12:31 msk, 19 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мойлисой: Тириклар мозори

06.05.2007 22:42 msk

Ф. Виельмини, Э. Қобулов

Мойлисойдаги ахлатхона
Мойлисойдаги ахлатхона. "Фарғона.Ру" АА фотоси
Мойлисой шаҳрининг тоза ва яшил кўчалари яланғоч, қуёшда куйган адирлар фонида яққол кўзга ташланади. Икки ёки уч қаватли уйлар бу манзарага кўринишдан Қирғизистоннинг жанубидаги тор водийда жойлашган совет шаҳрига ўхшамаган бир бошқачаликни бахш этади. Қачонлардир Мойлисой шаҳри аҳолисининг асосий қисмини бу ерларга уран рудасини ишлаб чиқариш учун келган татарлар, руслар ва немислар ташкил қиларди. Айнан немисга хос тартиблилик бу шаҳарнинг ҳозирги вайроналик ва инқилобий бесаранжонликлар вақтида ҳам яхшигина кўринишига сабаб бўлаётган бўлса керак. Бу ерда буюк империя ҳақидаги ёрқин хотиралар жонланади. Яқин-яқингача Мойлисой аллақачон ўтиб кетган социализмнинг бир оролчаси ҳисобланарди.

Бироқ, ҳозирги пайтда Мойлисой уран рудаларининг хавфли қабристонини эслатади. Бу қабристон минтақавий миқёсда экологик фожеага олиб бориши мумкин. Агар ташлаб юборилган радиацион мозорлар ўз сувини Сирдарёга олиб бориб қуядиган каналга оқиб тушадиган бўлса, бутун Марказий Осиё минтақаидаги миллионлаб одамларнинг ҳаёти хавф остида қолади.

Радиоактив рудаларининг заҳираси тугаганидан кейин бу ерда электролампа заводи - МЭЛЗ қурилди. У Совет Иттифоқи электротехника саноатининг байроқдорларидан бири бўлганди. Империя қулаганидан кейин эса, ёш республика саноатининг илғор заводларидан бири бўлиб қолди. Мустақиллик йилларида фақат мамлакат электростанциялари ва Мойлисойдаги заводнигина тўлақонли ишлаб чиқариш корхоналари, дейиш мумкин эди. Мана энди эса завод ўлиши мумкин бўлиб турибди. У билан бирга шаҳар ҳам.

Шаҳар-завод (завод-шаҳар)

Мойлисой ҳақида шундай дейиш мумкин: шаҳар-завод ёки завод-шаҳар. Унинг бутун борлиғи айнан яқин-яқингача “саноат мўъжизаси” номини олиб келган корхона билан чамбарчас боғланган. Хўш, нима учун мўъжиза, деб номланган? Чунки хомашёнинг тўқсон тўққиз фоизи чет элдан олиб келинарди. Шунга қарамасдан завод ўз харажатини ўзи кўтарарди, кўтарардигина эмас, доллар ҳисоби билан миллионлаб фойда кўрарди. Унинг маҳсулоти нафақат қўшни давлатларга, балки, Чехия, Япония, Форс кўрфази давлатларига ҳам экспорт қилинар эди. Унда тўрт минг муҳандис ва ишчилар меҳнат қиларди.

Хомашёсини юз фоиз ташқаридан олиб келиб ишлайдиган корхонанинг фойда келтириши мумкин эмаслигини дуч келган чет эл менежери тасдиқлаши мумкин. Аммо ўша пайтдаги электролампа заводи раҳбари Николай Адольфович Мелькер бундай ажойиб натижага эришганди. Айнан у ўзининг раҳбарлик маҳорати билан, немисларча тартибни ёқтириши билан шаҳарни Тош-Кўмир, Кўк-Ёнғоқ каби қўшни кичик шаҳарлар қисматидан сақлаб қолди. Заводлар ва шахталар ёпилиб қолганидан кейин бу шаҳарлар ҳувиллаб қолганди. Президент томонидан тайинланган раҳбарлар эса мутлақо ҳеч нарсани ҳал эта олмадилар. Ҳатто истаган тақдирларида ҳам қўлларидан келмасди.

Электролампа заводида, демакки, шаҳарда социализм ўзининг энг яхши кўринишини йўқотмаган эди. Ишчилар мўмайгина маош олардилар. Маҳсулотни бу саноат мўъжизасини кўриш учун тез-тез келиб турадиган чет эллик харидорлар жон диллари билан сотиб олардилар. Завод ошхонасидаги овқатлар эса худди ресторандагидек бўлишига қарамасдан деярли текин бўларди. Бироқ тез орада завод сотилди. У билан бирга чет эллик сармоядорнинг шахсий мулкига айланиб бўлган шаҳар ҳам.

