02:26 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Ҳокимият тимсоллари”. Ўзбекистоннинг Навоий вилояти раҳбари ўзининг дастлабки беш йиллигини нишонлади

04.06.2007 18:26 msk

Ўз ахб.

Суратда: Навоий вилоят ҳокими Баҳриддин Рўзиев

2007 йилнинг 31 май куни Баҳриддин Рўзиев ўзининг кичик юбилейини – Навоий вилояти ҳокими лавозимига тайинланганининг беш йиллигини нишонлади. Бу одам ҳақида биз кўп нарса била олмадик. Бироқ, Ўзбекистонда ҳокимиятда ишловчи кишиларнинг шахсий ҳаёти ва таржимаи ҳоли тафсилотлари маҳаллий оммавий ахборот воситалари учун мутлақо ёритишга имконсиз мавзу эканини эътиборга олган ҳолда шу озгина маълумотни ҳам муштарийларимиз билан ўртоқлашишга шошилдик.

МАЪЛУМОТ

Ўзбекистоннинг Навоий вилояти ҳокимияти расмий сайти – Navoi.gov.uz

Б. Рўзиевнинг телефонлари:

(8 436) 225-9240 (иш телефони)

(8 436) 223-7125 (факс)

Навоий вилоятининг иқтидордаги ҳокими Баҳриддин Муртазоевич Рўзиевнинг таржимаи ҳолини улкан Интернетдан топиб бўлмади; вилоят маъмуриятининг расмий сайтида ҳам бу ҳақда ҳеч гап йўқ. Аммо биз ўз манбаларимиздан қўйидагиларни билиб олдик.

Баҳриддин Рўзиев 1949 йили Қашқадарё вилояти Қарши туманига қарашли Чия қишлоғида туғилган. Москвадаги Олий комсомол мактабида ўқиган. Ўзининг бўлажак рафиқаси Татьяна Ильинична билан ҳам ўша ерда танишган. Кейинчалик Б. Рўзиев Тошкент политехника институтининг Навоий филиалини (“Саноат-фуқаро қурилиши” факультети) битириб, қурувчи-муҳандис мутахассислигига эга бўлади. Баҳриддин Рўзиев – тарих фанлари номзоди.

Баҳриддин Рўзиев турли йилларда вилоят комсомол комитети биринчи котиби лавозимини эгаллаган, Навоий шаҳар партия комитетининг иккинчи котиби бўлган, шунингдек, вилоят газ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. Вилоят ҳокими лавозимига Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан шахсан кўрсатилган (ўқинг - тайинланган). Бунгача у Навоий вилояти Конимех туман ҳокими лавозимини эгаллаб турган. Бугунги кунда ижроия ҳокимияти раҳбари вилоят қонун чиқарувчи органи бўлмиш вилоят Кенгашининг ҳам раиси бўлиб ҳисобланади.

Навоий губернаторининг учта фарзанди – Алишер ва Тимур исмли ўғиллари ҳамда Тахмина исмли қизи бор.

Хизмат машинаси - 21NV 201 давлат рақамига эга бўлган жип.

Унинг рафиқасида “Нексия” бўлиб, у ҳам давлатники – машина вилоят ҳокимиятига қарайди.

Ҳар иккала ўғлида ҳам биттадан “Нексия” бор. Аммо булар шахсий автомашиналар.

Б. Рўзиевнинг катта ўғли Тимур Зарафшон шаҳридаги газ хўжалиги корхонасининг бошлиғи. Унинг ўйин-кулгуга, аёлларга ва қиммат ресторанларга муккасидан кетганини Зарафшондаги ҳар бир одам билади.

Кичик ўғил Алишер эса гиёҳванд. У казо-казоларнинг болалари иштирокида ўтадиган ўтиришларда доим ҳозиру нозир, катта тезликда машина ҳайдашни жонидан ортиқ кўради. Бу ишқибозлик 1994 йилнинг октябрь ойида айбсиз қизнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлганди. Ўшанда прокуратура йўловчининг ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича жиноий иш очган. Бироқ орадан икки ой ўтгач, тергов тўхтатилган. 2001 йилнинг 7 ноябрь куни Алишер Рўзиев ҳаддан зиёд кўп героин истеъмол қилгани учун қариндошлари томонидан вилоят наркологик диспансерига жойлаштирилган. 2002 йилнинг май ойида унинг отаси Навоий вилоятига ҳоким бўлганидан кейин Алишер қайддан чиқарилган. Икки йил аввал тунги клублардан бирида А. Рўзиев бир йигитни пичоқлаган. Бунга Алишерга ўша йигитнинг қизи ёқиб қолгани сабаб бўлган. Йигит ўз шаъни ва номусини ҳимоя қилмоқчи бўлган. Тортишув чоғида вилоят ҳокимининг ўғли ёнидан пичоқ чиқарган. Йигит касалхонага етказилган, бироқ бу сафар ҳам Алишер жиноий жавобгарликка тортилмай қолган.

