03:06 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Чегарасиз мухбирлар”: Тошкентлик журналист Ю. Черногаев ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин

24.05.2007 15:55 msk

Ўз ахб.

23 май куни “Чегарасиз мухбирлар” (Reporters Without Borders) халқаро ташкилотининг веб-сайти Ўзбекистон прокуратурасига ишорат билан яқин орада тошкентлик журналист Юрий Черногаевга туҳмат қилганлик, мамлакат миллий хавфсизлигига зиён етказганлик каби қатор жиноятларни содир этиш юзасидан расмий айбловлар қўйилиши мумкинлигини хабар қилди. “Немис тўлқини” радиостанцияси билан узоқ вақтдан бери ҳамкорлик қилиб келган Ю. Черногаев ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

“Бу хорижий ОАВ ходимлари унини ўчираётган одил судловга пародиядир”, - дея билдиради сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилот. – “ЕИ вакилларининг Ўзбекистон раҳбарияти билан бўлган учрашувидан (бу учрашувда президент Каримовдан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган аҳволни яхшилаш юзасидан далиллар келтириш сўралганди) икки ҳафта ўтганидан кейин содир бўлган бундай воқеа фикр эркинлиги учун курашаётган барча фаоллар учун тарсакидек туюлади”.

Дастлаб Юрий Черногаевга жорий йилнинг март ойида солиқ тўламаганлик айблови бўйича жиноий иш очилганди. Кейин эса, “Чегарасиз мухбирлар” маълумотига кўра, уни “Немис тўлқини”нинг бошқа бир мухбири Наталья Бушуеванинг мамлакатни тарк этишида кўмаклашганликда айблаганлар. Ҳозирги пайтда айбловларга яна бошқа моддалар – “мамлакат президенти шаънини таҳқирлаганлик” (Ўзбекистон ЖК 158-моддаси), “Ўзбекистон Республикасига туҳмат қилганлик” (159-модда) ва “миллий хавфсизлик ҳамда ижтимоий тартибга хавф солувчи материаллар тайёрлаганлик ва тарқатганлик” (244-модданинг 1-банди) қўшилган.

“Чегарасиз мухбирлар” Ўзбекистондаги суд расмийларини “шафқатли ва адолатли” бўлишга чақирганлар. Бу ташкилот вакилларига кўра, тошкентлик журналист анча катта миқдорда жарима тўлаган, Ю. Черногаевга қамоқ жазоси билан таҳдид қилиш эса ўта хунук ишдир.