23:11 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Нима учун Нурсултон Назарбоев умрбод президент бўлиб қолишни истаяпти? Экспертлар фикри

23.05.2007 15:50 msk

Феруза Жоний, Ирина Ермакова

Нурсултан Назарбаев
Нурсултон Назарбоев. “Фарғона.Ру” АА фотоси
2007 йилнинг 22 май куни эрталаб Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев парламент томонидан маъқулланган Конституцияга тузатишларни имзолади. Бу тузатишларга мувофиқ мамлакатда сиёсий тузум ўзгаради, 2012 йилдан бошлаб президентлик ваколат муддати қисқаради, амалдаги давлат раҳбари эса давлатнинг юқори лавозимига чексиз марта ўз номзодини қўйишдек алоҳида ҳақ-ҳуқуққа эга бўлади. “Фарғона.Ру” таҳририяти мазкур воқеани шарҳлаб бериш илтимоси билан Марказий Осиё бўйича таниқли экспертлар – Новости РАА экспертлик кенгаши аъзоси Санобар Шерматова, қирғизистонлик сиёсатшунос, профессор Бақит Бешимов ва Россиядаги “Время новостей” шарҳловчиси Аркадий Дубновга мурожаат қилди.

Санобар Шерматова: - Нурсултон Назарбоевга умрбод президентликни кафолатловчи конституцияга тузатишларни имзолашдан аввал, менимча, у европалик ва америкалик ҳамкорлар билан маслаҳатлашиб кўрган. Нима учун мен бундай фикрга келдим?

Сўнгги йилларда Назарбоев ривожланишнинг демократик йўналишини белгилашга катта эътибор қаратди ва умуман олганда, бу йўлда анча муваффақият қозонди. Охирги президентлик сайловларини эслаб кўрайлик: бу сайловлар жуда қизиқ сиёсий вазиятда ўтганди. Сайловлар арафасида Қозоғистонга АҚШ ва Европа мамлакатларидан сиёсий арбоблар, шу жумладан, Дик Чейни, Кондолиза Райс келгандилар. Улар Нурсултон Назарбоевни Қозоғистонда демократия ўрнатилиши учун жуда кўп иш қилган ҳамда демократик ривожланиш йўлини белгилаб берган киши сифатида унинг ролини жуда юксак баҳоловчи баёнотлар бергандилар. Сайловолди даврида бунақа хушомадомуз фикрлар тасодифий бўлмаслиги тушунарли, албатта. Буларнинг ҳаммаси Қўшма Штатлар ҳам худди Европа мамлакатлари каби Нурсултон Назарбоевнинг қайта сайланиш ниятини қўллаб-қувватлашидан далолат берарди, чунки, гарчи бу сайловда муқобил номзодлар бўлса-да, унда Қозоғистоннинг амалдаги президенти сайланиши мутлақо равшан эди. Бу эса, ўз навбатида, АҚШ ҳам, Европа ҳам янги йўналиш олгани, ўзи учун Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан янгича муносабат йўналишини белгилаб олганидан гувоҳлик беради. Бу йўналишда демократия масалалари, сайлов, лидерлар алмашиши масалалари иккинчи планга ўтиб қолган, биринчи планга эса сиёсий масалалар, сиёсий муаммолар чиққан, улар орасида нефть масаласи ҳам бор.

Нурсултон Назарбоев Қозоғистон президенти лавозимига 1990 йил апрелида Қозоғистон ССР Олий кенгаши томонидан тайинланганди, 1991 йил декабрида эса мамлакат фуқаролари ўзининг биринчи президентини беш йил муддатга сайлагандилар. 1995 йили махсус референдум билан унинг ваколатлари 2000 йилга қадар узайтирилганди, 1998 йил октябрида эса парламент президентлик ваколатларини етти йилга узайтиришни таклиф қилди. Кейинчалик Назарбоев сайловларда икки марта – 1999 йил январида ва 2005 йил декабрида ғалаба қозонган. Шу тариқа, унинг президентлик ваколатлари 2012 йилда тугаши керак.
Маълумки, Қозоғистон Боку-Жайҳон қувурига қўшилган, Қўшма Штатлар стратегик аҳамият молик ҳисоблаган мазкур қувур Қозоғистон нефтисиз тўлиқ бўлмай қоларди. Мен Назарбоевнинг бу қадами (Конституцияга киритилган ўзгартишларни имзолаши назарда тутилмоқда. – таҳр.) унинг Қўшма Штатлар ва Европа мамлакатлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда кўп векторли сиёсат юритаётгани билан боғлиқ, деб ўйлайман. Табиийки, ҳозир Қозоғистон лидери сўнгги йилларда ўзи эришган муваффақиятларни йўққа чиқарадиган ишни қилмаган бўларди. Бунда, албатта, Қозоғистоннинг демократик ривожланиш стратегияси ҳам, Ғарбдаги ҳамкорлар билан яхши йўлга қўйилган муносабатлар ҳам назарда тутилаяпти. Шу важдан ҳам мен Н. Назарбоев Ғарбдаги қатор лидерлар билан маслаҳатлашган, деб ўйлайман.

