03:41 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: “Ата Мекен” партияси Ўмурбек Текебаевни президентлигига номзод қилиб кўрсатди

06.03.2017 07:22 msk

Фарғона

Бишкекда 5 март куни “Ата Мекен” партиясининг навбатдан ташқари шошилинч съезди бўлиб ўтди. Парламентдаги шу номли фракциянинг раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Алмамбет Шиқмаматовга кўра, қурултой партия Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) тергов изоляторида ўтирган Омурбек Текебаевни Қирғиз Республикаси президенти лавозимига номзодини кўрсатишга қарор қилганини маълум қилди.


Ўмурбек Текебаев

Шиқмаматов съездга республиканинг барча ҳудудларидан етиб келган делегатлар коррупция ва фирибгарликда айбланиб икки ой муддатга қамоққа олинган партия раҳбари Омурбек Текебаев ва собиқ фавқулодда вазиятлар вазири Дуйшенкул Чўтоновни зудлик билан озод этилишини талаб қилганларини билдирди.

“Вилоятлардане келган делегатлар бугун тарқаб кетадилар ва жойларда штаблар тузиб, ишларини давом эттирадилар. Демократия, эркинлик плюрализм учун курашни кучайтириш бўйича ишлар бошланиб кетади. Биз Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқлардан фойдаланамиз, бутун республика бўйича тинчлик намойишларини бошлаб юборамиз”, - деди Шиқмаматов.

Эслатиб ўтамиз, Текебаев Биринчи май район судининг қарорига кўра 28 февралда МХДҚ тергов изоляторига жойлаштирилган. У билане бирга республиканинг собиқ фавқулодда вазиятлар вазири Дуйшенкул Чўтонов ҳам қамалган. Республика бош прокуратурасига кўра, 2010 йилда Текебаев россиялик тадбиркор Леонид Малевскийдан бир миллион доллар миқдорида пул олган. Иккала сиёсатчи уларга қўйилган айбловларни инкор қилишмоқда.

Қирғизистонда президент сайловлари шу йилнинг 19 ноябрида ўтиши кутилмоқда.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама