02:47 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси: «Санкциялар тўғрисидаги масалани ҳал қилишда Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг матбуотга нисбатан сиёсатини ҳисобга олиши керак»

13.05.2007 15:58 msk

Фарғона.Ру

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси («Committee to Protect Journalists», матн давомида ЖҲҚҚ) Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатларига мурожаат қилиб, 14 май кунига режалаштирилган ЕИ томонидан Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга нисбатан қўлланилган санкцияларни бекор қилиш масаласини муҳокама қилаётганда бу мамлакатнинг матбуот эркинлиги борасидаги даҳшатли сиёсатини эътиборга олишга чақирмоқда.

ЖҲҚҚ томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги 2005 йил 13 май куни Андижон шаҳрида ҳукумат қўшинлари намойишчиларга қарши ўт очгандан бошлаб кескин тарзда бўғиб қўйилди, - дейилади мурожатномада. Воқеа иштирокчиларининг гувоҳлик беришича, Андижон қирғинида 500 дан 1000 тагача одам одам ҳалок бўлган. Президент Ислом Каримов ва у бошқараётган ҳукумат бу қирғинбарот тўғрисида кўрганларини ёзган мустақил журналистларга қарши ташланиб, ҳукуматга қарашли оммавий ахборот воситаларида уларга террорист ва сотқин, деган номлар билан тавқи лаънат тамғаларини осдилар.

Журналистларнинг аксарияти мамлакатдан чиқариб юборилган, баъзилари қамалган, мамлакатдаги муқобил янгиликлар берувчи ахборот воситалари йўқ қилинган. Ўзбекистон ҳукумати 2006 йилнинг февраль ойида мамлакат фуқароларининг чет давлатлар томонидан молиялаштириладиган оммавий ахборот воситаларида Ташқи Ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтмай ишлашларини таъқиқлаб қўйди. ЖҲҚҚ олган маълумотларга кўра, Ўзбекистон қамаб қўйган журналистлар сони бўйича ҳудудда биринчи, дунёда эса олтинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Ҳозир ҳам Ўзбекистонда панжара ортида бешта журналист ўтирибди.

Апелляциядан сўнг 8 май куни озодликка чиқариб юборилган тошкентлик мустақил журналист Умида Ниёзова ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва сиёсий мавзуларни ёритган ОАВ ходимлари ичида жиноий жавобгарликка тортилиб, қамалганларидан охиргиси эди. Судья Низом Рустамов раислигида ўтган маҳкама жараёни 1 май куни У. Ниёзовани чегарани ноқонуний кесиб ўтишда, контрабанда ва миллий хавфсизликка таҳдид солувчи ҳукуматга қарши адабиётларни тарқатишда айбдор, деб топди ва етти йилга озодликдан маҳрум қилди. Сешанба куни Тошкент шаҳар судининг апелляция ҳайъати Ниёзовага тайинланган жазони шартли жазога алмаштирди, аммо унга асоссиз қўйилган айбларни олиб қўймади.

Тошкентдан ташқарига чиқиши маън этилган ва мунтазам тарзда милиция идораларида рўйхатдан ўтиб туриши лозим бўлган Ниёзова апелляцияга тайёрлаб қўйилган “пушаймонлик” иқрорини ўқиб эшиттиришга мажбур қилинди.

Бундан ташқари Ниёзова уч ярим ой тергов ҳибсхонасида ўтирди. У ерда ЖҲҚҚ манбаларининг маълумотига кўра, уни кунига 15 соатдан сўроқ қилганлар ва кечалари бор-йўғи бир неча соат ухлашга рухсат берганлар, холос.

Ниёзова Марказий Осиёнинг “Оазис” янгиликлар сайтида ва ”Озодлик” радиосида Ўзбекистон сиёсати ва инсон ҳуқуқлари масалаларини ёритган. Бундан ташқари, у “Human Rights Watch”, “Freedom House” ва “Internews Network” халқаро гуруҳларини материаллар билан таъминлаган.

