23:27 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қулов vs Бакиев. Қирғиз мухолифати кузда қилинадиган иш жадвалини тузиб қўйди

09.05.2007 21:32 msk

Санобар Шерматова

Қирғизистон Бош прокуратураси апрель намойишлари ташкилотчиларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишларини текшираётган бир пайтда, мухолифат янги акцияларни ўтказиш санасини белгилаб бўлди. Собиқ бош вазир Ф. Қулов сўзларига кўра, Бишкек яқинидаги Бойтиқ қишлоғида 5 май куни ўтган қурултойда республиканинг турли ҳудудларидан 600 дан зиёд вакиллари иштирок этди (журналистлар 300 дан 500 гача деб хабар бермоқдалар). Йиғилиш анъанавий “Йўқолсин президент” деган шиор ва чақириқларсиз ўтди.

“Бу ҳам тўғри”, – дея шарҳлади Ф. Қулов қурултой ишига якун ясаб. “Зудлик билан истеъфога чиқишни талаб қилиш ҳокимиятнинг ғазабини келтиради ва у бунга кўр-кўрона қаршилик кўрсатишни бошлайди”.

Бунинг ўрнига йиғилганлар намойишни ҳайдаб - тарқатилишига сабаб бўлган ҳокимият уюштирган иғволарни қораладилар, ҳокимиятдан намойиш ташкилотчилари ва акция иштирокчиларига нисбатан сиёсий ҳамда жиноий таъқибни тўхтатишни талаб қилдилар.

Қурултойда бошқа шиорлар долзарб бўлиб қолди. Бу шиорларни улар апрель ойида Олатоғ майдонида ҳам кўтариб чиққан эдилар. Бу Алмазбек Атамбаев бошқараётган ҳукуматни тарқатиш ва мамлакатдаги етакчи сиёсий кучлар вакиллари иштирокида миллий келишув ҳукуматини тузиш. Акс ҳолда, халқ вакиллари 20 октябрда янги муддатсиз норозилик акцияларини бошлаш ҳуқуқини ўзларида қолдирадилар. Шу билан бирга, президент Қурманбек Бакиев истеъфосини талаб қилувчи талабномага фуқаролар имзоларини йиғишни ваъда қилдилар.

Қирғизистонда қурултойлар одатий ҳол - умумжамият аҳамиятига эга бўлган масалаларни муҳокама қилиб олиш учун чақириб турилади. Олдин ўтган халқ қурултойларидан бирида ҳукуматдан ташқи қарзи кўп мамлакатлар учун яратилган (HIPC) дастурга кириш ниятидан қайтиш талаб қилинди. Қирғизистон бу дастурни қабул қилганида ўз мустақиллигини йўқотар эди.

Бошқа қурултой эса давлат телерадиокорпорациясини ислоҳ қилиб, унинг асосида жамоатчилик телевизионини яратишни талаб қилган. Яна бошқа бир қурултой президент Қурманбек Бакиевдан барча давлат лавозимларида ишлаётган қариндошларини ишдан бўшатишни талаб қилган. Албатта HIPC дастурига кириш ниятидан воз кечиш учун қўшимча далиллар зарур бўлганидек, бу каби қарор ва талаблар ижро учун мажбурий эмас.

Ҳукумат уйи Бойтиқда 5 май куни айтилган гапларга қулоқ солади, деб айтишга кафолат йўқ. Шунга қарамай, ўтган бу қурултойни рамзий ҳодисалар қаторига киритиш мумкин.

Мухолифатнинг апрель намойишлари мағлубияти Бирлашган Фронт тарқалишига сабаб бўлди. Унга кирган сиёсатчи ва депутатлар фронт етакчиси Ф. Қуловдан ўзларини четга торта бошладилар. Уларнинг ҳар бири мухолифатнинг ўтган норозилик акциялари билан боғлиқ ходисаларга баҳо бера туриб, фақат ўз ташкилотлари номидан баёнотлар бердилар, холос.

Уларнинг шиор ва чақириқлари Бойтиқда янграган шиорлардан деярли фарқ қилмайди. Собиқ сафдошларнинг мақсади бир бўлса ҳам, энди уларнинг бирлашиши гумон бўлиб қолди. Бунинг сабабини эса Ф. Қулов Қирғизистон сиёсий саҳнасида ўйнаётган ролидан қидириш лозим.

Мухолифат етакчилари ўтган норозилик акцияларидаги мағлубиятда асосий айбни Ф. Қуловга юкламоқдалар. Уларнинг айтишича, агар Ф. Қулов ўтган йили декабрь ойида президент билан тил бириктириб, истеъфога чиқмаганида, парламент ўз-ўзини тарқатиш ёки президент Бакиевга ваколатларининг катта қисмини қайтарувчи Конституция янги таҳририни қабул қилишдек дилеммага рўпара бўлмас эди.

