02:43 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Муҳожирлар интеграцияси бўйича Швейцария тажрибаси

17.06.2007 11:00 msk

Н. Зотова тайёрлади

Замонавий Россия дуч келган муҳожирот хатари қабатида давлат хизматлари ва жамият қабул қилувчи мамлакатда муҳожирлар интеграциясидек ўта муҳим масалага ҳозирча кам эътибор қаратаяпти. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва турли НҲТ кучи билан муҳожирларга уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ахборот бериш бўйича иш олиб борилмоқда, бироқ бу жуда ҳам камдир. Россия Федерацияси давлат хизматлари ҳозирги пайтда “отни қамчиламаяптилар”, балки юзага келаётган муаммоларга кечикиш билан муносабат билдирган ҳолда катта миграцион оқимлар юзага келганлиги сабабли ишлаяптилар. Бизга бу соҳада фақат битта тадбир маълум, у ҳам бўлса, Пермь вилоятида “Муҳожирлар мактаби”нинг ўтказилганлигидир. Биз бу ҳақда аввал ёзгандик. Европа мамлакатлари анчадан буён муҳожирларни қабул қилаётибди. Европа бу жараёнга шўнғир экан, албатта, қатор муаммоларга дуч келганди. Шунга қарамай, бу тажрибани англаб етиш Россия учун мутлақо фойдали ишдек кўринади.

Ушбу мақолада биз бир йилча аввал ташкил этилган Цюрих (Швейцария) шаҳар муҳожирлар интеграциясига кўмаклашиш хизмати ҳақида сўзлаймиз. Мақола мазкур хизматнинг раҳбари жаноб Кристоф Майер маърузасига асосланган. Маъруза “Россиядаги муҳожирлар интеграцияси. Эритиш қозоними ёки кўпмаданиятли жамият” давра суҳбатида тақдим этилганди. Маъруза матни “Фарғона.Ру” АА таҳририятига Швейцария ҳамкорлик бюроси томонидан лутфан тақдим этилди.

Айрим фактлар

Европа марказида жойлашган Швейцария аҳолиси 7,3 миллион кишидан иборат. Мамлакат Европа Иттифоқига аъзо эмас. У ерда чет эллик фуқаролар улуши 20,5% ни ташкил қилади, бошқа мамлакатларда туғилган Швейцария фуқаролари эса (2000 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра) 27,9% дир. Шундай қилиб, мамлакат аҳолиси ичида муҳожирлар ва уларнинг авлодлари улуши жуда катта. Маълумки, Швейцария конфедерация бўлиб, у 26 кантон ва 2740 жамоатдан иборат. Мамлакатда тўртта расмий давлат тили ҳамда кўплаб шеваларда сўзлашадилар. Муҳожирлар эса тақрибан 150 тилда гаплашадилар.

Цюрих Швейцариянинг 370 минг аҳолига эга бўлган энг йирик шаҳарларидан бири бўлиб ҳисобланади, бундан 111 минги (30%) чет элликлар. 2005 йили 40 минг киши Цюрихга кўчиб ўтган; 39 минг киши шаҳардан кетган. Уларнинг қарийб ярми чет элликлардир.

Цюрих йирик иқтисодий марказ, маданият ва истироҳат марказидир. Шаҳар 300 минг кишини иш билан таъминлайди, улардан 90% и хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайдилар. Бу ерда воқеаларга бой ва кўп қиррали маданий ҳаёт ҳукм суради; бунда бўш вақтни ўтказиш учун имкониятлар кўп, шаҳар яқинида “яшил ҳудудлар” мавжуд. Цюрих бу халқаро миқёсдаги муҳим молиявий марказ; бу ердаги университетлар ва олийгоҳларда 40 минг талаба ўқийди. Шаҳар турмуш даражаси бўйича доим жаҳонда биринчи ўринларни эгаллаб келади.

Миграцион сиёсат

Икки мамлакат (Россия ва Швейцария) ўртасидаги номутаносибликка қарамай, муҳожирлар оқими билан боғлиқ бўлган кайфият, фикр ва мулоҳазалар қарийб бир хил. Швейцариядаги аксилмуҳожирлик шиорлари орасида қуйидаги фикрлар бор:

- Чет элликлар ишимизни тортиб олаяптилар!

- Швейцария насронийлар миллатидир!

- Гиёҳванд моддалар савдоси ва зўравонлик билан айнан чет элликлар шуғулланаяптилар!

- Интеграциялашиш – чет элликларнинг иши!

- Чет элликлар фақат биздаги ижтимоий таъминот тизими имтиёзларидан фойдаланиш учунгина келаяптилар!

- Кўпмаданиятли жамият муваффақиятсизликка учради!

- Кимни сафимизга қўшиш, кимни қўшмасликни биз ўзимиз ҳал қиламиз!

Ҳозирги пайтда эса Швейцарияда иммиграция жабҳасидаги жорий сиёсат қуйидагича кўринишдадир:

- (ЕИга аъзо мамлакатлар) фуқароларининг эркин ҳаракатланиши ва истаган жойда яшашлари тамойилини жорий қилиш. Бу эса ким иш топса, мамлакатда қолиши мумкинлигини англатади.

- (ЕИга аъзо бўлмаган мамлакатлардан) иммиграцияни қатъий чеклаш сиёсати. Яъни, эндиликда иммиграция фақат юқори малакали мутахассислар учунгина мумкин.

- Оилани бирлаштириш – мамлакат кўчиб ўтиш учун энг муҳим асос. Оилани бирлаштириш йўналиши бўйича келганлар улуши 40% дан ортиқроқ.

Сўнгги йилларда қўшни мамлакатлардан, айниқса, Германиядан кўчиб келиш ҳоллари сезиларли даражада ошди. Қайд этиш зарурки, Швейцарияда истиқомат қилувчи тақрибан 150 минг киши бунинг учун қонуний рухсатномага эга эмас.

Муҳожирлар интеграцияси сиёсати

“Интеграция” атамасининг ўзини англашга ўтар эканмиз, интеграциянинг кўплаб таърифлари моҳияти кўпинча келувчиларнинг молиявий жиҳатдан мустақил эканлиги ва тартибга риоя қилишида ўз аксини топганини қайд этиш мумкин. Кундалик баҳслар чоғида у яна ижтимоий ва иқтисодий имкониятлардан баравар фойдаланиш ўлароқ ҳам тушунилади. Барчага баробар имкониятлар тақдим этиш ва уларга эга бўлишни қатор кўрсаткичлар бўйича кузатиш, шунингдек, ўлчаш ва қиёслаш мумкин: улар ўқишдаги муваффақиятлар, даромадларнинг тақсимланиши, ишсизлик даражаси, қонунбузарликлар сони ва ҳаказолардир. Тегишли индикаторлар интеграцияга ёрдам бериш бўйича чора-тадбирларни режалаштиришда жуда фойдали бўлиши мумкин. Бунда интеграциянинг бутун жамиятга дахлдор бўлган жараён эканини, у якка тартибда ўлчаниши мумкин эмаслиги, жумладан, интеграция ҳақида фақат кўчиб келинган мамлакат тилини билиш даражасига қараб баҳолаш мумкин эмаслигини эътиборда тутиш лозим.

Интеграция, биринчи навбатда, шахсий даражага дохил бўлади. Мазкур муаммони ўрганишда қуйидаги саволларни қўйиш зарур: Қачон киши ўзини жамиятга интеграциялашгандек ҳис қила бошлайди? Нима учун? Мен қачон ўзимни жамиятга интергациялашгандек ҳис қиламан? Нима учун? Менинг интеграциялашувим учун бошқаларнинг мени жамиятга интеграциялашган деб ҳисоблашлари муҳимми? Киши қайси жабҳаларда жамиятга мослашиши керак? Хусусий жабҳа нима? Маданиятлар кўплигига хайрихоҳ бўлиш мумкинми? Ўзини ўраб турган жамиятга интеграциялашув имконияти кишига нима беради? Хулоса қилароқ ва ўта жўнлаштирган ҳолда қайд этамизким, биз интеграция ҳақида гапирганимизда, гап ижтимоий ва шахслараро тан олув ҳақида, шахсий салоҳият ва ижтимоий ресурслардан фойдаланиш имкониятларининг осонлашиши ҳақида боради.

Интеграция билан боғлиқ ҳолда биз кўриб чиқаётган асосий муаммолар доираси қуйидагича:

- Таълим – Мактаб, ўқиш ва малака ошириш

- Тирикчилик - Иш, саломатчилик ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояланганлик

- Хусусий жабҳа – Дин ва маданият

- Маиший ҳаёт – Истиқомат, турар-жой ва бўш вақт

- Авлодлар - Фарзандлар, ёшлар, катта ёшдаги кишилар

- Ҳуқуқ - Дискриминация, “бегона”ларга нисбатан нафрат, зўравонлик

- Сиёсат – Қарор қабул қилишда, бошқарувда иштирок этиш

Интеграция бўйича давлат сиёсати қуйидаги тамойиллар асосида қурилиши мумкин ва лозим:

- Воқеликка асосланган сиёсий ва стратегик концепциялар

Бу, масалан, “биз бу ерда уларни (муҳожирларни) кўришни истаймизми” қабилидаги саволнинг мутлақо нотўғрилигини англатади. Чунки улар аллақачон бу ерга келиб бўлганлар ва яна кўпчилик бу ерга 10 ёки 20 йилдан кейин келади. Шундай экан, биз ўзимизга “муштарак келажагимизни қай тарзда яхшироқ қилиб қуриш мумкин”, дея савол беришимиз керак.

- Ҳуқуқий тўсиқларни бартараф қилиш

Бу, масалан, мавжуд чекловлар (мисол учун, дипломларнинг тан олиниши ва ҳ.) олиб ташланишини ҳамда дискриминациянинг ҳар қандай шакли (шунингдек, ҳуқуқий жиҳатдан ҳам) маън қилинишини англатади.

- Давлат хизматларининг барчага баробар тақдим этилишидаги тенг ҳуқуқлилик.

Амалда бу, масалан, Оналар консультацияси хизматининг фақат мамлакатда доимий равишда яшаётган оналаргагина эмас, барча оналарга баробар юқори сифатли маслаҳатлар беришини англатади.

Интеграция соҳасидаги вазифалар доирасига қуйидагилар киради:

- Муайян гуруҳлар учун мақсадга йўналтирилган рағбатлантирувчи тадбирлар

- Информацион иш олиб бориш, жамоатчилик билан маслаҳатлашиш ва ишлаш

- Фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик қилиш

- Интеграцияга кўмаклашиши бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш

“Йирик” лойиҳаларни (уй қуриш, ўқиш ва ҳ.) молиялаштириш билан бир қаторда кичик лойиҳалар воситасида ҳам ижтимоий интеграцияга кўмаклашиш ҳамда бунинг учун тегишли интеграцион кредитлар бериш мақсадга мувофиқдир.

Келтирилган мисоллар қатор лойиҳалар ва тадбирларнинг айримлари, холос. Уларни қарийб чексиз давом эттириш ва баҳс-мунозаралар чоғида конкретлаштириш мумкин.

Болалар ва ёшлар:

Энг асосий нарса қонуний яшаш учун рухсатномага эга бўлмаган болаларнинг умумий ўрта мажбурий таълимига эътибор қаратишдир.

- Мактабгача таълим муассасаларидаёқ тил ўрганишни рағбатлантириш

Шунингдек, она тилини ўрганишни ҳам рағбатлантириш

- Чет эллик болалар кўп ўқийдиган мактабларни молиявий ва профессионал жиҳатдан қўллаб-қувватлаш (мактабда ижтимоий ишлар олиб бориш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, ўқишда ёрдамлашиш ва ҳ.).

- Ота-оналарни мактаб таълим тизими ҳақида хабардор қилиш, ота-оналарга тарбия масалалари юзасидан профессионал маслаҳатлар бериш, улар билан ҳамкорлик қилиш, ота-оналарнинг тил ўрганишларида кўмаклашиш.

