11:38 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Дунё олимлари Ўзбекистон нефть ва газ конлари имкониятларини муҳокама қилмоқдалар

17.05.2007 14:13 msk

Фарғона.Ру

16 май куни Тошкентда “Ўзбекистон нефть ва газ саноати: ривожланиш тамойиллари ва ҳамкорлик истиқболлари” мавзуидаги икки кунлик халқаро анжуман иш бошлади. Форум “Ўзбекистон нефть ва гази – 2007” халқаро кўргазмаси доирасида бўлиб ўтмоқда.

Анжуман ишида Россия, Австрия, Германия, Голландия, Франция, Польша, Чехия, Туркия, Эрон, Хитой, АҚШ, Малайзия, Индонезия, Озарбайжон, Украина, Қозоғистон каби йигирмага яқин мамлакатдан тўрт юздан зиёд олим ва мутахассислар иштирок этаяптилар.

Анжуман иштирокчилари углеводород конларини қидириб топиш ва ўзлаштиришни такомиллаштириш, энергиянинг муқобил манбаларидан фойдаланиш, Марказий Осиёдаги ёқилғи-энергетик заҳиралар ишлаб чиқаришда етакчи мамлакатлардан бири бўлмиш Ўзбекистон ҳудудида янги нефть ва газ конларини қидириб топиш ва улардан фойдаланиш масалаларида халқаро ҳамкорлик истиқболлари бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар: хабар қилинишича, бу мамлакатда йилига 64 миллиард куб метрдан ортиқ табиий газ, 8,6 миллион тоннага яқин суюқ углеводород қазиб олинади – бу 1991 йилдагига қараганда 54 фоиз кўпдир.

Анжуманнинг биринчи куни жаҳоннинг йирик нефть ва газ ширкатлари раҳбарлари ҳамда мутахассислари кўп томонлама ҳамкорлик, кадрлар тайёрлаш, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш, сармоялар жалб қилиш мавзуларида маърузалар билан чиқиш қилдилар. Хусусан, И. Губкин номидаги Россия Давлат нефть ва газ университети проректори Дмитрий Левитский Ўзбекистоннинг биринчи телеканалига берган интевьюсида бу соҳада маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш мақсадида тез орада Тошкентда мазкур олийгоҳнинг филиали очилишини маълум қилди. Бу ҳақда “Фарғона.Ру” аввал хабар қилганди.

Шу куни “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси (МХК) бош геологи Муталиб Нурматов Reuters ахборот агентлигига Россиянинг “Роснефть”, “ЛУКОЙЛ” ва “Стройтрансгазойл” каби нефть ширкатлари Ўзбекистон билан олтита нефть ва газ мавжуд блокларда геологик разведка ўтказиш ҳақида музокаралар олиб бораётгани ҳақида маълум қилди. Унга кўра, “Роснефть” Чинобод блоки, ЛУКОЙЛ Хоразм, Мешеклин-Тузқўй ва Ғарбий-Фарғона блоклари разведкаси имкониятлари тўғрисидаги геологик материалларни ўрганаяпти. “Ўзбекнефтгаз” билан “Стройтрансгаз-ойл” ўртасида эса Бухоро-Хива ҳудудидаги Оқжар блоки ва Устюртдаги Чимбой блоки геологик разведкаси билан боғлиқ режалар ҳақида баённома имзоланган. Нурматов Россия компаниялари яқин кунларда жавоб қилажакларини қўшимча қилди.

РБК-dailyнинг хабар қилишича, Ўзбекистон шартли равишда 44 та инвестицион блокка ажратилган, мамлакатда Хитойнинг PetroChina, Dong Shan, CNODC, CNPC, Кореянинг KNOC и KOGAS, Малайзиянинг Petronas каби қатор хорижий ширкатлар ишлаяптилар. “”

РБК-daily маълумотларига кўра, энг истиқболли участкалар Бухоро-Хива ҳудудида жойлашган: бу ҳудуд мамлакатдаги қазиб олиш ишларининг 90 фоизини таъминлайди. Газнинг тахминий заҳиралари 250 млрд. куб метрга, тасдиқланганлари 90 млрд. куб метрга, газ конденсати заҳиралари 10 млн. тоннага тенг. Бу ерда CNODC ва “ЛУКОЙЛ” ширкатлари ишлаяпти.

Аснода, қайд этиш жоизки, газ қазиб олиш ва ишлаб чиқаришнинг оширилишига хорижлик ҳамкорлар ва харидорларгина эмас, Ўзбекистоннинг ўзи ҳам ўта муҳтож, чунки мазкур жабҳадаги аҳвол бир вақтнинг ўзида ҳам углеводородларни экспорт қилиш, ҳам ички эҳтиёжларни қондиришга имкон бермайди. Экспортга катта эътибор қаратаётган Ўзбекистон ўз аҳолисини табиий газ ва нефть маҳсулотларидан қисиб қўйди, бу қаҳратон қишда айниқса кўпроқ сезилади. Қиш пайтларида одамлар қувурларда газ босимининг кескин пасайиб кетиши оқибатида уйини иситиш ва бошқа эҳтиёжларини қондиришга имкон тополмай қийналаяптилар. Углеводородлар етказиб беришдаги узилишлар мамлакатнинг чекка ҳудудларидагина эмас, аввалда бундай муаммолар бўлмаган пойтахт Тошкентда ҳам кузатилмоқда. Ўзбекистонда аҳолини табиий газ билан таъминлаш юзасидан аҳвол йилдан-йилга баттарлашиб бораяпти.



 

Реклама