10:57 msk, 13 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Мавсум бошланди: ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари қўшни республикаларга жўнаб кетди

28.05.2007 03:14 msk

Довуд Сулаймон

Ҳар йили баҳорнинг апрель-май ойларида Ўзбекистон вилоятларида қишлоқлар, бозор ҳудудлари бўшаб қолади. Чунки ишга ярайдиган аҳолининг асосий қисми Россия, Қозоғистон, Украина каби давлатларга мавсумий ишга отланади. Чегарадан уларнинг айримлари қонуний, айримлари эса ноқонуний равишда ўтиб, муҳожирлик ҳаётини бошлайди.

Ўз юртида тирикчилик қила олмай, мажбуран иш қидириб кетаётганлар орасида эркаклар ҳам, аёллар ҳам, ўрта ёшлилар ҳамда ёшлар ҳам бор. Кейинги пайтда ҳатто 9-синфни тугаллаб, коллежга кирган ўсмирлар ҳам ўқиш, касбий таълим олиш ўрнига тирикчилик важидан қўшни ва хорижий ўлкаларга қараб йўл олмоқдалар.

Бу йил ҳам май ойидан қишлоқлару кўчалар ҳувиллаб қолаётгани сезилади. Жойларда болали аёллар, ёш келинчаклар ва қарияларгина қолдилар. Олдинги йиллари Қозоғистонга кетувчилар кўп бўлган бўлса, бу йил кўпчилик Россияга жўнаяпти.

Йўлга отланаётган хивалик бир йигитнинг айтишича, бунга сабаб - Қозоғистонда бажариладиган иш оғир бўлиб, олинадиган ҳақ камроқлиги, Россияда эса пулни кўп ишлаш мумкинлиги экан. Масалан, Қозоғистонга ишга олиб кетувчи воситачи ойига 150-200 доллардан ваъда қилади, Россияда эса ойлик ҳақ миқдори 400-500 долларни ташкил қилади. Албатта, бу қўлидан иш келадиган ҳақиқий дурадгорлар, ғишт терувчилар, сувоқчиларга бериладиган ҳақ. Ҳали иш ўрганмаган ёки бирор ҳунарнинг бошини тутмаган қора ишчилар, яъни, ёрдамчи ишчиларга бундан камроқ ҳақ тўланади.

Бундан ташқари, бошидан ўтказганларнинг гапига кўра, Қозоғистонда иш берувчилар мардикорларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўладилар. У ерда ишчи муҳожирларни қул қилиб ишлатиш, гаровга олиб қолиб, йиллар давомида ишлатиб, бир тийинсиз қайтариб юбориш ёки муҳожирни эзиш, хўрлаш, қийноққа солиш ҳоллари нисбатан кўп учрайди.

Ишлаш учун кетаётган муҳожирлар Ўзбекистондан кўпинча поездда, микроавтобусда, таксида йўлга чиқадилар. Урганчлик бир йигитнинг айтишича, микроавтобуснинг ўриндиқлари олиб ташланиб, эркагу аёл ўтирмасдан, жинсидан қатъий назар худди юкланган қопдай устма-уст ётиб кетади.

Ишлаш учун ўзга юртларга воситачилар орқали кетиш анча хавфли бўлиб қолган. Воситачилар орқали Қозоғистон ва Россияга кетган муҳожирлар ўртасита панд еганларни Ўзбекистонда кўплаб учратиш мумкин. Воситачи ҳам ўзининг «улуш»ини, ҳам қолганларга берилиши керак пулни иш берувчидан олиб, қолганларни сотиб кетиш ҳоллари қайд қилинган. Шунинг учун воситачи билан эмас, қариндошлар, таниш-билишлардан бригада тузиб, топилган пулни тенгма-тенг бўлиб олишга иштиёқ кучли. Лекин ҳаммада ҳам бундай имконият йўқ.

Хоразмда аҳолини яқин хориж мамлакатларига ишлатиш учун ёппасига олиб кетувчи воситачилар ҳам бор. Улар хизмат ҳақи учун 150 доллардан 250 долларгача оладилар. Воситачилар баҳор ва ёз ойларида минглаб муҳожирларни ишга олиб кетадилар ва олдиндан гаплашилган иш берувчиларга топширадилар. Келишилган ойлик - 150 ёки 200 долларни ҳар ойда туманма туман кезиб, меҳнат муҳожирларининг оилаларига ташлаб чиқадилар. Ишга кетувчи жуда ҳам зарур ҳолларда бу воситачилардан минг доллар атрофидаги пулни олдиндан олиб, кейин шу пулга лойиқ ишни Қозоғистон ёки Россияда ишлаб бериши ҳам мумкин.

