09:03 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон: Ҳойит зилзиласини ким махфийлаштирди?

18.05.2007 18:34 msk

Виктор Дубовицкий

Ушбу сатрлар муаллифи ўз касбий фаолияти доирасида Россия ва Ўрта Осиёнинг сўнгги уч юз йил ичидаги муносабатлари тарихи билан шуғулланишига тўғри келган. Бу жараёнга берилган энг қисқа тавсиф қатор тафриқалар туфайли узоқ давом этган ва кўпинча қийин кечган православ ва мусулмон ҳазораси ўртасидаги ўзаро бир-бирини тушуниш бўлса керак.

Бу бир-бирини тушуниш жараёни савдогарлар сўзлаб берган воқеалардан “Минг бир кеча” эртакларигача, венециялик машҳур саёҳатчи Марко Полонинг “Жаҳон турфаликлари ҳақидаги китоб”идан Аҳмад Донишнинг “Бухородан Петербургга саёҳат”и-ю Николай Ханиковнинг “Бухоро хонлиги таърифи”гача кўп асрлик йўлни босиб ўтган. У ҳали ҳам давом этаяпти, бироқ ҳозирги пайт сўнгги ўн беш йил ичида ортиб бораётган бегоналашув ва ёвқараш йиллари сифатида таассурот уйғотмоқда. Менимча, бу нарсалар кўпинча бирор-бир нарса-ҳодисанинг – табиат, мустабид тузумлар, сирли, эзотерик шахслар ва ҳоказолар “сирини очиш” йўли билан даромад топиш ҳамда “кашшофлик” шуҳратига эга бўлиш учун қилинмоқда.

2007 йилнинг 27 апрель куни “Московские новости” газетаси 1949 йили шарқий Тожикистондаги Қоратегин водийсида содир бўлган ва Ҳойит қишлоғини ер билан яксон қилган “сирли зилзила” ҳақида ўз муштарийларига маълумот берган. Мақола муаллифи бўлмиш Виктор Чумаков қандайдир Денис Никитиндан мудҳиш сирни билиб олган: 1949 йилнинг 10 июль куни даҳшатли зилзила Сталинобод (ҳозирги Душанбе) шимолий-шарқидан тақрибан 190 километр нарида беш минг кишилик бир неча аҳоли пунктларини ер ютган. Аммо энг даҳшатлиси бу зилзиланинг ўзи эмас, балки унинг... махфийлаштирилганидир. Ўрта Осиёда яшовчи ҳар қандай кишини бу ҳол эсанкиратиб қўяди: “Буни қандай қилиб ими-жимида амалга ошириш мумкин ахир?”

Моҳиятан, бундай иш тутишнинг иложи йўқ эди. Бироқ, “Московские новости”нинг тахминига кўра, бунинг иложи бўлган экан: газетага кўра, барча гувоҳлар тутиб келтирилиб, улардан сирни ошкор қилмаслик ҳақида тилхат олинган. Агар бояқиш Денис Никитин ўша ёққа меҳмон бўлиб борган москваликларга бу ҳақда “гуллаб” қўймаганида зилзила тўғрисида ҳеч ким билмай қолаверган бўларкан. Воқеанинг сир тутилишига сабаб ўша йили Сталин учун юбилей йили бўлгани эмиш – “халқлар отаси” етмиш ёшга тўлган пайтда Тожикистон раҳбарияти Тожикистон Компартияси биринчи котиби Б. Ғафуров тимсолида ўртоқ Сталинни хафа қилмасликка қарор қилган ва шунинг учун ҳам ўзини ҳеч нарса бўлмагандай тутган эмиш.

Аввало шуни айтиш жоиз: “махфийлик” шу қадар юқори бўлганки, зилзиладан кейиноқ бутун Ўрта Осиё республикаларидан Тожикистонга санавиацияни зудлик билан ёрдамга ташлаш ҳақида Москвадан буйруқ келган. Бундан ташқари, “халқлар отаси” (ўз юбилейи учун қаттиқ қўрқиб кетганидан бўлса керак) мамлакатдаги машҳур геофизик, академик Григорий Гамбурцевни Тожикистонга юборган, унга СССР Фанлар академиясининг Ер Физикаси Институти Мажмуавий сейсмологик экспедициясини тузиш ҳақида буйруқ берилган.

Тожикистон тарихини фақат “Московские новости” мақолаларидангина билмаган каминаи камтарин мазкур Ҳойит зилзиласи ҳудудидан Вахш водийсидаги янги ерларга кўчирилган ўнлаб одамлар билан шахсан таниш. Улар менга оилаларнинг давлат транспортида қандай қилиб кўчирилгани, қандай қилиб янги жойда уларга қурилиш материаллари ва уй ҳайвонлари берилгани хусусида гапириб берган эдилар. Тожикистонда ҳеч ким ва ҳеч қачон бу воқеани сир тутмаган.

Бунинг устига – 1967-1970 йилларда фожеа юз берган жойда Тожикистон Компартияси Марказий қўмитаси, Олий Кенгаш Раёсати ва республика Вазирлар маҳкамаси номидан тожикистонлик ҳайкалтарош (қозоқ миллатига мансуб) Кирей Жумазиннинг “Мотамсаро она” ҳайкали ўрнатилган. Бахтга қарши, мазкур ёдгорлик 1992-1997 йилларда Тожикистонда бўлиб ўтган фуқаролар уруши пайтида бузилиб кетган.

Тожикистонлик сейсмологларнинг Ҳойит зилзиласи юзасидан тадқиқотлари ҳақида кўпроқ билишни истаган кишилар “Фарғона.Ру”нинг “Илмий клуб”ига кириб кўришлари мумкин. У ердан сиз бутун дунёга машҳур бўлган сейсмолог, Тожикистон Республикаси ФА академиги Собит Неғматуллаев томонидан лутфан тақдим этилган материалларни топасиз.

Муаллиф ҳақида: Виктор Дубовицкий – тарих фанлари доктори, Рус Жўғрофия Жамиятининг ҳақиқий аъзоси, “Фарғона.Ру” АА эксперти.