14:24 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Президент Каримов ўзбекистонликларни “мақтанчоқликка берилмаслик ва ҳушёрликни йўқотмаслик”ка чақирди

29.05.2007 19:11 msk

Фарғона.Ру

Суратда Ислом Каримов. Фарғона.Ру галереясидан олинган сурат

* * *

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг республика нашриётида чиққан янги китобини кенг кўламда реклама қила бошладилар. “Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш - барча демократик янгиланиш ва иқтисодий ислоҳотларимизнинг пировард мақсадидир” дея узундан-узоқ номланган тўпламга Ислом Каримовнинг нутқлари, унинг қатор фармонлари, қарорлар ҳамда “Ижтимоий ҳимоя йили” давлат дастурининг матни киритилган.

Ўзбекистон марказий телевидениесининг хабар қилишича, эфир орқали “Ислом Каримовнинг навбатдаги китоби” ўлароқ тақдим этилган тўпламда “сўнгги йилларда турли соҳаларда эришилган катта улкан натижалар ва кўрсаткичлар ҳар томонлама ва чуқур таҳлил этилган ҳамда шу асосда тегишли хулосалар чиқарилган”. Бундан ташқари, китоб “2007 йил ва яқин келгусида ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга ошириш мўлжалланган мақсад ва режаларни ҳаётга тадбиқ этиш борасидаги долзарб вазифаларни ҳам аниқ-равшан” белгилаб беради, унда бу вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш учун мавжуд барча омил ва салоҳиятлардан самарали фойдаланиш, ҳали-бери ишга солинмаган куч ва имкониятларни сафарбар этиш зарурлиги таъкидланади.

Мамлакат олдига қўйилган юксак мақсадларга эришиш ҳақида мулоҳаза юритар экан, президент Каримов (ёки унга бу матнни ёзиб берган муаллифлар) бир қанча хулосалар ва улардан келиб чиқувчи вазифаларни белгилаб, ўзининг севимли услубидан фойдаланган. Одатдагидек, юртбошининг бу пурмаъно фикрлари унинг қўл остида бўлган ОАВ саъй-ҳаракатлари билан энг асосий қонун-қоидаларга ёки, энг камида, ўзбекистонликлар кундалик турмушда амал қилишлари лозим бўлган дастурга айланиши керак.

Биринчидан”, деб ёзади янги китоб муаллифи, “ана шу дастурий вазифаларни ўзимизга яққол тасаввур қилиш, уларнинг маъно-мазмунига етиб боришимиз лозим. Давлат раҳбаридан тортиб ҳар бир фуқарогача уларни ҳаётга жорий қилишни ўзининг бугунги кундаги энг асосий бурчи ва вазифаси деб билиши, бу жараёнда ўзини оддий томошабин эмас, балки фаол иштирокчи сифатида ҳис этиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга”.

“Фаровон турмуш ва эркин фуқаролик жамияти қуриш учун” аҳамиятли бўлган иккинчи жиҳат мамлакат фуқароларининг ўз масъулиятларини нақадар чуқур англашлари билан боғлиқ. “Кўзланган марраларимизга етиш учун шу юртда яшаётган ҳар қайси инсон ўз масъулиятини чуқур англаши даркор”. Яъни, “бу улуғвор мақсадлар барчамиздан – масъул лавозимда ўтирган раҳбар ва мутасадди ходимлар, деҳқон ва фермерлар, тадбиркор ва саноат корхоналарининг ишчи-хизматчилари, гуманитар соҳа вакиллари ва ҳарбийлар, лўнда қилиб айтганда, Ватанимизнинг келажаги билан ўз ҳаёти ва тақдирини чамбарчас боғлаган ҳар бир юртдошимиздан ўз зиммасига олган вазифани ҳалол ва сидқидилдан адо этишни талаб қилади”.

Учинчидан”, дея таъкидлайди муаллиф, “шу муқаддас заминда биз ҳеч кимдан кам бўлмаган эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш учун азму қарор қилган эканмиз, албатта бирдамлик, албатта меҳр-оқибатлилик, албатта чидам ва бардошлилик, албатта шижоат ва фидоийлик каби олижаноб хусусиятлар қалбимиздан, кундалик ҳаётимиздан чуқур жой олиши керак”.

