22:25 msk, 17 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Пенсионерлар эрталаб соат 10:00 дан 16:00 гача Тошкент метросида бепул юришлари мумкин

09.03.2017 18:59 msk

Фарғона

Ўзбекистон пенсионерлари 2017 йил 15 мартдан бошлаб Тошкент метросида соат 10:00 дан 16:00 гача бепул юришлари мумкин. Бу ҳақдаги қарорни Вазирлар маҳкамаси 9 март куни чоп этди, дея хабар беради “Газета.Uz”


Тошкент метро станциясида

Пенсионерлар учун кўрсатиб ўтилган вақт давомида метрополитендан бепул фойдаланишни жорий этиш тўғрисидаги режалар ҳақида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурларидан бирида тўхталиб ўтган эди.

Тошкент ҳокимиятида бўлиб ўтган брифингда метрополитен бошлиғи Ойбек Худойқуловнинг журналистларга хабар беришича, бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланиш учун пенсионерларнинг метрополитен операторига пенсия гувоҳномасини кўрсатиши кифоя қилади.

Оператор пенсионерга махсус (одатийларидан фарқ қилувчи) бир марталик жетонни тақдим этади. Бундай жетондан фойдаланиш учун махсус турникет ажратилган.

Пенсионерлар учун белгиланган вақт оралиғида метрополитен хизматидан фойдаланишда чекловлар йўқ, бироқ ҳар сафар алоҳида жетон олинади. Қарор нафақат пойтахт, балки Ўзбекистоннинг барча пенсионерлари учун тадбиқ этилади.

Метрополитеннинг йўқотилган даромадлари Ўзбекистон бюджети ҳисобидан қопланади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама