10:30 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Муҳаммад Солиҳ: “Унлилар уйғунлиги Турк қавмларининг уйғунлиги демакдир”

09.06.2007 09:22 msk

Муҳаммад Солиҳ

Мухаммад Солих. Фото ИА Фергана.Ру
Муҳаммад Солиҳ. Фарғона.Ру АА фотоси
Мен “Фарғона.Ру” сайтида чоп этилган, ўзбек алифбосини лотинчалаштириш жараёнига бағишланган материалларни қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Ҳақиқатан ҳам бу долзарб мавзу.

Муҳокама иштирокчиларининг айрим мулоҳазаларида лотин алифбосига ўтиш тарафдорлари позициясини муайян сиёсий доираларнинг мафкуравий инжиқлиги ўлароқ кўрсатиш яққол сезилади.

Айримлар эса лотин алифбосига ўтиш ўзбекларни Совет даври адабиётидан “ажратиб қўйиши”дан нолиганлар. Аммо мулоҳаза билдирувчиларнинг кўпчилиги “ҳамма кирилл алифбосига ўрганиб қолган бир пайтда лотин алифбосига ўтишнинг нима кераги бор” қабилида ўз норозиликларини маиший шикоят даражасида изҳор қилганлар. Айни шу шикоят менга энг самимий муносабатдай кўринди - баъзи арбобларнинг сиёсий баёнотларидан ҳам кўра самимийроқ туюлди.

Ҳамма халқларда ҳам миллий ёзув ислоҳоти чоғида шу каби шикоятлар бўлган. Кишилар кўникиб қолган эски алифбо турганда, аллақандай янги алифбони ўрганиб ўтириш ҳеч кимга ёқмайди. Бу табиий ҳолдир.

Афсусланарлиси шуки, муҳокама қилинаётган масалага профессионал ёндошилмаган. Шахсан мен лотин алифбосининг ўзбеклар учун нега зарарли экани юзасидан биронта ҳам жиддий далилни топмадим.

Энг “жиддий” аргумент (алифбони лотинчалаштириш “совет даври адабиётидан узилиш”га хизмат қилиши) ҳар қандай ҳажмдаги матнни кирилл алифбосидан лотин алифбосига бир зумда ўтказиш мумкин бўлган замонавий технологиялар қабатида шунчаки кулгили кўринади.

Рус имлосига гўё душманликда акс этаётган “миллатчилик эҳтирослари” ва “русларга нисбатан нафрат” ҳақидаги таъкидлар ҳам жиддий эмас.

Ёзув ислоҳ қилинишини талаб қилган ва ҳозир ҳам талаб қилаётган объектив сабаблар мавжуд.

Мен, ўзбек тилида ёзадиган киши сифатида, бу борада сизларга ўз фикрларимни билдирмоқчиман.

Мен бу материалларни таҳлил қилишга ниятланганим йўқ, шунчаки муаммо моҳиятига қисқача тўхталиб ўтмоқчиман, холос.

Ўзбек тили Адриатика денгизидан Хитой деворларигача узанган ҳудудда истиқомат қилувчи қавмлар мулоқот воситаси бўлмиш буюк Турк тилининг шеваларидан бири бўлиб ҳисобланади. Бу ҳудудда насаби (келиб чиқиши) турк бўлган 230 миллионга яқин киши истиқомат қилади.

Марказий шевалардан бўлган ўзбек тили Турк тили лаҳжалари – ўғуз, қорлиқ ва қипчоқ лаҳжаларининг барча асосий компонентларини ўзида тажассум этган. Яъни, у бошқа барча туркий шеваларга хос бўлмиш сингармонизм қонунига асосланган.

Сингармонизм бу ўринда Â, Ü, Ö, О каби унли товушлар уйғунлигини англатади. Айрим ўзбек тилшунослари “ўзбек тили форс тили таъсирида бу хусусиятни йўқотган”, дея тахмин қиладилар.

Буни Тошкент ва қисман Фарғона водийси шеваларига нисбат бериш мумкиндир, аммо бу Ўзбекистон шимоли ва ғарбидаги лисоний вазиятга мутлақо дахлдор эмас.

80-йиллар бошларида бу мавзу юзасидан бир тилшунос олим билан баҳслашганим ёдимда. Ўшанда мен унга ўзбекларнинг кўпчилиги юз йиллар илгари бўлгани каби сингармоник тилда сўзлашишларини исботлашга урингандим. Мен сўфий шоир Сўфи Аллоҳёрнинг “Ичингда ўт бўлса, ўт ичиндан ўт” деган мисрасини мисол ўлароқ келтиргандим.

Мен ўзбек кирилл алифбоси мазкур мисранинг бутун аллитерацион манзарасини ифода этабилмаслигини исботлашга ҳаракат қилгандим. Унда бир хил ҳарф билан ёзилган, аммо мутлақо бошқа-бошқа маъноларни англатадиган учта сўз бор. Бу “ўт” сўзидир.

Биринчи “ўт” (“аланга”) “жасорат”ни англатади.

Иккинчи “ўт” “олов”ни англатади.

Учинчи “ўт” эса “ўтмоқ” феълининг буйруқ-истак майлидаги шаклидир.

Бу калималар бир хил ҳарфлар билан ёзилади, чунки кирилл алифбосида ўзбек тилининг сингармоник хусусиятларини фарқли ифода этадиган ҳарфлар йўқ. Одамлар [бу сўзларни] кирилл алифбосидаги муайян ҳарф турли оҳангда товланиши мумкинлигини ёдда тутароқ ўқишга мажбурдирлар.

Аснода, биринчи “ўт” “жасоратни тамсил этувчи аланга” ўлароқ “o’t” шаклида ёзилиши керак.

Иккинчи “ўт” ҳам “o’t” шаклида ёзилади, аммо бу гал у “олов”ни англатади.

Учинчи “ўт” эса “öt” (“ўтмоқ” феълининг буйруқ-истак майлидаги шакли) ўлароқ ёзилиши керак, бундаги “ö” ҳарфи кирилл алифбосида бўлмагани каби бугунги янги алифбода ҳам йўқ.

Янги алифбода “о” ва “ o’ ” ҳарфлари бор, аммо унда ҳам “ördak” ёки “öt” сўзидаги биринчи ҳарфни ифодалайдиган “ö” ҳарфи йўқ.

Унлилар муаммоси бугун пайдо бўлгани йўқ, у юз йиллардан бери мавжуд. Эҳтимол, мазкур муаммо туркий давлатлар Турк рун ёзувидан араб имлосига ўта бошлашлари билан пайдо бўлгандир.

Кейинчалик, XVI асрда Андижон амирининг ўғли, темурийзода, буюк шоир, Ҳинд императори Заҳириддин Муҳаммад Бобур араб алифбосида турк назмий тилидаги сингармоник гўзалликни ифодалашга қодир белгилар етишмаслигидан шикоят қилганди. Бу етишмовчиликни йигирманчи асрнинг етмишинчи йилларда кирилл алифбосида шеър битган бизнинг авлод шоирлари ҳам ҳис қилгандилар

Унлилар уйғунлигини ифодалаш учун энг қулай имло 42 ҳарфни тасарруф этмиш Рун ёзуви (Дулбарчин) бўлиши мумкин эди. Аммо бу алифбодан фойдаланишга бизда жуда кўп сабабларга кўра имкон йўқ.

Янги ислоҳотда ҳал қилинмаган иккинчи масала бу дифтонглар масаласидир.

Ўзбек лаҳжаси ўғуз лаҳжасидан (озарбайжон, турк, туркман, Хоразм шеваларидан) фарқли равишда “ң” бўғиз товушини ҳалигача сақлаб қололган ва бу товуш кирилл алифбосида “нг” тарзида ифодаланади. Бу дифтонг янги алифбода яна “ng” тарзида ифодаланган.

Тилшуносликдан ташқари масаланинг сиёсий томони ҳам бор.

Ўтган асрдаги большевистик раҳбарият ўзбек тилига фақат Тошкент ва Фарғона лаҳжаларини асос ўлароқ олиб, катта хатога йўл қўйди. Улар адабий тилни озиқлантириб турувчи чекка жойлар сўзларнинг бой қатламларига йўлни беркитиб қўйишлари мумкинлигини кўрабилмадилар.

Бунинг устига, бу каби волюнтаристик қарор ўзбек тилини бошқа туркий давлатлар тилидан ажратишга хизмат қилди. 80-йилларда “ўзбек тилидаги сингармонизм ўлган”, деб ҳисобловчи тилшунослар пайдо бўлди. Бу орада “ўзбек” аталмиш халқ сингармоник талаффузда гаплашишда давом этаверди. Адабий тил эса халқдан йироқлашишда давом этди.

Эндиликда дастлабки хулосаларни чиқариш мумкин: Ислоҳотчилар томонидан қўйилган мақсадлар бажарилмади. Ислоҳот чала қолди, шундан келиб чиққан ҳолда, у имломиз учун зарарли бўлиб ҳисобланади. Янги алифбонинг қабул қилиниши тилимиздаги унлилар муаммосини ҳал қилмади, балки уни янада чуқурлаштирди.

Биз ёзув ислоҳоти фақат лисоний ва иқтисодий нуқтаи назардангина эмас, балки ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий нуқтаи назардан муҳокама қилинмоғи керак, деб ҳисоблаймиз.

Ўтмишда йўл қўйилган хатолар тузатилиши лозим. Бунинг учун зиёлиларимизнинг қатъияти ва мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси талаб этилади.

Ёзувингизни ислоҳ қилиш бўйича уринишларингиз учун олқиш кутиб ўтириш керак эмас, овора бўласиз. Билъакс, сизни “одамларининг тинчини бузувчилар”, деб аташлари мумкин. Чунки сиз ҳақиқатан ҳам одамларни “аллақандай янги алифбонинг аллақандай ҳарфлари”ни ёдлашга мажбур қилиб, уларнинг тинчини бузмоқдасиз.

Бу нормал ҳолдир, айниқса, шер билан шоқол излари аралашиб кетган бугунги маънавий иниш замонида...

Муаллиф ҳақида: Муҳаммад Солиҳ – ўзбек адиби, шоир, сиёсий арбоб, мухолифатдаги “Эрк” партияси раҳбари. Қувғинда яшайди, ватанда 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.