02:24 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик гастарбайтерни ким отди?

24.05.2007 12:38 msk

Феруза Жоний

Ўқ жабрланувчининг бўйнига теккан. У оғриқдан карахт аҳволга тушиб, ҳушидан кетдан, аммо тирик қолган. Мансур Мирзаевга қарата ўқ узган Жулебино ИИБ милиция бўлимидаги киши унинг тирик қолишини ҳисобга олганми-йўқми – буниси номаълум. Худди ўзбекистонлик гастарбайтерга тўппончадан айнан ким ўқ узгани номаълум бўлгани каби.

Йигирма икки ёшли Мансур Мирзаев Москвада уч йилдан бери яшайди. У бу ерга Андижон вилоятининг Асака туманига қарашли Лабигардон қишлоғидан келган. У ака-укалари ва ҳамюртлари билан бирга Москванинг Жулебино даҳасида жойлашган бозорда ҳаммоллик қиларди.

2007 йилнинг 20 май куни Мансур ўзининг Жавлон Аҳмедов деган ўртоғи билан ишни тугатиб, бозордан чиққан ва уйга йўл олган. Йўлда уларни Жулебино ИИБ милиция ходимлари тўхтатганлар. Йигитларнинг ҳужжатларини текширган милиционерлар уларнинг ҳужжатлари жойида бўлганига қарамай (уларда қайд белгиси ҳам, ишлаш учун рухсатнома ҳам бор эди), М. Мирзаев ва Ж. Аҳмедовни милиция бўлимига олиб келганлар.

- Авваллари болаларда ҳужжат йўқ пайтда улар милиционерларга эллик-юз рубль бериб қутилиб кетардилар, - дейди “Фарғона.Ру”га Мансурнинг дўсти Раҳим (исми ўзгартирилган). – Аммо ҳозир уларда ҳамма ҳужжатлар бор, шунинг учун ҳам улар ёнларида пул йўқлигини айтишиб, милиционерларга пул беришдан бош тортганлар.

Кейин нима бўлгани ҳақидаги тахминлар бир-биридан фарқ қилади.

Жавлондан эшитган гапларини айтган ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевга кўра, болаларни милиция бўлимига олиб келганларидан кейин уларни “тиз чўктириб ва пул талаб қилиб, мазах қила бошлаганлар”.

- Хонада тўрт киши, шу жумладан, қанақадир бошлиқ, майор бўлган. Болалар ёнларида пул йўқлигини айтганлар. Шу пайт ғирт маст милиционер (кейин Жавлоннинг менга айтишича, унинг формаси бошқаларникидан бироз фарқ қиларкан – унинг погони йўқ эканми ёки шунга ўхшаш бир нарса) ўзининг табель қуролини чиқариб, Мансурга қарата ўқ узган. Яхшиямки, ўқ унинг бўйнига тегибди, агар кўкрагига текканда у ўша заҳотиёқ жон бераркан, - дейди Б. Ҳамроев.

Яраланганидан ва операция қилинганидан қарийб икки кун ўтганидан сўнг ҳушига келган Мансурнинг ўзи эса “Фарғона.Ру”га қуйидагиларни маълум қилди: “Мени камуфляжга, десантчиларникига ўхшаш кийимдаги киши отди. У тўппончадан ўқ узди, мен ҳеч нарсани эслай олмайман. Кеча менинг ёнимга участканинг янги нозири келди, у ўқ отган одам қўлга олинганини, у ўттиз икки ёшда эканини айтди”. Ўқ отган одамнинг исми ошкор қилинмаяпти. Мансурнинг ўзи кўп гапиролмади, унга Раҳим ёрдамга келди.

