06:31 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сарез кўли муаммоси олимларнинг турли таклифларига сабаб бўлмоқда

24.05.2007 19:50 msk

Ўз ахб.

Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтаётган халқаро анжуман иштирокчилари баланд тоғли Сарез кўли ва кўл сувининг тўғонни ёриб чиқишини олдини олиш йўллари атрофидаги вазиятни муҳокама қилмоқдалар. Муаммо 1911 йилда юзага келган. Ўшанда кучли зилзила кўчки кўчишига сабаб бўлган, натижада 17 миллиард куб метр ҳажмдаги кўл пайдо бўлган. Анжумандан кўзланган асосий мақсад бу улкан сув омбори сувининг тўғонни ёриб чиқишини олдини олиш ва бу муаммони узоқ муддатли ечимини танлашда Тожикистон ҳукумати саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашдир.

Анжуманда янграган турли хил таклифлар ичида, бир қарашда, анча оқилонадек туюлган таклифлар ҳам бўлди. Маҳаллий мутахассисларнинг айримлари Сарезнинг чучук сувини ўткир сув танқислигини бошдан кечираётган Эронга сотиш керак, деб ҳисоблайдилар. Эронликлар Сарезнинг бир литр суви ўрнига гўё бир литр бензин беришга тайёр эканлар. Ҳозирча тасдиқланмаган айрим маълумотларга кўра, Тожикистон ҳукумати бу юзасидан Эрон ширкатларидан биридан тушган таклифни кўриб чиқаётган экан.

1911 йилнинг 18 февралидан 19 февралига ўтар кечаси Помирнинг марказий қисмида (ҳозир Тожикистоннинг Тоғли-Бадахшон мухтор вилояти ҳудудида) кучли зилзила содир бўлган. Зилзила таъсири натижасида Мурғоб дарёси водийсида катта кўчки тушган. Ўшанда кўчки Усой қишлоғини босиб қолган, қишлоқда яшовчи барча кишилар ҳалок бўлганлар. Кўчки тушиши Мурғоб дарёси водийсини тўсиб қўйган ва катта кўл барпо бўлишига сабаб бўлган. Пайдо бўлган ҳавза сувлари Сарез қишлоғини кўмиб юборган. Шунинг учун ҳам кўлга Сарез деб ном берганлар.

Усой кўчкиси ва Сарез кўли овлоқ ерда жойлашган. Зилзила ўша пайтларда аҳоли пунктларини боғлаб турувчи тоғ сўқмоқларини бузиб ташлаган. Шунинг учун ҳам Усой кўчкиси ва Сарез кўлининг пайдо бўлгани ҳақида фақат 1911 йил ёзига келиб хабар топганлар. Сарез кўли пайдо бўлиши билан бир пайтда кўл сувларининг Усой кўчкиси қатламлари аро ёриб чиқиш хавфи ҳамда Бартанг ва Панж дарёлари водийсида даҳшатли сел тошқини пайдо бўлиш хатари юзага келган.
Яқин кунларда “Фарғона.Ру” АА эътиборли олим Леонид Папириннинг Сарез хавфи атрофидаги афсона ва ҳақиқатларга бағишланган катта ишини чоп қилади. Ҳозирча эса биз экспертдан мазкур кўлнинг чучук сувини сотиш эҳтимоли ҳақидаги таклифни шарҳлаб беришни илтимос қилдик.

Леонид Павлович Папирин, “Фарғона.Ру” АА экспертлик кенгаши аъзоси, геофизик:

- Сўнгги пайтларда Тожикистон ва Ўзбекистонда Сарезнинг 17 куб километр тоза сувини сув таъминоти учун ишлатиш ҳақида ютоқиб гапира бошладилар. Ҳозирнинг ўзида Сарезгача бўлган 600 километрлик қувур ётқизиш таклиф қилинмоқда, 25 миллион одамни сув билан таъминлаш режалаштирилмоқда, бундан келадиган улкан даромад ҳам ҳисоблаб чиқилган. Бу ғоя ишқибозларини бироз ҳафсаласини пир қилишимга тўғри келади. Ўта тоза бўлган сув бор, аммо у аллақачон 17 куб километрлик ҳажмда эмас.

1976, 1989 ва 1990 йилларда Сарез ва Шадав кўлларида махсус жиҳозлар ёрдамида сув ҳарорати ва минераллашуви аниқ ўлчаб чиқилган. Сарез кўлида 0-50 метр чуқурлик интервалида сувнинг минераллашуви бир литрга 280 миллиграммга тенг бўлган. Бу сатҳдан пастда сувнинг минераллашуви ошиб борган, 250 ва ундан чуқурроқ жойларда минераллашув бир литрга 1130-1150 миллиграммга етган.

Бу йигирма-ўттиз йил аввалги маълумотлар. Ўтган давр мобайнида ҳар иккала кўлнинг турғун жойларида сувнинг минераллашуви 20-30% га ошган. Шундай экан, бир литрга 250-280 миллиграмм минераллашувга эга бўлган ультрачучук сув ҳар иккала кўлда 17 куб километр эмас, бор-йўғи 4-5 куб километрни ташкил қилади. Агар кўл сатҳи пасая бошласа, ультрачучук сув ҳажми яна ҳам камайиб кетади. Аммо бу сув ҳажмининг сифати ҳам тез орада анча пасайиб кетиши мумкин.

Шадав кўлидаги сувнинг ранги турғун сув ҳавзаларига хос бўлганидек яшилсимон, балиқлари эса гижжа билан касалланган. Бунинг аниқланганига кўп бўлган (шахсан мен буни ўттиз йилдан бери биламан), аммо тожикистонлик биологлар ва экологлар бу ҳақда оғиз очмаяптилар.

Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор. Тожикистон ҳукумати Шимолий Аличур тизмасидаги Оқ жилға йирик кумуш конида қазиш ишларини олиб бориш учун лицензия берган. Бу конда руда ишлаб чиқариш ва тўйинтириш ишлари бошланган тақдирда, саноат чиқиндилари Оқ жилға сойига, ундан Мурғобнинг чап ирмоғи бўлган Шимолий Бозордарга, ундан эса Сарез кўлига тушади. Бу ерда ҳам тожикистонлик экологлар лом-мим демаяптилар. Шундай экан, табиат ва табиий бойликлар ҳақидаги аниқ маълумотлар эътиборсиз қолдирилмоқда, чунки бу юзаки ишқибозларнинг хаёлий парвозларига ҳалақит бераяпти.