00:31 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ёпиқ мамлакат: Туркманистонга номаъқул одамлар ҳозир ҳам киритилмайди

14.05.2007 23:17 msk

Феруза Жоний суҳбатлашди

Россия президенти Владимир Путинни Марказий Осиё бўйлаб сафари олдидан уни кузатиб борувчи “Кремль журналистлари”дан бирига Туркманистонга киришга рухсат берилмаслиги маълум бўлди. Туркманистон учун номаъқул журналист «Время новостей» газетасининг Марказий Осиё ҳудуди бўйича таҳлилчиси (эксперт) Аркадий Дубнов бўлиб чиқди. “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги ундан вазиятни изоҳлаб беришини сўради.

Фарғона.Ру: - Аркадий Юрьевич, «Известия»нинг хабар беришича, В. Путин сафарини ёритиб борувчи Кремль журналистларидан фақат сизга Туркманистонга кириш учун ижозат берилмаган. Бунинг сабаби - гўёки сиз “туркман мухолифатига ҳаддан зиёд кўп эътибор ажратгансиз”. Шу тўғрими?

А. Дубнов: - Ҳақиқатан ҳам менинг Туркманистонга киришим маън этилган. Бунинг сабаблари тўғрисида гапирадиган бўлсак, гап менинг туркман мухолифатига бўлган ортиқча эътиборимда эмасга ўхшайди. Ўтган йилнинг декабрь ойида, Ниёзов вафотидан сўнг, мен ўз мақолаларимда туркман мухолифатини фақат икки-уч марта эслаб ўтганман, холос. Чунки унинг мамлакатдаги вазиятга таъсири, афсуски, жуда ҳам сезиларли эмас. Шунинг учун ҳам мен «Известия» газетаси тушунтириб ўтган баҳонани ҳақиқий сабабларини яшириб турган ўзига хос эвфемизм деб атаган бўлар эдим.

Фарғона.Ру: - Наҳотки сизни Ашхободга қўйишга қўрқсалар? Сизнингча бунинг асл сабаби нимада?

А. Дубнов: Бу саволга Туркманистон ҳукумати жавоб берганида албатта яхши бўлар эди, аммо мендаги маълумотларга кўра, мени Туркманистонга киритмаслик сабабини умуман тушунтиришмаган. Туркманистон Ташқи Ишлар вазирлиги менга виза бермаслиги тўғрисидаги маълумотни бевосита Қозоғистонга учиб кетишимиздан олдин етказишди. Мамлакат Ташқи Ишлар вазирлиги раҳбарлари даражасида Ашхободнинг Кремлга берган хабарига кўра, мен марҳум президент Сапармурод Ниёзовга 2002 йилнинг 25 ноябрь куни суиқасд уюштириш бўйича очилган жиноят иши иштирокчиси эканман. 23-24 апрель кунлари президент Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг Москвага сафари давомида Туркманистон элчиси мени туркман халқининг душмани, деб атаган эди. Ўшанда у Кремль матбуот хизмати ходимларига Путиннинг Туркманистонга жавоб ташрифи давомида менинг бу мамлакатга боришим борасида муаммолар туғилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирган эди.

Ашхободнинг бу фаразлари қанчалик асослангани тўғрисида мен бирор нарса дея олмайман. Чунки, 2002 йил ноябрида содир бўлган воқеалардан кейин мени нимада расман айблашаётганини аниқ билмайман. Фақат, ҳибсга олинган Туркманистон мухолифати раҳбари, собиқ бош вазир ўринбосари Борис Шихмурадов 2002 йилнинг 25 ноябридан бир ой ўтиб, 2002 йилнинг 25 декабрида, гўёки “ўзининг дўсти – россиялик журналист Аркадий Дубнов ҳар бир чоп этилган материал учун 30 минг доллар пул олади”, деб айтган. Бу мақола ва материлларни чоп этишдан мақсад, гўёки, бу мамлакатда содир бўладиган давлат тўнтаришининг сабабларини очиб беради, деган мазмундаги гаплари бўлган. Бу гапларни айтишидан тўрт кун олдин қамалган Шихмурадовга психотроп таблеткаларни роса мажбурлаб едиришган. Бутун дунё ва Туркманистоннинг барча аҳолиси Ашхободдаги “Руҳиёт” саройида ўрнатилган улкан телеэкранда дорилардан шишиб кетган Шихмурадовнинг юзини кўрган. Аниқ эсимда йўқ, аммо бу гаплар ўзини-ўзи назорат қила олмайдиган ҳолатдаги Шихмурадов ўқиб беришга мажбур бўлган ғирт уйдирма эди. Менинг “давлатга қарши” фаолиятим мана шундан иборат.

Ашхободга боришимга рухсат берилмагани, менимча Туркманистон раҳбарияти ўртасида ҳокимият учун кураш давом этаётганидан гувоҳлик беради. Менга тааллуқли бу қарор шахсан Туркманистон президенти томонидан қабул қилинганига ишонмайман. Мен Бердимуҳаммедов ҳокимият тепасига келганидан бери Туркманистонни Буюк Сапармурод Туркманбоши олиб кирган йўли берк кўчадан олиб чиқишига умид қилиб, унга нисбатан хайрихоҳ муносабатида бўлиб келганман. Менимча, Бердимуҳаммедовнинг жиддий рақиблари бор. Улардан бири Ташқи Ишлар вазири Рашид Мередов ҳам бўлиши мумкин.

Фарғона.Ру: Ашхободнинг бу қарорини Кремль матбуот хизмати қандай қабул қилди?

А. Дубнов: - Эсингизда бўлса, ўтган йили Минскда ўтган МДҲ саммитида Лукашенко маъмурияти бу тадбирни ёритмоқчи бўлган икки журналистни мамлакатга қўймаган эди. Ўшанда Кремль матбуот хизмати саммитнинг якуний матбуот анжумани бойкот қилиниши тўғрисидаги қарорни маъқуллаган эди.

Ҳозирги вазиятда бўлса... Кремль матбуот хизмати, менимча, воқеанинг бундай тус олишидан хижолат чекди. Менга жуда хушмуома кечиримли оҳангда Туркманистон вакиллари билан ниҳоятда кескин тарзда гаплашганларини, аммо бугун вазият шундайки, Россия билан Туркманистон муносабатларида катта манфаатлар тикилганини, борди-ю Москва Ашхободнинг бу қилмишини кескин тарзда қоралайдиган бўлса, Путиннинг Бердимуҳаммедов билан газ борасидаги олиб борадиган мураккаб музокараларига халал етишини тушунтиришга уринишди.

Бунга қўшадиган фақат битта гапим бор: Кремль матбуот хизмати айтганидек, бу вазиятда Москванинг музокаралар олиб бориши лозим бўлган шериги ҳақиқатан ҳам жуда инжиқ. Ашхободнинг россиялик журналистлардан бирига безбетларча муомаласи икки давлат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашувига сабаб бўлмаслиги лозим. Бўлмаса, тадбиркорлар айтганидек, катта манфаатлар бой берилади. Шунинг учун ҳам Кремль матбуот хизмати бу вазиятга давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ёндошишини тушуниш мумкин.

Аммо, очиғини айтганда, Туркманистонга киришимни маън этганларини менга, шахсан ўзимга эмас, балки Кремлга эълон қилдилар. Мамлакатим Ашхободнинг очиқ-ойдин бу таҳқирини ютишга мажбур бўлганидан хафаман. Гапим шу, холос.