23:06 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Туркия дунёвий ривожланиш йўлидан қайтадими?

09.05.2007 00:53 msk

Бахтиёр Шоҳназаров

Туркияда президентлик сайлови билан боғлиқ танг вазият вужудга келди. Юз бераётган воқеалар натижаси ўлароқ мамлакатдаги сиёсий тизим ўзгариши мумкин. Бош вазир Ражаб Эрдўған Туркия Конституциявий суди 27 апрель куни парламентда бўлиб ўтган президент сайловининг биринчи тури қонунийлиги ҳақида 1 май куни чиқарган қарори эълон қилинар-қилинмас берган баёноти бундан далолат беради.

Давлатни бош вазир бошқаради

Мамлакат Конституциясига кўра, 73 миллион киши истиқомат қиладиган Туркия парламент республикаси ҳисобланиб, ваколати жудаям кам бўлган президент асосан вакиллик вазифаларини амалга оширади. Мамлакатни бош вазир бошқаради, президент эса фақатгина парламент томонидан қабул қилинган қонунларни ва ҳукумат томонидан давлатнинг юксак лавозимларига таклиф қилинган кишиларни вето қилиш ҳуқуқига эга, холос.

Президент 550 депутатдан ташкил топган мамлакат парламенти – Буюк Миллат Мажлиси томонидан сайланади. Сайловларда ғолиб чиққан партия (ёки партиялар) ҳукуматни тузади. 2002 йили ўтказилган парламент умумхалқ сайловларида мухолифларини анча ортда қолдириб, ғолиб чиққан Адолат ва ривожланиш партияси (АРП) ҳозирги пайтда ҳукуматни бошқармоқда. Ҳукуматнинг қонун билан белгиланган беш йиллик ваколат муддати шу йилнинг кузида тугайди. Шу алоҳида таъкидлаш жоизки, республиканинг 84 йиллик тарихи давомида ҳеч қайси ҳукумат иқтидорда бунчалик узоқ муддат қололмаган.

АРП парламентда 352 ўринга эга бўлиб, бу рақам қонунларни осонлик билан қабул қилишларини таъминлайди. Мухолифатчи депутатлар сони эса депутатлар умумий сонининг учдан биридан сал кўпроғини ташкил қилади, холос. Президент сайлови арафасида мухолифатчи депутатлардан бир неча нафари ўзлари мансуб бўлган партиялар бошлиқлари олиб бораётган сиёсатдан норозилик сифатида партия аъзолигидан чиқишди. Ҳозирги пайтда асосий мухолифатчи партия – Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) парламентда 151 ўринга эга бўлса, “Она Ватан” партияси (ОВП) – 19, “Тўғри йўл” партияси (ТЙП) – 4 ўринни банд қилиб турибди. Яна бир неча партиянинг биттадан депутати бор, мустақил депутатлар сони эса 9 кишидан иборат.

Диний илдизларга эга эканига қарамай, мамлакатнинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк томонидан асос солинган дунёвий давлат демократик тамойилларига астойдил амал қилиш асосида ҳукуматни бошқараётган иқтидордаги АРП, сўнгги беш йил ичида катта ишларни амалга оширишга муваффақ бўлди. Мамлакатда пул ислоҳоти ўтказилиб, банкнотлардаги олтита ноль олиб ташланди, инфляция даражаси тўққиз фоизга туширилди, иқтисодий ривожланиш даражаси юқори натижаларни кўрсатмоқда, товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан кўпроқ ўсишига эришилди, 2006 йили ялпи ички маҳсулот ҳажми 567 млрд. турк лираси ёки 400 млрд АҚШ долларига тенг бўлди, бу эса аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 5.477 долларга тенгдир. Таққослаш учун: мамлакат иқтисодий бўҳронни бошидан кечирган 2002 йили бу рақам 2.598 долларда қолиб кетганди. Ўлкада замонавий йўллар қурилди, катта аҳамиятга молик бўлган кўплаб “туя гўшти еган” қурилишлар ниҳоясига етказилди, юзлаб янги корхона ва мактаблар очилди ва ҳ.к. Туркиянинг халқаро миқёсдаги эътибори ўсди, мамлакат Европа Иттифоқига кириш учун номзод бўлди. Кўпгина халқаро ва минтақавий муаммоларни ечишда Туркиянинг мавқеи оғир боса бошлади.

Нега сиёсий беқарорлик юзага келди?

2007 йилнинг май ойида президент Неждет Сезернинг етти йиллик ваколат муддати тугайди. Тақдир тақозоси билан, янги президент сайловлари АТП томонидан тузилган ҳукуматнинг ҳам ваколат муддати охирлаб қолган пайтларга тўғри келиб қолди. Ўрнатилган тартиб-қоидаларга кўра, бир вақтнинг ўзида ҳам бош вазир, ҳам иқтидордаги партия раиси бўлган шахс президент этиб сайланарди. Ражаб Эрдўған президентликка номзод бўла олишини ҳис қилган мухолифатчи ЖХП раиси Дениз Байкал ўтган йилнинг кузидан бошлаб, бунга йўл қўймаслиги ҳақида баёнот берган, Эрдўған бунақанги юксак лавозимга лойиқ эмаслигини таъкидлаб, унга нисбатан ақл бовар қилмас айбловлар қўйганди. Байкалнинг фикрича, АРП мақсади мамлакатдаги асосий учта лавозимни – президентлик саройи соҳиби, парламент ва ҳукумат раиси лавозимларини эгаллаб олиш эмиш; агар бу мақсад амалга ошгудек бўлса, Туркиянинг дунёвий ва демократик тизими хавф остида қолармиш. Муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказиш талабида оёқ тираб олган Дениз Байкал, айни пайтда АРПдан президентликка кимни номзод қилмоқчи эканини эълон қилишни талаб қилди.

Байкалнинг турли гап-сўзларига қарамай, бош вазир Р. Эрдўған совуққонлигини сақлаб турди ва АРП ўз партияси номзодини қонунда белгиланган кунларда, яъни 18 апрелдан 26 апрелгача бўлган муддат ичида эълон қилишини билдирди. АРП ўз аъзолари орасида сўровнома ўтказиб, унда партиядан кимни президентликка номзод сифатида кўришларини билдиришлари сўралди. Натижаларга кўра, мамлакатдаги кўпчилик Эрдўған президент бўлиш ҳуқуқини бошқа кишига бериб, ўзи бош вазир сифатида қолишини истаётгани маълум бўлди.

Мухолифатчилар эса президентликка номзод масаласини долзарб мавзуга айлантириб олишди. Баъзи мухолифатчиларга кўра, турмуш ўртоғи ҳижобли эканлиги ва бундай уст-бош билан президент кўшкига кира олмаслиги сабабли Эрдўған президент бўлолмас эмиш. Сўл кучларнинг ўзини билмас баъзи вакиллари, ҳатто, агар Эрдўған президент этиб сайланса, хотини ҳижобини ечиб ташлаши керак, буни хоҳламаса, бошига парик тақиб юрсин, дейишгача боришди.

15 апрель куни мамлакат бошкенти (пойтахти) Анқарада Р. Эрдўғанга мухолифатчи кучларнинг намойиши бўлиб ўтиб, унда, турли манбаларга кўра, 300 мингдан 500 минггача киши иштирок этди. Намойишчилар Эрдўғандан президентликка номзод бўлмасликни талаб қилиб, Туркия дунёвий давлат экани ва шундай қолажагини, халқни уламолар бошқаришига қарши эканларини айтишди. Мамлакатдаги вазият таранглашди.

Ҳисоб-китоблар мана шунақа...

Мухолифатчи депутатлар сонини санаб чиқиб, ўзига хос ҳисоб-китоблар қилган Дениз Байкал ўтган йилнинг охиридаёқ қилган баёнотида, партияси парламентдаги президентлик сайловларига қатнашмаслигини айтганди. Унинг фикрича, Буюк Миллат Мажлисида сайловлар ўтказилиши учун мажлисга парламентдаги жами депутатларнинг камида учдан икки қисми, яъни 367 киши қатнашиши шарт экан. Байкал мухолифатчи партиялар депутатларини сайловни бойкот қилишга чақириб, агар президент сайловлари 367 депутатдан кам депутат иштирокида ўтказилгудек бўлса, ЖХП ўша заҳотиёқ Конституциявий судга даъво ариза билан мурожаат қилишини билдирди.

Шу ўринда бироз тарихга қайтишимизга тўғри келади. Гап шундаки, Европада энг кўп аскарга эга бўлган Туркия ҳарбий кучлари мамлакат ички сиёсатида ҳам катта таъсир кучига эга. 1960, 1971 ва 1980 йилларда юз берган ҳарбий тўнтаришлар бундан далолат бериб турибди. 2002 йилдаги кучли иқтисодий бўҳрон ҳам мамлакат миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишидан кейин юзага келганини эслатиш кифоя қилса керак. Ўшанда ҳарбийлар Бюлент Эжевит (2007 йил январида вафот этди) ҳукуматига нисбатан жиддий эътирозлар билдирган, йиғилиш тугаши биланоқ журналистлар ҳузурига чиққан Эжевит ҳамма нарсани очиқ-ойдин айтиб берганди. Ўз навбатида, бозор дарровда бундан тегишли хулосалар чиқариши натижасида иқтисодий бўҳрон бошланиб, кейинчалик бўлиб ўтган барвақт парламент сайловларида Ражаб Эрдўғаннинг партияси мутлақ ғолиб чиққанди.

1980 йили бўлиб ўтган сўнгги ҳарбий тўнтаришдан кейин парламент беш ой мобайнида президент сайлаш учун 115 тур ўтказган бўлишига қарамай, депутатларнинг бир қисми уларни бойкот қилгани сабабли, кворум етмасдан, президентни сайлай олмаганди. Шунинг учун, 1982 йили қабул қилинган Конституцияда президент сайлаш жараёни осонлаштирилиб, сайлов тўрт турдан иборат қилиб белгиланганди. Агар дастлабки икки турда президентликка номзод етарли овоз тўплай олмаса, учинчи ва тўртинчи турларда жами депутатларнинг учдан бир қисми, яъни 184 депутат қатнашуви билан сайловни амалга ошириш кўзда тутилган. Агар, шунда ҳам президент сайланолмаса, унда парламент тарқатиб юборилиб, барвақт сайловлар ўтказилади.

1989 йили иқтидорда бўлган “Она Ватан” партияси парламентда кўпчилик овозга эга эканидан фойдаланиб, марҳум Турғут Ўзални юқоридаги қоидалар асосида номзод қилиб кўрсатиб, президент этиб сайланишига эришган. 1993 йил 17 апрелда Турғут Ўзал собиқ Шўро республикалари ҳисобланган туркий республикаларга қилган ўн икки кунлик ташрифидан қайтиб келиб, тўсатдан вафот этади. Унинг ўрнига Сулаймон Демирел президент этиб сайланади. 2000 йили коалицион ҳукумат ўша даврнинг Конституциявий суди раиси Неждет Сезерни президентликка номзод қилиб кўрсатади. Сезер навбатдаги етти йил муддатга Туркиянинг президенти этиб сайланади. Шу тариқа, ҳар уччала президент Конституция нормалари асосида сайланади.

Абдуллоҳ Гул фактори

Шу йил 25 апрелда иқтидордаги АРП ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Гулни президентликка номзод сифатида эълон қилди. Бу ҳолат ҳам мамлакат ичида, ҳам ташқи дунёда мамнуният билан кутиб олинди. Истанбул биржаси кўрсаткичлари рекорд даражага юксалди, доллар ва евро курси эса бир йил олдинги савияга тушиб кетди. Номзоднинг ўзи ўша куниёқ мухолифатчи партиялар раислари ва тўққиз нафар мустақил депутатлар билан музокара ўтказишни бошлаб, улардан ўз номзодини қўллаб-қувватлашларини сўради. Бироқ, мухолифат Абдуллоҳ Гулни дастаклашни рад қилди, мустақил депутатлардан эса беш нафари уни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Давлатнинг энг юксак лавозимига номзод Буюк Миллат Мажлисидаги жами депутатларнинг учдан икки қисмининг овозини олиши зарур эди. Мухолифат билан ўтказилган музокаралардан кейин Гулнинг дастлабки икки турда бунга эришолмаслиги маълум бўлди. АРП уни овоз беришнинг учинчи турида сайлашни режалаштирмоқда эди, чунки у пайт, Конституцияга кўра, жами депутатлар сонининг учдан бири, яъни 184 кишининг ёқлаб берган овози етарли бўлар эди.

27 апрел куни соат 15.00 да бошланган парламент мажлисига 361 депутат қатнашди. Мухолифат сайловларни бойкот қилган бўлишига қарамай, барибир “Тўғри йўл” партиясидан икки, “Она Ватан” партиясидан эса бир нафар депутат ўз ихтиёри билан мажлисга келди. Мажлис очиқ деб эълон қилинган заҳоти, залда ҳозир бўлган ЖХП ягона вакили сўз беришларини сўради. У, агар залда 367 дан кам депутат бўлса, сайлов ўтказиб бўлмаслигини айтиб, депутатларни санашни талаб қилди. Аммо, мазкур масала бўйича сўзга чиққан халқ вакиллари, шу ондаги таркиб билан президент сайлаш бўйича олдинги йиллардаги ўрнакларни келтириб, талаб қилинган рақамдан кам депутатлар билан мажлисни ўтказишга киришиш мумкинлигини айтишди. Парламент раиси Бюлент Аринч тушунтириш бериб, ўрнатилган тартибга кўра, депутатларни санашни талаб қилиш учун камида 20 депутат имзоси билан ариза берилиши кераклигини, акс тақдирда раис депутатларни кўз билан чамалаб кўриб, жами депутатларнинг учдан бири (184 киши) залда эканига ишонч ҳосил қилса, мажлисни очиш ҳуқуқига эга эканини айтди.