Шаҳарни ўлдириш

Мойлисойнинг марказий кўчасида жойлашган кафеда ўтириб, заводни сақлаб қолиш бўйича ўзига хос ташаббускор гуруҳ асосчилари Қаландар Саитов ва Рустам Абдувалиевлар охирги йилларда содир бўлган қайғули воқеалар ҳақида суҳбатлашарди.

2002 йилнинг охирида давлат мулки бўлган электролампа заводи москвалик қандайдир Виктор Столповскийга қарашли В.А.В.С. холдингига сотилиб кетди. Тендер бўлиб ўтди. Жуда ғалати тендер. Энг яхши бўлмаган таклиф танланди. Шартномага 30 декабрда, янги йил байрами арафасида имзо чекилди. Аммо янги хўжайин нафақат заводнинг ўзини, у билан бирга унинг ўтган йилги даромадини ҳам қўлга киритди. Завод тахминан уч ярим миллион долларга сотилган эди. Унинг даромади эса уч миллион долларни ташкил этарди. Демак, янги хўжайин заводни сотиб олиб, унинг ҳақини кечагина ҳукуматга қарашли бўлган корхона даромадидан тўлаган! Яъни, завод текинга берилган.

Наҳотки давлат мардлари олтин тухум туғадиган товуқни сўяётганларини билишмаган бўлишса? Билишарди. Лекин муайян арбобларнинг манфаати давлат манфаатидан юқори бўлиб чиқди. Масалан, Саитов ва Абдувалиевлар тасдиқлашича, битим республика ташқи савдо ва саноат вазири ўринбосари Нина Кириченко томонидан уюштирилган эди. Кейинроқ маълум бўлишича, унинг ўғли В.А.В.С. холдингида ҳуқуқшунос бўлиб ишлар экан.

Мойлисойдаги ахлатхона
Мойлисойдаги ахлатхона. "Фарғона.Ру" АА фотоси
Савдо шартларига кўра, харидор 18 миллион доллардан иборат сармояни уч йил давомида ётқизиш мажбуриятини олганди. Ҳақиқатан дастгоҳлар олиб келинди. Лекин ишчиларнинг гапига қараганда янги, деб олиб келинган дастгоҳлар ва пресслар эски машиналар эди. Улар холдингнинг бошқа заводларидан олиб келинган бўлса керак. Уларни металлолом, деб айтса ҳам бемалол бўлаверади.

В.А.В.С. электротехника холдинги Россиянинг Томс, Саранск ва Уфа шаҳарларидаги электролампа заводларига ҳам эга эди. Улар бу мамлакатнинг ёруғлик техникаси маҳсулотларининг етмиш фоизини ишлаб чиқарардилар. Мойлисой билан қилган ишлари худди ортиқча рақибни бартараф этишга ўхшарди. Саитов ва Абдувалиевларнинг айтишича, корхонада шу вақтгача бир неча раҳбарлар алмашиб улгурди. Улар бир неча ойлар мобайнидагина раҳбар бўлиб туришди.

Янги хўжайинлар корхонани инқироз чегарасига олиб келдилар. Маҳсулот сотиш бозори қўлдан кетди. Масалан, ўтган декабрда Эронга маҳсулот етказиб бериш тўхтатилди. У ерга МЭЛЗ йилига қирқ миллионга яқин лампа экспорт қилар эди. Шунга қараб, маошлар вақтида берилмасдан анча чўзилиб кетди. Масалан, йил бошидан буён ишчилар фақат бир маротабагина маош олдилар. Кучли кадрлар шаҳар ва мамлакатни ташлаб кетмоқдалар. Кетишни истамаганлар эса мавжуд муаммоларни ҳал этишга уриндилар. Лекин янги раҳбарият уларнинг пайига тушди.

Қаландар Саитов тасдиқлашича, у заводнинг тажриба-конструкторлик бўлими бошлиғи лавозимида ишлаётган пайтида унга бир неча бор очиқдан-очиқ ўз хоҳиши билан ишдан бўшашни таклиф этишган. Лекин у бу таклифни рад этган. Шунда унинг лавозими ва бутун бўлим қисқартирилган. Кейинчалик усиз ҳеч қандай ишлаб чиқариш бўлиши мумкин бўлмаган бу бўлим қайта тикланган. Бироқ табиийки, Саитовни қайта ишга таклиф қилишмаган.

