08:41 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Жаҳон банки Қозоғистонга Орол денгизининг шимолий қисмини сақлаб қолишга ёрдам бермоқда

09.05.2007 17:03 msk

Spaceref.com

Орол денгизининг шимолий қисми ХХ асрнинг 60-йилларида шундай кўринишда эди

Орол денгизининг аҳволи 2000 йилга келиб, айниқса, ачинарли бўлиб қолди. Қачонлардир катталиги жиҳатдан дунёда тўртинчи ўринни эгаллаган бу денгиз ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидан бери тинимсиз қурий бошлади. Амударё ва Сирдарё сувлари денгизга бормай, совет даврида бунёд бўлган ирригацион лойиҳаларга оқизилиши натижасида, шу бугунга келиб денгизнинг чорак қисми қолди, холос. Оқибатда экологик ҳалокат ва маҳаллий аҳолининг оммавий касалликларга чалинишлари юзага келди. Улкан кўл қуриб боргани сари бу ерларда қишлар янада қаҳратон, ёзлар эса янада жазирама ва қурғоқчил бўлиб кетди.

Орол денгизи 2002 йилда
Орол денгизи 2002 йилда. Фазодан олинган сурат
Аммо “Spaceref.com” веб-сайти хабарига кўра, Орол денгизининг Қозоғистон ҳудудида жойлашган шимолий қисми бугунга келиб қайта жонлана бошлаган. Шўр кўлнинг бу қисмини сувга тўлдириш имконияти Қозоғистон ҳукумати Жаҳон банки томонидан ажратилган 85 миллион доллар кредитдан фойдаланиб, узунлиги йигирма километр бўлган Кўкорол тўғонини қурганидан кейин мумкин бўлиб қолди.

Натижада денгиз жанубий қисмининг қуриши давом этмоқда, аммо шимолий қисмининг қуриши тўхтади. Қозоғистон ҳукуматининг расмий маълумотларига қараганда, собиқ Орол денгизи шимолий қисмининг 40 фоизини қайта тиклашга эришилди.

Жорий йилнинг апрель ойи бошларида Қозоғистон ҳукумати денгизда иккинчи тўғон қурилиши учун Жаҳон банки қўшимча 126 миллион доллар кредит ажратиб бераётганини эълон қилди.

Орол денгизи 2007 йилда
Орол денгизи 2007 йилда. Фазодан олинган сурат
Орол денгизининг Қозоғистон қисми қайта ҳаётга келаётган бир пайтда, Ўзбекистонда денгиз соҳиллари тобора узоқлашиб бормоқда.

Бу саҳифада 2005-2007 йил апрель ойларида Орол денгизи ҳолати бўйича фотосуратларини солиштириб кўриш мумкин.

* Орол денгизининг босқичма-босқич қуриб бориш жараёни тасвири Crimea.com. сайтида тақдим этилган.

Манба - Spaceref.com. Фотосурат - Spaceref.com, Maps.Google.Com. «Фарғона.Ру» АА таржимаси