16:22 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек алифбосини лотинчалаштириш. Тошкентликлар фикри

06.06.2007 05:30 msk

Ўз ахб.

Мавзу юзасидан фотосуратлар: Фарғона.Ру галереяси

Биз ўзбек тилини лотин алифбосига ўтказилиши билан боғлиқ бўлган муаммо ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирамиз. Нима учун ёзувни алмаштиришга қарор қилинди? Янги алифбонинг афзалликлари ва камчиликлари нималардан иборат? Лотин алифбоси кундалик ҳаётга қандай жорий қилинаяпти? Бу ислоҳотнинг умумий натижалари қандай? Бу ва бошқа саволларга ўзбекистонлик олимлар, сиёсатшунослар, жамоат арбоблари, журналистлар жавоб берадилар. Ушбу мавзу юзасидан билдирилган мулоҳазалар билан “Алифбони лотинчалаштириш. Ўзбекистон тажрибаси” ва “Ўзбек алифбосини лотинлаштириш: Мутахассислар шарҳи” мақолаларида танишишингиз мумкин.

Азиз Мақсумов, журналист

- Аслида, лотин алифбосига ўтиш тамомила сиёсий сабабларга кўра амалга оширилган. Бу “шимолдаги оға”дан яхшироқ иҳоталаниш учун қилинган. Афтидан, бу масала Туркия раҳбарининг Ўзбекистонга биринчи ташрифидаёқ муҳокама қилинган кўринади. Эҳтимол, у бошқа маслаҳатлар билан бир қаторда Москвага тобеъ бўлишни йиғиштириш, лотин ёзувига ўтиш ва ниҳоят, марксизмнинг зарарли таъсири ҳамда шимолликлар билан боғлиқ бўлган барча нарсалардан халқни иҳота қилиш маслаҳатини ҳам бергандир. Шундан кейин марксизм намояндаларини мактаблар ва олийгоҳларда ўқитиш маън қилинди. Ашаддий ватанпарварларимиз эса, агар университет деворларида Горький портретини ёки токчаларда совет адабиётига оид китобларни кўриб қолсалар, уларни дарров йўқотиш пайига тушардилар.

Кейин одамлар сал ўзига келдилар. Чунки ўзбекистонликларнинг бир неча авлоди кирилл алифбосида ўқиган эдилар ва уларнинг лотин алифбосини ўзлаштириб олишлари қийин бўлди. Бунинг устига буларнинг ҳаммасини моддий жиҳатдан таъминлаш ҳам катта муаммо туғдирди. Турли ёзувлар, корхона ва муассасаларда иш юритиш миллионлаган маблағни талаб этарди. Шунинг учун ҳам лотин ёзувига ўтиш бўйича якуний муддат бир неча маротаба узайтирилди.

Бу Олий Мажлисда ҳам анчагача доимий равишда муҳокама қиладиган мавзу бўлиб қолди. Тегишли комиссиялар йилига икки-уч мартадан туманларда, вилоятларда ва вазирликларда лотин ёзувига ўтиш ҳақидаги қонуннинг бажарилиши масалаларини муҳокама қилардилар.

Ҳар сафар кимнингдир айбдорлиги, ишга хўжакўрсинларча муносабат, бу ишнинг чўзилаётгани, масалани тушунмаётганлик ҳақида гаплар айтиларди. Вақт ўтиши билан Туркия умидларни оқламагани маълум бўлди ва лотин алифбосига ўтиш ишида сусткашлик қилина бошланди. Эндиликда расмийлар ўзларининг қонуний қарорларини бекор қилаётганлари эса мутлақо аҳмоқликдир. Файласуф Бердяев “15 йил – бу бир авлод демак”, деб ҳисобларди. Бизда бу ёзувни мактабларда ўрганаётган болаларнинг бутун бир авлоди етишиб чиқди. Яъни, вазият ўта мураккаб. Эҳтимол, энг тўғри йўл кирилл ёзувига қайтмаслик бўлар, чунки агар шундай қилинса, яна лотин ёзувини бекор қилиш ва бутун бир авлодни қайтадан ўқитиш керак бўлади. Ҳар ҳолда, мен ҳозир қандайдир жазо, қандайдир босим ва ҳаказолар бўлиши мумкинлигини кўрмаяпман. Шунинг учун ҳам ҳозир нимага эга бўлсак, шунга эга бўлиб турибмиз – лотин алифбосидан оз сонли газеталар ва оммавий ахборот воситалари фойдаланадилар, кўплари эса кирилл алифбосидан. Лекин кинофильмлардаги ҳамма ёзувлар лотин алифбосида ёзила бошлади.

