10:30 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда ёнғоқ ҳурлари: Ўн йилга чўзилган соя билан жанг

09.05.2007 22:20 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Ёнғоқ ҳурлари ҳақида Қирғизистонда ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари ўрталарида биринчи марта баралла гапира бошладилар. Ўшанда америкалик ишбилармонлар бу ноёб табиий хомашёни қайта ишлаш бўйича таклифлар билан келишган эди. Тез орада маҳаллий расмийлар океан ортидан келган меҳмонлар билан тузилган шартномалар мамлакат учун ўта зарарли экани тўғрисида шовқин кўтардилар. Иш “очкўз чет элликларнинг” ҳайдалиши билан тугади.

Бироқ кўп ўтмай, аҳоли энди маҳаллий “ишбилармон” амалдорларнинг очкўзлиги тўғрисида гапира бошладики, улар бу сердаромад соҳани шахсий назорати остига олган эдилар. Америкаликлардан кейин бу ерга суқилиб кирмоқчи бўлган туркиялик ишбилармонлар ҳам тезда қувилди. Шундай қилиб чет элликлар кетишди, бироқ уларнинг асрлар мобайнида шаклланиб, ҳимоя қилиниб келган қимматбаҳо ёнғоқ ҳурларини ковлаб олиш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича олиб келган билим ва тажрибалари қирғизистонликларга мерос бўлиб қолди.

Шундай қилиб, ўрмонзорлар ягона тириклик манбаи бўлган маҳаллий аҳоли чет элликларнинг “ҳурга қарши босқинчилигини” қайтардилар, аммо маҳаллий ўғриларга келганда улар ожизлик қилиб қолдилар. Ёнғоқ ўғриларига қарши расмийлар томонидан бир неча марта эълон қилинган уруш тобора натижасиз тугаб, гўёки соя билан олиб борилаётган жангга ўхшаб, ўн йилдан буён давом этиб келмоқда.

Жанг яна давом этади...

Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев томонидан 2006 йилнинг 28 июнида қўл қўйилган ва кейин икки бора ўзгартирилган фармон амалда бу курашнинг янги босқичини бошлаб бериши керак эди. Фармонга кўра, ноёб дарахт навларини қирқиш ва сотиш уч йилгача таъқиқланди. Бироқ мамлакат парламенти Фавқулодда ҳодисалар, ўрмон хўжалиги ва экология бўйича қўмитаси шу йилнинг 2 майида Жалолободда ўтказган кўчма йиғилишда айтилган гапларга қараганда, ҳозир бу соҳадаги ютуқлар ҳақида гапиришга эрталик қилади, шекилли.

Яқинда Тошкентда ўзининг ҳамкасблари билан учрашиб қайтган Қирғизистон Атроф-муҳитни қўриқлаш ва ўрмон хўжалиги давлат агентлиги директори Арстанбек Давлеткелдиевнинг айтишича, 2004-2005 йилларда Жалолобод вилояти ёнғоқзорларидан ўғирлик билан олиб чиқиб кетилган бир ярим мингга яқин ёнғоқ ҳурлари Ўзбекистонда топилган. Аталган кўчма йиғилишда сўзга чиққан Давлеткелдиев ёнғоқ ҳури ўғриларига қарши олиб борилаётган кўп йиллик уруш айтарли натижа бермаётганини айтди. У ҳур ўғриларига қарши жазони кучайтирувчи янги қонуннинг қабул қилиниши ниҳоят ишнинг олға силжишига йўл очиб беришига умид билдирди.

Жалолобод вилояти прокурори Камил Абдрашев ҳам мана шундай фикрда эканини маълум қилди. Унинг фикрича, шу йилнинг февралида қабул қилинган қонун жуда яхши ёзилган. Абдрашев шуни ҳам айтиб ўтдики, охирги пайтда ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам бу борада қирғизистонлик ҳамкасбларига кўмак кўрсатишга тайёр эканларини билдиришган. Яқин кунларда ўғирланган 50 дона ёнғоқ ҳурининг Қирғизистонга қайтариб берилиши бунинг исботи эканини эслатди у. Бироқ, Ўзбекистонда қўлга олинган ёнғоқ ҳурлари унинг фикрича, бир ярим мингта эмас, бир неча юзтани ташкил қилади.

