23:21 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Парламент қўмитаси америкаликларнинг «Манас»да қолиш-қолмаслигини ҳал қилади

13.05.2007 16:16 msk

Фарғона.Ру

Қирғизистон парламентининг мудофаа, хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва ахборот сиёсати бўйича қўмитаси 2007 йилнинг 25 май кунигача Американинг «Манас» авиабазаси республика ҳудудида қолишининг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқмоқчи. Бу тўғрида “24.kg” агентлигига қўмита раиси Рашид Тоғаев хабар берган.

Тоғаевнинг сўзларига кўра, қўмита бу қарорни мустақил тарзда қабул қилган. Бу масала кўтарилиши сабабларидан бири, базанинг ҳарбий хизматчиси Закари Хэтфильд 2006 йил 6 декабрида қирғизистонлик Александр Ивановни отиб ўлдирганидир. Хэтфильдни америкаликлар ўз мамлакатларига олиб чиқиб кетдилар.

“Фавқулодда ҳодисалар иштирокчилари бўлиб қолган америкалик ҳарбий хизматчилар 2001 йилда имзоланган ҳукуматлараро битимга кўра, ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайдилар. Америкаликлар ҳар бир ножўя қадамлари учун жавоб беришлари лозим. Қўмитанинг қандай қарор қабул қилиши тайёрланган материалларга боғлиқ бўлади. Биз иложи борича масалани холисона ҳал этишга ҳаракат қиламиз“, – дея таъкидлади депутат.

Қирғизистон парламенти 2006 йилнинг 17 декабридаёқ америка ҳарбий базасининг Қирғизистонда бўлиши шартларини қайта кўриб чиқиш ва ҳарбий хизматчиларни дипломатик иммунитетдан маҳрум этиш тўғрисидаги масалани кўтариб чиққан эдилар. Бунга ўша, америкалик ҳарбий хизматчининг 2006 йил 6 декабрида қирғизистонлик фуқарони отиб ўлдириши сабаб бўлган эди. Ўшанда парламентнинг Конституцион қонунчилик қўмитаси раиси Исҳоқ Масалиев америка авиабазасининг Манас халқаро аэропортига келиб ўрнашишига сабаб бўлган АҚШ билан 2001 йилда тузилган ҳукуматлараро битимни денонсация қилишни таклиф этган эди.

“Буни талаб қилишга ҳақлимиз. Чунки база беш йил олдин ўз олдига қўйган вазифаларини бажариб бўлди”, – деди у. Парламент раисининг ўринбосари Қубоничбек Исабеков эса ундан ҳам кескин тарзда америкаликларнинг Қирғизистон ҳудудини тарк этишини талаб қилиш керак, деган эди.

Қирғизистонлик Александр Ивановни отиб ўлдирган базанинг ҳарбий хизматчиси Закари Хэтфильд мамлакатни тарк этганини билиб қолган Қирғизистон президенти қошидаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раиси Турсунбек Ақун 2007 йилнинг 2 май куни “Ганси” авиабазаси ҳарбий хизматчиларидан дипломатик статусни олиб ташлашни талаб қила бошлади.

Бу масала кўтарилишига “Middle East Newsline”га ишорат билан “Азияинформ” сайти борди-ю, АҚШ Эронда ҳарбий амалиётларни бошлайдиган бўлса, бу мамлакатни Қирғизистон ҳудудида жойлашган “Ганси” авиабазасидан туриб бомбардимон қилиши мумкин, дея тарқатган хабар яна бир сабаб бўлган.

Парламент қўмитаси раиси Рашид Тоғаев “Менинг бунга шубҳам йўқ эди, Эрон Ироқдан фарқли ўлароқ, “ташқи агрессияни қайтаришга тайёр,” – деб таъкидлади ва “Эрон масаласида, расмий Теҳрон Америка самолётлари учиб чиққан жойларга албатта қайта ҳужум қилиши тўғрисидаги ваъда берган. Агар шундай бўлса, Қирғизистонга битта ракетанинг ўзи кифоя қилади”, – деб айтди.

“Middle East Newsline” нашри дипломатик доиралардаги манбаларга ишорат билан хабар беришича, америкалик ҳарбийлар АҚШнинг Қирғизистонда бўлишидан манфаатдорлар, негаки бу ҳол Эронга ҳаводан ҳужум қилишга қулайлик туғдиради. Манбаларнинг маълумотларига кўра, Американинг ҳарбий-ҳаво кучлари ўз ҳаракатларини кескин тарзда фаоллаштирмоқдалар. Бу, айниқса, Бишкек яқинидаги «Манас» авиабазасида сезилмоқда.