Менимча, халқни билимдонроқ қилиш учун рус тилини, кирилл алифбосини ўрганишга катта эътибор қаратиш тавсия қилинса керак. Эҳтимол, бу энг оқилона қарор бўларди. Ҳозир эса биз фақат вақт йўқотибгина қолмасдан, жуда кўп одамларни саводсиз ҳам қилиб қўймоқдамиз. Биз уларни фақат кирилл ёзувидангина эмас, катта адабиётдан ҳам ажратиб қўйдик. Кўплаб қишлоқларда рус тили унутилиб кетди ва афсуски, инглиз тили мутлақо ўзлаштирилмади. Шундай бўлдики, биз битта тилни ўрганмай туриб, иккинчисини унутдик. Буларнинг ҳаммаси жамият савиясида – унинг маданиятида ҳам, унинг ўз-ўзини англашида ҳам акс этади. Шунинг учун бунинг оқибатлари қайғули: биз минтақанинг энг саводли ва ривожланган давлатидан Ўрта Осиё каби ўртача бир мамлакатга айланиб қолдик.

Вячеслав Охунов, шоир, носир, рассом

- Лотин ёзувига ўтиш иши ҳали якунлангани йўқлигига қарамай, яна кирилл алифбосига ўтишимиз ҳақида гапира бошладилар. Мен буни Андижон воқеаларидан кейин бошланган Москва экспанцияси туфайли бўлаяпти, деб эшитдим.

- Бу халқ орасида бўлаётган гап...

- Аслида, халққа барибир. Халққа фарқи йўқ. Бу ишларнинг ҳаммаси унинг жонига тегиб бўлган. Икки марта янги алифбога ўтдик – 20- ва 40-йилларда.

- Аммо ҳозир кирилл алифбосига қайтиб бўлмайди. Болалар ўн йилдан бери лотин ёзуви асосида ўқияптилар.

- Нима учун мумкин бўлмасин? Нима бизда ўқишни қойиллатиб қўяяптиларми?.. Бизникилар ўқимаяптилар.

- Ўзингиз лотин ёзувидаги қанақадир матнларни ўқийсизми?

- Дўконларда ўқийман. Маиший ёзувлар, осма ёзувларни. Баъзан маълумотномалар ҳам учраб туради, лекин камдан-кам ҳолларда. Масалан “ЖЭК” қоғозларини олайлик – улар лотин ёзувида ёзилган. Ҳар хил маиший шартномалар...

- Ўзбекистон лотин ёзувига муваффақият билан ўтаяпти, деб айтиш мумкинми?

- Нима дейишниям билмайман, бу баҳсли масала. Балки Тошкентнинг марказида, маҳаллий хон ўтадиган катта йўлларда бу ёзувга ўтгандирлар. Агарда чеккароқ жойларни оладиган бўлсак, ундай эмас – бу жуда муаммоли масала.

- Нима деб ўйлайсиз, лотин алифбосига ўтиш республиканинг глобал ахборот фазосига интеграциялашувига ёрдам бераяптими?

- Бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. Ҳарфнинг ўзи инсонсиз ҳеч нарса эмас. Агар зиёлиларимиз глобал фазога интеграциялашолмаган эканлар... Аммо бизда том маънодаги зиёлиларнинг ўзи ҳам йўқ. Бизда номзодлар ҳам, докторлар ҳам ва ҳаказолар ҳам бор, аммо бизда ростмана олимлар йўқ, ҳаммаси сохта олим. Ёшлар эса ҳамма нарсага тез кўникади. Улар бемалол мослашиб кетишлари мумкин. Катталарнинг эса мослашишларига ҳожат ҳам йўқ. Агар чинакамига Ғарб жамиятига интеграциялашилса, бу ҳарф албатта керак бўлади, у ёрдам беради. Чунки, умуман олганда, унинг инглиз тили билан боғлиқлиги кўриниб турибди. Ҳаммаси нуқтаи назарга боғлиқ. Мана, кўпчилик “Россия, Россия...” дейди. Россияда эса ҳозир шунақанги бошбошдоқлик ҳукм сурмоқдаки, уни ўрнак олиш учун яхши намуна, деб бўлмайди. Барибир Америкада кўп нарса бор – қатъийлик ҳам, ўзига ишонч ҳам, ниҳоят, ғалаба у томонда. У совуқ урушда ғалаба қозонди. Унда биз “замонавий маданият” деб атайдиган нарса учун пул ҳам бор. Замонавий маданият, замонавий санъат ва замонавий илм-фан – булар Россияда йўқ. Россияда ҳеч қачон замонавий маданият ҳам, замонавий санъат ҳам бўлмаган. У ерда яхши илм-фан, арзигулик қурол-аслаҳа бўлган. Катта нефть игнаси бўлган – бори шу. Албатта, мен ҳамма билан – Америка билан ҳам, Россия билан ҳам яхши алоқада бўлишимиз керак, деб ўйлайман...

Абдулло Тожибой ўғли, ҳуқуқ ҳимоячиси

- Мен лотин ёзуви ўзини оқламади, деб ҳисоблайман. Ҳозирча бизда фақат тўққизинчи синфгача бўлган мактаб дарсликларигина лотин ёзувига ўтказилган. Кейин ўқувчилар университетга кирадилар, у ерда эса барча китоблар кирилл алифбосида. Шунинг учун ҳам, болаларимиз саводли бўлиб қолишлари учун мен аста-секинлик билан, олимлар билан маслаҳатлашган ҳолда, лотин ёзувини бекор қилишга тарафдорман. Шундай қилинса, зарар камроқ бўлади, чунки ўтган 60 йил ичида бутун Ўзбекистон тарихи, барча дарсликлар ва илмий ишлар – буларнинг ҳаммаси кирилл алифбосида чоп қилинган. Шундай экан, бу китоблардан фойдаланиш учун биз кирилл алифбосига қайтишимиз лозим. Чунки буларнинг ҳаммасини лотин ёзувига ўтказиш учун жуда катта маблағ керак бўлади, бунинг устига, бу иш жуда кўп вақт олади. Совет ҳокимияти давридаги 70 йил ичида араб имлосидаги тарихий ва илмий китобларнинг 50 фоизи кирилл алифбосига ўгирилганди.

- Лотин алифбосининг ўзи сизга ёқадими?

- Гап ёқиш-ёқмаслигида эмас, бундан халқимизга, давлатимизга қандай фойда борлигида – мана, гап нимада.

- Эсингизда бўлса, 90-йиллар бошида Туркия билан муносабатларимиз дўстона бўлган пайтда янги туркийзабон мамлакатлар аҳолиси ягона алифбода мулоқот қилиши, масалан, туркиялик муаллифлар китоблари ўқиши тахмин қилинганди...

- Фақат турк китобларинигина эмас, кўпчилик кишилар компьютернинг барча дастурлари лотин ёзувида бўлгани учун турклар бизни лотин алифбосига ўтишга ишонтирганларини гапиргандилар. Шундай йўл билан улар халқнинг бошини айлантирганлар ва биз бу қонунни қабул қилганмиз.

- Балки ўша пайтда кирилл алифбосида дастур таъминоти бўлмагандир, аммо бугунги кунда кирилл алифбосида ҳам, хитой ва япон алифбосида ҳам деярли барча дастурлар ишлайди.