Бақит Бешимов: - Қозоғистон парламентидаги кишилар нима қилаётганларини яхши биладилар албатта, аммо бу мамлакат ЕХҲТга раис бўлишга уринганди, бунақа тузатишлар билан эса бунга имкон қолмайди, деб ўйлайман. Бундай қадам Марказий Осиёнинг Қирғизистондан ташқари барча мамлакатларида президентлар умрларининг охиригача ҳокимият тепасида қолишга уринган сулолавий бошқарув ҳукмронлик қила бошлаганини англатади. Қайд этиш жоизки, минтақадаги истиқрорсизликнинг асосий манбаи ҳокимият топшириш ва элита алмашуви механизмининг йўқлиги ёки етишмаслиги бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Назарбоев томонидан қабул қилинган қарор мамлакатнинг демократия йўлидан одимлаш ҳаракатларига зид келади.

Агар конституция бу хилда ўзгартирилаверса, бу демократия қоидаларини писанд қилмаслик ва қонун устиворлигини назарга илмаслик бўлади. Агар биринчи президент ҳокимиятда қолишга жазм қилса, нима учун иккинчисида ҳам бунақа ҳавас уйғониб қолмайди, деб ўйлаш керак?

Фалсафий нуқтаи назардан қаралганда, бу халқ онгида “мамлакатда бу одамдан бошқа уни бошқара оладиган ҳеч ким йўқ”, деган фикр мавжудлигини ҳам тасдиқлайди. Аммо агар ҳамма нарса битта одамга боғлиқ бўлса, бу халқ нимага арзийди? Агар битта кишидан бошқа лидер кўрмасалар, агар сиёсатчилар ўртасида уларнинг ўсишига ёрдам берадиган лидерлик учун рақобатнинг нормал қоидалари бўлмаса, барқарор келажакка умид қилиш мумкинми?

Марказий Осиё учун бу ерда ҳеч қанақа янгилик йўқ. Туркманистонда ҳокимият алмашуви табиий йўсинда кечди. Бугунги кунда Қозоғистонда қилинган иш аввалроқ Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам амалга оширилганди.

Қирғизистон умрининг охиригача ҳокимият тепасида қолишни истовчи авторитар лидерлар томонидан бошқарилаётган давлатлар билан ўралган. Қурманбек Бакиев Назарбоевдан ўрнак оладими-йўқми – бу иккинчи даражали масала, қирғиз халқи бунга тоқат қилолмайди.

Аркадий Дубнов: - Менинг Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг қароридан ҳафсалам пир бўлди, ҳатто жуда кайфиятим бузилди. Ваҳоланки, мен постсовет ўлкалардаги, айниқса, Марказий Осиёдаги ҳозирги элита ўзини қандай тутаётганини кузатиб юрган одам сифатида бунақа ишлардан танг қолишни бас қилишим керак эди. Мен Назарбоев ўзини маърифатли лидердай тутади, деб ўйлашни истардим. У, минтақадаги бошқа айрим қўшнилари билан солиштирганда, баъзан ана шундай мунаввар кишидек кўринарди. Аммо, унинг ҳам худди қўшниларидек шарқлик раҳбар экани маълум бўлди ва афтидан, у ҳам ўзи ҳаётлик пайтида Қозоғистонга бошқа бир лидер раҳбарлик қилишини тасаввур қила олмай қолган кўринади.

Бу қадамни оқлаш учун тахмин қилиш мумкин бўлган фақат битта нарса бор – у ҳам бўлса, Нурсултон Абишевичнинг ўз атрофини ўраб турган ва ҳокимиятга интилаётганларга у президент бўлиб қолиши ҳамда ҳокимиятни хомталаш қилиш учун топшириб, “чўлоқ ўрдак” бўлиб қолишни истамаётганини кўрсатиб қўйишдир.

Энди мен туркманистонлик бир дўстимнинг кўп йиллар аввал Назарбоев умрбод президентлик технологиясини ўрганиш учун Туркманбошининг олдига келгани ҳақидаги гапларига ишона бошладим. Бугунги кунда Назарбоев бунга қарийб эришганига қараб баҳо берадиган бўлсак, Ниёзовнинг ўгитлари бефойда бўлмаган кўринади.

Ва охирги гап. Афтидан, Назарбоев Қозоғистоннинг 2009 йилда ЕХҲТга раислик қилишни қўлга киритолмаслигига кўнди шекилли. Нафсиламрини айтганда, у яқинда бу иш унга унчалар ҳам зарур эмаслигига ишора қилганди.



 

Реклама