14:59 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек тўйлари: буюк қадриятми ёки кўп йиллик азоб-уқубат сабабими?

21.05.2007 18:57 msk

Бобур Мирзоев

Fromuz.Com сайтидан олинган фото

Ўзбеклар ўзларининг бошқаларга ўхшамаган миллий анъаналари ва урф-одатлари, шу жумладан, тўй маросимлари билан ҳақли равишда фахрланадилар. Ўзбек тўйларидаги асъаса-ю шукуҳга Ўзбекистондан анча олисда яшовчи кишилар ҳам ҳавасу ҳайрат билан қарайдилар. Бироқ сўнгги йилларда бу анъаналар хунук қиёфа касб эта бошлади, бу одатлар фақат ўзбек маданиятининг бетакрор ўзига хослигини эътиборсизлантирибгина қолмай, оддий одамлар турмушини азоб-уқубатга айлантириб юбораяпти. Мазкур муаммонинг пишиб етилгани Наманган вилоят телевидениесининг “Кўз тегмасин” ток-шоусида ҳам яққол намоён бўлди.

Кўрсатув бошловчиси суҳбатни “ижобий” ўзанга солиб юборишга қанча уринмасин, телестудияда йиғилган кишилар кўпроқ тўй маросимларидаги салбий жиҳатлар ҳақида гапирдилар. Ток-шоу муаллифлари халқнинг бетакрор урф-одатларини яна бир маротаба кўкларга кўтаришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлари кўриниб турарди – кўрсатувнинг номланиши ҳам шундан гувоҳлик берарди. Бироқ наманганликлар ўзлари учун муҳимроқ бўлган нарсалар ҳақида гапиришни истардилар.

Бошловчининг аждодлар маданий мероси, “карнай-сурнай садоси остида бутун маҳалла вақтичоғлик қилиши”да аксланган урф-одатлар ҳақида ҳаяжонли кириш сўзидан кейин кўрсатув иштирокчиларидан бири ёшлар оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги тўғрисида гапира бошлади. У фақат келин танлашнигина эмас, балки яхши таълим олган ё қандайдир касб-корга эга куёв танлашни билиш ҳам зарурлиги ҳақида гапирди.

Бошловчининг тўйларни “буюк қадрият, катта тарбия мактаби” сифатида оғиз кўпиртириб гапириши ток-шоудаги бошқа бир иштирокчининг киноясига сабаб бўлди. “Албатта, тўйлар ёшларга тарбиявий жиҳатдан кўп нарса бераяпти, - деди у ток-шоунинг бошқа барча иштирокчилари каби ўзини таништирмай. – Масалан, одамлар тўйга йиллаб тайёргарлик кўрадилар, яъни бир неча йиллаб пул тўплайдилар”. Унинг фикрини бошқа бир иштирокчи давом эттириб, бугунги кунда тўйларда “ҳаддан зиёд дабдабабозлик кучайтирилиб”, урф-одатлар бузилаётгани ҳақида сўз юритди. “Меҳмонларга бир неча таом тортилади, уларга сарпо қўйилади, меҳмонларни кузатаётганда эса уларга ноз-неъматлар тугилган тугунлар ҳам берилади. Уларни эса, ўз навбатида, тўйдан кейин бу нарсаларни худди шундай қилиб қайтариш чўчитади. Бу ортиқча харажатлар кам таъминланган ва кўп болали оилаларга жуда оғирлик қилаяпти”.

Келин-куёвларнинг ота-оналари бўлмиш қудаларнинг унаштириш чоғидаги муомаласига тасаннолар айтар экан, кўрсатув бошловчиси: “Жаҳон дипломатлари [музокара олиб боришни] шулардан ўргансинлар”, деди. Бироқ бу сафар уни зал қўллаб-қувватламади. “Ҳозир тўйдан кейин куёвникига бир неча сават олиб келиш урф бўлган, - деди иштирокчилардан бири. – Қудалар баъзан бу саватларнинг сони сабабли жанжаллашиб ҳам қолаяптилар. Шу сабабдан ҳатто ажралишлар ҳам бўлаяпти”. Айрим маълумотларга кўра, тўйдан кейин куёвнинг туғилган куни ёки унинг “гап”и куни келиннинг ота-оналари турли пишириқлар ва ичимликлар солинган қирққа яқин сават олиб келадилар.

Эътиборга лойиқ жойи шундаки, тўй ва катта харажат талаб қиладиган бошқа тадбирлар ҳақида қайси ўзбекистонлик билан гаплашманг, албатта ўз норозилигини ифода қилади. Бироқ “замонавий” урф-одатларнинг оммавий равишда қораланиши ва мамлакат раҳбариятининг тўю-маъракалардаги сарф-ҳаражатларни қисқартиришни талаб қилувчи махсус қарорларига мавжудлигига қарамай, исрофгарчиликни бартараф қилишнинг имкони бўлмаяпти. Андижон вилояти туманларидан бирида яшовчи, исми ошкор қилинишини истамаган маҳалла фаолига кўра, бу муаммолар бутун Фарғона водийси учун бирдек долзарбдир. “Совға-салом, саватлар сони томонларнинг обрў-эътибори ва ҳурмати ўлчовига айланиб қолди, - дея нолийди у, - Буларнинг ҳаммаси аёлларимиздан чиқаётган иш, эркаклар эса “жанжал бўлмаслиги, қизларининг янги уйда таъна-дашном эшитмаслиги учунгина” бунга рози бўлмаяптилар”. Бундан ташқари, “одамлар нима деркин?” деган одатдаги андиша ҳам бор.

