18:00 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистоннинг қазилма бойликлари мамлакат чекка жойлари аҳолиси учун муҳтамал хавф-хатар ташийди

31.05.2007 21:28 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Бир неча ойдирки, Қирғизистонда Жеруй ва Андаш олтин конлари атрофида жунбушга келган эҳтирослар сусаймаяпти, уларга элтувчи автойўллар норозилик билдирувчилар томонидан гоҳ тўсилиб, гоҳ очилаяпти. Маҳаллий аҳоли ичидан чиққан фаоллар, уларнинг фикрича, ҳудуддаги экологик вазиятга хавф солаётган қазиш ишларини тўхтатишни талаб қилмоқдалар. Расмийларнинг саъй-ҳаракатлари ҳали бирор-бир конкрет натижага олиб келгани йўқ. Иш ҳатто шу даражага бориб етдики, бош вазир Алмаз Атамбаев ҳудудга ташриф буюрган пайтда унинг машинасини маҳаллий аҳоли тошбўрон қилиб ташлади. Аснода бу каби муаммолар республика кончилик соҳаси йирик объектларининг ҳар бирида юзага келиши мумкин.

Экологик муаммолар 2007 йилнинг июнь ойи охирида Бишкекда ўтказилиши кўзда тутилмиш ноҳукумат ташкилотлари миллий форумига тайёргарлик доирасида Жалолободда бўлиб ўтган давра суҳбатининг ҳам асосий мавзуси бўлди.

Ташаббус ёрдамга шошади

Элликдан ортиқ текширилган олтин конларига эга бўлмиш Қирғизистон олтин заҳиралари ҳамда уларни қазиб олиш бўйича постсовет ҳудудида Россия ва Ўзбекистондан кейин учинчи ўринда туради. Олтин ва руда конларининг текширилган заҳиралари, турли тахминларга кўра, икки ярим тоннагача олтинни ташкил этади. Ҳозирги пайтда тўртта йирик кон – Қумтор, Мақмал, Сўлтўнсари ва Терексай конларида қазиш ишлари олиб борилмоқда. Яқин келажакда баҳсу жанжалларга сабаб бўлган Жеруй, Андаш, шунингдек, Талдибулақ ва Тўғўлўқ конларини ўзлаштириш режаланганди.

Бу тоғли мамлакатнинг қазилма бойликлари, олтиндан ташқари, қалай, сурма, нефть ва газ, кўмир, мармар, кремний, вольфрам каби қимматбаҳо қазилмалар ва бошқа кам учровчи металларга бой. Шунинг учун ҳам маҳаллий ва чет эллик сармоядорларнинг кончилик соҳасига бўлган катта қизиқишини тушуниш мумкин.

Гарчи олтин ва бошқа қимматбаҳо металл конлари тоғли жойларда жойлашган бўлса ҳам, қайта ишлаш корхоналари аҳоли пунктларига яқин жойларда жойлашган, бу ерлардаги аҳоли қимматбаҳо металлар қазиб олинишидан қарийб ҳеч қандай наф кўрмайди, аксинча, бундан атроф-муҳитнинг булғангани қолади, холос. Қишлоқликлар мамлакат аҳолисининг учдан икки қисмини ташкил қиладилар, Қирғизистон фуқароларининг айнан шунчаси фақирликда кун кечиради. Ноҳукумат ташкилотларининг вакиллари асрлардан буён “олтин устида” яшаётган қишлоқликлар ва тоғликлар аҳволининг ночорлигига коррупция ҳамда конлардан фойдаланишда шаффофлик йўқлигини сабаб қилиб кўрсатадилар.

Шунинг учун ҳам Қирғизистон Буюк Британия бош вазири Тони Блэр томонидан Барқарор ривожланиш бўйича бутунжаҳон саммитида (2002 йилнинг сентябрь ойи) олға сурилган Кончилик фаолиятида шаффофликни ошириш ташаббусини (КФШОТ) қўллаб-қувватлаган йигирма икки мамлакат қаторига қўшилгани мантиқли ишдай кўринади. Бу ташаббус ҳукуматлар, тоғ-руда ширкатлари, халқаро ва ноҳукумат ташкилотларининг тоғ жинсларини қазиб олишдан тушадиган тўлов ва даромадлар шаффофлигини ошириш учун база яратиш бўйича саъй-ҳаракатларини ихтиёрий равишда бирлаштиришни кўзда тутади. Ташаббус иштирокчиларининг фикрича, табиий бойликларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мамлакатлар ва минтақаларнинг барқарор иқтисодий ўсиши ва ривожланишига асос бўлиши керак.

Жаҳон Банкининг кончилик саноати бўйича маслаҳатчиси Чўлпон Дийқановага кўра, жаҳоннинг олтин қазиб олувчи 55 мамлакатидан йигирма иккитаси, шу жумладан, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Қирғизистон каби постсовет ўлкалари ҳам мазкур ташаббусга қўшилганлар. Бу жойларда, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда одамлар асосан фақирона кун кечирадилар. “Маҳаллий аҳоли жалб қилинаётган сармоялар ва кончиликдан келаётган даромадлар ҳақида ҳеч нарса билмайди, - дейди Чўлпон Дийқанова. – Улар бу ширкатларнинг қанча солиқ тўлаётганларини ва бу маблағлар қаерга сарфланаётганини ҳам билмайдилар”.

Қирғизистонда бу солиқлар, одатда, республика бюжетига тушади, маҳаллий аҳоли эса бундан ҳеч қанақа фойда топмайди. Қайд этиш жоизки, кончилик соҳасининг ишлаб чиқаришдаги улуши қирқ фоизни, мамлакат ИЯМдаги ҳиссаси эса қарийб эллик фоизни ташкил қилади.

Бажарилмаётган битимлар

Қирғизистон пойтахтидан кўра Тошкентга яқинроқ жойда жойлашган Чотқол туманида энг йирик конлардан бири бўлмиш Терексой кони ишлаб турибди. Бу ерда “Қирғизолтин” давлат корхонасидан ташқари ҳудуд ривожига мутлақо алоқаси бўлмаган ўнлаб ташкилот ва корхоналар олтин қазиб олиш билан шуғулланадилар. Бундан ташқари, бу жойда ноқонуний равишда олтин қазиб олиш ва сотиш иши кенг ёйилган, бу маҳаллий аҳоли учун аллақачон тирикчилик манбаларидан бирига айланган. Бу каби “олтин васвасаси” натижасида ҳудуд экологиясига улкан зарар етмоқда.

Маҳаллий фуқаро, “ФОАТ” жамоатчилик бирлашмаси раёсати раиси Турғунбай Атабековнинг маълум қилишича, хитойлик сармоядорлар бу ерда шундоққина дарё ёқасида ишлаяптилар ва унинг асрлардан буён шаклланган ўзанини бузаяптилар. Улар дарё бўйидаги дарахтларни кесаяптилар, бу дарахтларни тиклаш имкони бўлмагани сабабли уларни кесиш қонун билан қатъий таъқиқланган. Бундан ташқари, Атабеков маълумотларига кўра, сўнгги икки йил ичида хорижий компаниялар ўзлари томонидан ўттиз тоннадан кам бўлмаган олтин қазиб олинганини таъкидламоқдалар, аммо маҳаллий аҳоли бу ҳажмни 4-5 баробар кўп эканини айтаяпти. Атабеков мисол сифатида бундан кўра кичикроқ бошқа бир кон бўйича маълумотларни келтиради, у ерда йилига икки юз килограммгача олтин қазиб олинади.

Атабеков маълумотларига кўра, Чотқолдаги конларда қазиш ишларини амалга ошириш учун йигирма учта фирма рухсатнома (лицензия) олган ва улардан фақат саккизтасигина маҳаллий қайддан ўтган. “Маълум бўлишича, [олтин қазиб олиш учун] лицензия олиш машинага рақам олишдек осон экан, - дея таажжуб изҳор қилади жамоатчилик ташкилоти раиси. – Биз уларнинг бу ерда ишлашларига қарши эмасмиз, аммо марҳамат қилиб улар буни очиқ-ошкор амалга оширсинлар. Одамларимизни ишга олсинлар, уларга нормал шароит яратсинлар”.

Атабековнинг фикрича, Қирғизистон ўн тўртта халқаро ҳужжат қаторида имзолаган, қазилмаларни қазиб олишда томонларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича томонларнинг мажбуриятлари аниқ қилиб кўрсатилган Орхус конвенциясига риоя қилиш юзасидан Жамоатчилик миллий комиссиясини тузиш керак. “Терексай қирғиз халқи учун Қумтордан кейинги иккинчи катта фирибга айланиб қолмаслиги керак”, - дея сўзини якунлайди Атабеков. У фуқаролик секторининг кўплаб вакиллари ҳамда мамлакат парламентидаги айрим депутатларнинг Қирғизистон асосий кони бўлмиш Қумторда қазиш ишларини олиб бориш бўйича канадаликлар билан имзоланган битим Қирғизистон томон учун асоратга туширувчи шартнома бўлгани ҳақидаги фикрига қўшилади.

Баъзан экологлар айбдорларнинг жазоланишига эришган пайтлар ҳам бўлади, аммо бу деярли рамзий характерга эга бўлади. Дейлик, Людмила Нишанбаевага кўра, Чотқолдаги дарё бўйида ўсувчи ўрмонларни кесганлик учун айбдорлар беш юз минг сўм (13 минг доллардан кўпроқ) жарима тўлаганлар, бироқ етказилган зарар миқдори миллионлаган сўмларга тенг. “Бир гал қазиб олиш лойиҳасида электр узатиш тармоғини кўчириш кўзда тутилганди, бироқ буни ҳеч ким назорат қилмагани учун бу иш қилинмай қолиб кетди”, - дейди у. Маҳаллий аҳоли сармоядорларга бу каби катта ишларга пул сарфлашдан кўра, маҳаллий амалдорларга пул бериб қўя қолиш осонроқ, деб ўйлашга мойил. Людмила Нишанбаева битимнинг рекультивацион қисми алоҳида ҳужжатда баён қилиб берилишини ва уни маҳаллий аҳоли ўқий олишига имкон яратилишини таклиф қилади.

Айтиш керакки, Қирғизистонда бу муаммо фақат бугунга келиб кўтарилаётгани йўқ. Мамлакатда совет Қирғизистонини чорак аср бошқарган Турдақун Усубалиевнинг сиёсий демаршини яхши биладилар. Мустақилликнинг дастлабки йилларида парламент депутати бўлган Т. Усубалиев қазиб олинган олтиннинг ўша пайтдаги мамлакат раҳбарияти томонидан қай тариқа ишлатилганлиги ҳақидаги иш юзасидан парламент тинглови ўтказилишини ташкил қилганди. Олий Кенгаш (Қирғизистоннинг ўша пайтидаги парламенти) Президент истеъфосини талаб қилганди ва собиқ президент Асқар Ақаев олтин операциясидан тушган маблағларнинг қаерга ишлатилгани ҳақида ҳисобот топширишига тўғри келганди. Иш Ҳукуматнинг истеъфога кетиши ва маҳаллий таҳлилчиларнинг фикрича, Усубалиев амбицияларини қондириш билан тугаганди - унга Нориндаги кўмир конларидан бири мулк ўлароқ берилганди. Бу воқеадан қирғизистонликлар эсида кейинчалик истеъфога кетган мамлакат бош вазири Чингишевнинг “мамлакатда фақат аҳмоқлар ва танбалларгина ўғрилик қилмаяптилар”, деган гапи қолганди.

Қайси йўлдан борамиз?

Жалолободда ўтказилган давра суҳбатида ноҳукумат сектори вакиллари маҳаллий ҳамжамиятлар ролини фаоллаштириш, табиий бойликлардан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш учун фуқаролик сектори кучини бирлаштириш зарурлиги ҳақида гапирдилар. Шу билан бирга, давра суҳбати ташкилотчиси Чўлпўн Дийқанова муаммони “Талас вилоятида кузатилаётганидек пикет ва митинглар ўтказиш йўли билан эмас, балки маданий йўл билан, музокаралар олиб бориш воситасида бартараф қилиш лозим”лигини қайд этди. Бироқ, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиларининг баёнотларига қараганда, буни амалга ошириш осон кечмайди.

29 май куни Бишкекда ўтказилган ва Таласдаги воқеаларга бағишланган матбуот анжуманида республикадаги етакчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва жамоатчилик ташкилотларининг раҳбарлари расмийларни фуқаролик сектори ташаббусларини бўғаётганликда айбладилар. Улар мамлакат бош вазири ҳудудга ташриф буюрган чоғда унинг машинасига тош отган НҲТ Талас вилоят ҳудудий бўлинмалари аъзоларининг қўлга олинганидан норозилик билдирдилар. “Агар мамлакат раҳбарияти бундан буён ҳам шу тахлитда иш тутса, фуқаролар ўз фикрини бошқачароқ шаклда ифодалашга ҳаракат қиладилар, бу ҳақда биз президент маъмурияти бошлиғи Медет Садирқулов билан гаплашдик...” – деди “Халқаро чидамлилик учун” жамоатчилик жамғармаси раҳбари Рая Қадирова.

“Интербилим” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази директори Асия Сассиқбаева аҳоли ва расмийлар ўртасидаги кўплаб зиддиятларга сабаб фуқароларнинг мамлакат раҳбариятига нисбатан ишончсизлигини эканини билдирди. Коалициянинг ижрочи директори Жирғалбек Турдуқўжўев эса Таласдаги кишиларнинг қўлга олиниши “расмийларнинг ўз халқига қарши террори дебочаси” эканини айтди.