02:27 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Озодлик» радиоси мухбири устидан ўтказилувчи маҳкама жараёни қолдирилди

25.08.2005 15:36 msk

Ўз. ахб.

«Озодлик» радиоси мухбири устидан шу йилнинг 23 августига белгиланган маҳкама жавобгар шахснинг келмаганлиги сабабли қолдирилди. Кўпроқ Носир Зокир тахаллуси билан таниқли бўлган «Озодлик» радиосининг Наманган ва Фарғона вилоятлари бўйича мухбири Носир Идрисалиевич Зокиров МҲХ ходимларини ҳақорат қилганликда айбланмоқда.

Буларнинг ҳаммаси эса бошқа бир жиноий иш, аниқроғи, 53 ёшли Хайдарали Комиловнинг Андижон воқеаларидан кейин май ойида «Озодлик» радиоси эфирдан берилган шеърларидан бошланганди. Бу шеърларда муаллиф томонидан «қонхўр тўда» деб аталган Ўзбекистон Республикасининг Президенти ва унинг сафдошлари ҳатти-ҳаракатлари танқид қилинганди. Наманган шаҳрининг ҳуқуқ-тартибот органлари шоирга қарши жиноий иш қўзғатган эдилар, унга кўра Х. Комилов ЎР Президенти шарафи ва қадр-қимматини ҳақоратлаганликда айбланарди. Бу мустақил давлатимиз тарихида биринчи марта ЎР ЖК 158-моддаси бўйича қўйилган айблов эди. Мазкур ишни Наманган вилояти МҲХ тергов бўлимининг терговчиси Дилмурод Исамуҳаммадов олиб бормоқда. «Озодлик» радиоси мухбири Носир Зокир ушбу иш бўйича гувоҳ сифатида қатнашаётганди.

140-моддага кўра Н. Зокировга қарши қўзғатилган 250866-сонли жиноий ишнинг айблов хулосасида айтилишича, 21 август куни терговчи Исамуҳаммадов мухбирнинг уяли телефонига қўнғироқ қилган ҳамда унга эртаси куни болаларининг паспортларидан нусха олиб ва яшаш жойидан маълумотнома олиб, унинг олдига келишни таклиф қилган.

Ўша пайтда Поп шаҳрида бўлган Носир Зокир терговчига бандлигини айтиб, белгиланган муддатда унинг ёнига бора олмаслигини тушунтирган. Бир неча кун ўтгач, мухбирни терговчининг олдига мажбуран олиб келганлар. Ҳуқуқ-тартибот органларининг бу ҳаракатларини Носир Зокир ноқонуний дея баҳолаган, чунки у ҳеч қандай расмий чақирув қоғозини олмаган.

Терговчининг сўзларига кўра, «уни менинг олдимга соат 16:00 да олиб келганларида, Носир Зокир агар бир соат ичида бу ердан чиқмаса, унинг Тошкент офисида ишловчи Ҳусниддин исмли таниши катта жанжал кўтаришини айтган». Шундан сўнг терговчи Носир Зокир ўзини қўпол ва такаббурона тутганлиги юзасидан кўрсатма берган. «Яқинда Каримов кетади, кейин бир-биримизнинг кўзимизга қандай қараймиз?», деган.

Бу воқеалардан сал ўтмай, Носир Зокирнинг уйига шоир Х. Комилов келган. У бу учрашувга терговчининг розилигини олганини айтган ва ўзининг терговчи билан бўлган учрашуви тафсилотларини айтиб берган. Шоирга кўра, терговчи ўзи хоин деб атаган «Озодлик» радиоси мухбирига қарши шеър ёзиб беришни сўраган.

Х. Комиловнинг айблов хулосасида қайд этилган изоҳи:

- Навбатдаги тергов жараёнида Исамуҳаммадов менга аудиокассета кўрсатиб, у ерда менинг барча шеърларим ёзилганлигини ва буни унга Носир Зокир берганлигини айтди.

- Бу ҳаракатни нима деб атаган бўлардингиз? – деб сўраган терговчи шоирдан.

- Бу, энг камида, пасткашлик. Аммо мен унинг бундай қилганига ишонмайман.

- Бу хоинлик деб аталади! – дейди терговчи руҳи тушган шоирга ҳамда:

- Унга қарши шеър ёзмайсизми, биз уни ишга тиркаб қўйган бўлардик, - дея таклиф қилади.

«Х. Комиловнинг ҳикояси таъсирида мен жаҳл устида МҲХга қўнғироқ қилдим», - дея келтирилади айблов хулосасида Носир Зокирнинг сўзлари. «Олдимда хотиним туриб, муттасил гапга аралашиб, менга ортиқча сўз айтиб юбормасликни тайинлайверди. Ҳақорат сўзлари аслида унга қарши қаратилганди. <…> Мен Президентга қарши ҳеч қандай ҳақоратли сўзларни айтмадим ҳамда унга нисбатан қаршилигим йўқ. <…> Мен давлатга қарши ҳеч қандай ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни содир этганим йўқ ва келажакда ҳам содир этмоқчи эмасман. Мен фақат амалдаги қонунчилик доирасида ўз хизмат вазифаларимни бажараяпман, холос. Мени турли маломатлар, бўҳтонлар ва чақимчиликлар безор қилди».

Ушбу иш бўйича яна икки гувоҳ – МҲХнинг тезкор навбатчилари Резапов Рустам ва Сайдалиев Ғайрат ҳам иштирок этмоқдалар.

- Ўша куни, 6 август соат 21:50 да Носир Зокир қўнғироқ қилиб, ўзини «Озодлик» радиосининг мухбири деб таништирди, - дейди Резапов Рустам ўз гувоҳлигида, - У қўполлик билан, Исамуҳаммадов ва бошқа ходимларни ёмон сўзлар билан ҳақорат қилди. Шеригим бу пайтда масканларни текшираётган эди.

Ўша куни кечқурун Носир Зокир навбатчилар хонасига яна қўнғироқ қилган. Бу сафар у билан Ғайрат Сайдалиев гаплашган:

- Гарчи қўнғироқ қилган киши ҳақоратомуз сўзларни айтмаган бўлса-да, унинг сўзлашиш оҳанги қўпол ва такаббурона эди. Носир Зокир ўзининг биздан юқорироқ туришини ҳамда президентнинг яқинда истеъфога кетишини айтди.

Магнит ёзувлари ва стенограммалар асосида жиноий иш қўзғатилиб, Наманган шаҳар судига ўтказиб берилган, маҳкама жавобгар шахснинг келмаганлиги сабабли ҳозирча бўлиб ўтмади.