12:37 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марказий Осиё давлатлари иттифоқи тузиладими?

10.05.2007 21:26 msk

Бахтиёр Шоҳназаров

Бир ой муқаддам Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Марказий Осиё давлатлари иттифоқини (МОДИ) тузиш таклифи билан яна бир бор чиқиш қилди. У маҳаллий телеканаллардан бирига берган интервьюсида мазкур минтақа ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, ўзини озиқ-овқат ва энергетика ресурслари билан тўлиқ таъминлай олишини, бозорнинг фаровон бўлишини айтди.

“Бизга бундан бошқа яна нима керак?”, деб сўради Н. Назарбоев. Қозоғистон президенти бундай иттифоқ тузиш таклифи билан олдин ҳам чиққан эди. Кези келганда, туркий халқлар иттифоқи тузишни таклиф қилган Н. Назарбоев, бу ҳақда таклиф киритган биринчи давлат йўлбошчиси эмаслигини таъкидлаш жоиз.

Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк ўтган асрнинг 30-йилларидаёқ Ўрта Осиёда туркларга қардош бўлган халқлар яшашини ва бир кун келиб улар албатта озодликка эришишини айтиб, Туркия бундай кунга тайёр туриши кераклигини таъкидлаганди. Ва, шундай кун келди.

Туркия собиқ шўро республикаларидан Озарбайжон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг мустақиллигини дунёда илк тан олган давлатлардан бири ҳисобланади. Орадан бир неча ой ўтиб, Туркиянинг мазкур мамлакатларда элчихоналари очилди.

Собиқ Шўролар даврида НАТО ҳарбий блогига аъзо Туркия билан Совет Иттифоқининг туркийзабон республикалари орасида тўғридан-тўғри алоқалар умуман бўлмаган. Пантуркизм ғояларининг тарқалишидан қўрққан Шўролар режими тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга йўл бермасди.

Совет Иттифоқи тарқалиб кетгач, янги мустақил республикалар билан Туркия орасида ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш зарур эди. Бир-биридан коммунистлар томонидан қўйилган сунъий тўсиқлар билан ажратилган халқларни яқинлаштиришнинг энг яхши йўли ёш талаба ва ўқувчиларни айирбошлаш эди. Битта жойда яшаб-ўқиган ёшлар турк тилини тезда ўзлаштириб, бир-бирларини яқиндан танишлари мумкин бўлур эди.

Туркиянинг ўша пайтлардаги президенти, марҳум Турғут Ўзал 1992 йилнинг баҳорида туркийзабон давлатларга қилган ташрифи пайтида улар билан ўзаро талаба ва ўқувчилар айирбошлаш тўғрисида келишувлар имзолади. Мазкур ҳужжатга кўра, Туркия ҳар бир республикадан йилига 2000 нафардан талаба қабул қилиб, уларни мамлакатдаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларига жойлаштириш ва стипендия билан таъминлашни ўз зиммасига олди. Ўз навбатида, туркиялик талабалар давлат йўлланмаси билан таҳсил олиш учун юқорида номлари айтилган республикаларнинг олий ўқув юртларига юборилади.

1992 йилнинг октябр ойига келиб, минглаб талаба таҳсил олиш учун Туркияга келди. Фақат, илдизлари бир бўлишига қарамай, замонавий турк тили уларнинг тилларидан анча фарқ қилгани сабабли, талабалар биринчи ўқув йилини турк тили курсларида ўтказишди. Келаси йили бакалавр, магистр ва докторант талабалар Туркиядаги университетларга жойлаштирилди.

Қардош халқларни яқинлаштириш учун муҳим ва аниқ одимлар отган Турғут Ўзал 1993 йилнинг апрель ойида Марказий Осиёдаги туркийзабон республикалар ва Озарбайжонга ўн икки кунлик ташрифини амалга оширади. У ўзи билан бирга олиб келган туркийзабон халқлар ҳамжамиятини тузиш тўғрисидаги протоколни барча давлат президентлари имзолайди.

Бироқ, Туркияга қайтиб келган куннинг эртасига, яъни 17 апрелда, Ўзал тўсатдан вафот этади ва кейинчалик маълум бўлишича, туркийзабон давлатлар ҳамжамиятини тузиш ғоясини ҳам ўзи билан бирга олиб кетади. Ўша пайт тарқалган миш-мишларга кўра, Ўзал ҳамжамият ташкил этилишини хоҳламаган ва дунё саҳнасида янги кучли иттифоқ пайдо бўлишидан қўрққан кучлар томонидан заҳарланган.

2007 йил 17 апрель куни Туркиядаги хусусий телеканаллардан бирига интервью берган марҳум президентнинг турмуш ўртоғи Семра Ўзал “турмуш ўртоғимни заҳарлаб ўлдиришганига шубҳа қилмайман”, деди. Ўзал хоним айтишича, унинг соппа-соғ бўлган ёстиқдоши кўчада бирга кетишаётганида тўсатдан йиқилган.

Марҳум президентнинг турмуш ўртоғига кўра, туркийзабон республикаларга қилинган сўнгги сафар чоғида Турғут Ўзалга бир стакан лимонад мажбур қилиб ичирилган, ҳолбуки ўрнатилган тартиб-қоидаларга кўра, аввал уни бошқа бир киши тотиб кўриши зарур эди. Ўзал хоним таъкидлаганидек, дунёда “соат механизмли” заҳарлаш имконлари мавжуд бўлиб, заҳарланаётган кишининг ўлиш вақтини аниқ ҳисоблаб чиқариш мумкин.

Турғут Ўзал вафот этгач юз берган айрим воқеалар ҳам Семра Ўзалнинг заҳарлаш бўйича ишончини тасдиқлайди. Унинг айтишича, марҳумнинг танаси докторлар томонидан ёриб, текширилмаган, ҳолбуки бундай вазиятларда мурда ёриб текширилиши шарт эди; президентдан таҳлил учун олинган қон солинган пробирка “эҳтиётсизлик” оқибатида синиб қолган; марҳумдан олинган соч намунаси эса таҳлил учун умуман яроқсиз бўлган.

Ўзалдан кейин ҳамжамият ғоясини тирилтиришга уриниб кўрган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, ҳатто, “Туркистон – умумий уйимиз” номли китобини ҳам чиқарди. Бироқ, ё замон номуносиб эдими ёки ўша пайтлар минтақада юз берган ўтиш даврининг иқтисодий қийинчиликлари сабаб бўлдими – хуллас, мазкур масала билан ҳеч ким жиддий шуғуллана олмади.

Бундан ташқари, айрим хорижий кучлар минтақанинг кучайиб кетишидан манфаатдор эмасди. Айрим президентларнинг минтақа етакчиси бўлишга уринишлари ҳамжамият ғоясига жиддий қарашга йўл бермади.

Озарбайжон, Туркманистон ва Ўзбекистонда алифбони кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтказиш тўғрисидаги қонунлар туркий халқларни яқинлаштиришда муҳим қадам бўлди. Таъкидлаш керакки, ўтган асрнинг 20-йиллари охирларидан 1940 йилгача Озарбайжон ва Ўзбекистонда лотин алифбоси қўлланилган бўлса, Туркияда лотин алифбосига ўтиш тўғрисидаги қонун 1928 йилнинг кузида қабул қилиниб, ҳозирги пайтгача қўлланилиб келинмоқда.

Пантуркизм ғояларининг ёйилиши ҳамда социалистик ва капиталистик мамлакатларда яшаётган қардош халқларнинг яқинлашишидан чўчиган Совет идеологлари битта зарба билан муаммоларини ҳал қилиб, 1940 йилда лотин алифбосини бекор қилишди.

Мана, бир неча йилдан бери Озарбайжон ва Туркманистонда лотин алифбоси тўлиқ амал қилмоқда. Ўзбекистонда эса, сўнгги йилларда қонуннинг тўлиқ кучга кириш муддати уч марта ўзгартирилди ва қонунчиликдаги охирги ўзгартишларга кўра, 2010 йилга келиб лотин алифбосига тўлиқ ўтиш мўлжалланмоқда.

Ўз мамлакатини ташлаб чиқишга мажбур бўлиб, Туркияга жойлашган президент Каримовнинг ашаддий мухолифи Муҳаммад Солиҳни деб, 1994 йилнинг бошида Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари бузилди. Ўзбекистоннинг “Эрк” партияси етакчисини ушлаб бериш талабини Туркия рад қилди.

Бунга жавоб тариқасида, Ўзбекистон ҳукумати Туркия билан муносабатларини қайта кўриб чиқди. Туркияда таҳсил олиб, ёзги таътилни ўтказиш учун Ўзбекистонга келган талабаларнинг 80 фоизига 1994 йилнинг кузида ўқишни давом эттириш учун Туркияга қайтиб боришлари таъқиқланди. Айрим талабалар ўзбошимчалик билан Туркияга кетишларининг олдини олиш мақсадида, Туркияда таълим олган талабаларга Ўзбекистондан чиқиш визалари бермаслик тўғрисида махфий қарор қабул қилинди. 2000 йилга келиб, Ўзбекистон ўзаро талаба ва ўқувчилар айирбошлаш тўғрисидаги икки мамлакат ўртасидаги келишувни бутунлай тўхтатиб қўйди.

