02:41 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Россия раҳбари Марказий Осиё бўйлаб сафарда

11.05.2007 05:38 msk

BBC

Марказий Осиёга 6 кунлик сафари бошида Қозоғистонга келган Россия Президенти Владимир Путин мамлакат раҳбари Нурсултон Назарбоев билан учрашган.

Айни сафардан мақсад минтақадаги иккита йирик нефт ва газ ишлаб чиқарувчи давлат - Қозоғистон ва Туркманистон билан янгича энергетика келишувларини мустаҳкамлашдир.

Кейинроқ жаноб Путин ва Президент Назарбоев Ашхободга боришади ва Туркман газини Россия орқали Оврўпога элтадиган қувур қурилишига Туркманистон Президентини кўндиришга уринишади.

Узоқ муддатли сафар

Путин жанобларининг минтақага сафари нисбатан узоқроқ-қарийб бир ҳафта чўзиладиган.

Владимир Путин, Би-би-сининг Марказий Осиё бўйича мухбирига кўра, Россиянинг Марказий Осиёда шундоқ ҳам таъсирчан мавқеини янада кучайтирмоқчи...

Унинг минтақага ташрифи нефт, газ ва уранга бой Марказий Осиёга ўз таъсирини ўрнатиш бўйича Хитой, Америка ва Оврўпо ўзаро рақобатларни кучайтираётган пайтга тўғри келмоқда.

Ва айнан нефт, газ ва уран Путин жанобларини Марказий Осиёга етаклаб келган сабаблардир.

Остонада эса, Нурсултон Назарбоев билан бирга уранни бойитиш буйича халқаро марказ очиш шартнмоасини имзолашлари кутилмоқда.

Қозоғистон дунёдаги учинчи катта уран ишлаб чиқарувчи бўлиб, 2010 йилгача биринчиликни эгаллашга умид қилади.

Ва уранни ишлаб чиқаришдан кўра кўпроқ истеъмол қилаётган Россия учун бу муҳимдир.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарабоев Путин жаноблари билан бирга Туркманистоннинг янги раҳбари Гурбангули Бердимуҳаммедов билан учрашиш учун Ашхабодга йўл оладилар.

Бир неча ойгина муқаддам Бердимуҳаммедов жаноблари тўсатдан оламдан ўтган Сапармурод Ниёзовнинг ўрнини эгаллаган.

Ниёзов жаноблари юргизган сиёсат эса, Туркманистондаги газ заҳираларига етишиш имкониятларини чеклар эди.

Жаноб Ниёзовнинг вафотидан буён Қўшма Штатлар, Оврўпо Иттифоқи ва Пекин туркман газини ўз йўналишлари томон оқизиш истагида ёнишади.

Путин жанобларининг Туркманистон раҳбарини Россияда қувур қуришга кўндиришдир.

Марказий Осиёдаги энергия заҳираларига Хитой, Америка ва Оврўпо ҳам кўз тикаётгани назарда тутилса, Путин жанобларининг ушбу сафари қайси жиҳатдан муҳим дейиш мумкин? Би-би-си ушбу савол билан энергия заҳиралари бўйича россиялик мутахасис Юрий Бялийга мурожаат этган:

Юрий Бялий: Сафар ҳамма жиҳатдан муҳим. Биринчидан бу МДҲ- ташкилоти, ОвроОсиё хамда Шанхай хамкорлик ташкилотлари аҳамиятини янада кучайтириш нуқтаи назаридан анча муҳим. Иккинчи муҳим томони - кўпчилик урғу бераётган - энергетика масаласи --- яъни Марказий Осиё газ ва нефтини экспорт этиш йўлларидир. АҚШ ва Ғарб мамлакатлари Қозоғистон ва Туркманистон нефт ва газини Россия ҳудудидан четлаб ўтувчи қувурлар орқали четга жўнатиш лойиҳалар учун курашиб келишмоқда. Бу албатта Россия манфаатига зид тушади ва Москванинг минтақадаги мавқеини заифлаштириши мумкинлигини Кремил яхши тушунади.

Би-би-си: Энергетика соҳасида Россия таклиф этаётган лойиҳалар Марказий Осиё, жумладан Қозоғистон ва Туркманистон учун қанчалик фойдали бўлиши мумкин?

Юрий Бялий: Сўзсиз, Қозоғистон ва Туркманистон ўз энергия заҳираларини экспорт этиш кўламини оширишни исташади. Шу қаторда ҳар икки мамлакат ўз нефти ва газини узлуксиз ва имкони борича қимматроқ нархда четга чиқаришни ҳам хоҳлайдилар. Шу мақсадда Остона ва Ашхабод, тилга олинаётган муқобил таклифларга қулоқ тутишади. Лекин ҳисоб-китоблар бўйича таклиф этилаётган муқобил йўллар унчалик ишонарли ва фойдали эмаслигини илғаш мумкин. Мисол учун Хитойга экспорт этиш варианти фойдали булишига карамасдан, масофанинг ўта узоқлиги, газ нархини анча қимматлаштиради. Россия ҳудудини чеклаб ўтувчи Кавказ орти газ қувури варианти эса, минтақа мамлакатлардаги сиёсий беқарорлик туфайли унчалик ишончли ва кафолатли эмас. Россия ўз ҳудуди орқали ўтувчи газ қувурларининг хавфсизлиги ва газ учун муносиб нарх тўланишига кафолат бера олган тақдирдагина - Қозоғистон ва Туркманистонни ўз томонига оғдириб олиши мумкин.



 

Реклама