08:13 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Дарахтларнинг вахшиёна йўқ қилиниши ҳақида ҳатто маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳам ёза бошладилар

07.03.2017 05:30 msk

Фарғона

Бухорода “Фарғона” маълумотига кўра мактаб ўқувчилари томонидан 1970 йилларда барпо этилган ҳиёбон йўқ қилинди.


Бухородаги дарахтлари кесилган ҳиёбон. “Подробно.Uz” сайтидан олинган фотосурат

Эътиборлиси шундаки, дарахтларнинг ёппасига кесилиши ҳақида официоз (ярим расмий) нашр саналган Ўзбекистоннинг “Подробно.Uz” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

“Нима ҳам деса бўлади, бу жой шунчалик эсда қоларлик эдики, ҳатто янги никоҳ маросимларини нишонлаётганлар бу ерда ўзларининг тўйолди фотосессияларини ўтказардилар. Бу даҳшатли ишни амалга оширган йўл қурилиши ташкилотларининг ходимлари эса бу гўзалликнинг ақалли бир қисмини ҳам сақлаб қолмадилар, ҳаммасини таг-туги билан кесиб йўқ қилдилар. Янги йўллар ҳам албатта керак, бироқ бунақа ишларни ақл билан амалга оширилади: мавжуд инфраструктурага янги объектлар ҳамнафаслик ила киритилади. Албатта бу қимматроққа тушади, бироқ бундан ҳеч қандай зарар етмайди. Лекин биздагилар афтидан бошқача фикрлашга ўрганиб қолишган”, - дея таассуф ила ёзади “Подробно.Uz”.


Дарахтлар кесилгунига қадар ҳиёбоннинг кўриниши. “Подробно.Uz” сайтидан олинган фотосурат

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида сўнгги пайтда чоп этилаётган мақолалардан, уларга маҳаллий расмийларга нисбатан танқидий фикрлар билдиришга рухсат берилгани кўриниб турибди. Шу билан бирга, республика раҳбарияти ва президентга нисбатан бунақа танқидий фикрлар йўқ. Баъзи нашрлар зўрға журъат топиб, маҳаллий муаммоларни кўтариб чиқишга ҳаракат қилишмоқда, ҳолбуки бу ижтимоий-сиёсий оммавий ахборот воситаларининг энг асосий вазифаларидан бири саналади.

Бухорода дарахтларни ёппасига кесиш 2011 йилда, мамлакат ҳукуматининг 2010 йил 23 март куни чиққан №49 “Бухоро маданий мероси объектларини замонавий фойдаланиш учун тадқиқот қилиш, консервациялаш, реставрациялаш ва мослаштириш бўйича 2020 йилгача давлат дастури тўғрисида”ги қарори чиққанидан сўнг бошланган. Ўшанда шаҳарнинг ҳамма ерида кўп йиллик дарахтлар кесила бошланди. Расмийлар сув етишмовчилиги ҳамда Қизилқум чўлининг кескин континентал иқлими боис Бухорода дарахт ўстириш нечоғлиқ қийинлигини гўё тушунмаётганга ўхшайди.


"> Бухородаги дарахтлари кесилган ҳиёбон. “Подробно.Uz” сайтидан олинган фотосурат

Чинорлар, қайрағочлар ва бошқа кўп йиллик дарахтларни Ўзбекистонда ёппасига кесиш 2009 йилда бошланган. Илк бор Тошкент марказидаги машҳур Инқилоб ҳиёбонидаги (Сквер) икки юздан ортиқ дарахтлар таг-туги билан кесиб ташланганди. Кейинроқ эса мамлакатнинг бошқа барча шаҳарлари – Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд ва Бухоро кўчалари ва истироҳат боғларидаги чинорлар ўлдирилди...

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама