19:24 msk, 16 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек алифбосини лотинлаштириш: Мутахассислар шарҳи

13.05.2007 23:11 msk

Ўз мухб.

Ўзбек тилини лотин алифбосига ўгириш билан боғлиқ муаммолар тўғрисида суҳбатимизни давом этамиз. Алифбони ўзгартиришга нима сабаб бўлди? Янги алифбонинг афзаллиги ва камчиликлари нимадан иборат? Лотин алифбоининг кундалик ҳаётга татбиқ этилиши қандай кечмоқда? Бу ислоҳотларнинг умумий натижалари қандай? Бу ва бошқа саволларга ўзбекистонлик таҳлилчилар, олимлар, филологлар, сиёсатшунослар, жамоат арбоблари ва журналистлар жавоб берадилар.

Фото ИА Фергана.Ру

Тошпўлат Йўлдошев, сиёсатшунос

- Ўзбекистоннинг лотин алифбосига ўтиши сабабини мамлакат раҳбариятининг 90-йиллар бошларида Россияга қарши позицияни эгаллаши билан изоҳлайман. Бу қарор фақат сиёсий сабабларга кўра қабул қилинган. 1993 йилда лотин алифбосига ўтиш тўғрисида қонун қабул қилинди, турли бланк, адрес ва тамғаларни алмаштириш учун миллиард-миллиард сўмлар сарфланди. Бу пулларни реал соҳаларга, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга сарфлаш керак эди. Қонун 10 йил муддатга - ўн йилдан сўнг ҳамма лотин алифбосида ўқиб-ёзади, деб қабул қилинган. Аммо, чучвара хом саналган экан, одамлар лотин алифбосида ўқиб-ёзишни намойишкорона истамаяптилар. Боз устига, мамлакат раҳбариятининг ўзи лотин алифбосида ёзилган бирорта хатни қабул қилмаяпти.

Лотин алифбосига ўтишни сиёсий авантюра деб ҳисоблайман. Бу қарорни қабул қилиш олдидан чуқур фикр юритилмаган.

- Лотин алифбосига ўтиш турк халқларини яқинлаштиришга имконият берадими? Масалан, Туркия билан.

- Туркия лотин алифбосига 1928 йилда ўтган, биз у пайтда араб имлосидан фойдаланар эдик. Араб ёзуви ҳақиқатан ҳам ўзбек тилига мос келмайди. Ўша пайтда араб ёзувига нисбатан лотин алифбоси афзал ҳисобланган. Кирилл алифбоси ўзбек тилининг барча товушларини ифода эта олади. 1993 йилда лотин алифбосига ўтганимизда Туркия ҳам албатта ёрдам берган. Келажакда буюк турк коалицияси ёки иттифоқи бўлиши кутилган. Аммо ҳозир Туркия билан муносабатлар анча совиб қолган. Туркларнинг ҳам умидлари ўзини оқламади. Лотин алифбосига ўтиш ташаббус билан чиққан баъзи намоёндаларнинг умидлари оқланмаганидек.

- Ёшларнинг саводхонлик даражасини қандай баҳолайсиз? Янги ёзув жаҳон маданиятини яхшироқ қабул қилишга олиб келдими?

- Йўқ, бундай бўлмади. Аксинча мактаб ва олий ўқув юртларида саводхонлик даражаси пасайиб кетди. Лотин алифбосида дарсликлар йўқ ёки оз миқдорда нашр этилади, олимларнинг ўзлари ҳам ташаббус кўрсатмайдилар, негаки бунинг маъноси йўқлигини кўриб турибдилар. Бундан ташқари республикадан ташқарида ҳам ўзбеклар яшайдилар – Тожикистонда, Хитойда, Қозоғистонда, Россияда ва ҳ. к. уларга нима бўлади? Уларнинг дарсликлари йўқ. Ўзбекистон уларни дарслик билан таъминлай олмайди. Менимча ким янги ёзувга ўтмоқчи бўлса, ўз ихтиёри билан ўзи ўтаверсин, лекин давлат қонуни қабул қилиш ва одамларни лотинчага ўтказишга мажбур қилишни мен жиноят деб биламан.