Тошкентда ушланган ҳурларнинг бир ярим мингта эканига мана шу ўрмонзорларда яшовчи аҳоли вакиллари ҳам ишонмайдилар. Арслонбобликларнинг айтишича, ҳури етилган бир туп ёнғоқ 50 сотих жойни эгаллайди. Бир ярим минг дона ёнғоқ кесиб олинган тақдирда эса 750 гектар майдон яйдоқ бўлиб қолган бўлардики, бу маҳаллий аҳоли учун чинакам фожиа ҳисобланади. Аммо арслонбобликлар ҳар бир дона ёнғоқнинг кесилишини фожиа қатори қабул қилишади.

“Ҳур ўғрилари ёнғоқни турли пайтда кесиб кетишади, - дейди ачиниш билан арслонбоблик оқсоқол Собиржон Абданбоев. – У гуллаяптими, мева тугиб қолдими, пишиб қолдими, уларни қизиқтирмайди. Одамлар кесиб кетилган юз йиллик ёнғоқни кўрганда кўзларига ёш оладилар. Ахир мана шундай ёнғоқни катта қилиш қилиш учун яна юз йил керак бўлади-да. Уволи тутгурларнинг бу қилиқлари ўз онаси ёки боласини ўлдирган билан баробар. Улар одам эмас”.

Филни чивин чаққандек

Одатдагидек, йиғилишда ҳам вилоят раҳбарлари бири-бирларини айблаб гапирдилар. Милиционерлар “ўғриларга қаттиқ жазо бермай, суд залидан бўшатиб юбораётгани учун” судларни айбласалар, суд вакиллари милиция ходимларини ишни чала тергов қилишда айбладилар. Прокуратура ходимлари ҳам судьяларга нисбатан эътирозлари борлигини айтишди. Шу вақтнинг ўзида томонлар вакиллари айнан куч қўллаш тизимлари раҳбарлари орасида ўғриларнинг катта мартабали ҳомийлари борлигини айтишди. Қирғизистон парламентининг юқорида аталган қўмитаси раиси Ақилбек Арстанбеков ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг бу ишга аралашганини айтиб ўтиб ўтди.

Охирги йилларда бу иш бўйича очилган жиноий ишлар сони тинимсиз ўсиб бораётганини айтиб ўтиш жоиз. Жалолобод вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Нурлан Темирбаевнинг айтишича, ўтган йили ҳур ўғриларига қарши олтмиш саккиз жиноий иш қўзғатилган. 2005 йилда эса, бор-йўғи ўн етти жиноий иш қўзғалган бўлиб, 150 иш судга ўтказиб берилган. Солиштириш учун айтадиган бўлсак, 1998-2004 йилларда ҳаммаси бўлиб, 59 жиноий иш қўзғатилган, холос. Судга тортилган айбдорлар эса беш минг сўмлик (130 доллар атрофида) жарима билан қутулиб кетишади ёки афв билан суд залидан бўшатиб юборилади.

Вилоят милицияси бошлиғининг сўзларига қараганда, республика Жиноят кодексида бу жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилмаган. Ҳар бир ёнғоқ ҳури ўн минг долларгача сотилиб турганда 130 доллар жарима тўлаш филни чивин чаққани билан баробарлиги айтмаса ҳам тушунарли. Мамлакат парламенти томонидан бир неча ой аввал қабул қилинган қонунга кўра, энди бу ноёб табиат бойлигига кўз олайтирганлар етти йилгача озодликдан маҳрум қилинишлари мумкин. Бироқ шу кунгача бирорта ўғрига нисбатан бу жазо қўлланилган эмас.

