22:27 msk, 17 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Россия Тошкент авиасозлик заводида Ил-76 учун ҳатто агрегатлар ишлаб чиқаришга ҳам рози бўлмаяпти

31.05.2007 11:07 msk

Владимир Георгиев (Москва)

2007 йилнинг 24 май куни “Единая Россия” партияси раҳбари, Давлат думаси спикери Борис Гризлов бир кунлик ташриф билан Воронеж вилоятида бўлди. Партия сайтининг маълум қилишича, у 24-25 май кунлари ўзининг 75 йиллигини нишонлаган Воронеж ҳиссадорлик учоқсозлик жамиятига (“ВАСО” ОҲЖ) ташриф буюрган. Ўзбекистон учун ВАСО Ил-76 ҳарбий-транспорт учоқларини ҳамда “Ил” оиласига кирувчи (Ил-114, Ил-78 ва А-50 каби) бошқа турдаги учоқларни йиғувчи Чкалов номидаги Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси (ТАИЧБ) ҳамкори бўлгани билан таниқлидир.

Эндиликда, афтидан, ВАСО ТАИЧБнинг рақибига айланадиган кўринади. Маълум бўлишича, Гризлов Воронежда Россияда Ил-76 ишлаб чиқарилиш жараёнининг бошланишини олқишлаши ҳақида билдирган. Хусусан, у “корхона буюртмалари кенгайиши ва Ил-76 ишлаб чиқариш Тошкентдан ВАСОга кўчирилиши муҳим” бўлган, деб ҳисоблайди.

Қайд этиш жоизки, бундан бор-йўғи ярим ой аввал Саноат бўйича Федерал агентлик раиси Борис Алешин ва Ильюшин номидаги Авиацион мажмуа бош директори Виктор Ливанов тамсил этган Россия делегацияси Тошкентда бўлганди. Ўшанда ТАИЧБ Бирлашган авиасозлик корпорацияси (БАК) таркибига кириши мумкинлиги қайд этилганди. Ливановга кўра, “бу вариант, Тошкентдаги авиасозлик заводи жиддий реконструкция қилинган ва ТАИЧБнинг БАКка кириши учун мақбул шарт-шароитлар ишлаб чиқилган тақдирда, истисно қилинмайди”.

Аснода, Ливановнинг режаларига БАК раҳбари Алексей Федоров қўшилмайди. БАК режалари ҳақида гапира туриб, у Россия Федерациясида Ил-76 ишлаб чиқариш учун имконият яратиш ва уни кўчириш жараёни бошланганини тасдиқлади. Унга кўра, яқин уч йил ичида Россия бу русумдаги 10 тагача учоқ ишлаб чиқаришни режалаган.

Ильюшин номидаги Авиамажмуа раҳбари Виктор Ливанов ҳам буни инкор этмайди. Шу кунларда у Ульяновскда Ил-76 ва Ил-78 (ҳамда бошқа учоқлар) йиғиш ишларини йўлга қўйиш бўйича тайёргарлик кетаётганини гапириб берди. Виктор Ливановга кўра, Россияда йиғилган биринчи Ил-76 учоғи 2010 йилда пайдо бўлиши кутилмоқда. “Ульяновскда Ил-76 учоқларини серияли ишлаб чиқариш ташкил этилиши ҳақида қарор қабул қилинганидан кейин бунга зарур бўлган пул ажратилади”, деди у.

Унга кўра, РФ ва бошқа мамлакатлар учун “2015 йилгача Ил-76 русумидаги ҳарбий-транспорт, транспорт (юк) учоқлари ва бошқа учоқларга бўлган эҳтиёж тақрибан 150 та бўлиши айтилмоқда”. “Ички ва ташқи бозор эҳтиёжларини ҳамда давлат эҳтиёжларини қондириш учун бу ҳажмдаги учоқларни етказиб беришни 2025 йилгача амалга ошириш ҳақиқатга яқинроқ”, - деб ҳисоблайди Ливанов. Шу билан бирга, у “Россия куч ишлатар тузилмаларига бу вақт мобайнида Ил-7б учоқлари кўрсатилган миқдорининг қарийб ярми талаб этилади”, дея қўшимча қилди.