Эшитишимча Қозоғистон ҳам лотин ёзувига ўтмоқчи. Агар Қозоғистон бизнинг аччиқ тажрибамизга таянмоқчи бўлса, унда кенг сўровлар ўтказиб, бу жараённинг Ўзбекистон учун нақадар зарарли бўлганини англаб етиши зарур бўлади.

- Лотиннинг кириллдан ёки кириллнинг лотиндан қандайдир афзалликлари борми?

- Лотин ёзувининг кириллдан бирор диққатга сазовор афзаллиги йўқ. Агар мен президент бўлганимда мен шундай деб айтар эдим: “Йигитлар, кимга кирилл керак бўлса - мана кирилл, кимга лотин керак бўлса - мана лотин. Биз кириллда ҳам лотинда ҳам китоб, газета ва бошқа нарсаларни чоп этишга тайёрмиз. Майли, нима бўлса бўлсин. Ҳаммасини талаб ва эҳтиёжлар ҳал қилсин. Бу ишда мажбурлаш бўлмасин”.

Фото ИА Фергана.Ру

Комрон Алиев, сиёсатшунос

- Энг аввало 90-йиллар бошларида араб алифбоси киритилади, деган хавотир бўлган. Кўпчилик араб ёзуви жорий қилиниши билан жиддий муаммолар туғилади, деб ўйлаган. Араб ёзувига ўтмаслик учун шошилинч тарзда лотин алифбосига ўтиб кетишга қарор қилинган. Аммо вақт лотин ёзувига ўтишда ҳам жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Асосий муаммолардан бири лотин ёзувининг тушунарсиз ва мураккаблиги. Битта товушни, масалан, “Ш” ни ифода этиш учун иккита ҳарфни ишлатиш керак. «Швеция» сўзида бўлса уч марта иккитадан ҳарф ишлатилади - «Shvetsiya». Шунга ўхшаш тушунарсизликлар кўп. Кириллдан ҳеч қандай афзаллиги йўқ.

Бошқа муаммо ҳам юзага келган. Барча адабиёт, китоблар, маълумотномалар кириллда ёзилган. Бунга ҳеч ким эътибор бермаган. Бу китоблар халқ меҳнати эвазига, узоқ йиллар давомида тўпланган ва қиймати миллиард-миллиард долларларда ҳисобланади. Демак лотин ёзувига ўтиб, биз халқимизнинг узоқ йиллар давом этган меҳнати эвазига йиғилган бу бойлигимиздан айрилар эканмиз. Лотин ёзувида чоп этилган китоблар, маълумотномалар эса саноқли.

Шунинг учун, бир томондан ҳаммаси равшан - Интернетдан фойдаланувчилар учун лотин ёзуви қулай, бутун дунё билан мулоқотда бўласиз, лекин шу билан бирга бугунги кунда барча маданий бойлигимиз кирилл алифбосида жамланган. Бу вазиятдан қандай қилиб чиқишни ҳеч ким билмайди.

- Ҳукумат идораларида ҳужжатлар қандай юритилмоқда? Расмий иш юритишда лотин ёзувидан фойдаланиляптими?

- Йўқ, давлат идорларида лотин ёзувига ўтилмаган, лотин ёзувида бланклардан фойдаланишлари мумкин. Аммо газеталарнинг ҳаммаси кириллда чиқяпти. Журналлар, бошқа нашрлар ҳам кириллда. Умуман олганда, бу соҳада шошилиш йўқ. Айниқса стратегик иттифоқчилар алмашганидан кейин ҳаммаси тинчиб қолганга ўхшайди.