“…муваффақиятлар ўзининг яширин жиҳатига ҳам эга, айниқса, уларга нисбатан “осон”, таъбир жоиз бўлса, “дафъатан” эришилса. Бунақа муваффақиятлар баъзан “Бизнинг қўлимиздан келмаган иш йўқ!”, “Бизга бу нарсалар чўт эмас” қабилидаги манмансираш ва босар-тусарини билмай қолиш руҳини сингдиради. Бу ютуқлар кўпинча одамларни маст қилиб қўяди, одамларнинг муваффақиятлардан бошлари айланиб қолади, уларда ҳаддан ошмаслик ҳисси йўқолади, воқеликни англаш салоҳияти йўқолади...” И. Сталин. “Ютуқлардан эсанкираш” (“Правда” газетаси, 60-сон, 2 март 1930 й.)

Ислом Каримовнинг тўртинчи хулосаси алоҳида эътиборга лойиқ – у жаҳонга машҳур бошқа бир ёзувчи бўлмиш Иосиф Сталиннинг мақоласини ёдга солади. “Биз мустақилликка эришгандан кейин қайси соҳа ва йўналишда бўлмасин – бу иқтисодиёт ва сиёсат, давлат ва жамият қурилиши бўладими, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш ёки маданият ва маънавий ҳаёт бўладими – қўлга киритган улкан ютуқларимиз барчамизники ва ҳеч ким уларни биздан тортиб ололмайди. Лекин, бу муваффақиятларга маҳлиё бўлмасдан, ортиқча манманлик ва мақтанчоқликка берилмасдан (таъкид бизники - таҳ.) ўтган давр мобайнида эришган ютуқларимиз билан бир қаторда йўл қўйган камчилик ва нуқсонларимиз, бой берган имкониятларимизни ҳам холисона тан олиб, улардан тегишли сабоқ ва хулоса чиқариб, келгуси фаолиятимизда бундай ҳолатларни олдини олиш учун барча чораларни кўришимиз, керак бўлса, оқу қорани, дўсту душманни ажратиб олишимиз, доимо сезгир ва огоҳ бўлишимиз, қисқа қилиб айтганда, ён-атрофимизда ҳануз сақланиб қолаётган хавф-хатарларга очиқ кўз билан қараб, турли таҳдидларга бўш келмасдан, охир-оқибатда ўзимизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга эришишимиз шарт”.

“Мақтанчоқлик қилинмасин”, дейилганига қарамай, китоб тақдимотига бағишланган ўша телелавҳада миллий телевидение Ўзбекистон расмий ОАВга хос бўлган кўтаринкилик билан “жаҳоннинг ҳеч бир мамлакатида Ўзбекистонда бўлганидек аҳолига ғамхўрлик қилинмайди” қабилида қайд этилади.

Бешинчи хулосада китоб муаллифи умумий сўзлар билан ифодаланган фикрни билдиради: “бизга ҳамиша маънавий куч-қувват берадиган миллий қадриятларимиз, бой тарих ва маданиятимиз, буюк аждодларимизнинг қолдирган бебаҳо мероси, дину диёнатимизни кўз қорачиғидай асраб-авайлаб, эъзозлаб, эртанги кунга бўлган ишонч туйғусини ўз амалий ишларимиз билан янада мустаҳкамлашимиз лозим”.

Биз сиёсий ўзгаришлар кўлами жиҳатдан ҳам, шахсий мақом нисбатида ҳам, қилинган ёвузликларнинг нақадар оғирлиги жиҳатдан ҳам Ислом Каримовни Иосиф Сталинга ҳечам солиштирмоқчи эмасмиз. Аммо бир нарса аниқ: Ўзбекистон бош ёзувчисининг тили унинг етмиш йил аввалги салафлариникидан мутлақо фарқ қилмайди.

Ислом Каримовнинг китоблари, нутқлари ва фармонларида кўпроқ учрайдиган жумлалар ҳеч нарса англатмайдиган, коммунистик ташвиқотда кўп қўлланилган “совет дурдоналари”дир.

* * *

Мавзуга оид мақола: “Ўқилмайдиган китоблар”, Uzmetronom