03:03 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Давлатлараро коллекторлар Ўзбекистон ва Туркманистон расмийлари учун муаммога айланди

21.05.2007 03:25 msk

Довуд Сулаймон, Хоразм

Ўзбекистонда, айниқса, унинг шимолий қисми – Хоразм минтақасида экин майдонларининг ҳосилдорлиги асосан ернинг шўрини ювишда асқотадиган коллекторларга боғлиқ. Ўзбекистон ва Туркманистон республикалари аро ўтадиган “Озёрний”, “Диванкўл”, “Даудон”, “Шовот”, “Андрей” коллекторлари Хоразм вилояти ва қўшни Туркманистондаги Тошҳовуз, Тахта вилоятларида суғориладиган ерлар мелиоратив ҳолатини яхшилашга, ер ости сувлари сатҳи меъёрида туришига, шу ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ривожланишига муносиб ҳисса қўшмоқда. Лекин кейинги пайтларда бир-бирига қўшни икки республика маъмурияти айрим масалаларда маълум бир битимга келолмаётгани мазкур коллекторлардан самарали ва унумли фойдаланишга жиддий тўсиқ бўлмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон республикаси ўртасида 1994 йил 3 апрелда Амударё сувларидан фойдаланиш бўйича тузилган шартномага асосан дарё сувидан «50-50» принципидан келиб чиққан ҳолда фойдаланишга келишилган. Бунда сув миқдори кам ёки кўп бўлишидан қатъий назар сувдан фойдаланишда шу кўрсатилган шартномага амал қилинади. Бундан ташқари, шартномага асосан Хоразм вилояти чегарасида “Озерний” коллекторидан 130 м3/сек зах сувни, “Дарёлик” коллекторидан 80 м3/сек зах сувни чиқариб юборишга келишилган.

“Озерний” коллектори 1953 йилда кўлларни бир-бирига улаш натижасида ишга туширилган. Умумий узунлиги 408 километрга яқин. Шундан 233 километри Хоразм ҳудудидан ўтади. Қолган қисми Туркманистон ҳудудидан ўтиб, “Дарёлик” коллекторига қуйилади. Хоразм вилояти суғориладиган ерларининг 70 фоизи, яъни, 159 минг 750 гектаридан зах сув шу коллектор орқали чиқариб юборилади. Коллектор 1985-1991 йилларда реконструкция қилинган, 2004-2007 йилларда унда лойқадан тозалаш ишлари олиб борилган. Икки давлат сув хўжалиги мутахассислари келишувига асосан коллекторни биргаликда лойқадан тозалаш кўзда тутилган эди. Шунингдек, ўзбекистонликлар “Озёрний”нинг Туркманистон ҳудудидан ўтадиган қисмини ҳам тозалашлари келишиб олинганди. Лекин кейинги даврларда техникаларни олиб ўтиш, мутахассис ва механизаторларнинг чегарадан ўтишдаги қийинчиликлар сабабли бу ишлар тўхтаб қолган. Охирги йилларда бу ишларни бажаришга Туркманистон томонидан умуман рухсат берилмаган.

“Диванкўл” ҳам 1953 йилда ишга туширилган. Умумий узунлиги 100 километрдан зиёд бўлиб, 25 километр қисми Туркманистонга тегишли. Хоразм вилоятида хизмат қиладиган майдони 85 минг 450 гектарга баробар. 1988-1991 йилларда реконструкция қилинган. Унинг Туркманистон ҳудудидаги қисми «Дарёлик» деб аталади.

“Шовот-Андрей” коллектори ҳам ўша йили ишга тушган. Умумий узунлиги 46 километрга яқин. 14, 4 километр қисми Хоразмга, қолгани Туркманистонга қарашли ва “Дарёлик” коллекторига қуйилади. 14 минг 300 гектар ерга хизмат қилади. “Даудон” коллектори сал кейинроқ, 1962 йилда фаолият бошлаган. Умумий узунлиги 58,5 километрга баробар. Шундан ярмига яқини Ўзбекистонга, қолгани Туркманистонга тегишли. Хоразмда хизмат қиладиган майдони 15 минг 500 гектардир.