- Мансурни отган одам навбатчи қисм ичида бўлган, кейин айтиб беришларича, бу одам уларнинг собиқ ходими бўлган экан, - деди Раҳим жабрланувчидан эшитганларига асосланиб. – У милиционерларга қўлга олинган кишилар билан қандай муомала қилиш кераклигини кўрсатиб қўймоқчи бўлган. У йигитларни ўтириб-туришга, тиз чўкишга мажбур қилган, улардан пул талаб қилган. Кейин тўппончасини чиқариб, ўқ узган, ўқ Мансурнинг бўйнига теккан.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев Жулебино ИИБ полида қон излари кўрганини билдирди.

- Ҳамюртларим қўнғироқ қилишлари билан мен Москвадаги ўн бешинчи шаҳар касалхонасида ётган Мансурнинг олдига келдим, - дейди Б. Ҳамроев. – Мансурни операция қилган шифокор унинг аҳволи оғир эканини тасдиқлади, ҳали ўзига келмаганини, жарроҳлик амалиёти уч соатга яқин давом этганини айтди. Содир бўлган воқеанинг барча тафсилотларини эшитганим заҳоти мен ҳуқуқ ҳимоячиси Светлана Ганнушкинага қўнғироқ қилиб, унга хабар бердим, у эса дарҳол [Жулебино] милиция бўлимига қўнғироқ қила бошлади.

Афсуски, “Фарғона.Ру” мухбири “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг раҳбари Светлана Ганнушкина билан боғлана олмади, чунки у шу кунларда Россияда эмас экан. Страна.Рунинг хабар қилишича, 20 май куни С. Ганнушкина Жулебино ИИБ навбатчиси билан гаплашган. “Навбатчи билан гаплашганимда менга унинг кайфи бордай туюлди. Мирзаевга нима бўлгани ҳақида сўраганимда, навбатчи менга: “Нима бўлибди? Бўлимга милициянинг собиқ ходими келганди, у бизда уч йил аввал ишлаган. У тўппонча дастаси билан ўзбекнинг бўйнига тегиб кетди, аммо унга аллақачон ёрдам кўрсатилган”, деди”, - дея келтиради Светлана Ганнушкина Жулебино ИИБ навбатчисининг сўзларини.

22 май куни Москва ички ишлар бош бошқармаси Жулебино ички ишлар бошқармаси бўлимида Ўзбекистон фуқаросининг милиция ходими томонидан ярадор қилингани ҳақидаги маълумотни расман рад қилди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС ахборот агентлигига пойтахт ШИИБ вакили Евгений Гильдеев билдирди. Унга кўра, муҳожирни милиционер эмас, балки хусусий қўриқчилик корхонаси ходими ярадор қилган. Унга кўра, гўё ўзбекистонлик икки фуқаро қайд тартибини аниқлаш учун милиция бўлимига ўзлари келганлар. Шу пайт у ерга хусусий қўриқчилик корхоналарининг қўриқчиларидан бири кирган. У келганлардан бирига травматик тўппончадан ўқ узган. Ўқ отган киши қўлга олинган. Шунингдек, у ғирт маст аҳволда бўлгани ҳам маълум қилинади. Қўриқчи ва муҳожир ўртасидаги зиддиятга нима сабаб бўлгани ҳозир аниқланаяпти. Мазкур ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда. Ҳозирда қўриқчининг травматик қурол олиб юришга рухсатномаси борлиги аниқланган.

Жавлон Аҳмедовга келсак, Б. Ҳамроевга кўра, содир бўлган воқеадан кейин уни милицияда қарийб олти соат ушлаб турганлар ва қанақадир кўрсатмалар олишга уринганлар. Аммо бўлимга етиб келган ҳуқуқ ҳимоячиси Жавлоннинг адвокатсиз ҳеч нарса айтмаслиги ва ҳеч нимага қўл қўймаслигини билдирган.