“Америкаликларнинг Эронга ҳужум уюштиришда Қирғизистондан фойдаланиш эҳтимоли кўпроқ, негаки Ироқ, Туркия ва Форс қўлтиғи мамлакатларидан ҳужум уюштиришнинг имконияти йўқ”, – деди дипломатик манба. “Бу Эронга ҳарбий ҳужум албатта бўлади, дегани эмас, аммо ҳужум учун Қирғистондан бошқа фойдаланадиган жой йўқ”.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Мари Йованович 3 май куни матбуотда пайдо бўлган «Манас» авиабазасида Эрон билан уруш олиб бориш учун, аниқроқ қилиб айтганда, Эроннинг ядровий объектларига ҳужум қилиш учун ядровий қуроллар сақланади, деган хабарларни инкор этди. У яна бир бор база Афғонистондаги экспедицион қўшинлар таъминоти ва гуманитар юкларни олиб бориш учун хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Аммо, 2002 йилдаёқ турли экспертлар авиабаза ҳудудида ядро қуролларини жойлаштириш мумкин, деган гумонларини изҳор эта бошлаганлар. Негаки, базада жойлаштирилган французларнинг “Мираж-2000” қирувчи самолётлари айнан шу мақсад ва вазифаларни бажаришга мўлжалланган. Уларнинг фикрига кўра, базанинг ўзида Польша кимёвий ва радиациядан ҳимоя қилиш ротаси жойлаштирилиши бежиз эмас.

“Интерфакс” агентлиги маълумотларига кўра, базада ядро қуроллари сақланаётган бўлиши мумкин, негаки, бу ерга келтирилаётган юклар божхона назоратидан ўтмайди.

Бишкекнинг «Манас» аэропортида жойлашган “Ганси” авиабазасининг статуси атрофидаги муаммолар ўтган йили Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Россия ва Хитой маъмуриятлари томонидан кўтарилган. Ўшанда Афғонистондаги вазият барқарорлашгани сабабли Марказий Осиё ҳудудидан Американинг барча базаларини олиб чиқиб кетиш лозимлиги тўғрисида гапирилган эди. Натижада америкаликлар Ўзбекистондаги “Қарши-Хонобод” базасидан чиқиб кетишга мажбур бўлган, аммо Қирғизистон билан келишиб олишга муваффақ бўлган эди.

Американинг ушбу ҳудуддаги манфаатларига иккинчи ҳужум ўтган йилнинг февраль ойида уюштирилди. Ўшанда Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев ҳарбий базадан фойдаланиш учун ижара тўлови нархини юз баробарга – 2 миллиондан 207 миллионга кўтармоқчи эканини эълон қилган эди. Узоқ давом этган музокаралар давомида америкаликлар ижара нархини туширишга муваффақ бўлгани тўғрисида хабар тарқалди. АҚШ гўёки Қирғизистонга 150 миллион доллар ёрдам пули бериб, йилига 15 миллион доллардан ижара пули тўлашга ваъда қилган, аммо АҚШнинг Қирғизистонда ҳозирлиги янги нархини белгиловчи Битим ҳозиргача имзолангани йўқ.

Бишкекниг юмшоқ кўнгиллигидан анчадан бери хурсанд бўлмай келган Россия Қирғизистонни АҚШ базасини мамлакатдан тезроқ чиқариб юборишга ундар эди. Қурманбек Бакиевнинг бу ишда сусткашлиги Москванинг жиғига тега бошлагани аниқ. Шунинг учун ҳам Россия ўтган йили ноябрь ойида мухолифат оммавий тарзда норозилик акцияларини уюштирганида, ўз давлат телеканалларида мухолифат етакчиларига сахийлик билан эфир вақти ажратиб берган ва Қирғизистон ҳукуматини аямай танқид қилган эди.

Ўша пайтдаги сиёсий буҳрон, кутилмаганда, Қурманбек Бакиев Владимир Путин билан телефон орқали сўзлашгач якун топди. Қирғизистон президенти мухолифат талабларининг бир қисмини қондирди ва норозилик акциялари иштирокчилари тарқалиб кетди. Қирғизистоннинг Россия Федерациясида тайинланган янги элчиси билан учрашувда эса, Владимир Путин “Қирғизистон раҳбариятини, президентини ва ҳукуматини қўллаб-қувватлаш лозим,” деб эълон қилди.

Шу билан бирга, “Азияинформ” нашри 8 май куни тарқатган хабарга кўра, АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс яна бир бор Буш маъмуриятининг Эронга қарши куч ишлатиши мумкинлигини айтиб ўтган. Дубайнинг «Ал-Арабия» телеканалига берган интервьюда Райс хоним “Президент Буш куч ишлатиш ниятидан қайтмайди ва менимча биз унинг бундай қилишини истамаймиз”, – деб айтган.

Шу боисдан ҳозирги вазиятда Россия Федерацияси мудофаа вазири Анатолий Сердюковнинг Қирғизистонга ташриф буюриши мантиқан тўғри кўринади. “Фарғона.Ру” мухбирининг хабарига кўра, у Бишкекка 14 май куни келади ва мамлакат президенти, бош вазир ва мудофаа вазири Исмоил Исоқов билан учрашувлар ўтказади.