23:28 msk, 15 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Хўжанддаги минтақа мамлакатлари интеграцияси йўлларига бағишланган анжуман профессионалларни жамлайди

04.06.2007 23:15 msk

Д. Кислов суҳбатлашди

“Марказий Осиё учун ҳамкорлик ва интеграция лойиҳалари: қиёсий таҳлил, имконият ва истиқболлар”. 2007 йилнинг 26-28 июль кунлари Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтажак халқаро анжуман ана шундай номланган. Уни Россия-Тожикистон Славян университетининг Геосиёсий тадқиқотлар маркази (Душанбе шаҳри), Александр Князев жамоатчилик жамғармаси (Бишкек шаҳри), Марказий Осиё ва Кавказ институти (Москва шаҳри), “Россия ва Шарқ” лабораторияси (Барнаул шаҳри) уюштирганлар. “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги анжуманнинг асосий ахборот ҳамкори бўлиб ҳисобланади. Ахборот ҳамкорлари орасида “Бизнес ва сиёсат” газетаси (Душанбе шаҳри), ОАВни қўллаб-қувватлаш маркази (Душанбе шаҳри), Тожикистон давлат тиллар институти ҳам бор. Бўлажак анжуман ҳақида “Фарғона.Ру” мухбирига анжуман ташкилотчиларидан бири – тарих фанлари доктори, профессор Александр Князев гапириб берди.

Фарғона.Ру: - Собиқ совет республикаларини бирор-бир халқаро ташкилот қабатида интеграция қилишга қаратилган минтақа лойиҳалари кам эмас. Бўлажак анжуман шуғулланиши керак бўлган қиёсий таҳлил бу масалада нуқталарни қўйиб чиқмоқчими ва “қайси лойиҳа яхшироқ” деган саволга жавоб бермоқчими?

Александр Князев: - ХХ аср охирида СССР тарқатилиши ҳамда собиқ совет “овлоқ жой”ларининг жаҳонга юз тутиши билан боғлиқ ҳолда минтақа ўзига тобора кўпроқ эътибор жалб қила бошлади. Марказий Осиё концепциясининг ўзини ташқи субъектларнинг геосиёсий мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама қила бошладилар. Ҳудудий-сиёсий ва мазмуний форматлар бўйича турли-туман интеграцион схемалар пайдо бўлаяпти. Уларнинг қарийб ҳаммаси у ёки бу жиҳатдан минтақа ташқарисидаги куч марказлари манфаатларига мувофиқ бўлган конкрет вазифаларни ҳал этишни кўзда тутади. Ҳар қандай лойиҳа ана шу марказларнинг қай бирови манфаатларига мувофиқ эканини фаҳмлаб олиш қийин эмас. КХШТ ёки ЕврОсИҲнинг ядроси Россия экани тушунарли, Американинг “Катта Марказий Осиё лойиҳаси” эса АҚШ давлат департаментининг минтақа мамлакатларини Россиядан “ажратиб олиш” истагидай кўринади, халифалик қуриш ғояси ортида халқаро исломий марказлар турибди, дарвоқе, улар Ғарбдаги айрим махсус хизматлар билан боғлиқ... Яна қанақадир “Ориёна бирлик” тўғрисидаги, “Буюк Турон” ҳақидаги таклифлар янграяпти... Мен алоҳида олинган анжуман шу тариқа кўриб чиқилаётган лойиҳалардан бирининг мутлақо тўғрилигини ҳаммани ишонтириб, якуний хулоса чиқариб беради, деб ўйламайман. Аммо экспертларнинг баҳсларида янги фикрлар туғилади, қандайдир баҳолар қайта кўриб чиқилади, янги лойиҳалар андозалари пайдо бўлади. Унинг у ёғи сиёсий қарорлар қабул қиладиганларнинг иши. Академик ва экспертлик ҳамжамият вазифаси ана шу қарорлар характерига таъсир кўрсатишдан иборатдир...

Фарғона.Ру: - Анжуманда бу ҳамжамият вакилларидан кимлар қатнашиши кўзда тутилган?

Александр Князев: - Иштирок этиши кутилаётган экспертлар ичида минтақа мамлакатларидан, Россия, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Италия, Украина ва бошқа мамлакатлардан вакиллар бўладилар. Улар орасида номлари кенг кўламда таниқли бўлган экспертлар бор. Академик мактаблар ва таҳлилий институтларнинг хилма-хил бўлиши жуда муҳим, турфа хил фикрлар ва баҳоларни ҳисобга олиш ҳамда шунчаки билиб қўйиш максимал даражада холисликка интилаётган тасаввурларни шакллантиришга имкон беришга имкон беради...

Фарғона.Ру: - Сиз томонингиздан муҳокама қилинган мавзу ҳаддан зиёд сиёсийлаштирилган, кўплаб кундалик сиёсий манфаатлар билан боғланган... Бу ерда холисликка эришиш нечоғли мумкин?