- Русчани унча яхши билмайдиган Жавлондан бўлимда унинг [Мансурнинг] гўё милиционерларга ҳужум қилгани ҳақида кўрсатма беришга мажбур қилмоқчи бўлганлар, - дейди Б. Ҳамроев. – Аммо Жавлон ҳужжатларни имзолашдан бош тортган. Уни бўлимда олти соатдан ортиқ - соат ўн иккигача ушлаб турганлар, бу ғайриқонуний, ахир унинг ҳамма ҳужжатлари жойида-ку. Мен уни қўйиб юборишларини талаб қилдим. Шу орада кўчадан, одатдагидек, икки йигитни бошлаб келдилар ва қанақадир қоғозларни тўлдирдилар. Мен уларнинг бу иккиси [Мансур ва Жавлон] гўё қурол олиб юргани ҳақида милицияга хабар қилганларини англадим.

Б. Ҳамроевга кўра, Жулебино ИИБда ишловчи милиция капитани Сергей Воробьев ички текширув ўтказишни истаган.

- У: “Ҳа, шунақа воқеа содир бўлди, биз ҳам фаришта эмасмиз”, деди. Аммо у [ўқ отган одамнинг] милиционерми ёки қўриқчими эканини айтмади. Ҳозир эса қанақадир собиқ ходимлар, қанақадир қўриқчилар ҳақида гапираяптилар. Мен қанақадир бегона одамнинг милиция бўлими ичкарисига кириб олишига, навбатчининг ёнидан “маймунхона” деб аталадиган хонага бемалол ўтиб, кишини тиз чўктириб, уни отиб ташлашига ишонмайман. Бу мутлақо бемаъни гап, - дея билдиради ҳуқуқ ҳимоячиси.

- Ўша мавзеда милиционерлар ҳақиқатан ҳам ўзларини безбетларча тутишларини айтадилар, - дея давом этади Б. Ҳамроев. – Агар пул бермасангиз, ҳатто ҳужжатларингиз жойида бўлса ҳам, сизни барибир бўлимга олиб кетарканлар ва “Бўлимга борсак, кўпроқ тўлайсан, ундан кўра шу ернинг ўзида бериб қўя қол пулни”, дерканлар. Агар ИИВ вакили мен билан Москва ва Подмосковье бўйлаб бирга юрса, мен унга ҳар куни одамларнинг пулини тортиб олаётган юзлаб милиционерларни кўрсатардим. Яқиндаги бир воқеани олайлик. Бир ўзбек келаётганди, уни қоровул хизмати ходими тўхтатиб, кейин қўйиб юборди. Мен ўша ўзбекнинг ёнига келиб: “Ҳужжатларинг жойидами?” деб сўрадим. У: “Ҳа, жойида”, деб жавоб қилди. Аммо у милиционерга икки юз рубль берибди. Бунақа воқеа ҳар қадамда содир бўлиб туради.

- Милиционерлар [четдан келган ишчиларни] икки куннинг бирида тўхтатадилар, - дейди Раҳим ўз кузатувлари билан ўртоқлашаркан. – Ҳатто ҳужжатларингиз жойида бўлса ҳам бўлимга олиб кетадилар, у ерда қонунга зид равишда уч соат олиб ўтирадилар, ёнингизда ҳамма ҳужжатлар бўлишига қарамай, “ҳужжати йўқ ёки йўлни нотўғри кесиб ўтган” каби қанақадир маъмурий қонунбузарлик бўйича баённома тўлдирадилар.

“Фуқаровий кўмак” комитети Мансур Мирзаевга бепул адвокат тақдим этган. Иш прокуратурага топшириш учун тайёрланаяпти. Жабрланувчи ҳозир ўзини яхши ҳис қилаяпти, аммо, ўзининг айтишича, бўйни ва юзининг ўнг томони қарийб фалажланган, ҳатто игна санчилганини ҳам ҳис қилмаяпти. Шифокорлар бу ҳолат вақтинча эканини айтишиб, уни тинчлантираяптилар.

* * *

“Фарғона.Ру” АА таҳририяти жабрланувчининг аҳволи ва воқеалар ривожини кузатиб боради. Биз бундан кейинги воқеалар ҳақида муштарийларимизни албатта хабардор қиламиз.