15:43 msk, 26 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Рогун ГЭСи: Ваҳимани бас қилинг!

16.05.2007 22:01 msk

Виктор Дубовицкий (Душанбе)

Ўрта Осиёдаги сув бошида турган давлатларда гидроэлектростанциялар қурилиши режаси атрофида кўтарилган шов-шув мазкур масала юзасидан ўз нуқтаи назаримни билдириш ҳамда Тожикистонда ГЭС барпо қилишга қарши бўлганларнинг ҳовуридан тушириб қўйиш истагини уйғотди.

Гапни аввало бу ерда СССР Давлат план комитети илмий-техник кенгашлари доирасида аллазамонлар мувофиқлаштирилган ГЭСларни қурмоқчи бўлаётганларидан бошласам. Демакки, бунда минтақадаги барча “қардош” мамлакатлар учун энергия бўйича ҳам адолатли шарт-шароитлар кўзда тутилган. Бундан ташқари, 1995 йилнинг 20 сентябрида Нукус шаҳрида халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида Ўрта Осиё давлат раҳбарлари “совет” қарорларини яна бир марта тасдиқлашиб, Декларация имзолагандилар: “Биз Марказий Осиё давлатларининг Орол ҳавзасидаги сув заҳиралари бўйича бу давлатлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни тартибга солувчи аввал имзоланган ҳамда ҳозир амалда бўлган битимлар, шартномалар ва бошқа меъёрий ҳужжатларни тан олиши ҳамда уларни сўзсиз бажаришига розимиз”.

Иккинчидан, минтақадаги барча давлатлар ҳатто ҳозир ҳам жаҳон ҳамжамиятининг қонунга бўйсунувчи акторлари бўлиб қолмоқдалар ва қўшнисига зиён-заҳмат етказишга уринган “айбдор”ни доим жавобгарликка тортиш имкони топилади.

Учинчидан, ваҳима қилишга ўрин йўқ – агар худбинлик қилинмаса, Ўрта Осиёдаги сув заҳиралари ҳаммага етади.

Энди сув заҳираларининг ўзи ҳақида айтсам. Бу бу ҳақда ўзимнинг аввалги мақолаларимда ҳам айтгандим ва яна такрорлайман: Тожикистон Қувайт эмас, у ўз иқтисодиёти учун етарли бўлган углеводород хом ашёсига эга эмас. Энергиянинг муқобил манбаларидан (шамол, қуёш, этанол ва бошқалар) фойдаланиш эса бутун дунёда нефть, газ ва кўмирга кичкина “тиркама” бўлиб қолаётир. Бундай шароитда мамлакат учун ўзининг гидроэнергетик заҳираларидан фойдаланишдек битта йўл қолади. Шундай экан, Тожикистон улардан ўзи хоҳлагандек фойдаланишга ҳақли, ахир на Туркманистон, на Ўзбекистону Қозоғистон Қирғизистон ёки Тожикистондан ўз конларидан нефть ёки газ қазиб олиш юзасидан рухсат сўраб ўтирмаяпти-ку. Агар бу иш сизга ёқмаса, ҳурматли жаноб-ўртоқлар, у ҳолда, келинг, минтақанинг барча заҳираларини ҳам “ўртада” деб билиб, тенг бўлишамиз.

Бундан ташқари, Рогун қурилиши учун консорциум ташкил этиш кўзда тутилган, бу эса минтақадаги барча қўшниларимиз, агар ўзлари истасалар, қурилишда ҳам, ишлаб чиқарилган энергиядан фойдаланиш-у сув тақсимотида ҳам иштирок этишлари ҳамда назорат қилишлари мумкинлигини англатади.

Энди Амударё ирмоғи – Вахш дарёсидаги ГЭС каскади ҳақида тўхталсак. Биринчидан, бу дарё тўлалигича Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган, унда гидростанция қуриш эса (агар мамлакат уни ўз маблағи ҳисобига бунёд этса) унинг ички иши, бунда ҳеч кимдан розилик сўраб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Иккинчидан, Вахшдаги “Рогун” номли “бураб қўйилган жўмрак” фақат билмасвойларнинг тахайюлидагина мавжуд: Рогунда сув тўхтатиб қўйилса, дарё қуйисидаги ГЭСларнинг бори каскади тўхтаб қолади. Бир сўз билан айтганда, Тожикистон учун бу мутлақо бўлмағур иш бўлади.

“Буюк ва даҳшатли Рогун”ни қуриб битказиш муддатларига келсак, Тожикистон уни ўз кучи билан амалга оширишга қарор қилгани учун уни қуриш узоқ вақт ва катта меҳнат талаб қилади. Биринчи босқич, мутахассисларга кўра, тош қалаш йўли билан бир неча ўн метр баландликдаги тўғон барпо қилишдан иборат бўлиши керак, бу электр энергияси ишлаб чиқариш билан станциянинг кейинги қурилиши учун даромад келтирадиган икки агрегатни ишга тушириш имконини беради. Бунақа босқичма-босқич қурилиш ҳамда навбатдаги агрегатларни ишга тушириш тақрибан 15-18 йилга чўзилади. Яхшиямки, Рогун ГЭСи қурилиши совет даврида ўттиз фоизга қуриб қўйилган: қирқ икки километрлик туннель қурилган, машина ва трансформатор заллари бўйича ишнинг катта қисми бажариб бўлинган.

Бундан ташқари, қурилишнинг чўзилиши тўғоннинг у жойдаги мураккаб геология, тектоника ва сейсмикликка аста-секин мослашуви билан асосланади. Бу ва кейинги йиллар мобайнида Вахш сувлари буюк Амударёга тўсиқсиз қуйилиб туради, чунки уларни Рогун тўғони билан “тўсиб қўйиш” оқим бўйлаб жойлашган олтита гидростанцияни тўхтаб қолишини англатади.

Шундай экан, хаёлотга берилмоқ ва ўз тахайюли билан Тожикистондан даҳшатли махлуқ ясашни бас қилмоқ вақти келди – унинг гидроэлектростанциялари сизнинг сувингизни тўхтатиб қўядиган тўсиқ эмас, балки уйингиздаги чарақлаган чироқ ва мамлакатларингиздаги тоза сув демакдир.

Муаллиф ҳақида: Виктор Дубовицкий, тарих фанлари доктори, “Фарғона.Ру” АА эксперти, Душанбе, Тожикистон.



 

Реклама