- Ёшларни маҳаллий маданий ҳаётга жалб қилиш (спорт уюшмалари, бойскаутлар, мусиқа мактаблари ва ҳ.).

Истиқомат ва турар-жой мавзеи:

- Йўловчиларни шаҳар марказига ва дам олиш масканларига ташиш учун арзон ва самарали транспорт алоқаси билан таъминлаш зарур.

- Истиқомат масалалари бўйича информацион тадбир (ахлат ташлаш, кир ювиш ва ҳ.)

- Турар-жой мавзеларида чет эллик яшовчилар иштирокида байрамлар ўтказиш

- Ижтимоий аҳамиятга молик объектлар бўлишини таъминлаш

- Кўчмас мулк объектлари бошқарувчилари ва эгаларини ўқитиш ҳамда уларга қўллов кўрсатиш

Соғлиқни сақлаш:

- Барча учун базавий хизмат даражасини таъминлаш (мажбурий тиббий суғурта)

- Тиббиёт ходимларини ўқитиш

- Маданиятлараро таржимонларни жалб қилиш

- Биринчи даражали махсус лойиҳаларни молиялаштириш (ОИТС, овқатланиш ва ҳ.)

- Биринчи даражали лойиҳаларни чет эллик яшовчиларнинг актив иштирокида амалга ошириш

Ахборот:

- Иммигрантлар учун олқишлов тадбирлари (Хуш келибсиз!)

- Ҳар қандай масалада қўллов кўрсатувчи ва маслаҳатлар берувчи хизматлар

- Энг муҳим информацион китобчаларни таржима қилиш

- Тил ўргатиш юзасидан мақсадга мувофиқ дастурлар билан таъминлаш

- Жамоатчилик ташкилотлари ҳамда “асосий шахслар” билан ҳамкорлик қилиш

- Мавжуд талаблар юзасидан “иш-ҳаракатлар шаффофлиги”ни таъминлаш (масалан, фуқаролик олиш каби)

- Жамоатчилик билан ишлаш (туб аҳоли учун)

- Интеграция курсларини ўтказиш

Дин ва маданият:

- Диний эътиқод ва маданият эркинлигини кафолатлаш

- Фуқароларни ўз динлари талабига мувофиқ равишда дафн этиш учун имконият яратиш

- Ибодат қилинадиган жойлар ҳамда жамоатчилик бирлашмалари учун биноларни режалаштиришда кўмаклашиш

- Жамият томонидан динга ижобий муносабатда бўлинишига кўмаклашиш

- Асосий иштирокчилар билан доимий ҳамкорлик қилиш

- Турли чет эл ва ёки диний гуруҳлар билан алоқалар ўрнатишга кўмаклашиш

- Информацион ва маърифий тадбирлар, масалан, ижтимоий, диний ва маданий омиллар дифференциацияси нисбатида

- Плюралистик жамият барпо қилиш учун сиёсий ироданинг бўлиши

Фақат келишилган турли тадбирлар мажмуасигина кўпинча самарали бўлади.

Интеграция тил ўрганишга рағбатлантиришдан кўра кўпроқ нарсадир. Пировардида у турмушнинг (қарийб) барча жабҳаларини қамраб олади ва ҳеч қачон тўла тугамайди. Интеграция четдан келганлар учун ҳам, туб аҳоли учун ҳам ўзгаришларни англатади. Шунингдек, у ҳадиксирашни келтириб чиқариши ҳам мумкин. Интеграцияга кўмаклашиш юзасидан ишни йўналтириб ва мувофиқлаштириб туриш мумкин. 2006-2010 йиллар учун Цюрих шаҳрида қабул қилинган интеграция сиёсатининг асосий урғулари ана шу фаолиятга ҳисса қўшишдан иборатдир.

Сўз ниҳоясида Цюрих шаҳрининг яқинда қабул қилинган логотипини келтиришни истардик. Ҳар хил тиллардаги ёзувлар битилган бу логотип кўпмаданиятлилик ҳамда кўплаб миллатларнинг иттифоқ бўлиб яшашга интилишларини ўзида акс эттиради.

Логотип Цюриха