Қуйида ўзбек журналистларини қўрқитиш, таъқиб этиш ва озодликдан маҳрум этишдек хавотирли давлат сиёсатидан гувоҳлик берувчи бир қатор мисоллар келтирилган:

* 2006 йил 12 сентябрь. Уруш ва тинчликни ёритувчи Лондон институтининг (Institute for War and Peace Reporting - IWPR) собиқ мухбири Жамшид Каримов ҳибсга олинди ва руҳий шифохонага мажбуран ётқизиб қўйилди. Андижон воқеаларигача Ж. Каримов IWPR учун ишлаган, кейин бир қатор мустақил газета ва интернет нашрлари билан ҳамкорлик қилган. Ҳибсга олинишидан олдин маҳаллий ҳокимият унинг фаолиятини диққат билан кузатиб борган. Қўшни мамлакатга журналистлар семинарига бормоқчи бўлиб, виза олишга мурожаат қилганида, унинг паспортини олиб қўйиб, қайтариб беришмаган. Унинг руҳан соғлигини врачлар ҳам эътироф этган ҳолда, ҳокимият тарафидан яна олти ойга руҳий шифохонада қолдиришга қарор қилинган. У ҳозир ҳам касалхонада, қариндошлари билан кўриша олмайди.

* ЖҲҚҚ манбаларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати “Немис тўлқини” радиосининг мухбири Наталья Бушуевани солиқларни тўлашдан бош тортишда, даромадлари тўғрисидаги маълумотларни яширишда ва аккредитациясиз репортер бўлиб ишлашда айбладилар. Маҳаллий манбалар хабарига кўра, ушбу айблар эълон қилинганидан сўнг, Бушуева мамлакатдан қочиб кетган. Журналист Суҳроб Исмоиловнинг “Ассошиейтед Пресс” агентлигига хабар беришича, агар Бушуеванинг айблари исботланса, уни уч йилга қамаб қўйишлари мумкин экан.

* “Немис тўлқини” радиосининг яна бир мухбири Юрий Черногаевга 2007 йил 27 март куни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 190 моддасига асосан лицензиясиз ишлагани учун айблов эълон қилинди. “Немис тўлқини” радиосининг репортери Михаил Бушуевнинг айтишича, радиостанция керакли ҳужжатларни Ўзбекистон Ташқи Bшлар вазирлигига тақдим этган, аммо “Немис тўлқини” радиоси ўз мухбирларига ҳукумат томонидан аккредетация берилмаслиги тўғрисида расман жавоб олмаган.

* 2006 йилнинг 14 сентябрь куни. Маҳалллий маъмуриятни танқид қилувчи бир қатор мақолалари эълон қилинганидан кейин, товламачилик ва порахўрликда айбланган Улуғбек Ҳайдаров ҳибсга олинди. Ўтмишда у Уруш ва тинчликни ёритувчи Лондон институтининг (Institute for War and Peace Reporting - IWPR) мухбири ва “Internews Network” репортери бўлиб ишлаган. Қамалишдан олдин у маҳаллий мармар заводи ишчиларига маош тўланмаслиги тўғрисида мақола чоп этган эди. ЖҲҚҚ маълумотларига кўра, маҳкама жараёнида асосий гувоҳ У. Ҳайдаровнинг айби йўқлигини тасдиқлаган бўлса ҳам, суд уни олти йилга озодликдан маҳрум этди. Бир ой ўтиб Жиззах суди жиноят ишини тўхтатиб, У. Ҳайдаровни озод қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Шунга қарамай ҳокимият журналистни ва унинг оиласини таъқиб этишдан тўхтамади. У мамлакадан қочиб кетишга мажбур бўлди.

