06:53 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг металлургия соҳасида иқтисодий ўсиш қайд этилмоқда

24.05.2007 08:53 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон мустақиллиги йилларида мамлакатнинг металлургия соҳасига бир ярим миллиард долларга яқин сармоя ётқизилган. Бу ҳақда Ўзбекистон тоғ-кон-металлургия саноати ходимларининг ҳар йили май ойининг учинчи якшанбасида нишонланадиган касб байрами муносабати билан маҳаллий ОАВ хабар қилдилар. Бироқ ахборотнинг озлиги ва бирор масала юзасидан қўшимча маълумот олишга уриниш сал бўлмаса давлат сирига тажовуз қилишдек қабул қилинадиган бир шароит бу маблағларнинг қай даражада самарали сарф этилганини таҳлил қилишга имкон бермайди. Шунинг учун ҳам кичикроқ иқтисодий шарҳ билан чекланишга тўғри келади.

Табиий қазилмаларга бойлиги, бақувват маъданли-хом ашё базаси ва бир неча тоғ-кон саноати корхоналарининг мавжудлиги – буларнинг ҳаммаси қора ва рангли металл ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёда Ўзбекистонни лидер мамлакатга айлантирган.

Республика оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишларича, бугунги кунда соҳа корхоналари жаҳоннинг саксондан зиёд ширкатлари билан иқтисодий алоқалар ўрнатганлар. Шу ўринда президент Ислом Каримов томонидан мустақилликнинг дастлабки йилларида эълон қилинган Ўзбекистон ривожланишининг беш тамойилидан бирини эслаш ортиқчалик қилмайди, бу тамойилга мувофиқ давлат мамлакатдаги ҳар қандай ислоҳотнинг бош ташаббускори сифатида чиқиши керак эди. Шунинг учун ҳам, ўзбекистонлик иқтисодчилардан бирига кўра, металлургия соҳаси корхоналарида “бозор механизмларини жорий қилиш бошланган ва бунда давлат асосий сармоя ётқизувчи сифатида чиққан”. Қолаверса, у ҳалигача бу ширкатларнинг асосий пакетига эга бўлган ҳолда уларнинг бош хўжайини бўлиб қолаяпти.

Агар мамлакат мустақиллигининг дастлабки йилларида металлургия ишлаб чиқариш жабҳасида жиддий узилишларни бошдан кечирган бўлса, бугунги кунда, маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, барча корхоналарда ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилган. Афсуски, ОАВ бу узилишларнинг қанча давом этгани ва мазкур корхоналарнинг иқтисодий кўрсаткичлари қандай экани ҳақида ҳеч нарса демайдилар.

Ўзбекистон саноатининг энг йирик жабҳаларидан бири рангли металлургия бўлиб ҳисобланади, у ишлаб чиқариш ҳажми бўйича фақат ёқилғи-энергетик комплекси, енгил саноат ва озиқ-овқат саноатидан кейин туради, холос. Ўзбекистон рангли металлургия корхоналари фаолиятининг асосий йўналиши мис ва уран ишлаб чиқариш ҳамда олтин қазиб олиш бўлиб ҳисобланади. Соҳанинг етакчи корхоналари Олмалиқ ва Навоий тоғ-кон-металлургия комбинати (ТКМК) ҳамда Чирчиқдаги қийин эрийдиган ва иссиқбардош металлар комбинатидир. Заводларнинг ҳар бири хом ашёнинг муайян турларини қазиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослашган.

Олмалиқ ТКМК мис-молибден комбинати сифатида 1949 йилда ташкил этилган. Ўн йил аввал у очиқ турдаги ҳиссадорлик жамиятига айлантирилган. Бугунги кунда “Олмалиқ ТКМК” ОҲЖ тўртта тоғ-кон корхонаси, иккита металлни бойитиш фабрикаси, иккита металлургия заводи, таъмирлаш-механика ва оҳак заводи, автотранспорт бирлашмаси, темирйўл транспорти бошқармаси ва бошқаларни бирлаштириб туради. ТКМК маҳсулотининг етмиш фоизга яқини экспортга кетади. Ўз вақтида комбинатда йигирма мингга яқин одам ишлаган.

Ўзбекистон телевидениеси хабарига кўра, 2007 йилнинг биринчи кварталидаёқ Олмалиқ ТКМК 1 млрд. 600 млн. сўмлик (1 млн. 270 минг долларга яқин) маҳсулот ишлаб чиқарган.