Саитов ва Абдувалиев корхона сотилиши ҳақидаги шартномани бузиш ва заводни давлатга қайтариш мумкин, деб ҳисоблайдилар. Чунки сармоядор ўз бўйнига олган мажбуриятлардан бирортасини ҳам бажармаган. Бу иш тажрибадан ўтган. Масалан, Саранскда маҳаллий коллектив В.А.В.С.ни судга бериб, ютиб чиққан. Холдингнинг бошқа заводлар, корхоналар ва банклар билан ҳам муаммолари бор. Масалан, 2005 йилда В.А.В.С. ўзининг заводларидаги акциялари ва мулкларини гаровга қўйиб, Россия жамғарма банкидан 150 миллион долларлик кредит олган.

Мойлисойдаги ахлатхона
Мойлисойдаги ахлатхона. "Фарғона.Ру" АА фотоси
Лекин у фоизларни тўлай олмайди, кредитни қайтара олмайди. Ўтган ойда холдинг банкка тўловларни тўхтатиб қўйди. В.А.В.С.нинг оғир аҳволи унинг эгаси Виктор Столповскийни уни сотиш учун уриниб кўришга ундади. Лекин харидорлар топилмади. Ҳозир у ҳукуматга 10 фоиздан 25 фоизгача холдинг акцияларини сотиб олишни таклиф этяпти. Лекин битим тузилмайдиганга ўхшаб турибди. “Роспром” ва “Минпромэнерго”дагилар бундай таклифни биринчи маротаба эшитаётганларини айтишди. Агар Мойлисой электролампа заводи ҳақида гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, В.А.В.С. заводнинг бир неча ишлаб чиқариш цехларини Қозоғистон банкидан олинган кредит учун гаровга қўйди. Бироқ бу пуллар қайси мақсадда ишлатилгани номаълум.

Бироқ Қирғизистон Фемидаси шаҳар аҳолиси ва завод ишчиларига бўлишмайди. Негаки, бу ғалати завод савдосидан “лола инқилоби”дан кейин ҳам давлат юқори лавозимларини эгаллаб турган шахслар манфаатдор эдилар. Улардан бири яқин ўтмишдаги Қирғизистон бош прокурори, асли мойлисойлик Қамбарали Қўнғантиевдир. Суҳбатдошларимизнинг тасдиқлашларича, унинг қизи икки йил давомида В.А.В.С.нинг Бишкекдаги вакиласи бўлиб ишлаган.

Айтиш керакки, МЭЛЗни сақлаб қолиш ташаббускор гуруҳи томонидан турли хил босқичларга мурожаатномалар юборилди. Масалан, саноат вазирлигига. Мурожаатномалар эътиборсиз қолмади. Бироқ акс-таъсир жуда даҳшатли бўлди – уларни ёзган муаллифлар ишдан бўшатилдилар.

2005 йилнинг март воқеаларидан кейин завод жамоаси ва шаҳарликларда янги умидлар пайдо бўлди. Янги ҳукумат адолатни ўрнатиши ва мамлакат потенциал саноатининг стратегик элементини сақлаб қолишга қизиқиши лозим эди.

2002 йилдаги ноқонуний битимга оид барча ҳужжатлар Оқ Уйнинг (Қирғизистонда ҳукумат биноси шундай аталади. – Таҳририят) янги соҳибларига тақдим қилинди. Лекин ҳеч қандай ижобий жавоб бўлмади. Тафтиш комиссиялари тайинланди. Улар ўз вазифаларига расмий ёндошдилар. Гоҳида текширувчилар Мойлисойга фақат бир кунга келиб, янги хўжайинлар фойдасига қарор чиқариб кетардилар.

Охирги умид ҳозирги бош вазир Алмаз Атамбаевда қолди. У иш билан танишиб чиқиб, уни кўриб чиқишга ваъда берди.

Ўлим дунёси

Бутун бир шаҳарнинг ҳаёти заводга боғлиқ. Янги хўжайинлар даврида иш жойларининг қисқартирилгани ва маошлар мунтазам берилавермаганидан аҳолининг кўп қисми тирикчилик ёки турғун яшаш учун республиканинг бошқа жойларига ёки умуман бошқа юртларга кўчиб кетдилар. Қачонлардир Мойлисойда ўттиз беш минг аҳоли яшар эди. Ҳозир эса фақат йигирма минг. Шаҳар сокингина жон беряпти. Гўзал, шинам, яшил дарахтларга бурканган ғиштли, бежирим болахонали уйлар бўм-бўш турибди ва уларнинг синган ромлари, ойналари одамни ваҳимага солади. Қолган одамлар эса ишларидан ажралганларидан кейин тирикчилик учун завод ахлатхонасига боряптилар. Ахлатхона шаҳардан икки, уч километр наридаги адирда жойлашган.