- Ҳа, ҳатто араб алифбосида ишладиганларини ҳам топиш мумкин. Ўша пайтда ислоҳот ўтказиш ва халқни 50 йилга ортга ташлаш учун шунчаки баҳона керак бўлган.

- Сизнингча, ҳозир ўқишнинг лотин алифбосида олиб борилаётгани ёшларга ёрдам бераяптими?

- Мен билган одамларнинг кўпи ўз болалари ва набираларининг келажаги учун уларни рус мактабларига бераяптилар, чунки фарзандларининг русча ўқишлари ва кирилл алифбосини ўрганишларини истаяптилар. Мен ҳам шулар қаторида ўз набирамни рус мактабига бердим. Ҳар бир миллатнинг ёшлари тилларни ўрганишлари керак. Аммо бунинг учун имлони ўзгартириш, лотин ёзувини давлат ёзувига айлантириш шарт эмас-ку. Мен буни бефойда иш, деб ўйлайман.

- Сиз ёшларнинг ҳозир нима ўқиётганларини биласизми?

- Ҳозир компьютерлар асри, шунинг учун ҳам кўпчилик компьютер қаршисида ўтирибди. У ерда керакли ахборотни, керакли китобларни топиш осонроқ. Дарсликларда эса... Лотин ёзувида буюк ёзувчиларнинг, буюк шоирларнинг китоблари йўқ, улар шунчаки 8-9-синф дарсликларига киритилган, холос.

- Нега энди, масалан, Алишер Навоий асарларини, бошқа мумтоз шоирлар асарларини лотин алифбосига ўтказдилар-ку...

- Ҳозир фақат бадиий адабиётгина эмас, илмий китоблар ҳам муҳим – илм-фанда йўналишлар кўп-ку, ахир. Алишер Навоийни лотин алифбосига ўтказганмишлар... Хўш, нима бўпти, энди илм билан шуғулланаётганлар Навоийни лотин алифбосида ўқисинларми?..

- Нима деб ўйлайсиз, ҳукумат лотин алифбосига ўтиш бўйича ўз дастурини бажараяптими?

- Менимча бажармаяпти – маҳаллий кишиларнинг кўпчилиги барибир кирилл алифбосида ёзаяпти. Шундай экан, мен ҳозирча лотин ёзувига оммавий ўтишни кўрмаяпман. Менимча, ҳукумат халқни бошқариш осонроқ бўлсин учун уни саводсиз кўришни истайди.

- 2010 йилнинг кузигача ўзбек тилини тўлалигича янги имлога ўтказишга ҳаракат қилаяптилар, яъни бу санагача бор-йўғи уч йил қолди. Нима деб ўйлайсиз, бу вақтгача янги имлога ўтиш якунланармикан?

- Билмайман, ахир кўпчилик ҳалигача “лотинча”да бирорта ҳам китоб ўқигани йўқ. Китоб дўконларида лотин ёзувида қанақадир брошюралар, болалар учун эртакларгина бор. Қараб кўринг-чи, у ерда қонунлар ёки ҳеч бўлмаганда Конституция бормикан... Яъни, бу ерда гапиришга арзигулик яна нима бор? Боғча болалари, бошланғич синф ўқувчилари учун қанақадир алифбо, аллақандай китобчаларни сотиб олиш мумкиндир. Лекин қолган китоблар, энг асосий китоблар чиқарилаётгани йўқ-ку? Уч йилда қандай қилиб “лотинча”га ўтиб кета оламиз? Шунча йилдан бери ҳеч нарса қилолмадик-ку...

- Агар мажбурий тартибда кирилл алифбосида китоб чоп этиш маън қилинса, ҳеч қаёққа қочиб қутулолмайсиз – лотин ёзувига ўтишга тўғри келади.

- Нима бўпти, агар ҳукумат “лотинча”га ўтиш учун буйруқ берса, ҳамма китоблар талаш бўлиб кетадими? Талаш бўладиган қанақа китоб бор ўзи – анави китобчалар ёки аллақандай алифболарми? Унда халқ умуман ҳеч қанақа китоб сотиб олмай қўяди.