“Янги қонун қабул қилингандан кейин ҳам аҳвол ўзгаргани йўқ, - дейди Нурлан Темирбаев. – Ҳалигача бирорта ўғри қамалгани йўқ. Ахир бу ишни қачонгача чўзиш мумкин?”.

Жалолобод вилояти суди раиси Риспек Шукуралиев милиция ходимларининг ишидан норози.

“Ёнғоқ ҳури чўнтакка солиб ўғирлаб кетадиган нарса эмас, - деди у. – Уни ўғирлашда камида 5-6 одам ва оғир техника иштирок этади. Бизга келаётган жиноий ишларда эса, бир одам айбланади. Ҳурни ташиб берган ҳайдовчилар ишда айбланувчи эмас, гувоҳ сифатида қатнашадилар”.

Судьянинг айтишича, кўпинча бу ҳайдовчилар бир хилда, “мен кафеда ўтирувдим, у ердан чиқсам, биров машинамга ҳурни юклаб қўйибди”, деганга ўхшаш ақлга сиғмайдиган кўрсатмалар берадилар.

Вилоят ўрмон хўжалиги бошлиғи Рустам Анарбўтўевга кўра, иложсиз қолган маҳаллий аҳоли масжидларда намоздан кейин ҳур ўғриларини қарғаш билан ўзини овутмоқда. Арслонбобликлар ана шу ўғриларнинг табиат томонидан жазоланишига ишонадилар. Бунга мисол сифатида бир ўғрининг сирли равишда ўлгани ва бошқа бировининг бедарак йўқолиб кетганини айтишади. Улар ҳурни ўғирлаш билан асосан Жойтерак ўрмончилигидаги одамлар шуғулланишини маълум қилдилар. Анарбўтўевнинг сўзларига кўра, ўғрилар кучли техника ва жиҳозларга эга бўлиб, ўрмончилар уларга қарши қурол ишлата олмайдилар. Улар бўлгани ўғирланган ҳурнинг ўрнини суратга олиб олиш учун фотоаппарат билан “қуролланганлар”, холос.

“Ҳурчилар” алоҳида тоифадаги одамларми?

Ёнғоқ ҳурлари ўсадиган Арслонбоб ва Жойтерак ўрмон хўжаликларида яшовчи аҳолининг айтишича, “ҳурчилар” унчалик кўп эмас ва уларни ҳамма жуда яхши танийди. Уларнинг уйлари (ҳар ҳолда ўша қишлоқлардагилари) бошқаларникидан унчалик фарқ қилмайди, бироқ тагларида фақат чет эл машиналари ёки Россияда ишлаб чиққарилган “Нива” машиналарининг энг сўнгги моделлари. Одамлар ҳурчиларни рэкетчи жиноятчилар қатори ёмон кўришади, улардан жирканишади, нафратланишади ва... қўрқишади.

“Уларнинг юқори мартабали ҳомийлари борлигини одамлар яхши билишади. Шу сабабли улар билан ҳазиллашиб бўлмайди, уларнинг қўлидан ҳамма иш келади”, - дейишган эди арслонбобликлар ўтган йили у ерга борганимизда.

Ҳурчиларнинг шафқатсизлиги ва сурбетлигини Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Жалолобод ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳам ўз таналарида синаб кўрганлар. Ушбу маҳкама бошлиғи Г. Сўўрўнқуловнинг айтишича, ўтган йилнинг сентябрида унинг уч ходими ҳур ўғриларини ушламоқчи бўлганда, қаттиқ калтакланганлар. Экологларни бир неча соат давомида вақти-вақти билан калтаклашиб, таҳқирлашган. Зўравонларни ҳамма танийди, исмлари ҳам маълум, бироқ ҳалигача улар жазоларини олишган эмас.

“Улар орасида Улан исмли “положенец” тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинди, бироқ афвга кўра суд залидан озод қилиб юборилди, - дейди Сўўрўнқулов. – У ҳалигача бизнинг ходимларимизни таҳқирлаб келади”.

Ҳур ўғриларининг бу қадар эркин юриши ва сурбетлигини вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Нурлан Темирбаев уларнинг жазосиз қолаётгани билан тушунтиради.

“Мен уларни шахсан ўзим ҳам қўлга олганман, ишни судга ҳам оширдик, бироқ улар яна жазоланмай қолиб кетаверишди”, - деди Темирбаев. Милиция бошлиғи участка милиция бошлиқларининг ҳурчилар билан алоқада экани тўғрисидаги гапларни инкор қилди. “Бу бекор гап. Участка милиционерлари ҳурчиларга яқин ҳам бора олмайдилар. Ҳурчилар улар билан гаплашмайдилар ҳам”, - дейди у.

Тендер комиссиясининг “бағри кенглиги” ва тартибот идораларининг “раҳмсизлиги”

Парламент қўмитаси раиси Ақилбек Арстанбековнинг маълум қилишича, 2007 йилнинг апрели охирига келиб, вилоятда президентнинг фармони чиққунига қадар ковлаб олинган 254 ёнғоқ ҳури ва томири борлиги аниқланган. Улар энди комиссия қарори билан сотилиши керак. Фармонда 2005 йилнинг 25 декабридан эътиборан ноёб навли дарахтларни кесишга, қайта ишлашга ва бирор жойга ташишга уч йиллик мораторий киритган.

Фармон кучга киргандан кейин вилоят маъмурияти тендер ўтказиб, йиғилиб қолган ҳурларни сотган. Тендер натижаларига кўра, ўрмон хўжаликлари ҳисобига 75 минг доллар ўтказиб берилган. Бироқ тендерда ғолиб чиққан фирмалар ўзларига тегишли бўлиши мумкин бўлган ҳурларни сотиб олмаганлар. Тендер комиссиясининг қарорида бундай ҳолда фирмаларнинг жавобгарлиги қаралмагани сабабли комиссия мураккаб аҳволга тушиб қолган. Вазиятдан чиқиш учун комиссия ҳурлардан 28 тасини ва 74 ёнғоқ тўнкасини “Алтинқақ” корхонасига қарзга сотган. Шу вақтнинг ўзида комиссия фирманинг пулни қачон тўлаши ва тўламаган ҳолатда қандай чора кўрилиши ҳақида ҳеч қандай гап қўзғамаган. Парламент комиссиясининг аниқлашича, бу олди-сотди ишлари мавжуд қонунларга хилоф равишда ўтказилган, яъни ҳурларни насияга бериш мумкин эмасди.

Натижа шу бўлганки, аталган корхона насияга берилган ҳурларни вақтида олиб кета олмаган, энди эса тегишли идоралар уларни олиб чиқиб кетишга рухсат беришмаяпти. Оқибатда, фирма раҳбари Умар Бўрўнбаевнинг сўзларига кўра, корхонанинг иши тўхтаб қолган, ёнғоқ ҳурини қайта ишлаш бўйича мураккаб жараён издан чиққан, ўттизга яқин одам маошсиз қолган. Бундан ташқари насияга олинган ва “чирик” ҳурлар ўз хусусиятларини йўқотиб бормоқда. Фирма ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун сарф қилган 15 минг АҚШ долларига куйиб турибди. Чунки аталган фармонга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари фирмага тегишли ҳурларни корхонага ташиб олишга рухсат бермаяптилар.

Майли, ёмғир, қор ёғсин

Шу вақтнинг ўзида қонунга киритилган ўзгартишлар ҳурчиларни сира ташвишга солмаётган кўринади ва улар бемалол янги қонунларни четлаб ўтмоқдалар. Чамаси, чинданам уларнинг ҳомийлари “жуда катта” одамлар, шекилли.

“Биз уларни қўлга оляпмиз, бироқ улар бизга эски сана қўйилган ҳужжатларини кўрсатишяпти, - дейди норози бўлиб ИИБ бошлиғи Темирбаев. – Улар ҳурни президент фармони чиққунига қадар сотиб олишганини, вақтида ташиб кетишга улгурмагани учун энди олиб кетишаётганини айтишади. Бундай ҳужжатларни улар истаганча қилиб олишлари мумкин”.

Шундай қилиб, ҳурларни ўғирлаш ҳамон давом этмоқда. Ноқонуний юк турли постларни четлаб ўтиб, асосан Ўзбекистон ҳудудига олиб кетилади. Айрим жойларда уни тепаликдан думалатиб юборилса, бас – ўзи қўшни давлат ҳудудига бориб тушади. Ўғрилар ўзларини аввалгидек дадил тутишмоқда. Вилоят милицияси бошлиғи берган маълумотга кўра, яқин кунларда ҳурчилар милиция ходимларига нисбатан куч ишлатишган. Уларга қарши ташланган махсус милиция ходимлари қурол ишлатишга ҳам мажбур бўлишган, бироқ ўғрилар Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтиб кетишга улгуришган.

Йиғилиш чоғида жалолободликлар вилоятнинг собиқ ўрмон хўжалиги бошлиғи Т. Бўқўев Иссиқкўл вилояти ўрмон хўжалиги бошлиғи қилиб тайинланишидан норози эканини маълум қилдилар. Вилоят ҳокимлиги ходими Ўрўзали Қарасартов айнан Бўқўев даврида ҳур ўғирлаш роса авжига чиққани учун вилоят ҳокимлиги уни ишдан олиш бўйича икки бора таклиф киритганини айтди. “Март инқилобини ҳимоя қилиш қўмитаси” аъзоси Адил Абилқасимов Бўқўевнинг йиғилишни олиб бораётган депутат Ақилбек Арстанбековга божа экани, шунинг учун унга биров тегмаётгани тўғрисида фикр билдирди.

Депутат Бўқўевнинг божаси бўлишини тан олди, бироқ одамни “қуруқдан қуруқ айбламай, фактлар асосида гапиришни талаб қилди. “Унинг бу иш билан шуғуллангани тўғрисида фактлар борми? Бундай фактлар йўқ”, - жавоб қилди Арстанбеков.

Қирғизистон Атроф¬-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги директори Арстанбек Давлеткелдиев куч қўллаш тизими раҳбарларига дашном бергандай қилиб, нима сабабдан шу кунгача ҳур ўғриларини “давлат мулкини ўғирлаш” деган модда билан жазога тортмаганларини сўради. Унинг фикрича, бу модда билан судланса, ўғриларга қаттиқроқ жазо берилган бўларди. Унга жавобан вилоят прокурори ўринбосари Камил Абдрашев қонунда ҳур давлат мулки деб ҳисобланмаслиги ва шу сабабли бу модда билан уларни судлаш мумкин эмаслигини айтди. Мамлакатдаги энг катта ўрмончининг бу саволи ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг энсасини қотирди.

“Бу раҳбарнинг шу пайтгача мана шундай оддий масалани тушуниб етмагани мана шу агентлик ва ҳукумат даражасида ҳурларни ўғирлашга қарши курашнинг қандай бораётганини яққол кўрсатиб берди”, - деди йиғилишдан кейин куч қўллаш тизими раҳбарларидан бири ўз исмини атамасликни сўраб.

Жалолобод вилояти губернатори Искендербек Айдаралиев ўзигача сўзга чиққан раҳбарларининг гапларидан норози бўлди.

“Нега сизлар ўғриларни ҳамма танишини, уларнинг ҳомийлари борлигини айтасизлару, очиқ гапирмайсизлар? – дея мурожаат қилди у аввалги нотиқларга. – Бу гаплар вилоят ҳокимлигига, губернатор номига ҳам соя ташлайди. Агар ўша ўғриларнинг, уларнинг ҳомийларининг кимлигини билсанглар, шу ерда ошкора айтмайсизларми? Агар губернаторнинг шу иш билан шуғулланишини билсанглар, агар бу ишни ўзинглар қилмаётган бўлсанглар, айтинглар. Нимадан қўрқасизлар?”.