- Ўзингиз лотин ёзувидан фойдаланасизми? Яъни ўқиш, ёзиш деганларидек?

- Ёзишга ёзмайман-у, аммо ўқишни биламан. Негаки ўзбек тарихида 29-йилдан 40-йилгача лотин ёзуви бўлган. Ўша пайтдаги адабиётни кўриб чиқишга тўғри келганидан, лотин ёзуви менга унча-мунча таниш.

- Ўша пайтдаги ёзув бироз бошқачароқ бўлган эди...

- Ҳа, аммо фарқи унча катта эмас. Лекин ўша пайтдаги ёзув ҳозирги ёзувга нисбатан ўзбеклар учун кўпроқ мослаштирилган эди. Ҳар бир товушни ифода этадиган ўз ҳарфи бўлган. Тўғри, ҳарфларнинг устида белгилари, остида думчалари ҳам бўлган. Лекин ҳаммаси аниқ ва равшан бўлган. Ҳозиргига ўхшаб қўшалоқ ҳарфлар бўлмаган. Мен “ч” ва “ш” ҳарфларини назарда тутяпман. Мана шу ҳарфлар билан муаммолар мавжуд.

- Лотин ёзувига ўтиш билан ёшларнинг чет тилларини ўрганиши осонлашдими? Масалан, инглиз, немис ва француз тилларини?

- Бундай деб ўйламайман. Балки, вақт ўтиб, қандайдир афзаллиги намоён бўлар. Ўзбек тилининг ўз хусусиятлари бор, аммо янги алифбодаги кўпчилик ҳарфларда (“ҳ”, “қ” - каби) етарлича муаммолар мавжуд. Бу муаммолар лотин ёзувига ўтишдан эришилган ютуқларни ювиб кетмоқда.

- Лотин ёзувига ўтиб, ёшларнинг саводхонлиги ва маълумоти ошди деса бўладими?

- Йўқ, саводхонлик тушиб кетди, деб ўйлайман. Негаки кутубхоналарда, менинг кузатувларимга кўра, улкан ўқув залларида иккита-учтадан одам ўтирибди, холос. Бундан ташқари, мактабни лотин алифбосида тугатганлар учун юз минглаб ва миллионлаб китоблардан иборат бу улкан маънавий бойлик фойда бермаяпти. Бирор нарсани англаб, тушунишлари учун улар кириллни ўрганишлари лозим. Маълумот олиш соҳасида лотин алифбосига ўтиш ижобий самара бермади. Балки инглиз ва бошқа тиллардаги адабиётдан фойдаланиш, Интернетдан фойдаланиш оммавий тус олганида, бу ўзининг ижобий самарасини берар. Яъни, лотин ёзуви қандайдир узоқ муддатли давр доирасида лотин ёзуви ўзининг афзаллигини кўрсатиши мумкиндир. Аммо ҳозирги даврни оладиган бўлсак, бу жараённинг салбий томонлари кўпроқ.

Фото ИА Фергана.Ру

Файзулло Исҳоқов, профессор, тарих фанлари доктори

- 1992 йилда русларга қарши кайфиятда, мустақил бўладиган бўлсак, ҳамма нарсада мустақил бўлайлик деган шиор пайдо бўлган эди. Ўша йили ёзда ёзувчи Пиримқул Қодиров (ҳозир у халқ ёзувчиси ҳисобланади) биринчи бўлиб, бу масалани давлат даражасида кўтариб чиққан. Ўшанда у Ўзбекистон Олий Советининг маданият бўйича комитети раиси эди. Ўз нутқида, у, “биз руслаштириш амалиёти билан боғлиқ барча нарсадан воз кечиб, миллий тикланишга қайтишимиз керак, бунинг учун лотин алифбосига ўтишимиз лозим”, деб айтган. Бу масала 1993 йилда Олий Мажлисда кўтарилган, ўшанда Каримов “Бу мураккаб масала, келинглар, факультатив ҳолда: ким лотин ёзувини ўрганмоқчи бўлса, ўрганаверсин”, деган эди. Ўша пайт Олий Мажлисдаги вазият президент учун мураккаб эди. Ҳозирга келиб, Ўзбекистон қаҳрамони бўлган Эркин Воҳидов, археолог академик Асқаров ва бошқалар лотин ёзувига зудлик билан ўтишни талаб қилиб, фаол ҳаракат қилганлар. Натижада лотин алифбосига ўтиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўзбек ёзувини лотинлаштириш бўйича Министрлар Советининг раис ўринбосари раислигида махсус комиссия тузилди. Ҳозир бу комиссиядан ҳеч ким қолгани йўқ. Унинг таркибига вилоят ҳокимлари ўринбосарлари киритилган эдилар...