* «Поп Тонги» давлат газетасининг муҳаррири ва «Қишлоқ ҳаёти» давлат газетасининг мухбири бўлиб ишлаб келган Ортиқали Номозов маҳаллий солиқ идоралари ва колхоз раҳбариятининг кирдикор тўғрисида бир қатор фош этувчи мақолалар чоп этганидан кейин уни давлат маблағларини ноқонуний ўзлаштиришда айбладилар. 2004 йил 11 августида суд ҳукми билан журналист ҳибсга олинди ва беш ярим йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд жараёни давомида унинг оиласига турли тазъйиқлар ўтказилди, телефони ўчириб қўйилди ва туман мактабларининг бирида врач бўлиб ишлаётган қизи ишдан бўшатилди. Унинг қаерда сақланаётгани номаълум.

* Тошкентлик мустақил репортер Ғайрат Мехлибоев гўёки таъқиқланган «Ҳизб ут-Таҳрир» партияси аъзоларининг қамалишига қарши уюштирилган намойишда иштироки учун 2002 йилнинг 24 июль куни ҳибсга олинди. Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур туман суди 2003 йилнинг 18 февраль куни уни етти йилга озодликдан маҳрум этди. Аппеляция ҳайъати унинг муддатини олти ойга қисқартирди.

* “Эрк” газетасининг муҳаррири Муҳаммад Бекжонов ва газета ходими Юсуф Рўзимуродов Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни танқид қилувчи газета нашр этиб тарқатишда, таъқиқланган норозилик намойишларида иштирок этишда ва конституцион тузумни ағдаришга уринишда айбдор деб топилганлар. Уларга нисбатан 14 ва 15 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарилди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бири ЖҲҚҚ га берган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар қамоқхонасида уларнинг икковига нисбатан қийноқлар қўлланилган. Натижада улар жиддий жароҳатлар олганлар. Қамоқхонада Бекжонов сил касалига чалинган. Уруш ва тинчликни ёритувчи Лондон институтининг (Institute for War and Peace Reporting - IWPR) репортерлари 2003 йилда даволанаётган М. Бекжоновдан интервью олишга муваффақ бўлганлар. Интервьюда у қийноқлар натижасида оёғи синганини, ўнг қулоғи эшитмай қолганини, тинмай калтакланганини айтиб берган. Унинг хотини Нина Бекжонованинг гувоҳлик беришича, қийноқ ва калтаклашлар ҳануз давом этмоқда, шунинг учун ҳам у деярли барча тишларидан айрилган.

Дунёнинг турли мамлакатларида ҳамкасбларимизнинг ҳуқуқлари учун курашувчи журналистлар мустақил ва нопартиявий ташкилоти аъзолари сифатида биз эркин матбуот демократиянинг барқарор ривожланиши учун гаров бўлиб қолади, деб ҳисоблаймиз. Мустақил журналистлар Ўзбекистон фуқароларини жамият аҳамиятига эга бўлган ахборот билан таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

ЖҲҚҚ Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга нисбатан мувофиқлаштирилган стратегиясини ишлаб чиқиш ва инсон ҳуқуқлари бўйича самарали мулоқот олиб бориш ташаббусини қўллаб-қуватлайди.

Биз Сизларни Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп бўлган мамлакатда мустақил журналистикани йўқ қилишга қаратилган давлат сиёсати тўғрисидаги масала муҳокама қилинишига аҳамият беришга чақирамиз. Ўзбекистон ҳукумати юқорида номлари зикр этилган журналистларни қамоқдан озод этиши, Андижон инқирозининг мустақил текширувига ижозат бериши, журналистларга таъқиблардан қўрқувсиз ўз касбларини бажаришга имконият яратиши, мамлакатда эркин матбуот ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволни яхшилашга қаратилган иродасини намойиш этиши шарт. Бўлмаса, Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонга нисбатан қўлланилаётган санкциялар ўз кучида қолиши керак. Бу эса ўз навбатида Европа Иттифоқи бошчилигида халқаро ҳамжамият Ўзбекистон ҳукуматига ўз сиёсати йўналишини белгилашда инсон ҳуқуқларига алоҳида эътибор беришини аниқ ва равшан кўрсатади.