1995 йили номи дунёга тарқалган қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов Марказий Осиё давлатлари ҳамжамияти ғоясини жонлантиришга уриниб кўрди. У “Туркистон – умумий уйимиз” ташкилотини тузди, бироқ Туркманистон вакиллари ташкилот ишида қатнашмади. Афсуски, мазкур ташкилотнинг умри қисқа бўлди.

Қозоғистоннинг иқтисодий кўрсаткичларини тобора яхшилаб бораётган президент Назарбоев, агар бешта Марказий Осий республикаси бирлашгудек бўлса, дунё сиёсати ва иқтисодиётида катта кучга айланишини яхши идрок қилади. Қозоғистон кўплаб ишчи кучига муҳтож, қўшни давлатларда эса иш қидирган кишилар тиқилиб ётибди. Мабодо, иттифоқ тузиладиган бўлса, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан Қозоғистонга келган ўн минглаб ишчи мигрантларнинг ҳозирда қулларга хос бўлган аянчли аҳволи яхшиланган бўлар эди.

Бундан бир неча йил муқаддам Назарбоев Марказий Осиё иттифоқи ғоясини эълон қилганида, бунга жавобан, Ўзбекистон президенти бу мавзуни аллақачон кўтариб чиққанини айтиб, Назарбоевни ўзининг ғоясини ўғирлашда айблашига бир баҳъя қолганди. Марҳум Сапармурод Ниёзов ҳукмронлигидаги нейтрал давлат Туркманистон бирлашиш ғоясига умуман фикр билдирмаган, Қирғизистон ва Тожикистон етакчилари ҳам арзигулик гап айтмаганди.

Афсуски, юқоридан кўрсатма олиб фаолият юритадиган Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари Н. Назарбоевнинг таклифига ҳеч қандай муносабат билдирмаяпти. Бошқа қўшни мамлакатларда ҳам мазкур ғоя мунозара қилинаётгани йўқ, ҳолбуки, ғарбдаги айрим оммавий ахборот воситалари бирлашиш ғоясига атрофлича тўхталишди.

Марказий Осиё мустақил давлатлари иттифоқини ташкил қилиш ғоясини минтақада мутлақ кўпчилик қўллаб-қувватламоқда. Буни “Би-Би-Си” радиоси ўзбек хизматининг интернет-сайтида очилган махсус форумга келган мактублар тасдиқлайди. Радио эшитувчилари “Туркистон” номи остида иттифоқ тузиш ғоясини қўллаб-қувватлашган.

Ҳозирча, Туркия ва Озарбайжон тузилиш эҳтимоли мавжуд иттифоққа киритилмаган. Бироқ, Марказий Осиё давлат етакчилари ўзаро келишувга эришган тақдирда, келажакда Туркия ва Озарбайжон ҳам мазкур иттифоққа қўшилиши эҳтимолдан йироқ эмас. Агар Европадаги кўпгина давлатлар Туркиянинг Европа Иттифоқига киришига қарши эканини, Франция ва Австрия каби давлатлар эса ЕИ таркибида мусулмон давлатни кўришни умуман истамаётганини эътиборга олсак, бу қийин иш эмаслиги маълум бўлади. Франциянинг янги президенти Николя Саркози сайловолди кампанияларида “ҳудудининг катта қисми Кичик Осиёда жойлашган, Ироқ, Эрон ва Сурия билан чегарадош мамлакат ЕИ аъзоси бўлолмайди”, деб шартта айтиб қўя қолди.

Дарвоқе, Марказий Осиёни бирлаштириш учун илк одим ташланди. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев шу йил апрель ойининг учинчи ўн кунлигида Қирғизистонга қилган расмий ташрифи пайтида томонлар бу борада муҳим ҳужжатларни имзолашди. Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев Марказий Осиё давлатлари иттифоқига Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам қизиқиш кўрсатаётганини, масалан, президент Ислом Каримов иттифоқ тузиш қандай йўллардан амалга оширилиши ҳақида аниқ фикрга эга эмаслигини айтди.

Бирлашиб, гуллаб-яшнаётган Европа тақлид учун яхши намуна ҳисобланади. Ҳамма гап Марказий Осиё давлатлари етакчилари мазкур ҳақиқатни қачон идрок этиб, иттифоққа бирлашиш масаласига жиддий эътибор қаратишида. Аҳоли турмуш фаровонлигининг кўтарилиши, халқлар ўртасидаги ўзаро қардошлик алоқаларнинг мустаҳкамланиши, минтақада барқарорликнинг муқим қолиши ва умуман, гуллаб-яшнаши бунга боғлиқ бўлиб турибди.