06:03 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жанубида диний ва дунёвий таълим ўртасидаги зиддият сунъий равишда пайдо қилинган муаммодир

22.05.2007 13:22 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Яна бир ўқув йили якунига етмоқда, тез орада ўз жигарбандларининг мактабдаги муаммоларидан чарчаган ота-оналар енгил нафас оладилар: мактабларда таътил даври бошланади. Аммо битирувчиларнинг ота ва оналари олдида янги бир муаммо – фарзандларини олийгоҳга киритиш муаммоси кўндаланг туради, лекин Қирғизистон жанубидаги умумтаълим муассасаларида ҳазилакам эҳтиросларни жунбушга келтирмаётган “диний” масала уларга тегишли бўлмай қолади. Таълим вазирлигидаги амалдорлар ота-оналар ва айрим мактаб директорларини таълим жараёнини “исломийлаштириш”да айбламоқдалар, ота-оналар эса бу амалдорлар мактаб болаларининг эътиқод эркинлигига тажовуз қилаётганларини билдираяптилар.

Сиртдан қараганда мазкур муаммо, ота-оналарнинг сўзларига кўра, шариат талабларига (бу талабларга мувофиқ қизлар тўққиз ёшдан бошлаб ўз сочлари ва бўйинларини номаҳрам кўзлардан сақлашлари керак) риоя қилишни истаган мактаб ўқувчиларига рўмол ўраб юришни таъқиқлашдагина аксланган. Жалолобод шаҳар таълим бошқармаси раҳбарияти рўмол ўраб юришни ягона мактаб формаси ҳақидаги талабни бузиш, деб ҳисоблайди. Ота-оналар эса, ўз навбатида, рўмол ўраб юриш ҳеч қанақа қонун билан маън этилмаганини билдирадилар. Аммо, маълум бўлишича, рўмол ота-оналар ва амалдорларни ташвишлантираётган ягона муаммо эмас экан. Амалдорлар бугунги кунда кўплаб болаларнинг мактабдаги сабоқлардан кўра масжид ва ҳужралардаги дин дарсларига кўпроқ қизиқаётганларидан ташвишга тушганлар. Бундан ташқари, улар дарслардан қочишиб, Жумъа намозларига кетиб қолмоқдалар.

Миллий тусга эга бўлган рўмоллар

Жалолободда рўмол ўраш ва диний таълим тўғрисида масала муҳокама қилинган пайтда, шаҳар таълим бошқармасининг балоғатга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича нозираси Шарипа Жўрўбаеванинг номи зикр этилмасдан қолмайди. Ота-оналар ва ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган мактаб директорларига кўра, айнан шу аёл мазкур мактабларга мунтазам равишда қатнаб ва қизларнинг рўмолини ечишга мажбур қилиб, бу муаммони кўтариб юради. Натижада айрим ота-оналар ўз қизларини мактабга юбормай қўйганлар.

Ш. Жўрўбаевага кўра, дин таълим жараёнига салбий таъсир ўтказади ва бу муаммо фақат ўқиш ўзбек тилида юритилувчи мактаблар учунгина долзарбдир. “Шаҳардаги йигирма икки мактабдан фақат учта ўзбек мактабида бу муаммо мавжуд, - дея таъкидлайди нозира “Фарғона.Ру” АА мухбири билан бўлган суҳбатда. – Ота-оналар экстремистик ташкилотларга қўшилиб олганлар ва ўз болаларини мактабга юбормаяптилар. Улар ўз қизларини мактабга рўмолсиз юбормасликларини айтишиб, ультиматум қўймоқдалар. Аммо бизда ҳамма учун талаб битта. Биз [ўқувчи қизларнинг] рўмол ўраб келишларига ижозат бермаймиз”. Унга кўра, авваллари шаҳарда битта масжид бор эди, бугунги кунда уларнинг сони етмиш олтитага етган, умумтаълим мактабларининг сони эса бор-йўғи йигирма иккита ва уларда жой етишмагани сабабли битта синфда қирқ-элликтадан ўқувчи ўқияпти. “Болаларнинг масжидда “яхши” исломни ўрганаётганини биз қаердан биламиз? – дея савол беради нозира. – Масжидлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайиб бораяпти, ким билади - балки у ерда жамиятга қарши экстремистларни тайёрлаётгандирлар...”

Ш. Жўрўбаевага кўра, рус ва қирғиз мактабларида ота-оналар таълим жараёнига нисбатан бошқача муносабатдалар ҳамда у ерларда рўмол ўраб юриш ва Жумъа кунлари мактабга бориш ўрнига масжидга қатнаш юзасидан муаммо йўқ. Ҳамсуҳбатимизнинг фикрича, бу фарқ ота-оналарнинг Россияга пул топиш учун кетаётганларида ва болаларини ўзлари билан олиб кетаётганларида жавобгарликни ўз зиммаларига олишлари ҳақидаги мактабга маълум қилишиб, ўз жигарбандларининг шахсий ҳужжатларини олиб кетаётганларида ҳам кўринади. “Ўзбек мактабларида бу нарса йўқ, - дея таъкидлайди нозира. – Болаларни худди кўчадан олиб кетаётгандай олиб кетворадилар ва биз кейин уларни қаердан излашни билмай юрамиз”.

Мактабдан кўра масжидни афзал билувчи ўғил болалар ҳақида гапира туриб, Ш. Жўрўбаева текширув натижаларига таянароқ, айнан ўзбек ўқувчилар мактабга келмаётганини айтади. Аснода, ота-оналар ва ўқитувчиларга кўра, дарслардан қочаётган болаларнинг кўпчилиги аксар вақтини масжидларда эмас, компьютер ўйин залларида ўтказадилар. Бироқ Ш. Жўрўбаева, “компьютер столи олдида ўтирган ўқувчилар орасида ўзбек миллатига мансуб болалар йўқ”лигини таъкидлайди, аммо у мактабдан компьютер ўйин заллари ва масжидларга қочиб кетаётган болаларнинг тахминий нисбати қандай эканини билмайди.

Шаҳар таълим бошқармаси раҳбарияти ҳам Ш. Жўрўбаеванинг позициясини қўллаб-қувватлайди. Бошқарма бошлиғи Д. Алимжанова 2007 йилнинг 17 январида чиқарган 91-сонли буйруғи билан мактаб директорларига бир ой ичида мактаб низомларига бош кийим кийиб юришни, энг аввало, рўмол ўраб юришни маън қилувчи ўзгартишлар киритишни юклаган. Ўтган йили мазкур муаммога бағишланган “давра суҳбати”да чиқиш қилар экан, Ш. Жўрўбаева “бутун тараққийпарвар инсоният бизнинг 91-сонли буйруғимизни қўллаб-қувватлайди, ҳатто уни бироз кечиккан, деб ҳисоблайди”, дея билдирганди. Бироқ мазкур буйруқнинг жорий этилиши фақат ота-оналардагина эмас, катта ёшдаги муаллималарда ҳам катта норозилик уйғотган, чунки рўмол ўрамай юриш ҳатто миллий урф-одатлар бўйича ҳам шармандалик бўлиб ҳисобланади. Бу ташаббусни вилоят таълим бошқармаси раҳбарияти ҳам қўллаб-қувватламайди.

“Шаҳар таълим бошқармаси бошлиғининг буйруғи ғайриқонунийдир, - дейди Жалолобод вилоят таълим бошқармаси бошлиғи Чирмаш Дўўрўнов. – Ҳамма нарса қонун асосида, яъни мактаб низомига мувофиқ ҳал қилиниши керак. Агар мактаб низомида бу қоида кўзда тутилмаган бўлса, буни [рўмолларни ечишни] талаб қилиш мумкин, акс ҳолда биз директорларни жазолаймиз”. Мактаб низоми педагогик жамоа, ота-оналар қўмитаси ва ўқувчиларнинг ўзлари иштирокидаги умумий мажлисда қабул қилинишини қайд этган Ч. Дўўрўнов бу масалани мактабларда муҳокама қилиш ҳақидагина буйруқ берганини, аммо рўмол ўраб юришни маън қилишни талаб қилмаганини айтиб ўтади. “Биз фақат тавсия бера оламиз, қарорни эса ота-оналар ва ўқитувчиларнинг ўзлари қабул қиладилар. Ҳатто вазир ҳам уларга буйруқ беришга ҳақли эмас”, - дея таъкидлади вилоят таълим бошқармаси бошлиғи.

Бироқ бу масала очиқлигича қолмоқда – нимагадир Ш. Жўрўбаева кўрсатиб ўтган мактаб маъмуриятларининг бирортаси ҳам ўз низомига тегишли ўзгартишларни киритмаган, шаҳар таълим бошқармаси нозираси эса таълим муассасалари ҳудудида ўқувчилардан рўмолларини ечиб юришни талаб қилишни давом эттирмоқда. Ш. Жўрўбаеванинг “ўзбек мактабларининг бошқачалиги” ҳақидаги фикрлари юзасидан вилоят таълим бошқармаси бошлиғи Ч. Дўўрўнов кескин фикр билдирди: “Болаларнинг миллати бўлмайди. Биз учун ва шахсан мен учун ҳамма болалар, шунингдек, турли тилда ўқитадиган мактаблар бир хил. Шарипа Жўрўбаева нотўғри иш тутаяпти”.

Аснода, биз Қирғизистон шимолидаги Иссиқкўл вилоятига борганимизда Парвардигорни севиш миллат танламаслигига очиқ-ошкор гувоҳ бўлдик. Мамлакат пойтахтини Иссиқкўл вилоят маркази билан боғлаб турувчи йўлда бўлган Чўқтал қишлоғидаги А. Туменбаев номли мактаб қаршисида масжид жойлашган. Гарчи мактаб директори ва илмий бўлим мудири уларда “мамлакат жануби учун хос бўлган диний муаммо йўқ”лигини таъкидлаган бўлсалар-да, уларнинг ўқувчилари билан мактаб ташқарисида қилган суҳбатимиз бунинг аксини кўрсатди. Тўғри, бу мактабда қарийб рўмол ўраб юрмайдилар. Аммо Жумъа намозига элликдан зиёд бола қатнар экан.

Кўзларида ақл чарақлаб турган ёқимтой қизалоқнинг оти Малика экан, у учинчи синфда ўқир экан. Малика ҳам намоз ўқиркан ва қишлоқ масжидида барча хоҳловчиларга эркин тарқатиладиган диний адабиётларни мутолаа қиларкан. Малика аъло баҳоларга ўқиркан. “[Намоз ўқиш] менинг ўзим учун қизиқ, бобом бунинг яхши иш эканини айтган”, - дейди у кўзлари порлаб. Агар диний олий таълим олиш имкони бўлса, Малика ўз келажагини дин билан боғлашга қарши эмас, лекин кўпроқ мактаб муаллимаси бўлишни орзу қилади.

Қишлоқ масжидининг имоми Абдулҳамид Усубақуновга кўра, масжид ходимлари болаларга энг аввало мактаб таълимини олишни ҳамда намоз ўқиш мактабдаги дарсларга ҳалақит бермаслиги кераклигини уқтирадилар. Бу мавзуда улар мактаб ўқитувчилари билан биргаликда иш олиб борадилар. “Аммо шунга қарамай, Жумъа кунлари масжидга эллик-олтмишга яқин йигитлар ва ўсмирлар келадилар, - дейди имом. – Кўпчилик дарсдан кейин келади, аммо улар орасида дарс қолдирадиганлар ҳам бор. Биз уларни масжиддан ҳайдаб юборолмаймиз”.

А. Усубақуновга кўра, кейинги йилларда мамлакат шимолида Ислом кенгроқ ва тезроқ ёйилмоқда. Бунга мазкур жойларда 10-15 йил аввал бошланган маҳаллий даъватчилик ҳаракати сабаб бўлган. “Сизларда, албатта, Ислом кенгроқ ёйилган, - дейди у биз мухбирларнинг мамлакат жанубидан эканимизни назарда тутган ҳолда. – Аммо шимолда ривожланиш суръати жанубдагидан кўра юқорироқ”.

Ҳар бир киши ўзининг нақадар диндор эканидан келиб чиққан ҳолда фикр юритадими?

Бу масалани ўрганиш чоғида рўмол ўраб юриш муаммосига ва умуман таълим масалаларига жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўзининг динга муносабатидан келиб чиққан ҳолда ёндошади, деган хулосага келиш мумкин. Ш. Жўрўбаеванинг этник ўзбеклар “ҳаддан зиёд диндор”лиги ҳақидаги фикрларини ўзбек миллатига мансуб бўлган ота-оналарнинг ўзлари ҳам алоҳида фахр билан тасдиқлайдилар. Уларнинг кўпчилиги учун Худонинг қонуни, яъни Қуръони Карим ва Шариат одамлар томонидан яратилган номукаммал қонунлардан кўра юқорироқ туради. Масалан, ёш оталардан бўлган Исмоилжон Отабоевнинг фикрича, “мамлакат конституцион қонунларга риоя қилган ҳолда ҳалигача ўзаро иттифоққа келолгани йўқ, чунки уни [конституцияни] одамларнинг ўзлари яратадилар ва ўзгартирадилар”. Биз мулоқотда бўлган ота-оналарнинг кўпчилиги унинг бу фикрини маъқуллайди. “Инсон мақбул конституция яратолмайди, ахир Аллоҳ таоло бизга энг мукаммалини – Қуръони Каримни бериб қўйган-ку, - дейди Отабоев. – Аммо ҳатто бизда демократия бўлиб, дунёвий конституция асосида яшаётган бўлсак, унда нима учун болаларимизнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари бузилаяпти? Конституцияда фуқароларнинг таълим олиш ва эътиқод эркинлигига эга эканлари ёзиб қўйилган, рўмол ўраш эса динимизнинг аломатлардан бири бўлиб ҳисобланади”. Отабоев болаларнинг дунёвий ва диний таълими параллел равишда олиб борилиши лозимлигига қатъий ишонади.

Вилоят таълим бошқармасининг ёшлар ишлари бўйича ёш мутахассиси Муратали Учкемпиров диндор йигит. У “агар бугун динга эътибор қилинмаса, эртага бу турли секталар ва диний экстермистик ташкилотларга кириб кетишлари мумкин бўлган болаларимизга зарар етказади”, деб ҳисоблайди. Учкемпировга кўра, ўқувчига Жумъа намозига боришга ижозат бериш керак, аммо у қолдирилган дарсларни кейин ўзлаштириб олиши лозим. Этник ўзбекларнинг диндорлигига келсак, М. Учкемпиров улар “уйларида дин ҳақида кўпроқ гапирилгани учун, бу болалар динга яқинроқ”, деган фикрда. Бироқ вақт ўтиши билан “масала қирғиз мактабларида ҳам пишиб етилади, мамлакат пойтахтида бунақа мисоллар бор”. Гарчи, унга кўра, “агар ният пок бўлса, ташқи кўриниш иккинчи даражали” эса-да, шунга қарамай, “мактаб низомига рўмолни мактаб формасининг қўшимча унсури сифатида киритиш мумкин эди”.

Жалолободдаги 8-махсус мактаб директори Азиз Мусохунов, аҳолининг ёппасига динга берилиши қабатида, ҳудудда қолган камдан-кам даҳрийлардан биридир. У мактабдаги таълим жараёнига диний унсур ва аломатлар, шу жумладан, рўмолларнинг киритилишига қарши, аммо у диний тарбиянинг ижобий таъсирини инкор этмайди. Шунингдек, А.Мусохунов амалдор қўллаётган усулларга ҳам қарши. Масалан, Ш. Жўрўбаеванинг ўзини тутишини у этник ўзбекларга нисбатан миллатчиликнинг намоён бўлиши ўлароқ баҳолайди. Ўзбекларнинг диндорлигини директор марксчасига изоҳлайди: “Инсоннинг аҳволи ёмонлашганида, у динга берилади”. “Иш йўқ, судлар порага сотилган, давлат уни ҳимоя қилмайди – бунақада одам фақат Худога суяниб қолади”, - дейди у.

Болалар ва ота-оналарнинг мактабга қизиқиши йўқлигини шаҳардаги бошқа бир мактаб директори Иномжон Ибрагимов мустақиллик йилларида давлатнинг “таълимни ўз ҳолига ташлаб қўйган”ида кўради. Унинг айтишича, бугунги кунда шаҳарда мактабдан кўра масжид кўп. “Ҳозирда ота-оналар фарзандлари учун дин бериши мумкин бўлган яхши тарбия кифоя қилади, деб ҳисоблайдилар, - дейди мактаб директори. – Улар имомларга кўпроқ ишонадилар ҳамда масжидга бораётган фарзандлар жуда тарбияли бўлади, ўғирлик қилмайди, чекмайди, деб ҳисоблайдилар. Худди бу нарса мактабда ўргатилмайдигандек”. И. Ибрагимов дин “болаларни мактабдан четлаштираяпти”, деган фикрга қўшилмайди. “Болаларнинг асосий қисми кўчада юрибди, - дейди у. – Бойларнинг болалари компьютер ўйин залларида ўйнаб юрибдилар, камбағаллар эса нон топиш билан оворалар”. Ота-оналарнинг кўпчилиги Россия ва Қозоғистонга болаларини ўзлари билан олиб кетаяптилар. Агар бир неча йил аввал бу мактабда 1300 ўқувчи ўқиган бўлса, эндиликда улар 900 та қолганлар. “Бугунги кунда ҳатто ёмғир ёғиши ҳам боланинг дарс қолдиришига сабаб бўлиши мумкин”.

Жалолобод губернаторининг диний ишлар бўйича маслаҳатчиси Садирбек Қачқинбаевни биз шаҳар мактабларидан бирида учратиб қолдик, у юқори синф ўқувчиларига маъруза ўқиётган экан. Унга кўра, ота-оналар ва амалдорлар ўртасидаги зиддият диний масалалар бўйича ота-оналар ичида ҳам, ўқитувчилар орасида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилмаётгани сабабли юзага келаётибди. Бундан ташқари, кўпчилик амалдорлар диний масалалар юзасидан маълумотлари жуда кам, шунинг учун ҳам улар “жамиятга ўз қарашларини тиқиштиришиб, муаммони бўрттирмоқдалар”. “Дин” деган сўзнинг ўзиёқ кўпчилик амалдорларда муайян хавотирни пайдо қилади, - дейди диний ишлар бўйича маслаҳатчи. – Айрим амалдорлар менга: “Бу муаммо сенинг муллаларинг келтириб чиқараяпти”, дейдилар. Уларнинг масалага нисбатан муносабати ана шунда аксланган. Бу одамлар Ислом нималигини, насронийлик нима-ю буддавийлик нималигини билмайдилар. Шунинг учун ҳам воқеаларга лозим бўлганидек ёндоша олмайдилар”.

Муаммо шиширилган ва сунъийдир

Қизларнинг мактабга рўмол ўраб боришлари ва йигитларнинг мактабдаги дарслар ўрнига масжидга қатнашлари билан боғлиқ муаммо бемаъни, аниқроғи, бармоқдан сўриб олинган муаммодир. Бу масала юзасидан салоҳиятга эга бўлган ўнлаб кишилар билан суҳбатлашишимиз асносида ана шундай хулоса чиқди.

Жалолобод Халқлар дўстлиги университети Шариат факультети декани Қудратилло Меҳмонқуловга ота-онаси математикани тўрт ёшдан бошлаб, шариатни эса беш ёшдан бошлаб ўргата бошлаганлар. Аммо “динсиз” совет даврида ҳам мактабда унга нисбатан эътирозлар бўлмаган, чунки у “яхши ўқиган ва фаол ўқувчи бўлган”. Олий диний таълимни у араб мамлакатларида олган. У “аҳолининг саксон беш фоизи мусулмон бўлган мамлакатда бунақа муаммолар туғилгани”дан танг қолишини айтади. Унга кўра, бунақа мамлакатда “расмийлар ўз ҳатти-ҳаракатларида аҳоли талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олишлари лозим”. “Мактабларимизда яхши таълим берилмайди, - дея нолийди Қ. Меҳмонқулов. – Айрим битирувчилар Қирғизистон қаерда жойлашганини ҳам билмайдилар. Улар Қирғизистон Африкада жойлашган, деб айтишлари ҳам мумкин. Шунга ўхшаш масалаларга кўпроқ эътибор берилса, яхшироқ бўларди”. Қ. Меҳмонқулов мамлакатнинг ёш фуқаролари, энг аввало, камида тўққизинчи синфни битиришлари ва яхши таълим олишлари керак, деб ҳисоблайди.

