11:32 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ТИВ ЕИнинг санкцияларни узайтириш ҳақидаги қарорини “нохолис ва асоссиз” деб атади

16.05.2007 17:14 msk

Жаҳон

“Жаҳон” ахборот агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 2007 йилнинг 14 май куни бу мамлакатга нисбатан санкцияларни узайтириш ҳақида Европа иттифоқи томонидан қабул қилинган қарори юзасидан баёнот билан чиқди.

ТИВ “2005 йил 12-13 май кунлари Андижонда содир этилган фожеали воқеалар муносабати билан Европа Иттифоқи Кенгашининг 2005 йил 23 май ҳамда 2005 йил 3 октабрдаги хулосалари аввалбошданоқ, бундай ҳолларда амал қилиниши лозим бўлган таомилга зид равишда, воқеаларни ўз жойида ўрганмасдан ва малакали экспертлар гуруҳи ёки ЕИ дипломатларининг баҳосини ўрганмай туриб қабул қилинган эди. Мазкур хулосаларнинг қабул қилинишига биринчи галда айрим ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ва ноҳукумат ташкилотларининг кейинчалик ўз тасдиғини топмаган маълумотлари асос бўлган. Шунингдек, нохолис, “ўйинчи” оммавий ахборот воситалари томонидан Ўзбекистонга, унинг ҳукуматига қарши авж олдирилган ахборот ҳуружи – кампанияси ҳам бунда муайян роль ўйнаган”, дея билдиради.

Сўнгра ТИВ қуйидагиларни қайд этади: “2006 йилнинг декабрида Финляндия вакили П. Ойнонен раҳбарлигидаги Буюк Британия, Германия, Франция ва Швеция мутахассисларидан иборат ЕИ экспертлари делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. 2007 йилнинг апрелида эса ушбу делегация ГФР вакили Р. Шульце раҳбарлигида иккинчи марта мамлакатимизга келди. Улар томонидан тергов материаллари ва Ўзбекистон Олий суди қонунчиликнинг халқаро ва миллий нормаларига тўла риоя қилинган ҳолда ўтказилган суд жараёнининг ўрганилиши натижасида 2005 йил май ойида Андижондa содир этилган воқеаларнинг мутлақо бошқача манзараси намоён бўлди.

Инкор этиб бўлмас фактлар ва суд материаллари Андижонда аввалдан чуқур ўйланган ва пухта тайёрланган террорчилик ҳаракати содир этилганини, бундан кўзланган мақсад ҳокимиятни эгаллаб олиб, конституциявий тузумни ағдаришдан иборат бўлганидан далолат беради.

Ушбу хунрезликни амалга ошириш чоғида террорчилар томонидан катта миқдорда қурол-яроғ қўлга киритилиб, одамлар гаровга олинган, шунингдек, шаҳар ва вилоят маъмуриятлари бинолари эгалланган, олти юздан зиёд ашаддий жиноятчи қамоқхонадан чиқариб юборилган. Шаҳардаги жамоат ва давлат биноларига ўт қўйилган, гаровга олинганлар қийноққа солинган ва ўлдирилган”.

Кейин “ЕИнинг мазкур экспертлар гуруҳлари вакилларига ушбу иш бўйича улар талаб қилган барча материал ва манбалар берилди, судланганларнинг адвокатлари, яқинлари ва қаришдошлари билан, шунингдек, террорчиларнинг ўзлари – Қ. Парпиев, Ҳ. Шокиров, И. Ҳожиев, С. Зайнобиддинов ва бошқа раҳбарлари ҳамда ташкилотчилари билан учрашиш ва суҳбатлашиш учун имконият яратилди”, дея маълум қилинади.

“2007 йилнинг апрелида Парламентлар ҳамкорлиги қўмитаси мажлисида қатнашиш доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган Европарламент депутатлари ҳам Андижонга бориб, воқеа жойида ўзларини қизиқтирган барча шахслар ҳамда турли норасмий ташкилотлар вакиллари билан учрашиб, мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдилар. Парламентлар ҳамкорлиги қўмитаси вакилларининг мажлиси доирасидаги музокараларда томонларни қизиқтирган деярли барча масалалар бўйича эркин фикр алмашув ва мунозаралар бўлди”, - дея таъкидланади ҳужжатда.

“Танқидий фикрлар билан бир қаторда Ўзбекистонда ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ва ривожланиш жараёнларига эътибор қаратилди. Жумладан, жорий йилнинг апрель ойида парламент томонидан давлат бошқарувини янада демократлаштириш ва барча ҳокимият бўғинлари ўртасида мувозанатни таъминлашга, ижро ва суд-ҳуқуқ тизимларини тубдан эркинлаштиришга, 2008 йилнинг 1 январидан ўлим жазосини бекор қилиш ва “хабеас-корпус” институтини жорий этишга, юртимизда туб ислоҳотларни амалга оширишда сиёсий партияларнинг роли ва ўрнини кучайтиришга йўналтирилган конституциявий ислоҳотлар ва мамлакатимиз Консититуциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди”, - дейилади баёнотда, аммо унда Европа Иттифоқи экспертлари томонидан айнан қандай “жиддий танқидий мулоҳазалар” айтилгани очиқланмайди.

Шундан сўнг ҳужжат муаллифлари “изчил ва босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар ва демократик янгиланиш жараёнлари Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат, барқарор эркин иқтисодиёт ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш бўйича бугун ҳаётга жорий этилаётган Ягона концепциянинг таркибий қисми бўлиб, мамлакат аҳолисининг аксарияти томонидан қўллаб-қувватланмоқда”, - дея ишонтирадилар.

“Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ЕИ Кенгашининг 2007 йил 14 майдаги хулосасини асоссиз ва нохолис, деб ҳисоблайди. Бундан кўзланган мақсад ҳуқуқни муҳофаза қилиш ниқоби остида Ўзбекистонга мунтазам тайзиқ ўзказишда ЕИ санкциялари деб аталмиш воситадан фойдаланишни давом эттиришдир. Ўз-ўзидан аёнки, бундай қарор самарасиз бўлиб, Европа Иттифоқининг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам манфаатларига бирдек мос келадиган ҳамкорлик дастурларини амалга оширишга хизмат қилмайди”, - дея хулосалайдилар баёнот муаллифлари.



 

Реклама