23:12 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон: Сергей Дуванов Коституцияга киритилган тузатишларга қарши қандай қилиб норозилик билдирди (фоторепортаж)

25.05.2007 17:04 msk

Андрей Гришин (Олмаота)

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
24 май куни кечки соат еттида Олмаотадаги Қозоғистон президенти қароргоҳига уланиб кетувчи Республика майдонига йигирмага яқин одам чиқди. Улар Нурсултон Назарбоевга умрбод давлат раҳбари бўлиб қолиш ҳуқуқини берувчи Қозоғистон Республикаси Конституциясига киритилган тузатишларга қарши норозилик билдирдилар.

25 май куни Қозоғистон веб-сайтларида мустақил журналист Сергей Дувановнинг “Мамлакатнинг туркманбошичилик ботқоғига ботирилишига қарши норозилик билдираман!” сарлавҳали баёноти пайдо бўлди, унда С. Дуванов мамлакатнинг асосий қонунига тузатишлар шошмашошарлик билан қабул қилинганини танқид қилган. “Шунинг учун ҳам мен мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмаган фуқаро сифатида бугун, 24 май куни соат 19.00 да ўз норозилигимни билдириш учун Олмаотадаги Республика майдонига, Мустақиллик ҳайкали олдига чиқаман. Бу менинг фуқаролик ҳуқуқим ва ҳеч ким менга буни амалга оширишда ҳалақит беролмайди. Мен ҳеч кимни бу ишни қилишга чақирмайман. Ҳар бир одам ўзининг фуқаролик, адолат ва виждон тушунчасига мувофиқ равишда [қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида] қарор қабул қилади”, - дея якунлайди Сергей Дуванов ўз мурожаатини.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси

Дувановни қўллаб-қувватлаш учун йигирмага яқин одам келди, улар олдида қозоғистонлик ва чет эллик журналистлар ҳам ҳозир бўлдилар. Плакатлар ва А3 форматидаги варақларни ёйиш бўйича барча уринишлар аввалдан тадбир ўтказиладиган жойга келиб турган полициячилар томонидан дарҳол тўхтатилди. Лекин бу сафар полиция йиғилганларни куч билан тарқатиб юбормади.

Майдонга келган прокуратура ходимлари ва полициячилар С. Дувановни “ғайриқонуний” йиғилиш ташкилотчиси сифатида кўришиб, унга полиция бўлимига бирга боришни таклиф қилдилар, аммо қўлга олиш учун қонуний асос тақдим этишдан бош тортдилар. Журналист полициячилар билан уларнинг автомобилига чиқишдан бош тортиб, майдонни тарк этмоқчи бўлиб турганида полициячилар аввал уни ерга йиқитишиб, сўнг махсус автобусга зўрлаб олиб чиқдилар. Ўнга яқин одам автобуснинг олдига ўтишиб, уни тўхтатиб қолишга уриндилар, аммо полиция томонидан сиқиб чиқарилдилар.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси

Кейинги уч соат мобайнида Сергей Дувановнинг ҳамкасблари публицистнинг қаерга олиб кетилганини аниқлашга ҳаракат қилдилар, бироқ полициячилар унинг қаерда эканини айтишдан бош тортдилар, Дувановнинг уяли телефони эса ўчирилганди. Кечки соат ўн бирдан кейин Сергей Дуванов эртаси куни маъмурий судга келиш шарти билан қўйиб юборилган. Маълум бўлишича, журналист бу вақт мобайнида туман полиция бўлими бошлиғининг олдида бўлган экан.

Ҳозирги пайтда Сергей Дуванов “Инкар” мустақил Интернет-радиоси лойиҳаси ташкилотчиларидан бири бўлиб ҳисобланади. У журналистика соҳасида қатор халқаро мукофотлар соҳиби бўлган.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси

Аввалроқ Нурсултон Назарбоев иштирок этган коррупцион жанжал ҳақида қатор мақолалар эълон қилганидан кейин журналистга қарши Қозоғистон президенти шаънига тажовуз қилганлик айблови бўйича жиноий иш қўзғатилганди. Бундан ташқари, 2002 йили Сергей Дуванов вояга етмаган қизни зўрлашдек сохта айбловдан кейин бир йил қамоқда ўтириб чиққанди.



 

Реклама