Александр Князев: - Аслида ҳеч нарса мутлақо объектив бўлолмайди: ҳар қандай ахборот, айниқса, халқаро сиёсий жараёнлар билан боғлиқ бўлган таҳлилий материаллар доим ўзида у ёки бу жиҳатдан манфаатдорлик нишонасини ташийди. Аммо, мен аввалроқ эслатган хилма-хиллик ҳаддан ошишларни мувозанатга келтиришга, воқеаликка асосланган қандайдир умумий тезислар топишга, бугунги кунда сиёсий манфаатлари бир-бирига зид бўлган Эрон ва АҚШ, АҚШ ва Россия, Ҳиндистон ва Хитой, Афғонистон ва Покистон каби мамлакатлар вакилларига бир пайтнинг ўзида маъқул бўладиган тезислар ёки хулосалар топишга имкон беради. Энг асосийси, биз профессионалларни йиғишга ҳаракат қилаяпмиз, профессионализм деганда эса биз кўриб чиқилаётган муаммо бўйича максимум чинакам билимга эга бўлган ҳолда минимум сиёсий тарафкашлик қилишни назарда тутамиз...

Фарғона.Ру: - Минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни амалга ошириш учун истиқболлироқ ва мақбулроқ ҳамкорлик йўли қандай?

Александр Князев: - Мен мақбул ҳамкор йўли, янаям тўғрироғи, энг долзарб ҳамкорлик йўли ҳақида гапиришни истардим. Бу сув муаммоси. Бу коммуникация муаммоси – айниқса, Қирғизистон ва Тожикистон учун бу муаммо долзарбдир. Бу хавфсизлик муаммоси. Дарвоқе, бу йўналишларнинг ҳаммаси бўйича давлатлараро турли институтлар мавжуд. ШҲТ ва КХШТ кабилар турганда хавфсизликни таъминлаш учун яна бошқа ташкилотлар тузишга ҳожат бормикан? Наҳотки, дейлик, кимдир Қозоғистон-Қирғизистон-Тожикистон форматида хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш самаралироқ бўлади, дея исботлашга уринса? Агар минтақадан ташқарида бўлган давлатлар ҳақида гапирсак-чи? Менинг қатъий ишончим шундан иборатки, “суверенитет”, “миллий манфаатлар”, “ички ишлар” каби тушунчаларга эҳтиёткорроқ муносабатда бўлганлар билан қилинажак ҳамкорлик самаралироқ ва позитивроқ бўлади... Акс ҳолда, янги ва янги зиддиятлар пайдо бўлаверади...

Фарғона.Ру: - Қирғизистонда вақти-вақти билан Россияга қўшилиш ҳақидаги масала долзарблашмоқда – яқинда муҳтамал конфедерация ҳақида гапира бошладилар... Ҳақиқатан ҳам шундай бўлиши мумкинми?

Александр Князев: - Қирғизистон сиёсий элитаси бир қисмининг Россия билан янада тиғизроқ алоқа қилиш истаги, энг аввало, қирғиз этнократик давлати давлат сифатида шакллана олмаганлигини тушуниш ва тан олишдан келиб чиққан. Ҳозирда ўзини йўқотиб қўйган Қирғизистон элитасининг интеллектуал жиҳатдан камбағаллиги очиқ кўриниб қолган, у Қирғизистонни тўлақонли мустақил давлатга айлантириш учун нима қилиш лозимлигини билмаяпти ва республика иттифоқ марказидан дотация олиб юрган яқин ўтмишга мурожаат қилаяпти. Ўша иттифоқ марказидан кадрлар масаласининг бошқарилиши бугунги кунда Қирғизистон ичидаги сиёсатнинг асосий йўналишлари бўлмиш аймоқчилик-маҳаллийчилик муаммолари ҳақида кўпам бош қотирмасликка имкон берарди... Парламентда қарийб бир йилдан буён мухторият мақомида Россия таркибига кириш жараёнини кўтариб чиқиш бўйича чақириқлар янграмоқда. Бунинг Россия манфаатларига нақадар жавоб бериши эса бошқа масала. Иқтисодий қизиқиш объекти ўлароқ Қирғизистон унча катта бўлмаган, кам аҳамиятли мамлакатдир. Сиёсий манфаатларга, хусусан, хавфсизлик жабҳасига келсак, биринчидан, Россия бу жабҳада бугун ҳам, яқин келажакда ҳам минтақада етакчи позицияни эгаллайди. Иккинчидан, Қирғизистон сиёсий элитаси сўнгги икки йил мобайнида (2005 йилнинг мартидан кейин) шундай пойма-пойлик, шундай инобатсизлик намойиш этаяптики, бу унга нисбатан потенциал истиқболли ҳамкор сифатида катта шубҳа уйғотаяпти. Агар умуман минтақамизда қандайдир интеграция ҳақида гапирадиган бўлсак, бунда фақат ШҲТ, ЕврОсИҲ доирасида ҳамкорликни қандай ривожлантириш ва кенгайтириш кераклиги ҳақида гапириш, агар ҳарбий ҳамкорлик ҳақида гапирилса, КХШТ доирасида нималар қилиш лозимлиги хусусида гапириш мумкин, холос. Қирғизистон учун ҳам, қолганлар учун ҳам... Кенгроқ кўламда қаралганда, ҳамкорликнинг барча конструктив лойиҳалари эътиборга лойиқ – Марказий Осиё муаммолари шу қадар мураккаб ва ғайриоддийдир.

* * *

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги “Марказий Осиё учун ҳамкорлик ва интеграция лойиҳалари: қиёсий таҳлил, имконият ва истиқболлар” анжуманининг асосий ахборот ҳамкори бўлиб ҳисобланади.

Анжуман ташкилий қўмитасининг алоқа манзили: conference_2007@inbox.ru