Шуни айтиб ўтиш керакки, ўтган йили вилоят телевидениеси орқали чиқишида губернатор Айдаралиев ҳам Т. Бўқўевнинг Иссиқкўл вилояти ўрмон хўжалигига раҳбар қилиб тайинланишидан норози бўлиб гапирган эди. У Бўқўевни ишдан олиш тўғрисидаги вилоят ҳокимлигининг қарорини инобатга олмагани учун Ўрмон хўжалиги агентлигидан норози бўлган эди. Бироқ бу сафар губернатор бу ҳақда индамади. Эҳтимол бунинг сабаби Бўқўевнинг депутатнинг божасигина эмас, балки президент Қурманбек Бакиев қариндошларига куёв ҳам экани сабаб бўлгандир?

Хуллас, амалдорлар бу муаммони турли даражада муҳокама қилишдан нари ўтмаётган бир пайтда ҳурчилар эски “Майли, ёмғир, қор ёғсин, ўз постимдан кетмайман” деган шеърда айтилганидек, ўз қилмишларини давом эттирмоқдалар. Фақат ҳурчилар ана шу шеърда айтилганидек, давлат чегараларини ҳимоя қилиб постда турмаяптилар, улар ана шу давлатга, халққа тегишли бўлган, ҳар бири 2-3 минг АҚШ доллари турадиган ноёб бойликни инсофсизларча таламоқдалар.

***

“Соя билан урушиш”, яъни, “сирли қалпоқча” кийиб, кўзга кўринмайдиган бўлиб қолган, ўғриларга ҳомийлик қилаётган амалдор ва ўғриларга қарши кураш давом этмоқда. Ва вилоят ИИБ бошлиғи Темирбаев айтгани каби, ҳали узоқ вақт давом этади. Чунки мамлакат ўрмон хўжалиги раҳбари Давлеткелдиевга кўра, вилоят ўрмонларида уч мингдан ортиқ ҳали кесиб олинмаган ёнғоқ ҳурлари мавжуд бўлиб, улар кимларгадир сира тинчлик бермаяпти. Тўғри, энди юқорида айтилганидек мамлакатда ҳурларни қўриқлаш ва сақлаш тўғрисида қонун қабул қилинган. Бироқ қонунларгина эмас, давлат конституцияси ҳам бажарилиши ўрнига тинмай муҳокама қилинадиган мамлакатда янги қонуннинг бажарилишига ҳам ишониш жуда қийин.

***

Ёнғоқ ҳури – дарахт танасининг остки қисмида пайдо бўладиган ўсимта бўлиб, унинг вазни 2-3 тоннагача етади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳур дарахт танасидаги бактериологик касалликлар натижасида пайдо бўлади. Бироқ маҳаллий аҳоли ёнғоқ ҳурларини касаллик эмас, тирик тана деб ҳисоблайди. Ёнғоқ ҳури 80-100 йил давомида шаклланади ва дарахтнинг ҳосилдорлигига зарар етказмайди. Ёнғоқ ҳури ва томири (тўнкаси) мебеллар, сувенирлар, паркет, мебель саноатида ишлатилувчи шпонлар, қурол қўндоғи ва бошқаларни тайёрлашда жуда ноёб хомашё ҳисобланади.

Маҳаллий тарихчиларнинг айтишича, Қирғизистондаги йирик ёнғоқзорларда етилувчи ноёб бойликка бир пайтлар Буюк Британиянинг бош вазири Уинстон Черчилль ҳам харидор бўлган экан. У ҳар бир килограмм ёнғоқ ҳури учун бир килодан кумуш беришга рози бўлган дейишади. Бироқ Иосиф Сталин унинг таклифини рад этиб, урушдан кейинги энг оғир йилларда ҳам бу ноёб неъматни сақлаб қолган экан.