02:46 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия ва МДҲ мамлакатларида меҳнат муҳожироти: тенденциялар, муаммолар ва ҳамкорлик йўллари

16.05.2007 14:48 msk

Наталья Зотова

Ўн биринчи май куни Москвадаги Халқаро савдо марказида “Россия ва МДҲ мамлакатларида меҳнат муҳожироти: тенденциялар, муаммолар ва ҳамкорлик йўллари” мавзусидаги анжуман бўлиб ўтди. Анжуманни “Деловая Россия” Умумроссия жамоатчилик ташкилоти Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда уюштирган.

Анжуман давлат маҳкамаларининг амалдорлари, корчалонлик ҳамжамияти вакиллари ва муҳожирот соҳасидаги етакчи экспертларини жам қилди. Анжуманни “Деловая Россия” Умумроссия жамоатчилик ташкилоти раиси Б. Титов олиб борди. Ялпи мажлисда РФ ташқи ишлар вазирининг муовини А. Яковенко, Федерал муҳожирлик хизмати бошлиғининг муовини В. Поставнин, “Деловая Россия” ижроия қўмитасининг раҳбари Н. Остарков, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий тараққиёт вазирлиги Меҳнат муносабатлари ва давлат фуқаролик хизмати департаменти директори А. Сафонов маъруза билан чиқдилар.

Мазкур анжуман унда тегишли маҳкамалар амалдорлари ҳамда корчалонлик элитаси томонидан биринчи маротаба муҳожирот мамлакатимиз учун ўта зарурлиги айтилганлиги билан жуда қизиқарли бўлди.

Б. Титов меҳнат муҳожиротининг ривожлантирилиши бизнес, биринчи навбатда, нохом ашё сектори манфаатларига мос экани ҳақида гапирди. Демограф экспертларнинг Россияда табиий камайиш суръатининг ўта юқорилиги хусусидаги хулосаларини келтирар экан, Б. Титов муҳожиротнинг бизга керак эканини эътироф этди. “Деловая Россия” маълумотларига кўра, қурилишда чет эллик ишчилар қирқ фоизни, савдода ўттиз фоизни, қишлоқ хўжалигида етти фоизни, транспорт корхоналарида тўрт фоизни ташкил этади. Маълумки, Россия Федерациясида муҳожирлар миқдори юзасидан берилган баҳолар бир-биридан фарқ қилади. Шунга қарамай, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, Россиядаги ҳар ўн беш ишчидан бири чет элликдир. Бу у қадар юқори кўрсаткич эмас.

Муҳожиротни рағбатлантириш ва тартибга солиш учун кичик ва ўрта бизнес корхоналарини бирлаштирувчи “Деловая Россия” қатор таклифларни ишлаб чиққан:

- меҳнат амнистиясини эълон қилиш;

- ФМХнинг кичик ва ўрта бизнес корхоналари учун ҳар йили қайтадан тасдиқлатиш шарт бўлмаган алоҳида доимий квоталар жорий қилиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаш;

- донор мамлакатларда муҳожирларни адаптация (мослашиш) марказларини барпо қилиш. Мазкур марказларда рус тилини ўрганиш, РФ қонунчилигини ўрганиш, Россиядаги чет эллик фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларини ўрганиш бўйича курслар ташкил этиш мумкин; шунингдек, бундай марказларда муҳожирлар Россия Федерациясига кириб келгунларигачаёқ тиббий кўрикдан ўтишлари ва зарур ҳужжатларни расмийлаштириб олишлари мумкин бўлади.

А. Яковенко миграцион қонунчиликдаги янгиликлар тўғрисида ҳамда ТИВ муҳожирлар келаётган мамлакатлардаги элчихоналар билан ўтказилаётган тушунтириш ишлари хусусида гапириб берди.

В. Поставнин ўз маърузасида миграцион қонунчиликдаги истиқболли янгиликлар муҳожирларни ҳуқуқий майдонга киритишга ёрдам беришини қайд этди. У айрим рақамларни келтириб ўтди. Дейлик, янги қонунлар кучга кирганидан сўнг тўрт ой ўтгач, айни дамда икки миллиондан зиёд четдан келган кишилар миграцион қайддан ўтганлар. 750 минг муҳожир ишлашга рухсатнома олганлар (Москвада бу рақам ярим миллион кишига етган). Шу тариқа, янги қонунчилик давлат идораларига муҳожирот устидан назорат қилиш ва уни тартибга солиш учун восита вазифасини ўтайди. Федерал муҳожирот хизмати муҳожирларга хизмат кўрсатиш (тиббий ёрдам олиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва ҳ.) масаласини ташкил этишни таклиф қилмоқда, чунки бу жабҳа ҳозирда кўпинча “сояда” қолиб кетмоқда. Аввало, ишни муҳожирларни уюшган ҳолда йиғиш тизимидан бошлаш таклиф қилинаяпти. Бу таклиф “Деловая Россия” билан муҳокама қилиш босқичида турибди.

Шунга қарамай, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда муҳожиротни тартибга солиш соҳасидаги силжишлар тўғрисидаги ижобий чиқишлар қабатида сўзга чиққанларнинг кўпчилиги Россия жамиятида ксенофобиянинг, муҳожирларни ёқтирмаслик ҳолатининг ўсиб бораётганини қайд этдилар. Бу якуний анжуманда Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (БЖФЎМ) вакили чиқишида акс этди, маърузачи ўз чиқишида, хусусан, четдан келганлар ва уларга нисбатан муносабат юзасидан ижтимоий фикр сўрови натижаларини ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтди. Россияликларнинг бозорларда савдо қилувчи чет элликларга муносабати юзасидан сўров натижалари билан БЖФЎМ сайтида танишишингиз мумкин.