Умуман олганда, бу қарорни қабул қилиб, жуда маъсулиятсизлик қилишди. Боз устига, конституцияга хилоф равишда. Конституцияда шундай модда бор, яъни, халқ ва жамият учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ўзгаришлар референдум орқали ўтказилиши лозим.

Лотин алифбосига ўтиш – бу катта иш. Бу иш фақат Ўзбекистонда яшайдиган ўзбекларга тааллуқли эмас. Ўзга ҳудудларда яшайдиган ўзбеклар тўғрисида ҳам ўйлаб кўриш керак эди. Аммо, бу масала бўйича референдум ўтказилмади. Олий Мажлис қарорни қабул қилди, шу билан иш ҳал бўлди. Мен бу ислоҳотни қонуний эмас, деб ҳисоблайман. Негаки ҳеч ким бу масала борасида халқнинг фикрини сўрамаган.

Шундан сўнг Чимкент вилоятининг Сайрам тумани Қорабулоқ қишлоғида яшовчи Иристой Қўчқортоев исмли этник туркни топишди. У янги ўзбек алифбосини лотин ёзуви асосида тузиб чиқди. 1995 йилга келиб, баъзи ҳарфлар етишмаётгани, баъзи ҳарфлар эса нотўғри ўқилаётгани маълум бўлди. Ўшанда лотин ёзувидаги “Х” ни “кси” деб ўқиш тавсия этиларди, ҳозир бўлса бу ҳарф “Хе” деб ўқилади. Барибир одамлар ҳозиргача қачон “Хе” деб ёзишни (х), қачон “аш” деб ёзишни “h” билмайдилар ва ҳ. к..

Бу алифбо ҳам 1995 йилда ислоҳ қилинди. Баъзи ҳарфлар аниқлаштирилди, апострофлар қўйилди - юқорисига думча, вергуллар қўшилди. Ўзбек фонетикасига кўпроқ мос келиши учун. Кейин бўлса, иқтисодий ва ижтимоий вазият ёмонлаша борди, ҳар қандай ислоҳот учун эса пул даркор. Бу ислоҳот бошқаларидан кўра кўпроқ пул талаб қилади. Чунки бутун нашрларни тўлалигича ўзгартириш лозим. Бу аввало дарсликларни, кейин бошқа турли адабиётларни босиб чиқариш, кейин лотин ёзувида чиқарилган китоб ва дарсликларни бошқа миллат вакиллари қандай ўқишини, мисол учун бошқа тилларга қандай қилиб таржима қилишни ўйлаб кўриш лозим. Бу тўғрида ҳеч ким ўйламаган. Ҳозир бўлса ҳамма нарса мактаб даражасида тўхтаб қолди.

- Ўзбек тилида ҳамма сўзларининг ёзилиш тартибини махсус комиссия тасдиқламаганми?

