01:25 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон меҳнат муҳожирларини Польшага жўнатишга тайёрланмоқда

09.03.2017 18:47 msk

Фарғона

Ўзбекистон ва Польша ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ушбу европа мамлакатига юборишга қизиқиш билдирдилар. Uzbekistan Today хабар беришича, Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги делегациясининг Польшага ташрифи чоғида шу ҳақда сўз юритилган.

Ўзбекистонлик делегатлар Лодзь ва Люблин вилоятлари губернаторлари билан учрашдилар. Биринчиси Польша тўқимачилик саноатида, иккинчиси эса аграр соҳасида пешқадамлик қилиб келишади. Губернаторлар биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати учун юқори малакали ўзбекистонлик мутахассисларга иш ўринларини тақдим этишга тайёр эканликларини билдирдилар. Ишлаш учун рухсатнома бериш билан боғлиқ муаммолар ҳақида маълумот бера туриб улар ушбу жараённи тезлатиш ва соддалаштириб беришга ваъда қилдилар.

Evrokatalog.Eu маълумотига кўра, 2014 йил 1 майдан бошлаб кучга кирган Чет элликлар тўғрисида қонунга кўра, Польшада ишлашга талабгорлар учун қуйидаги талаблар қўйилади:

- ушбу вакансияга Польшада ўз вақтида мутахассис топишнинг имконияти йўқ. Тасдиқловчи справка чет эллик фуқаро ишламоқчи бўлган район учун масъул “староста маълумоти” кўринишида берилади;

- Чет эллик фуқаро билан польшалик иш берувчи ўртасида меҳнат шартномаси тузилган;

- шартномада келишилган иш ҳақи ҳудди шу даражадаги ва мутахассисликдаги польшалик ишчиларникидан кам бўлмаслиги керак;

- иш ҳақи ҳар қандай ҳолатда энг кам иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаслиги керак. 2015 йилда минимал-брутто иш ҳақи бир ойга 1750 злотихга тенг бўлган, бу 420 еврога тўғри келади. Агар чет эллик тўлиқ бўлмаган ставкага қабул қилинса, иш ҳақи иш соатларига пропорционал тарзда белгиланади ва шу билан бирга, энг кам иш ҳақидан паст бўлмайди;

- ишга талабгор меҳнат шартномасида амал қилган муддат учун медицина суғуртасини сотиб олган ҳамда Польшада яшаш учун жойи борлигини исботлай олади (мисол учун, қўлида ижара шартномаси бор).

Ишсизлик даражаси юқори бўлганига қарамай, Польшада чет эллик ишчи кучларига эҳтиёж ўсиб бормоқда. Бу польшалик фуқароларнинг ҳудди шу каби иш учун каттароқ пул ишлаш илинжида Европа иттифоқининг ривожланганроқ мамлакатларига кетиб қолаётгани билан боғлиқ, дея изоҳ беради Evroportal.Ru. Мамлакатга ҳам малакали ва ҳам малакасиз ишчи кучи керак.

Қайд этамиз, олдинроқ Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик меҳнат ресурсларини асосан Жанубий Кореяга етказиб беришга ихтисослашиб келган. Ўзбекистон ва Корея меҳнат вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳамфикрлик тўғрисидаги тегишли меморандум 2006 йилда имзоланган. «Подробно.Uz» хабар беришича, ушбу ҳужжат доирасида 2007-2016 йилларда Кореяга 25.5 минг ўзбекистонлик жўнатилган. Айни пайтда Агентлик Россия, Уммон Султонлиги ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ишчи кучи етказиб бериш бўйича музокаралар ўтказмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги