22:23 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон: Ҳижоб ўрнига мактаб формасими?..

07.06.2007 15:17 msk

Жамшед (Душанбе)

Ҳурматли “Фарғона.Ру” АА таҳририяти!

Мен таҳририятингизга исмини сир тутган “Тожикистон мусулмони” томонидан юборилган мактуб юзасидан фикр билдирмоқчиман. Ҳижобдан бундай фожеа ясашнинг нима кераги бор эди? Хат муаллифи Республикамизнинг дунёвий давлат эканини тушуниши керак, бу ҳақда ўша мусулмонларнинг ўзлари қабул қилган Конституциямизда аниқ-равшан ёзиб қўйилган. Мен ҳукумат позициясини маъқуллайман ҳамда ўқув даргоҳларида талабалар ва ўқувчилар учун уларни бошқалардан ажратиб турадиган либос бўлиши лозимлиги тўғрисидаги фикрни тўла қўллаб-қувватлайман.

Қизларимиз ва аёлларимизнинг аҳлоқий ва маънавий поклигига келсак, рўмол ўраганлик ҳар доим ҳам бундан далолат беравермайди. Мен рўмол ўраган қизларнинг кўпини кўрганман, аммо айни пайтда уларнинг юриш-туриши ва муомаласи ҳақиқий мусулмонларникига унча ўхшайвермайди. Мен конкрет мисол келтиришим мумкин. Пойтахт бозорларидан бирида садақа сўраб юрган аёл рўмолли қизнинг олдига келиб, уни дуо қила бошлади, бироқ қиз унга жавобан қўпол оҳангда: “Сен исқирт аёлсан, сендан сийдик ҳиди келяпти, сенинг Аллоҳ номини ўртага қўйишга ҳаққинг йўқ, сен тозамассан!” деди. Бу манзарага қараб туриш аянчли эди. Қизнинг онаси тенги бўлган аёл садақа ва яхши сўз ўрнига ўз қизидан, муслимадан ҳақорат эшитди.

Агар қизлар қалби пок бўлиб, Қуръонни эъзозласалар, мен улар рўмол ўраб юришлари шарт эмас, деб ҳисоблайман, зеро, ҳижоб кийиб юрувчилар ичида ҳам ўзларини аҳлоқсизларча тутувчи аёллар ва қизлар кўп.

Бугунги кунда бу исмсиз муаллиф барча мусулмонлар номидан гапириб, жамиятдаги тарангликни авж олдираётганини унча тўғри деб ҳисобламайман. Биз Тўражонзода, Нурий, Д. Исмон ва шу каби кишилар бошчилигида Исломий давлат қуриш тарафдорлари бошлаган битта урушни бошдан кечирдик. Биз иккинчи урушни истамаймиз, ундан кўра яратувчанлик билан шуғуллайлик, вазиятни издан чиқармайлик. Бизда бундан муҳимроқ муаммолар бор, ҳаммамиз уларни ҳал қилишда қўлдан келганча иш қилишимиз, янги муаммолар пайдо қилмаслигимиз лозим!

Ҳурмат билан,

Жамшед (Душанбе)