлар илиб қўйилгани ва бу қарзлар аҳоли учун оғир келадиган миқдорда – бир миллиондан беш миллион сўмгача етганини аниқладилар.

Ёппасига текширувлар натижасида биринчи ҳафтанинг ўзида Тошкентнинг Миробод туманида газ таъминот идорасининг ўнлаб миллион сўм миқдоридаги сохта жарима ва ўйлаб чиқарилган қарздорликларни ўзлаштириб келган 50 та назоратчиси ишдан ҳайдалди. “Қарздорлик тўпланиб қолгани” баҳонасида товламачилик билан пул ундириб юрган ва кеинроқ пул тўлашдан қочиш мақсадида ишдан бўшаб кетган райгазнинг собиқ инспекторларининг ишлари судга оширилди. Қайд этамиз, Миробод туман газ таъминот идорасининг ўзида бир йилда 3-4 та раҳбар алмашди. Афтидан, ҳозирги раҳбар ҳам лавозимидан четлатиладиганга ўхшаяпти.

Шу вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам коммунал хизмат соҳаларининг бошқа ташкилотлари – “Водоканал”, “Иссиқлик энергияси”, “Электр тармоқлари” бошқармаларида мустақил мутахассислардан иборат гуруҳлар иштирокидаги текширувлар бошланди.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама