03:02 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Империя парчаланганидан кейинги муҳожирот: Франция ва Россия тажрибаси

02.06.2007 22:54 msk

Н.Зотова

31 май куни Москвада “Империя парчаланганидан кейинги муҳожирот: Франция ва Россия тажрибаси” халқаро анжумани ўз ишини якунлади. Анжуманни Россия, Кавказ ва Марказий Европа тадқиқотлари маркази (CERCEC, EHESS et CNRS., Париж), Россия ФА Этнология ва антропология институти, Франция-Россия ижтимоий ва гуманитар фанлар маркази (Москва), Демография институти (Давлат университети – иқтисодиёт олий мактаби) ва Ab Imperio журнали (Қозон) уюштирганлар.

Икки мамлакат тадқиқотчиларнинг учрашувидан кўзланган мақсад бугунги кунда муҳожирот масалалари билан шуғулланувчи олимларнинг диққат марказида турган тадқиқот методлари ва жабҳалари, янгича қарашларни тақдим этиш ҳамда Россия ва Францияда бу муаммоларга бағишланган ишларни таққослаб кўриш бўлди. Бунда муҳожирот феноменини мустамлакачилик тарихи билан боғлиқ ҳолда таҳлил қилишга ҳамда бу жабҳада Россия (совет) ва Франция тажрибалари юзасидан қиёсий баҳсларга чек қўйишга ҳаракат қилинди. Жўғрофий ва институционал жиҳатдан ўхшашлик йўқ бўлишига қарамай, Россия ва Францияни ўтмишда империяни бошқариш тажрибаси борлиги бирлаштириб туради. Ҳар иккала мамлакатда ҳам кейинчалик империя парчаланган, шундан кейин аҳоли репатриацияси (кўчганларнинг ватанга қайтиши) ҳамда миллий ҳамжамиятни янгитдан белгилашга уринишлар бўлди.

Анжуман уч кун давом этди, баҳс-мунозаралар ва нутқлар мавзуси қуйидагилардан иборат бўлди:

- Муҳожир йўли: интеграция усуллари ва дискриминация (камситилиш) шакллари.

- Муҳожирлар ва давлат: нобарқарор фуқаролик.

- Икки мамлакат тадқиқотчилари қарашларини таққослаш, муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бу жабҳада ишловчи НҲТ фаолияти масалалари бўйича давра суҳбати.

Йиғилишлар етти сессия доирасида ўтказилди:

Муҳожирларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий интеграцияси.

Нобарқарор фуқаролик: мақомлар, ҳуқуқий ва диний анъаналар хилма-хиллиги.

Репатриациялар ва миллатни янгитдан белгилаш.

Дискриминация ва полиция зўравонлиги.

2005 йил кузида содир бўлган “шаҳар чеккаларидаги исён”: қарашлар ва истиқболларни таққослаш.

Россия ва Франция муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ассоциацияларининг давра суҳбати.

Россия ва Франция давлат статистикасида этник ва лисоний категориялар.

Секцияларни франциялик ва россиялик етакчи тадқиқотчилар олиб бордилар ва маърузалар билан чиқдилар. Улар орасида РФА Этнология ва антропология институти директори В. А. Тишков, МДҲ ва Балтия мамлакатлари миграцияси бўйича мустақил тадқиқотчилик кенгаши раиси Ж. А. Зайончковская, Демография институти (Давлат университети – ИОМ) раҳбари А. Вишневский, Галина Витковская (ХМТ), Марлен Ларюэль (Вашингтон), Дидье Фассен (Париж), Ален Блюм (CERCEC директори) ва бошқалар бор.

Муҳокама қилинган барча мавзулар анжуман иштирокчиларида катта қизиқишлар уйғотди, бироқ 2005 йилда Францияда содир бўлган воқеаларнинг қиёсий таҳлили энг ёрқин мавзулардан бири бўлди. Франция тажрибасини қиёслаш ва тадқиқотчилар қарашларини таққослаш ҳар иккала томон ўртасида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлди.

“Дискриминация ва полиция зўравонлиги” секцияси доирасида Сиёсий ва ҳарбий таҳлил институти миллатлараро муносабат бўлими мудири Сергей Маркедоновнинг “Кондопогадаги зиддият ва Россия миллий сиёсатидаги системали бўҳрон” номли маърузаси жуда ажойиб бўлди.

Анжуман материаллари чоп қилинади, биз ўз муштарийларимизни улар билан таништирамиз.