Ахлатхона яроқсиз электролампа қисмларидан иборат бўлган металларга аралашиб кетган шишасиниқлар тоғини эслатади. Бу ерда никель, яъни, ингичка никели симларини қидирувчилар меҳнат қиладилар. Улар топилмаларини шу ернинг ўзида олибсотарларга сотадилар. Бир килограмм тозаланган никель симлари учун 500 сўмдан 750 сўмгача (бир доллар ўттиз етти сўмга тенг) оладилар.

Никелни шишасиниқлардан, лой ва тошлардан қўлбола электрик центрифугалар воситасида тозалайдилар. Шунинг учун шиша-металл ахлатларидан иборат бўлган тоғ этагида эски дизель генераторлар тинимсиз ванғиллаб туради. Бу ерда кир, ифлос ўтовлар тикилган бўлиб, уларда арзон иссиқ овқатлардан тамадди қилиш мумкин. Бу овқатлар шу ернинг ўзида тайёрланади. Плёнкалардан қурилган дўкончалардан арзон сигаретлар ва печеньеларни харид қилса ҳам бўлади. Бу ерда ҳатто пуллик ҳожатхона ҳам бор. “Қазувчилар” ҳазиллашиб, бу ерни “Ахлатхонадаги шаҳарча” ёки “Қумтор”, деб атайдилар (Қумтор – Қирғизистондаги олтинруда кони. – Таҳририят).

Ахлатхона радиоактив чиқиндилар сақланадиган ер ёнида жойлашган. Қазувчилардан сўраймиз:

- Қўрқмайсизларми? Радиациядан заҳарланиб қолишингиз мумкин-ку?

- Бўлиши мумкин, - деб жавоб беради заводнинг собиқ ишчиси, ўзини Зина, деб таништирган аёл. – Ҳеч ким уни ўлчамаган. Маҳаллий санэпидстанцияда фақат битта асбоб бор. У ҳам тўғри кўрсатмайди.

Мойлисойдаги ахлатхона
Мойлисойдаги ахлатхона. "Фарғона.Ру" АА фотоси
Зина ва минглаб одамлар ахлатхона тепаликларида ва ёнбағирларида жазирама иссиқда чўнқайиб ўтириб, шишали ерни кавлашади. Уларнинг меҳнат қуроллари белкуракчалар ва қандайдир товуқнинг панжасига ўхшаш мосламалардир. Бу темир тароқчалар билан ахлатни кавлайдилар, кейин эса никел симларини бармоқлари билан оладилар. Бир кунда бир юз эллик сўмлик никель қазиб олиш мумкин.

Электролампа заводининг ахлатхонасида мунтазам равишда “қазиш ишлари” бошлангандан буён, яъни, уч йил мобайнида ахлат уюмлари остида йигирма тўрт одам ҳаётдан кўз юмди. Ҳақиқатда никель қидириш хавфли санъат экан. “Қазувчилар”дан бири ўз номини айтишдан бош тортгани ҳолда айрим ўликлар бир неча ойлардан сўнг топилиши ҳақида хабар берди. Асосан улар якка қазувчилардир. Улар кўринмай қолсалар, ҳеч ким сезмайди. Улар кетиб бўлишдими ёки ахлат тагида қолиб кетдиларми, ҳеч ким билмайди. Бу ерга тирикчилик учун фақатгина қўшни районлардангина эмас, қўшни вилоятлардан ҳам келишади. Қўшни республиканинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидан келганлар ҳам бор. “Ахлатхона шаҳарчаси”га келган “чет эл” ишчиларига милиционерлар мунтазам равишда жарима солиб турадилар.

Кунлар исиши билан шиша адирларда ҳаёт жонланади. Куз ва қиш пайтида эса бу ерларда одамлар кам бўлади. Ёмғир ёғиб, шиша-метал қоришмаси музлайди. Уни қазиб олиш қийинлашади.

Мойлисой шаҳри шарпага айланиб боряпти. У билан бирга борадиган жойи йўқ аҳоли ҳам шарпага айланяпти. Бу ерга “никел” бахтини излаб келган одамлар ҳам шарпага айланяптилар. Бу ерда фақат ўлим мавжудлиги реал бўлиб қолди.