“Экстремал журналистика маркази” (Россия) досьесидан:

Навоий вилояти, 25 февраль 2004 йил. Ўзтелерадиокомпания “Ахборот” информацион дастури мухбири Темур Эшбоев ҳукуматнинг 330-қарори бажарилиши ҳақида таҳлилий лавҳа тайёрлаётган эди. У Кармана шаҳар бозори ҳудудида суратга олиш ишларини бошлаган пайтда, уни Навоий вилоят ҳокими Баҳриддин Рўзиев чақириб, суратга олиш ишларини икки ой кейинга қолдиришни сўраган. Журналист лавҳа тайёрлашни тўхтатишга мажбур бўлган. (“INTERNEWS” нодавлат нотижорат ташкилоти хабари асосида, 25 февраль 2004 йил)
Рўзиев аймоғи ҳаётидан олинган кўринмас фактлар ҳақида анчадан буён миш-мишлар юради. Маҳаллий аҳоли ҳокимият мансабдор шахснинг ўзинигина эмас, унинг оиласини ҳам йўлдан чиқаришини таъкидлайди. Гап келганда айтиш керакки, Рўзиев ва унинг қариндошларига ўхшаган кишилар Ўзбекистонда ягона эмас. Вилоят ҳокимларининг кўпчилигида тараллабедод ҳаётни хуш кўрувчи ўғиллар бор. Масалан, Андижон вилоятининг собиқ ҳокими Қ. Обидовнинг ўғли Улуғбекни андижонликлар ҳали анчагача унутолмасалар керак. Навоий вилоят ҳокимининг жияни Турғун Мустафоевич Рўзиев 2000 йилнинг июлидан бошлаб қидирувда. У Ўзбекистон Республикаси Жиноий Кодексининг 158-, 159-, 161- ва 242-моддалари бўйича айбланмоқда. Бунақа “экстремистик” моддалар бўйича таъқиблардан Ўзбекистонда фақат иши терговда бўлганлар ва судланганларгина эмас, балки уларнинг қариндош-уруғлари ҳам жабр кўраяптилар. Аммо Навоий вилоят ҳокимига нисбатан бу қоида ишламайди. Унинг беш йилдан бери ўз лавозимида хотиржам ишлаб келаётганини бошқа қандай изоҳлаш мумкин? Афтидан, бунга вилоят ҳокимининг республика президентига шахсан содиқ бўлгани сабаб бўлса керак, шунинг учун ҳам Б. Рўзиев қариндошларининг гуноҳлари ҳақида вақти-соати келгунча унутишга қарор қилган кўринадилар.

Қаҳрамонимиз ўз уяли телефони рақамини ҳар ойда алмаштиради. “Фарғона.Ру” АА олган маълумотларга кўра, вилоятда ишлаётган тўрт уяли алоқа ширкатларининг ҳар бири шахсан Баҳриддин Рўзиев учун “олтин рақам” ва vip-пакет тақдим етади.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, вилоят ҳокимининг ноқонуний туғилган ўғли бу йил икки ёшга киради.

Ҳокимият “соябон”и остида

“Менинг ҳомийим Баҳриддин Рўзиевнинг ўзи! Баҳриддин менинг танкам!” Навоий вилоятида яшовчи баъзи кишилар шундай дея таъкидлашни яхши кўрадилар. Улардан бири – Жамила Мухторова. У ўз қўшнилари орасида бир неча фоҳишахоналарга эга аёл сифатида маълум.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари айнан унинг оғзидан “менга ҳеч нарса бўлмайди”, деган сўзни доим эшитиб келадилар. Чунки унинг “ҳомий”си шаҳар ҳокими ва вилоят ҳокимининг ўзларидир. Жамилага кўра, унинг фоҳишалари хизматларидан юқори лавозимли жаноблар бепул фойдаланадилар. Маҳаллий аҳоли кўп йиллардан бери маҳаллардаги исловотхоналарни йўқ қилиш бўйича турли жойларга мурожаат қилиб келадилар, бироқ ҳокимият “соябон”и остида бўлган фоҳишалар шу кунгача Навоий шаҳри киборлари ва шаҳар меҳмонларига бемалол хизмат кўрсатиб ётишибди.

Фото ИА Фергана.Ру
Ҳоким ўзига янги уй қурмоқда. Фарғона.Ру АА фотоси

Шубҳали бизнес

Бугунги кунда Рўзиевлар оиласига вилоят марказидаги бир неча йирик савдо нуқталари, икки АЁҚШ, Навоий шаҳридаги такси базаси, ароқ заводи қарайди.

Айтишларича, бошқа ҳокимлардан фарқли ўлароқ, Навоий ҳокимининг ишлари аввал-бошда жуда ёмон бўлган. Чунки маҳаллий прокуратура ходимлари ҳадеганда ҳокимнинг гапига киравермаганлар. Вилоят прокурори ўринбосари Оқбўтаев эса ҳатто Рўзиевнинг ўғли – Алишернинг фаолияти юзасидан текширув ҳам олиб борган. Аммо ҳақиқат тантанаси учун кураш бошлаган кишилар бошқа жойларга ўтказиб юборилганлар. Уларнинг ўрнига келган кишилар эса “ҳоким бова” билан яхши муомалада бўлишга қарор қилганлар.

Навоий бугун

Бугунги кунда Навоий вилоятида 800 мингга яқин одам яшайди. Вилоят майдони – 114 мураббаъ километр. Майдонининг катталиги жиҳатдан Навоий вилояти Қорақалпоғистондан кейин иккинчи ўринда туради. Навоий вилояти ва шаҳри мамлакатдаги энг ёш вилоят ва шаҳар бўлса керак. Бу ерда мамлакатнинг энг йирик корхоналари – олтин қазиб олувчи комбинат, тоғ-кон-металлургия комбинати, “Навоийазот” кимё комбинати, цемент заводи жойлашган. Бироқ, Навоийдаги корхоналарда Ўзбекистон бўйича энг юқори ойлик-маош сақланиб қолаётганига қарамай, шаҳар аҳолиси тобора камайиб бормоқда. Русийзабонлар мунтазам равишда Россияга оқиб кетмоқдалар.