Депутатларнинг кўпчилиги президент ваколатларини кучайтирувчи Конституцияни қабул қилиш учун овоз бердилар. Ютқазганлар аламини ичига ютиб, бунинг учун Ф. Қулов айбдор деб ҳисоблай бошладилар. Кейинчалик, сиёсий фитналар оқибатида Қулов ҳам ишдан бўшаб, бекорчи бўлиб қолганидан сўнг вазият ўзгарди.

Парламентни қўлга олган Қурманбек Бакиев президент доирасига тўғри келмайдиган бош вазирдан воз кечишга қарор қилди. Истеъфога чиққан Қулов ё мамлакатни тарк этиши ёки қирғиз жамиятининг анъаналарига мос равишда рақибини очиқ жангга чақириши лозим эди. Бошқача бўлишига эркаклик ғурури ҳам йўл қўймас эди.

Президентлик сайловларидан олдин, 2005 йилда Бакиев билан Қулов бир-бирига қўл бериб, бирга бўлишга аҳд қилишган эди. Бу аҳдга кўра, бири истеъфога чиқса, иккинчи сиёсатчи ҳам истеъфога чиқиши керак эди. Қулов аҳдга содиқ қолган ҳолда ўтган йили ноябрь ойида мухолифат тарафига ўтиш тўғрисидаги таклифни рад этган, мухолифат эса Қуловнинг Бакиевга аввал ноябрда, кейин декабрда бўлган муносабатини сотқинлик, деб атаган эди.

Ҳарҳолда улар Ф. Қуловни кечирмаганга ўхшаб кўринсалар ҳам, у тузган Бирлашган Фронт таркибига кирдилар. Собиқ бош вазир, кузатувчилар кутганидек, президент Бакиевнинг барча рақибларини бирлаштира олмади. Бунинг ўрнига битта масалани ҳал қилиш учун муваққат иттифоқ тузилди. Иттифоқчилар Бакиевни заифлаштириш ёки иш ўнгидан келса, уни истеъфога чиқариш учун Ф. Қуловдан фойдаланмоқчи бўлдилар.

“Кейин нима бўлишини ҳаёт кўрсатади”, деб ваъда қилишди мухолифатчилар.

Муваққат иттифоқ намойиш ҳайдаб тарқатилганидан кейин қанчалик тез тузилган бўлса, шунчалик тез тарқалди. Иттифоқ тарқалиши билан мухолифатнинг бошқа етакчиларидан фарқли ўлароқ, Қуловнинг ортида забардаст ташкилот йўқлиги аниқ бўлди. Бундан саккиз йил олдин тузган “Ор-Номус” партияси у бош вазирлик пайтида иккига бўлиниб кетган бўлиб, Феликс Қулов учун бу вазиятда янги сайловчилар ва янги сиёсий ғоя қидириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолди.

“Қирғизистоннинг оддий фуқаролари менга мурожаат этиб, уларни тарк этмаслигимни сўрашди, - деди собиқ бош вазир қурултойда, - мен камситилаётганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқчиман. Шу жумладан тадбиркорларнинг ҳам”.

Собиқ бош вазир келажакда ўз фаолиятида дастур бўла оладиган ғояни кўтариб чиқди.

“Қирғизистон президентининг хатосини тўғрилаш зарур. У миллатнинг бўлинишига йўл қўйди. Халқ маслаҳатини чақириш бу йўлда қўйилган илк қадам”, – деди Қулов.

Мамлакатнинг Шимол ва Жанубга бўлиниши ижтимоий-маиший мавзудан сиёсий муаммога ўтмоқда. Олатоғ майдонидаги намойишчиларнинг кўпчилиги шимолий ҳудудлардан келган одамлардан иборат бўлиб, жанубликлар ўз юртдоши бўлган президентга тарафдорлигини намойиш этдилар. Бу ғоя билан энди мухолифатдаги бошқа сиёсатчиларнинг ҳам қуролланиши кутилмоқда.

Бойтиқдаги қурултой на унда иштирок этган вакилларнинг сони билан ва на унда қабул қилинган қарорлар билан умуммиллий масштабга мос келмади. Аммо, қурултой мухолифат имкониятларининг ўсиш нуқтасини намоён этди. Намойишни ҳайдаб тарқатиш президент билан собиқ бош вазир орасидаги муносабатлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этмади, балки янада чуқурлаштириб юборди ҳам.

Феликс Қулов ва мухолифат етакчилари прокуратура томонидан жиноий таъқиб этилиши уларни президент ҳокимиятига қарши туриб бериш учун янги чоралар излашга мажбур қилди.

Бу эса мамлакатда яна намойишлар бошланиши, уларда далил сифатида қариндошлар, ҳамқишлоқлар ва ёлланган инқилобчиларнинг нутқ сўзлашлари муқаррарлигини билдиради. Афсуски, мулоқотнинг маданий услубларига ўтиш кутилмайди, негаки қирғиз сиёсатида ғоявий ва тор доирадаги манфаатлар асосида ҳаракатланаётган, аламзадалик, қасос ва ўзининг устунлигини исбот этишга қаратилган инсон характерлари тўқнаш келади.