Бу ерда ишлаб чиқарилувчи металл 99,97 фоизга тоза маҳсулот бўлиб ҳисобланади. Бугунги кунда тўртта ишлаб чиқариш линияси реконструкция қилинмоқда. Шунингдек, корхона қўрғошин ҳам ишлаб чиқаради, биринчи кварталда 710 млн. сўмлик (563 минг доллардан ортиқроқ) қўрғошин сотилган. Янги технологиялар ва меҳнатни самарали ташкил этилганлиги ишлаб чиқариш харажатларини юзлаб миллион сўмга қисқартиришга ёрдам берган.

Ишлаб чиқариш қуввати, эгаллаб турган майдони, ишчиларининг сони ва бошқа иқтисодий кўрсаткичлари бўйича Навоий тоғ-кон-металлургия комбинати бутун МДҲда мисли бўлмаган корхона бўлиб ҳисобланади. Ўтган асрнинг 90-йилларида комбинат эски технологиялар бўйича ва ўттиз йиллик эскирган жиҳозлар билан ишларди. Эндиликда бу ерда янги технологиялар жорий этилган, жараённи компьютер орқали бошқариш йўлга қўйилган. Корхона махсус дастур бўйича 200 миллион АҚШ долларилик сармоя жалб қилган.

Бунга саноат корхоналарининг ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантириш учун имтиёзлар жорий этилганлиги ва “сармоя жалб қилиш учун тўла эркинлик” берилганлиги сабаб бўлган. Натижада фақат ишлаб чиқариш ҳажми ошибгина қолмай, кенгайган ҳам – сўнгги йилларда бу ерда бир нечта корхона пайдо бўлган. “Агама” трикотаж фабрикаси, Марказий Осиёда ўхшаши бўлмаган заргарлик заводи, фосфорит ишлаб чиқарувчи Қизилқум мажмуаси, учинчи Учқудуқ гидрометаллургия заводи ана шулар жумласидандир.

Ўтган вақт мобайнида бошқа бир корхона – Бекобод тоғ-кон-металлургия заводи 215 минг тонна пўлат эритиб, 118 миллион сўмдан зиёд (94 минг долларга яқин) даромад олган.

Ўтган йили ўзининг 60 йиллигини нишонлаган “Ўзметкомбинат” ҲЖ ҳам металл маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар қаторида туради. У 1944 йил 5 марти ишга тушганди. Орадан ярим аср ўтгач, “Ўзметкомбинат” қора металл ишлаб чиқарувчи Ўрта Осиёдаги ягона корхонага айланган.

Ўзбекистоннинг тоғ-кон-металлургия соҳаси ҳақида сўз борар экан, мамлакатдаги геология илми ва амалиёти ҳақида эслатмаслик мумкин эмас. Ўзбекистон ОАВ хабарларига мувофиқ, мустақиллик йилларида маҳаллий геология разведкачилари томонидан икки юздан зиёд турли фойдали қазилма конлари топилган. Ҳозиргача эса ҳаммаси бўлиб Ўзбекистонда уч мингдан зиёд фойдали қазилмалар конлари ва истиқболли кўринишлари, маъданли хом ашёнинг юзга яқин турлари топилган, улардан олтмиш бештаси саноат ва қишлоқ хўжалигида ишлатилмоқда. Ўзбекистон ҳудудида бир ярим мингга яқин кон текширилган, қайта ишлашга тайёрлаб қўйилган барча турдаги маъданли хом ашё заҳиралари 1,88 трлн. АҚШ доллари миқдорида, маъданли хом ашёнинг умумий потенциали эса тақрибан 11 трлн. АҚШ доллари миқдорида баҳоланмоқда. Ўзбекистонлик олимлар томонидан тасдиқланган олтин, уран, мис, табиий газ, вольфрам, калий тузлари, фосфоритлар, каолина заҳиралари бўйича Ўзбекистон фақат МДҲдагина эмас, жаҳонда ҳам етакчи ўринларни эгаллайди. Олтин заҳиралари бўйича республика жаҳонда тўртинчи ўринда, уни қазиб олиш бўйича еттинчи ўринда, мис заҳиралари бўйича ўнинчи-ўн биринчи ўринларда, уран заҳиралари бўйича еттинчи-саккизинчи ўринларда, уран қазиб олиш бўйича эса ўн биринчи-ўн иккинчи ўринларда туради.