Муаммонинг сунъий равишда пайдо қилинаётгани ҳақидаги фикрга Жалолобод Давлат университети ректори, бу йил Ҳаж сафарига бориб келган Абдиумаматқадир Аширалиев ҳам қўшилади. “Кийимда нима айб? – дея мулоҳаза билдиради у биз билан бўлган суҳбатда. – Бунга эътибор бермаслик керак, шунда муаммо ҳам ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Агар бу мактаб низомида маън қилинган бўлса, бошқа гап эди”.

Вилоят таълим бошқармаси бошлиғи Ч. Дўўрўнов бу муаммо ҳақида ҳадеб гапиравериш ярамаслигини, акс ҳолда у жамиятнинг диққат марказига кўчишини айтади: “Одатда, биз бир муаммони, жумладан, оммавий ахборот воситаларида ҳам жуда шишириб юборамиз. Бунда шунчаки ҳамма биргаликда ишлаши керак, шу билан масала ҳал бўлади”.

Аснода, бу масала ота-оналар ёрдам сўраб мурожаат қилган ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳам ташвишлантираяпти. “Справедливость” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти матбуот котиби Абдумалик Шариповга кўра, бир неча йилдирки, “террорчиликка қарши турли тадбирлар ўтказишда ва ўқув йили олдидан бу масала юзасидан эҳтиросларнинг жунбушга келиши кузатилмоқда”. “Расмийлар муаммога қўпол тарзда аралашмоқдалар, - деди ҳуқуқ ҳимоячиси. – Аммо бу нозик масала ва уни ҳал қилишда ўйламай-нетмай қадам қўйиш мумкин эмас. Икки томон бир-бирини тушуна олмаётгани туфайли зиддият пайдо бўлмоқда”. Шу билан бирга, ҳар иккала томон ҳам ўз далил-исботларини келтирадилар, дея қайд этади А. Шарипов: бир томон Қуръондан далил келтиради, иккинчиси эса қонунни рўкач қилади. “Аммо диндор одам учун Худонинг қонуни юқорироқ туради. Ўзбекистонда машҳур уламо Абдулазиз Мансур ўқувчиларнинг Жумъа намозига бормагани учун гуноҳни шахсан ўз бўйнига олишини айтиб, фатво берди. Марҳамат қилиб, бизда ҳам шундай фатво чиқарсинлар ё бўлмаса, расман Жумъа намозига боришга рухсат берсинлар”, - дея таклиф қилади А. Шарипов.

“Справедливость” раиси Валентина Гриценкога кўра, муаммони “қулоғидан чўзмасдан ҳал қилиш мумкин. Шунчаки, бола намоз уни дарслардан озод қилмаслигини тушуниши керак. Муаммо, айниқса, кўкларга кўтарилаётган террорчиликка қарши кураш қабатида сунъий равишда бўрттирилаяпти, - деб ҳисоблайди В. Гриценко. – Террорчи ва диндор қарийб тенг қилиб қўйилаяпти”.

Қарама-қарши қўйгандан кўра бирлаштирган маъқулроқ эмасми?

Таълимдаги икки йўналишни бир-бирига қарама-қарши қўйиш ярамайди, - деб ҳисоблайди А. Аширалиев. Унга кўра, мамлакатнинг барча таълим муассасаларида тарбия жараёни алоҳида йўналиш сифатида юритилиши керак, бунинг учун тарбиячилар штатларини жорий қилиш лозим. Дунёвий таълимда ғарб методологиясидан фойдаланиш мумкин, тарбияда эса бундай қилиш ярамайди. “Биз шарқ одамларимиз, ёшларимизга ҳам шарқона тарбия беришимиз керак. Исломий қадриятлардан фойдаланишдан қўрқиш керак эмас, - дейди университет ректори. – Янги стандартларни яратиш учун дин олимлари ва дунёвий мутахассисларни бирлаштириш зарур, улар ягона тарбия тизимини ишлаб чиқишлари керак”.