Туркманистон собиқ президенти Сапармурод Ниёзовнинг 2000 йилдаги Фармонига асосан Ашхободдан 450 километр масофада, Қорақум марказида жойлашган Қарашўр чуқурлиги базасида ташкил қилинган Туркман (Олтин) денгизини сувга тўлдиришда “Озёрний” коллектори сувидан фойдаланиш мўлжалланган. Лойиҳага асосан, денгизнинг юзаси 3, 5 минг километр квадрат, сув сиғими 130 километр куб, узунлиги 100 километр, энг чуқур жойи 130 метр, ўртача чуқурлиги 40 метр бўлиб, йилига 10 километр куб коллектор-дренаж сувларини қабул қилишга мўлжалланган. “Озёрний” коллекторининг Туркман канали билан кесишмасидан 60 километр пастда Туркман денгизига ўзан қазиб, сув ташлашга қарор қилинган. Шу иш давом эттирилса, “Озёрний”дан дренаж сувларининг оқиши равонлашиб, экин майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланади.

Сариқамиш кўлига асосан “Озёрний”, “Диванкўл” сувлари тушиши натижасида кейинги 6-7 йил мобайнида ўзгаришсиз мувозанатда бир сатҳ сақланяпти. Буғланиш билан тушаётган зах сувлар миқдори тенг бўлаяпти. Коллектор сувларининг Сариқамиш кўлига тушиши тўхтатиладиган ёки кескин камайтириладиган бўлса, кўлнинг сув сатҳи пасайиб, Орол каби қурий бошлайди ва хавфли экологик вазият вужудга келади.

Кўл бўйларида ўсимликлар, дарахтлар, ҳайвонлар ва қушлар дунёси кўпайиб, балиқчилик ривожланмоқда. Бу иқлимни юмшатувчи фактор бўлиб, экологик мувозанатни сақлайди. Ўзбекистон ва Туркманистон экин майдонлари мелиоратив ҳолатини яхшилайди.

1993-1994 йилларда Туркманистон Шовот, Ғозовот каби бир нечта катта каналлардан сув олишни тўхтатиб, ўз ҳудудидан ўтган янги қурилган Туркман каналидан сув ола бошлади. Бу каналнинг қурилишида Туркманистон “Озёрний”, “Даудон”, “Шовот-Андрей” коллекторлари билан кесишмасига сув ўтказиш мақсадида дюкер ва акведуклар қурди. Бунда “Озёрний” коллекторининг Туркман канали билан кесишмасида катта ҳажмдаги сувни ўтказадиган коллектор устидан акведук ёрдамида сув ўтказилди. 1994 йилда содир бўлган акведук авариясидан кейин коллектор тубининг баландлиги ошиб, эни 44 метрга қисқариб қолган. Авария вақтида коллекторга тушган қурилиш материаллари олинмасдан қолиб кетган. Ушбу қурилиш материалларини олиб ташлаш ва коллектор билан акведук кесишмасида коллекторни лойиҳавий кўрсатгичларга келтириш муаммоси сув хўжалиги ходимлари олдида кўндаланг бўлиб турибди.

Хоразмлик сув хўжалиги мутахассисларининг айтишларича, бу муаммони ечиш учун техника, ишчи кучи, мутахассис ва механизаторларнинг чегарадан ўтиши ва акведук ишлашига Туркманистон томони рухсат бермаяпти. Бундан ташқари, 1997 йилдан кейин чегарадан механизмларни олиб ўтиш, техник хизмат кўрсатиб қайтиш, мутахассис ва механизаторларнинг ўтишидаги муаммолар сабабли “Озёрний” коллекторини лойқадан тозалаш ишлари тўхтатилган. Натижада коллекторнинг кўмилиши ва сув ўтказиш қобилиятининг пасайиши кузатилмоқда. Бунинг учун ўтиб қайтиш муаммоларини ҳал килиб, Туркманистон томонидан механизмлар ишлашига рухсат берилиши керак.

Шунингдек, «Туркмандарё» канали ишга тушгани сабабли Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ҳудудида ёки чегарадан 2, 5 километр ичкарида “Шовот-Андрей” коллекторига 1 метрлик қувурдан иборат 8 м3/сек сув сарфига эга дюкер қурилган. “Шовот-Андрей” коллекторининг сув сарфи мазкур дюкер олдида 12 м3/сек. дан ошиб кетади. Дюкернинг 8 м3/сек. дан ортиқ сувни ўтказа олиш имконияти йўқлиги боис, ер ости сувлари кўтарилмокда ва ерларнинг мелиоратив ҳолати бузилмоқда. Дюкерни қуришда Ўзбекистон билан мутлақо келишилмаган. Ушбу дюкернинг сув ўтказиш қобилиятини ошириш лозим. Бу борада Туркманистон раҳбариятига бир неча бор мурожаат килинган. Лекин Туркманистон томонидан ҳеч қандай ижобий ҳаракат бўлмаяпти.