Маълумки, РФ ҳукуматининг Ил-7б учоқларини серияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича қарори 2006 йилнинг декабрида имзоланган ва бу мақсадлар учун давлат 2008 йилгача 6,4 млрд. рубль ажратади. “Авиастар-СП” (Ульяновск) ширкати томонидан серияли ишлаб чиқаришнинг бошланиши 2010 йилга мўлжалланган. 2012 йилдан бошлаб Ульяновск заводи йилига ўнтадан Ил-76 ишлаб чиқариши лозим. 2012 йилгача Ульяновскда ҳаммаси бўлиб Ил-7бМД ва Ил-7бМФ русумли 23 учоқ тайёрлаш режаланган. Шундай қилиб, агар ҳеч нарса ўзгармаса, Ўзбекистонда Ил-76 ишлаб чиқариш жараёни яна уч-беш йил давом этади. Агар шундан кейин ҳам ТАИЧБ БАК таркибига кирмаса, бу ерда учоқ ишлаб чиқариш тўхтатилади. Экспертларнинг гувоҳлик беришларича, ТАИЧБда мутахассислар жуда оз қолган ва бугунги кунда завод ХХР эҳтиёжлари учун ўттиз тўртта Ил-76 МД ва тўртта Ил-78 учоғини тайёрлаш бўйича 2005 йилда Хитой билан имзоланган шартномани бажаришда катта қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу ҳақда Россия ОАВ жуда кўп ёзганлар. Бу муаммолар яна кучайгани ҳақида шу кунларда хитойлик вакиллар билдирганлар.

Эслатиб ўтамиз, мазкур шартнома қиймати, экспертлар баҳосига кўра, тақрибан 1,5 млрд. долларни ташкил этади. Бу шартнома ўз авиасозлик саноатини тикламоқчи бўлган Россия учун ўта муҳим бўлгани каби Ўзбекистон учун ҳам жуда муҳим. Дастлабки учоқларни етказиб бериш 2007 йилда бошланиши, 2012 йилда эса бу иш якунланиши керак. Учоқлар Чкалов номидаги Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмасида (ТАИЧБ) йиғилиши лозим, бу ерга эҳтиёт қисмларнинг қарийб 95 фоизи Россиядан келтирилади.

Хитой томон шу йилнинг февраль ойида мазкур шартнома “кучга кирди”, дея эълон қилган. Россия томон ҳали бу ишни қилмади. Биринчи Ил-76 шартнома ўзаро тасдиқланганидан сўнг 16 ойдан кейин Хитойга етказилиши керак. Аснода, ҳозир Тошкент авиасозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси шартномани тўла ҳажмда бажаролмаслиги аниқ бўлиб қолди ҳамда Хитой шартномаси бўйича Ил-76 учоқларини ишлаб чиқариш ишининг бир қисми Ульяновскка кўчирилиши ҳақидаги масала аллақачон ҳал қилинди. Экспертлар бу иш дастлаб имзоланган шартнома қийматининг ошишига олиб келиши мумкинлигини қайд этмоқдалар.

Бу жабҳада “аввал ҳам нархлар, пул ўтказиш шакли, буюмлар номенклатураси бўйича қандайдир тортишувлар ва келишмовчиликлар бўлиб турган”, дея қайд қилади хитойлик манба. Бироқ “вазиятдан чиқиш йўли деярли ҳар доим топилган, бу умуман олганда, ХХР ва РФнинг ҳарбий-техник жабҳадаги ҳамкорлиги муваффақият билан ривожланаётганини англатади”, дея қўшимча қилди у.

“Ил” бўйича шартномани амалга ошириш лойиҳасида ҳам йўл топилган кўринади. Аммо бу қарор кўламли қарор эмас ва у ТАИЧБ келажагида фақат қисман ижобий акс этади, холос. Ильюшин фирмасидан бўлган манбанинг изоҳлашича, Россия ва Ўзбекистон ТАИЧБдаги янги йиғиш линиясини қуриш учун Москванинг 80-100 млн. долларлик кредит (қарз) ажратиши юзасидан бир қарорга келганлар. Айни пайтда Ульяновскда ўз Ил-76 ва Ил-78 (ҳамда бошқа русумдаги учоқларини) йиғишни йўлга қўйиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Владимир Георгиев, “Фарғона.Ру” учун махсус



 

Реклама