Шариат факультети декани Қудратилло Меҳмонқуловнинг фикри ҳам А. Аширалиевнинг нуқтаи назарига ҳамоҳанг бўлиб, у ҳам “дин ва давлатни бирлаштириш керак”, деб ҳисоблайди. “Дин ва давлат ажратилган ҳолда, имомлар қандай хоҳласалар, шундай ишлайдилар – уларни ҳеч ким назорат қилмайди, - дея ўз фикрини асослайди Қ. Меҳмонқулов. – Майли, давлат динга асосланган бўлмасин, аммо диний жабҳа устидан – масжидлар, имомлар ва бошқа ходимларнинг илмий даражаси устидан давлат назоратини ўрнатиш албатта зарур”. Декан айтган маълумотларга кўра, мамлакатда араб мамлакатларидаги энг нуфузли олийгоҳларни битирган мутахассислар етарли, “аммо уларга талаб йўқ, шу сабабли ҳам диний жабҳа бошқарувига тасодифий шахслар келиб қолаяпти”. Шунингдек, у мамлакатдаги диний раҳбарлар салоҳиятли мутахассислар чиқишидан манфаатдор эмасликларин айтиб нолиди. Унга кўра, шариат факультетининг кўпчилик битирувчилари ишсиз юрибдилар ёки бошқа соҳаларда ишлаяптилар, ваҳоланки, улар турли ўқув муассасаларида ўқиш жараёнини ташкил этишлари ёки яхшигина имом бўлишлари мумкин эди.

Жалолобод вилоят таълим бошқармаси бошлиғи Ч. Дўўрўнов бу масала юзасидан тамоман бошқача фикрда. У мактабдаги таълим жараёнига, ҳеч бўлмаганда, тўққизинчи синфгача диний компонент киритиш керак эмас, деб ҳисоблайди. “Тўққизинчи синфдан кейин динлар ҳақида умумий тушунча бериш мумкин, - дейди у. – Ва биз бунда қайси дин афзал эканини айтмаслигимиз лозим. Инсоннинг қайси динни танлаши унинг ихтиёридаги иш”.

Дунёвий ва диний таълимни бирлаштириш масаласига жамиятда турлича ёндошадилар. Киши мактабга қанча яқин бўлса, бу таклифни шунчалик инкор қилади. Масалан, Жалолободдаги биринчи гимназия мактаби директори Лилия Лебедева динни мутлақо ички хосса деб ҳисоблайди. Унингча, кишининг диний ҳаётига аралашишга ҳеч ким ҳақли эмас, болага эса диний дунёқарашни тиқиштириш мумкин эмас. “Мактаб билимли ва зиёли кишиларни тайёрлаши лозим, - дейди у. – Бошқа томондан эса, уларни болаликдан маҳрум қилиш нимага керак?” Директорлар ва ўқитувчиларнинг кўпчилиги диний компонентни мактабга киритишга “шошилмаслик керак”лиги юзасидан битта фикрдалар.

Болаларга таълим бериш муаммоси фуқаролик жамияти вакилларини ҳам ташвишлантирмоқда. Бир неча ой муқаддам Жалолобод Ўзбеклар жамияти масжид имомлари ва диний раҳбарларга муаммони ҳал қилишда кўмаклашиш илтимоси билан мурожаат этгандилар. Бу мурожаатномани дин ходимлари тўғри тушундилар – эндиликда масжидлардаги маърузалар ва ваъзлар чоғида вилоят имомлари ўз қавмига болаларни мактабда ўқитиш нақадар зарурлиги ва ота-оналар ўз болаларини мактабларда ўқитишга масъул эканлари ҳақида эслатаяптилар. Вилоят қозиёти ходимлари мактабларда маърузалар ўқимоқдалар, бу маърузаларда улар ўқувчиларга Ислом ҳақида, динни бузаётган ва жамиятда ҳар хил ихтилофлар келтириб чиқараётган турли оқимлар ҳақида маъруза қилаяптилар. Қозиёт ходимларининг таъкидлашларича, муносиб дунёвий таълим олишнинг зарурлиги бу маърузаларда асосий ўринни эгаллайди.