Муҳожирларни Қозоғистонда қаҳри қаттиқ қулдор қўлига тушиш хавфи ёки Россияда тақирбошлар калтаги ёхуд кейинги пайтда тез-тез содир бўлаётгани каби милиция ўқидан ўлиш истиқболи кутиб турган бўлиши мумкин. Аммо тирикчилик дарди Ўзбекистон аҳолисининг аксар қисмини таваккалчиликка ундамоқда.

Апрел-май ойларида ишга кетиш даври бўлса, октябрь-ноябрь ойларида уйга қайтиш даври бўлади. Кўпчилик хорижга ишга кетган даврда бозорларда савдо пасаяди, озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари арзонлаб қолади, тўй ўтказиш камаяди. Кузда тўй устига тўй қилиниб, бозорлар тиқилинчлигидан юриш қийинлашади, нархлар қимматлагани сезилади.

Қишлоқларда қоладиган аёллар, болалар ва қариялар қорамолларни ўзлари боқишлари, ўзлари экин экиб, ҳосил етиштиришлари, ёзнинг жазирамасида оғир меҳнат қилишларига тўғри келади. Бундан ташқари, ёзда йўқчилик ҳам вужудга келади. Чунки ишга кетганлар олдинги йилда келтирган даромадларини асосан тўй қилишга, кўчмас мулк қуриш ёки тузатишга сарфлаб юборадилар. Базм уюштириш, ароқхўрликка ҳам пул кўп сарфланади. Ишга кетувчи яна 200-300 долларни “йўлкира қиламан” деб олиб кетади. Пулсиз қолган оила кузгача зўрға кун кўради. Уларнинг кўчасида фақат куз-қиш ойларидагина байрам бўлиши мумкин.

Ўсмир ёшларнинг ҳали балоғатга етмай туриб, хорижда оғир ишларни бажариб пул топишга кетиши уларнинг соғлиғини хавф остига қолдириш билан бирга, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида, хусусан, коллежларда талай муаммоларни келтириб чиқармокда. Коллежларда давомат жуда паст. Дарсларда жуда кам ўқувчи қатнашади. Қайта-қайта текширишлар, ташвиқот-тарғибот унчалик иш бермаяпти. Ўсмир ёшлар бекорга уч йил ўқиб, кейин ишга киролмай, ота-онага қарам бўлиб юргандан кўра, Россияга ёки Қозоғистонга бориб, доллар ишлаб қайтишни афзал кўрмоқдалар.

Ҳамма ҳам уйига, оиласига даромад келтириш учун хорижга ишга бормайди. Айримларни хорижий мамлакатларда эркин базми жамшид, ичкиликбозлик ва айш-ишрат қизиқтиради. Ундайлар уйга кўпинча чўнтаклари бўш қайтадилар ва чегарадан ўтаётганда пулни божхоначилар олиб қўйишгани ёки воситачи алдовига учраганини баҳона қиладилар.

Дарвоқе, олдинги йилларда банк орқали, пул жўнатиш системалари воситасида уйга ақча юбориш ҳажми кам эди. Кейинги пайтда кўпчилик шу усулни маъқул кўряпти. Чунки пул чўнтакда олиб келинса, ё рекетчилар, ё божхоначилар, ё чегарачилар олиб қўядилар. Бировга бериб юборилса, кўпинча ўша одам алдаб кетади.

Банклар орқали доллар, евро, рубллар дарёдек оқиб келмоқда. Хоразмга шу тариқа келаётган пуллар Хоразм вилояти учун Ўзбекистон ҳукумати ажратадиган йиллик бюджет маблағидан анча кўп. Лекин аҳолининг турмуш даражаси ҳамон кўтарилмаяпти. Чунки маҳаллий даражада маҳсулот ишлаб чиқаришнинг камлиги, пул кўпайган сайин, нарх-наво ҳам ошиб бораётгани иқтисодий ривожланишга йўл қўймаяпти.