- Луғат тасдиқланган, аммо бу иш мутахассислар томонидан бажарилмаган. Мутахассис бўлмаган одамлар тасдиқлаган луғатни. Мослашган алифбо тўғрисида гап борадиган бўлса, “мутахассис” сўзини ишлатиш ноўрин бўлади. Бундай алифбо бўйича мутахассислар бўлмайди. Ҳозирги малака ошириш институтлари бир нималар қилишга урингани рост, аммо бу ишларнинг бориши кутилганидек самара бериши гумон. Мактабдаги барча предметлар ўқитувчилари лотин ёзувини ишлатишлари керак. Бу иш мактабларда ҳозирча якунланмаган, якунланмайди ҳам.

- Яъни, мактаблардаги ўқитувчилар турли ёзувлардан фойдаланади, кимдир лотин ёзувини ишлатса, кимдир кириллдан фойдаланмоқда, демоқчимисиз?

- Одатда улар кириллдан фойдаланадилар... Ислоҳотлар бошланганига 14 йил тўлган бўлса ҳам лотинлаштириш бўйича комиссия бирор марта ҳам тузукроқ, маъноли йиғилиш ўтказмаган ва материаллар нашр этмаган. Нега? Чунки ҳаммалари ислоҳотларнинг бориши қандай яхши аҳволда эканини яхши билишади, ислоҳотлар тўхтаб қолган...

- Бир ярим ой олдин Гога Ҳидоятов менга телефон қилди. У тарихчи, уни ҳурмат қиламан, ёши ҳам мендан улуғ, фанда ҳам кўпроқ хизмат кўрсатган. Унинг жаҳон тарихи бўйича дарслигини нашр этишибди. Дарсликни менга юбориб, телефон орқали илтимос қиляпти. “Файзулло, тақриз ёзиб бергин”, - деб. Мен ундан “Бу дарсликни ўзингиз ўқиб кўрдингизми?” деб сўрадим. “Йўқ, лотин ёзувида чоп этилган-ку...”, деб жавоб берди. “Нега энди мен лотинча ёзувни ўқиб, кўзимнинг нурини кетказишим керак экан? Менга ўзбекча бўлса, кириллда ёзилгани ёки русчаси бўлса беринг, ўқиб бераман”, деб айтдим. Қаранг, унинг китобини лотин алифбосига ўгирганларидан кейин, ўзи ҳам билмайди тўғри ўгиришганми ёки нотўғрилигини. Муаллифнинг ўзи тешира олмайди. ...хоҳлаган одамингиздан сўранг, 1995 йилдан кейин алифбо қанчалик яхшиланганини ким шарҳлаб бера олади? Ҳеч ким тушунтириб бера олмайди. Албатта, мантиқан олиб қараганда, лотинлаштириш бўйича комиссия раиси Рустам Собирович Қосимовдан сўраш керак, аммо у ҳам буни билмайди. У бу ишда вақтинча, унга амал керак, у мактаб тақдири билан қизиқмайди.

- Бугун Ўзбекистон аҳолисининг ярми саводсиз, негаки ярми кириллда ўқий олмайди, қолган ярми бўлса лотинда, деган гапларга қандай қарайсиз?

- Мен пропорциялар тўғрисида бирор нарса дея олмайман, аммо, шубҳасиз, бугун мактабни тамомлаётган ўқувчиларнинг кўпчилиги тор доирадаги дунёқарашга эга. Негаки, улар ўзбек тилига таржима қилинган жаҳон классик адабиётини ўқимаганлар. Бундан ташқари, таълим вазирининг буйруғи билан 2000 йилда кутубхоналардан миллий ғояга мос келмайдиган кўплаб китоблар чиқариб ташланган. Менимча, ўшанда Кароматов вазир бўлган. Буйруқ берилди – иш бажарилди.

Барча муассасаларга тегишли касаба уюшмалари ва мактаб кутубхоналаридан китоблар олиб чиқиб, макулатурага топширилди. Бир куни меникига келсангиз, кутубхона тамғалари босилган 20-30 китобни кўрсатаман.

- Миллий ғояга тўғри келмайдиган китоблар муаллифлари ким эди?

