03:41 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон президентининг Туркманистонга давлат ташрифи чоғида ҳужжатлар пакети имзоланди ва Ислом Каримовга ёдгорлик очилади

07.03.2017 06:37 msk

Фарғона

Ашхободда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Қурбанқули Бердимухаммедов ўртасида ўтган музокаралар якуни бўйича икки томонлама ҳужжатлар пакети, хусусан, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, 2018-2020 йилларга Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум, ҳукуматлараро Маданий-гуманитар соҳада 2017-2019 йилларга ҳамкорлик дастури, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2017-2018 йилларга ҳамкорлик дастури имзоланди. Шунингдек, Дашогуз ва Хоразм вилоятлари ҳамда Бухоро ва Лебап вилоятлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди, дея хабар беради “Туркменистан сегодня”. Бундан ташқари, Туркманистон темир йўл транспорти ва Туркманистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ва “Туркменхимия” давлат концерни Ўзбекистоннинг қатор корхона ва ташкилотлари билан шартномалар туздилар.

Кеча Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи бошланди. Президентнинг “Ўғузхон” (Огузхан) Сарой мажмуасида “яккама-якка” тартибда ўтган музокаралардан сўнг олий мақомдаги учрашув икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида – кенгайтирилган таркибда давом этди.

Ташрифнинг биринчи куни давомида Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари Ахалтеки отлари комплексини бориб кўрдилар, бу ерда олий мартабали меҳмонлар учун чопқир элита отлари ҳамда чавандоз йигитларнинг маҳорати намойиш этилди.

Икки давлат раҳбарлари 7 март куни Ўзбекистонга чегарадош Лебап вилоятига борадилар ҳамда Туркменабад-Фарап темир йўл ва автомобиль кўприкларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этадилар. Мирзиёев иштирокида Туркменабад шаҳрида (олдин Чоржоу деб аталган Лебап вилоятининг маъмурий маркази) Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга ёдгорлик очилиши маросими бўлиб ўтади, дея хабар беради Sputnik-Узбекистан.

Шу билан бирга, “Хроники Туркменистана”маълумотига кўра, сўнгги кунларда Туркманистон миграция хизматлари бошқармалари олдида катта навбатлар пайдо бўлиб қолди. Ўзбек миллатига мансуб туркманистонликлар Ўзбекистон билан чекланган визасиз тартиб қайта жорий этилиши мумкин, деган хабарлар таъсирида янги туркманистон паспортларини олишга интилиб қолдилар. Олдинроқ, 2013 йилгач чегараолди вилоятлар аҳолиси қўшни давлатнинг қўшни вилоятида уч кунгача бўлиши мумкин эди. Бироқ 2013 йилдан бошлаб чегараолди аҳолиси учун чегарадан ўтиш имконияти ёпиб қўйилди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама