22:44 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Олимнинг кўп йиллик меҳнати суд томонидан журналистнинг қалам ҳаққига тенг миқдорга баҳоланди

18.05.2007 17:28 msk

Ўз мухб. (Тошкент)

Гога Хидоятов.
Профессор Гога Ҳидоятов. "Фарғона.Ру” АА фотоси"
Муаллифлик ҳуқуқи етарли даражада муҳофаза этилади, деб Ўзбекистонда кўп таъкидлашади. Ҳақиқатан ҳам, мамлакат халқаро интеллектуал мулк ташкилотига аъзо бўлиб, бу соҳадаги барча муҳим шартномаларни ратификация қилган ва қонунчилик базаси жаҳон стандартларига тўлалигича мос келади. Аммо, минг таассуф бўлсинким, бу соҳада ҳақиқий аҳволнинг қандайлигини қуйидаги мисолдан билса бўлади.

Профессор Гога Ҳидоятов, тарихчи олим, ўн бешта китобнинг муаллифи, 2005 йил январь ойи бошларида «Platinum Publishers» масъулияти чекланган жамияти (МЧЖ) билан 9 синф учун В. Костецкий билан ҳамкорликда ёзган дарсликларни нашр этиш тўғрисида шартнома тузган эди. Шартнома шартларига кўра, муаллифлар дарсликларнинг тайёр бўлиш қийматининг уч фоизи миқдорида қалам ҳаққи олишлари керак эди. Даромад солиғини чиқариб ташлаганда қалам ҳаққи ҳар бир муаллифга тахминан 5,4 миллион сўмдан тўғри келар эди. Ўтган йили ёзда дарсликлар чоп этилди ва сотилди. Бугун мактаб ўқувчилари ўзбек, рус, тожик, қозоқ, туркман ва қирғиз тилларида бу дарсликлардан фойдаланиб, Ўзбекистон тарихини ўрганмоқдалар ҳам.

Муаллифлар ўзбек тилидан бошқа тилларда ёзилган дарсликлар учун қалам ҳаққини олиб бўлишлари билан «Platinum Publishers» негадир уларга энг кўп миқдорда чиқарилган (584.000 нусха) ўзбек тилида чоп этилган дарсликлар учун қалам ҳаққи беришни тўхтатиб қўйди. Муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва матбуот ҳамда ахборот агентлигига мурожаат қилишдан зериккан Г. Ҳидоятов 2006 йил кузида судга даъво аризаси билан мурожаат этишга мажбур бўлди.

Аммо суд ҳам олимни ҳимоя қилишга шошилмагани тезда маълум бўлди. Фуқаровий процессуал кодекс меъёрларига кўра, ариза бўйича ишлар кўрилиши бир ой муддат ичида бошланиши лозим. Аммо суднинг биринчи йиғилиши ариза берилганидан бир ойдан ортиқ вақт ўтганидан кейин бошланди. Ишни кўриш судья Гулнора Парпиевага топширилди.

Суд ўз ишининг бошидаёқ жавобгарга ён боса бошлади. Суд йиғилишлари жавобгарнинг илтимосига биноан мунтазам тарзда кечиктирилди. Натижада ярим йил давомида суд бор-йўғи беш кишини сўроқ қилди, холос. Ниҳоят, 4 апрель куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман фуқаролик ишлари бўйича суди муаллифлик ҳуқуқлари бузилиши тўғрисида фуқаролик ишини кўришни якунлади. Тарафлар фикрини эшитиб бўлган судья Г. Парпиева кишини ҳайрон қолдирувчи қарор чиқарди: чоп этилган дарсликлар учун муаллифларнинг қалам ҳаққи миқдори «Platinum Publishers» МЧЖ билан тузилган шартномадаги 5,4 миллион сўм эмас (4300 доллар), балки бу миқдордан етмиш баробар оз – 78 754 сўмни ташкил этиши (62 доллар) керак эди. Бошқача қилиб айтганда, олимнинг кўп йиллик меҳнати суд томонидан яхши газетада ишлайдиган журналист ёзган битта мақола қалам ҳаққига (гонорар) тенг миқдорга баҳоланди.

«Platinum Publishers» МЧЖ муаллиф рухсатисиз, шартнома шартларини бузган ҳолда дарсликни чоп этиш ҳуқуқини Ўзбекистон халқ таълими вазирлигига бериб юборган. Вазирлик ўз навбатида “Ўзбекистон” нашриёт уйи билан бу дарсликларни чоп этиш учун шартнома тузган. Халқ таълими вазирлиги бюджет ташкилоти бўлгани учун муаллифлик қалам ҳаққи миқдори Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 26 июнь куни чиқарган қарорига кўра ҳисобланган. Бу калькуляцияга асосан 78 минг сўм қалам ҳаққи чиққан ва судья Парпиева буни мутлақо тўғри деб топган. Демак, «Platinum Publishers» ҳеч қандай қонунларни бузмаган, муалифга қалам ҳаққи тўлашга мажбур эмас, профессор Ҳидоятов бўлса, ўзига ортиқча иш ҳақи талаб қилмоқда.

“Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, муаллифларга бор-йўғи 78 минг сўм пул тўланиши керак экан, - дея ғазабланади Г. Ҳидоятов. – Қаранг, дарсликдаги фотосуратларни кўринг. Мен бу суратларни қидириб, қаерларни кезиб чиқмадим. Кўча савдогарлари бундай фотосуратни бир неча минг сўмга сотади. Бу дарсликни тайёрлаш учун мен 300 минг сўмдан зиёд пул сарф қилдим, менга бўлса 78 минг сўм беришмоқчи. Бу олим шаънини таҳқирлашдан бошқа нарса эмас...”

Ноаниқ сабабларга кўра, суд «Platinum Publishers» МЧЖ билан муаллифлар ўртасида тузилган шартномада муаллифлик ҳуқуқлари учинчи тарафга фақат муаллифлар рухсати билан амалга оширилади деб айтилган бандини умуман эътиборга олишни истамаган. Шартномада “Жамият ушбу Шартномага кўра, ёзма равишда муаллифлар розилигини олиб, молиявий шартларини келишган ҳолда учинчи тарафга нашр этиш ҳуқуқини беришга ҳақли” деб айтилган. Аммо, «Platinum Publishers» муаллифлар розилигини олмаган ва бу ҳуқуқни халқ таълими вазирлигига бериб, шартнома шартларини қўпол тарзда бузган.

Суд ушбу шартноманинг кўплаб бошқа моддалари ҳам бузилганини, масалан шартномада муаллифлар гуруҳига бериладиган қалам ҳақининг аниқ миқдори, яъни маҳсулотнинг тайёр бўлиш нархининг уч фоизи миқдорида белгилангани ёки «Platinum Publishers» МЧЖ шартнома шартларининг аниқ бажарилишини ва шунга ўхшаш ҳаракатлар оқибатида келтирилган зарарни қоплашни ўз зиммасига олиши тўғрисидаги бандларини ҳам умуман эътиборга олмаган.

Ёки айнан «Platinum Publishers» МЧЖ асардан фойдаланганлик учун муаллифлик қалам ҳақини тўлаш мажбуриятини олгани ва бу ҳуқуқларни халқ таълими вазирлигига ўтказишга ҳақи бўлмагани ҳам эътиборга олинмаган. Айтгандек, халқ таълими вазирлиги билан «Platinum Publishers» МЧЖ ўртасида тузилган шартномага кўра, муаллифларга қалам ҳаққини айнан «Platinum Publishers» тўлаши керак эди.

Суд давомида иш юзасидан мансабдор шахсларнинг шартнома шартлари жавобгар томонидан ҳар қандай ҳолатда ҳам бажарилиши лозим, деб берган кўрсатмалари эътиборга олинмаган. Халқ таълими вазирлиги вакиллари судда «Platinum Publishers» МЧЖ улар билан лицензион шартнома тузганини айтганлар, аммо муаллифлик шартномасида китобнинг тайёр бўлиш қийматидан уч фоиз миқдорида қалам ҳаққи тўлаши лозим бўлса, улар бу пулни тўлашга мажбурлар, бу уларнинг муамммолари, деб айтган. Муаллифлик ҳуқуқлари бўйича мутахассис муаллифлик шартномаси мавжуд бўлса, қалам ҳаққини тўлаш шартномага асосан амалга оширилади, борди-ю муаллифлик ҳуқуқлари учинчи тарафга бериладиган бўлса, муаллифнинг ёзма розилигини олиш керак бўлади ва бунинг молиявий шартлари келишиб олинади, деб айтган.

Ушбу суд жараёни давомида «Platinum Publishers» МЧЖ умуман нашриёт ҳуқуқини берувчи лицензияга эга эмаслиги ва матбуот ва ахборот агентлиги реестрига киритилмагани маълум бўлди. Бу тўғрида судга Агентлик тегишли ҳужжатларни тақдим этди. Аммо судья лицензиянинг йўқлиги нашриёт ишига тўсқинлик қилмайди, деб бу ҳужжатни инкор этган. Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 190 моддаси эса бундай ҳаракатни жиноят деб баҳолайди.

“Мен етмиш етти ёшга кирдим. Умрим давомида ўн бешта китоб чиқардим, аммо ҳеч қачон қалам ҳақи тўғрисида муаммоларга учрамаганман. Советлар даврида ҳам, ундан кейин ҳам мен қонунга судья Парпиева намойиш этгани каби муносабатда бўлиш билан тўқнашмаганман”, - деди вазиятни изоҳлаб Г. Ҳидоятов.

Қизиғи шундаки, 2006 йилда Ўзбекистонда “Муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисида” қонун қабул қилинган. Ўша йилнинг декабрида республика Сенати қонуннинг қабул қилиниши нақадар муҳимлигини тушунтиришга уриниб, бу масалага бағишлаб махсус йиғилиш ўтказган. Аммо, кўриб турганингиздек, бу қонунлар ҳақиқатдан нақадар узоқ, реал воқеаликда эса судлар муаллифлик шартномаларини бажармаса ҳам бўладиган арзимас нарса деб ҳисоблашади.