- Буюк муаллифлар! Дени Дидро, буюк тарихчи академик Евгений Тарле, Франциянинг XIX аср тарихини ундан кўра ҳеч ким яхшироқ ҳикоя қилиб бермаган. Унинг Талейранга ва бошқа нарсаларга бағишланган китоблари ташлаб юборилди. Миллий ғоянинг нима алоқаси бор экан, деб ўйлаб қоласиз. Миллий ғоянинг ўзи йўқ-ку... Ҳатто “Минг бир кечани” ҳам улоқтириб юбордилар. Советлар даврида нашр этилган Абдулла Ориповнинг Ленинга бағишланган шеърий тўпламлар ҳам ташлаб юборилди (куляпти).

- Ҳозирги босқичда лотин ёзувига ўтиш натижаларини қандай баҳолайсиз? Маълумот олиш яхшиландими? Жаҳон маданиятига қўшилиш имкониятини бериш борасида, демоқчи эдим...

- Қандай қилиб қўшиларди... Мана мен ўзбекман. Мисол учун, Қозоғистонда яшайдиган акамга хат ёзсам, ўқий олмайди-ку. Ундан кейин бизда тишга босадиган ёзувчининг ўзи қолмади. Бордию, бирор бошқа тилга бизнинг лотин ёзувимиздан Абдулла Қаҳҳор ёки Ойбек ёхуд бошқа классик ёзувчиларимиздан биронтасининг асарларини таржима қилишни таклиф қилсангиз, ҳеч ким бу ишга уринмайди, кириллда ёзилганини беринг, дейди. Туркияда бу алифбодан таржима қилмайдилар ва ҳатто ўзбек тилидан ҳам таржима қилмайдилар. У ерда бизга рус тилидаги матнни беринг, шунда таржима қиламиз дейишади. Шунинг учун ҳам ҳамма нарсани ҳисобга олиш керак эди. Лекин энг асосийси, мен яна бир бор қайтариб айтаман, биринчидан, бу ишлар Конституцияга хилоф тарзда қилинган, чунки умумхалқ референдуми бўлмаган. Иккинчидан, алифбо такомиллаштирилмаган ва хом аҳволда, учинчидан бўлса, бу жараён ўзбекистонлик ўзбекларни бошқа мамлакатларда яшайдиган ўзбеклардан ажратиб қўймоқда.

- Ўзбекистон ҳукумати идоралари ва муассасаларида ҳужжатларни юритиш учун қайси ёзувни ишлатаётганларини биласизми?

- Кириллда. Улар янги алифбога ўта олмайдилар-ку! Президент аппарати идорасида ҳам, Олий Мажлисда ҳам лотин ёзувида юритилган биронта ҳужжатни топа олмайсиз.

- Ўзбекистонда турк муаллифларининг лотинда нашр этилган китоблари ўқиладими?

- Бизда бундай китоблар йўқ. Туркиянинг лотин ёзуви бошқача, ўзларининг фонетикасига мослашган. Умуман олганда, Туркияда бадиий адабиётнинг аҳволи кўпам яхши эмас.

- Ўзингизчи, лотин ёзувидан фойдаланасизми? Бирон нарса ўқийсизми?

- Ҳеч нарса. Биринчидан, ўқийдиган нарсанинг ўзи йўқ. Иккинчидан, бу мураккаб жараён. Кириллда ёзилган матнни ўқишда бир саҳифага икки дақиқа сарф қиладиган бўлсам, лотин ёзувини ўқиш учун уч-тўрт дақиқа кетади.

Бахтиёр Исабеков, доцент, туркийшунослик ва умумий тил соҳаси бўйича филология фанлари номзоди

- Алифбо бизда доимо қайта тузилаверган, доим бир ёзувдан бошқасига ўтилган. Бу эса мураккаб жараён. Кириллдан лотин ёзувига ўтиш зарурати 1991 йилда мустақилликни қўлга киритиш билан узвий боғлиқ бўлган. Негаки, кирилл ёзувида ҳамма Москвага тобелик рамзини кўрган. Лотин алифбоси бўлса, нейтрал ҳисобланган. Ўша пайтда араб ёзувига ўтиш тарафдорлари ҳам бўлган. Кирилл алифбосининг қолдирилиши тарафдорлари ҳам умуммиллий саводхонлик билан боғлиқ сабабларни рўкач қилишган. Боз устига кирилл ёзуви собиқ совет мамлакатлари ўртасида байналминал (интернационал) характерга эга бўлган. Ишнинг сиёсий томони шулардан иборат.

- Алифбо сиёсий сабабларга кўра ўзгартирилди, деса бўладими?

- Фақат сиёсий сабабларга кўра. Туркий халқларга кирилл алифбоси зўрлик билан киритилган деса бўлади... Натижада, миллатни бирлаштирувчи маданият тарихидаги алоқа узилиб қолди ва уни қайта тикламоқчи бўлдилар. 1930 -1940 йилларда бизда лотин ёзуви қўлланилган. Шунинг учун бу фақат сиёсий масала эмас.

- Нега араб ёзувига қайтиш тарафдорлари озчилик бўлиб қолдилар?

- Бу асосан дин билан боғлиқ бўлган. Бутун дунё бўйлаб, шу жумладан, бизда ҳам араб алифбосини Ислом дини билан боғлаб келишган. Ўшанда, “агар араб алифбосига ўтсак, Ислом миллати бўлиб қоламиз, демак Ислом республикаси бўлади”, деб айтишган. Гарчи араб алифбосида коммунистик, атеистик ва истаган асарларни ёзиш мумкин бўлса ҳам. Алифбонинг бунга алоқаси йўқ. Алифбодан сиёсий мақсадларда фойдаланиш мумкин, холос. Аммо у ўз ҳолича сиёсий бўлиши мумкин эмас.

- Фонетик хусусиятларга кўра, ўзбек тилига қайси алифбо кўпроқ мос келади?

- Араб ёзувига қаршилар унинг ўзбек товушларини ёки ўзбек сўзларини аниқ ифода қилиш учун мослашмаганини далил сифатида келтиришди. Аслини олганда, араб алифбоси ҳеч қайси туркий халқлар учун мослашмаган. Араб ёзуви асосида ўзбек адабий тилига хос барча товушларни, сўзларни ифода қилиш қийин.

- Бугунги Ўзбекистонда қабул қилинган лотин ёзувини қандай баҳолайсиз?

- Бу жуда катта муаммо. Бизнинг кирилл алифбоси асосида яратилган жуда ёмон ёзувимиз бор эди. Бизда ўзга миллат, бошқа маданиятнинг алифбосини олиш анъанага айланиб қолган. Алифбо қабул қилинганида унинг ўз тилида ифода этувчи барча ҳарфлари билан олинмоқда.

- Уни мослаштириш учун нима қилиш керак?

- Ҳар бир халқ алифбони қабул қилаётганида, ўзининг тилига мослаштиради. Алифбонинг асоси уни қабул қилаётган тилнинг товушларига мос келиши керак. Бизда бунга эътибор берилмади. Лотин алифбоси билан ҳам. Жуда кўп сўзлар ўзбек тилининг қоидаларига хилоф тарзда ёзилади.

- Сизнингча, лотин ёзуви ўзбек тилининг хусусиятларига мос келмайдими? Қийинчиликлар шундами ёки яна бирор нарса борми?

- Ўзбек тилининг хусусиятлари умуман эътибога олинмаган.

- Қандай қилиб эътиборга олиш керак эди? Қўшимча ҳарф ёки апостроф киритиш керакмиди?

- Апострофлар ҳам менга ёқмаяпти... Фақат менга эмас. Кўпчилик Қўқон сўзининг ёзилишидан кулади. QO’QON - кўряпсизми нима бўлганини? Лотин алифбоси имкониятларидан келиб чиқиб, уни ўзбек тилига мослаштириш мумкин эди. Аммо, бу билан улар шуғулланмадилар.

- Улар ким? Лотинлаштириш бўйича комиссиями?

- Ҳа, Пиримқул Қодиров бошқараётган комиссия бўлса керак. Умуман олганда, ўзбек тилининг хусусиятларини умуман эътиборга олмай, лотин алифбосини қабул қилганлар.

- Муҳокама жиддий бўлганми?

- Бизда муҳокама қандай бўлади: “нима буюрилса - шуни айтилади”. Муҳокама бўлган, баъзилар тўғри келмайди дейишган, аммо уларнинг сўзлари эътиборга олинмаган. Алифбо ўзбек тилига яқин бўлиши учун ҳаракат қилганлар озчилик бўлиб қолган. Алифбони ҳам сиёсийлаштириб юборишган: ким “ҳа” деган бўлса, демак, ҳукуматни қўллаган, ким “йўқ” деган бўлса, демак, у ҳукуматга қарши...

- Лотин ёзувини ҳаётга татбиқ этиш қандай кечмоқда? Ўзингиз лотин ёзувида бирор нарса ўқиб турасизми?

- Йўқ. Ўқийдиган нарсанинг ўзи йўқ. Албатта мактаб ўқувчилари учун дарсликлар мавжуд. Онда-сонда бадиий адабиётлар ҳам учраб туради, аммо улар жуда оз. Ҳукумат тўғрисида гапирадиган бўлсак, бу ҳукумат ҳеч қачон лотин ёзувига ўтмайди. Бунинг учун куч керак, ғайрат керак. Менимча улар бунга рози эмаслар. Лотин ёзувига ўтиш муддати 2005 йилда тамом бўлган. Кейин бу муддат 2008 ёки 2010 йилгача чўзилди. Ҳарҳолда 2008 йилгача бўлса керак. Чунки президентнинг муддати ўшанда тугайди. Кейин унга лотин ёзувини ўрганмаса ҳам бўлаверади.

- Лотин ёзувига ўтиш ёшларга ёрдам бердими? Яъни, дунё ҳамжамияти, жаҳон маданиятига киришиб кетиш борасида?

- Мен бундай деб ўйламайман. Алифбони қабул қилиш билан бирданига бутун дунё билан бирлашиб кетиш ёки ундан ажралиш мумкин эмас. Алифбо бошқа маданиятлар билан алоқа қилишнинг бир воситаси, холос. Бошқа ҳеч нарса эмас. Ана хитойларни олиб қаранг, уларга алифбо бошқа миллатлар, бошқа маданиятлар билан алоқа қилишга тўсқинлик қилмаяпти-ку!

- Японлар ҳам...

- Грузин, армани, уларни санаб чиқавериш мумкин. Уларга халақит бермаяпти-ку?! Буни кўриб турибмиз. Алифбо билан кўп нарсани ўзгартириш мумкин. Аммо бундан байналминалчилик келиб чиқмайди.

- Ҳар ҳолда, Ўзбекистонда лотин алифбосига ўтиш жараёни қандай кечяпти деб ўйлайсиз?

- Бирорта ҳукумат идораси, мен Тошкентни назарда тутяпман (вилоятларда ҳам шундай бўлса керак), лотин ёзувига ўтмаган. Ҳукумат лотин ёзувига ўтмаган экан, демак унинг бунга имконияти йўқ. Ўзбекистонда шундай: ҳукумат нимани бошласа – ҳаммаси яхши, керакли. Агар у лотин ёзувини киритиш керак, деб ўзи кириллдан фойдаланса, халқ ҳам шундай деб ўйлайди: яъни, “лотин ёзуви керак,” дейиш керак, лекин кириллдан фойдаланилаверади.