Шунга қарамай, жамиятда “одамларнинг нафрати ва қоралаши”дан қўрқмайдиган “бидъатчилар” ҳам бор. Кўрсатув иштирокчиларидан бири дабдабали тўй маросимларидан кўра камтарона тўйни афзалроқ кўришини, тўй-тантанага пул тўплаш ўрнига ўз қизига яхши китоблар сотиб олгани ва уни олий маълумотли қилганини гапириб берди. “Бу менинг қизимга берган асосий сеп бўлди, - деди у. – Ҳаёт менинг адашмаганимни кўрсатди, болаларимиз бахтли турмуш кечирмоқдалар, бизга ҳамманинг ҳаваси келади”. Бироқ бунақа фикрдаги кишилар ҳозирча кўп эмас, улардан кўра тўй харажатлари туфайли янги қариндошлари билан жанжаллашишга тайёр бўлган кишилар кўпроқ.

Наманган телевидениесида бўлиб ўтган ток-шоуда қизларга бериладиган сеп ҳақида ҳам таънали сўзлар айтиб ўтилди. Мамлакатнинг турли жойларида сеп ўзига хос хусусиятларга эга. Масалан, Тошкентда қизнинг ота-онаси уни янги ҳаётга фақат беҳисоб кийим-кечак, турли латта-путта ва мебель билангина эмас, балки қатъий тартиб асосида йиғилган тилла тақинчоқлар билан кузатадилар. “Уч қизни катта қилиб, турмушга узатган кишининг жойи жаннатда бўлади, деб бежиз айтмаганлар, ахир, - деганди менинг тошкентлик танишим бир пайтлар. – Лекин қизларимизни турмушга чиқарганимиздан кейин хотиним билан қаерда ва қандай яшашимизни билмаймиз”. Бу оддий токарнинг оиласида тўрт қиз улғаймоқда, уларнинг бирорта ҳам ўғли йўқ, хотини аёллар кўйлаги тикиш билан пул топади.

Тўйларни ресторанлар ва қаҳвахоналарда ўтказиш ҳозир унча катта бўлмаган аҳоли пунктларида ҳам урфга айланган. Юз литрлик қозонларда тайёрланган палов, бошқа ноз-неъматлар, кўп пул талаб қилувчи турли маросимларга одамлар кўп йиллаб ўзлари емай-ичмай йиққан пулларни сарфлаб юборадилар. Халқ орасида “Шавла кетса кетсин, обрў кетмасин” деган гап жуда машҳур. Яъни, одамлар “оила обрўси ва шаънини сақлаб қолиш” учун неча йиллардан бери жамиятда шаклланиб қолган “замонавий урф-одатлар”га оғишмай амал қилишга ҳаракат қилаяптилар.

Қайд этиш жоизки, жойлардаги ва юқоридаги расмийлар одамларнинг моддий аҳволини оғирлаштириб юбораётган тўй-маъракаларни тартибга солишга ҳаракат қилмоқдалар. Бироқ исталган натижага ҳозирча эришиб бўлмаяпти. Бунга ажабланмаса ҳам бўлади: биринчидан, расмийларнинг бу йўналишдаги кампаниялари нари борса бир-икки йилгина давом этаяпти, кейин эса ҳамма нарса ўз ўрнига тушиб қолаяпти; иккинчидан, амалдорларнинг ўзлари аҳолига шахсий ўрнак кўрсатишга шошилмаяптилар, аксинча, ҳар томонлама ўзларининг исрофгарликларини намойиш қилмоқдалар ва шу билан оддий одамларни “бошқалардан кам бўлмаслик”ка мажбур қилаяптилар. Мамлакатда тўйдан кейин ота-оналарни хонавайрон бўлганини кўрсатувчи фильмлар ва ҳажвий ҳангомалар жуда машҳур, бироқ кўплаб йиллар мобайнида улар фақат ўзбек воқелиги акси бўлибгина қолмоқда, чунки ҳозирча ҳеч нарса одамларнинг психологиясини ўзгартира олмаяпти.

“Тўйларимиз уммонга ўхшайди, буларнинг барчаси ҳақида битта кўрсатувда айтиб беролмайсиз ва ҳатто битта қиррасини ҳам очиб беролмайсиз, - дея якунлайди ток-шоу бошловчиси “Кўз тегмасин” дастурини кўтаринки руҳ билан. – Тўйларимизда буюк қадриятлар жо бўлган бўлиб, улар бизнинг ҳамжиҳатлигимизни акс эттиради. Бу ҳамжиҳатлик биз учун жуда муҳим, зеро олдимизда буюк мақсадлар турибди... Кўз тегмасин”.

Ток-шоуга таклиф қилинган томошабинлар дилларида йиғилиб қолган гапларни охиригача тўкиб сололмай, зални тарк этадилар. Фикримизча, агар кўрсатув муаллифлари ва бошловчиси ўз олдиларига ўзбек воқелигини кўкларга кўтариб мақташдан кўра муҳимроқ вазифалар қўйганларида, бу телемунозара йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилишга ҳақиқатан ҳам ёрдам бериши мумкин эди.