Шундай қилиб, парламент мажлиси бошланди, ЖХП вакили эса, зални тарк этди. Бироқ, овоз бериш бошланишидан олдин, олти нафар ЖХП депутати овоз бериш жараёнини назорат қилиш учун залга кирди. Парламент раиси мажлис котибидан уларни “қатнашувчилар” рўйхатига киритиб қўйишни сўради. Шу тариқа, овоз бериш пайтида залда ҳозир бўлган депутатлар сони 368 кишини ташкил қилди, бу эса учдан икки қисмдан ҳам кўпроқ эди. Сайлов натижаларига кўра, Абдуллоҳ Гулни ёқлаб 357 киши овоз берди, уч киши қарши чиқди, битта овоз ҳақиқий эмас деб топилди. Шу ўринда, парламент раиси овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслигини эслатиб қўямиз. Овоз беришнинг иккинчи тури 2 майга белгиланди. Бироқ, ҳали мажлис тугамасдан туриб, ЖХП Конституциявий судга сайлов натижаларини бекор қилишни сўраб, ариза билан мурожаат қилди. Суд ишни энг қисқа муддат ичида ҳал қилиб, натижасини эълон қилажагини билдирди.

Бўҳрон остонасида

Мана шу ерда Туркия ҳарбий кучлари ўзларининг борлигини эслатиб қўйди. 27 апрель, жума куни тугаётганида, Ҳарбий кучлар олий қўмондонлиги (ҲКОҚ) интернет-сайтида мамлакатдаги вазият билан боғлиқ баёнот эълон қилинди. Унда, дунёвий тизим хавф остида экани таъкидланиб, тизимни ҳимоя қилиш зарурати туғилгудек бўлса, ҳарбий кучлар тегишли ҳаракатларни амалга оширишига яширинча имо қилинди.

Бу, ҳамма учун кутилмаган ҳол бўлди. На халқ, на сиёсатчилар ҳарбий тўнтаришлар тарафдори эмасди. Шунинг учун, эртасига ҳукумат номидан баёнот берган адлия вазири Жамил Чичек, ҳукумат ҳарбий кучлар олий қўмондонлигининг ўринсиз баёнотидан афсусда эканини билдирди. У, АРП вакилларидан иборат ҳукумат Камол Отатурк асос солган демократик ва дунёвий давлат тамойилларига оғишмай амал қилаётганини айтди. Ҳарбий кучларнинг баёноти эълон қилинган вақтга эътиборни қаратган Чичек, бу ҳолат баъзи мулоҳазаларни туғдиргани, ўтказилган президент сайловларининг биринчи тури юзасидан чиқариладиган Конституциявий суд қарорига таъсир ўтказиши мумкинлигини таъкидлади.

ҲКОҚ баёнотига чет элларда ҳам катта эътибор қаратилди. Европа Иттифоқининг кенгайиш масалалари бўйича масъул ходими Олли Рейн, ҳарбийлар конституциявий жараёнларга ҳеч қандай тақдирда ҳам аралашмаслиги зарурлигини билдирди.

Туркия ҳукумати доимо иқтисодиёт ривожланишда экани ва сиёсий тангликлар натижасида иқтисодий бўҳронлар келиб чиқмаслигини бот-бот такрорлаб келган бўлишига қарамай, мамлакатдаги ишбилармонлар бироз саросимага тушиб қолишди. Ҳарбийларнинг акс-садо келтирган баёнотидан кейин доллар ва евронинг курси анчагина кўтарилди, 30 апрель душанба куни эса, Истанбул биржаси кўрсаткичлари бирданига 4,1 фоизга тушиб кетди. Кечга яқин кўрсаткичлар бироз яхшиланди, доллар курси 1, 36 турк лираси савиясига тушди.

Давлат вазири Али Бобожон телевидение орқали чиқишида, биржа кўрсаткичининг бир пунктга пасайиши икки миллиард доллар сармоя мамлакат ташқарисига чиқиб кетиши англамига келишини айтди. У, атиги икки кун ичида мамлакат ўн миллиард АҚШ долларидан кўпроқ сармоя йўқотганини таъкидлади.

Бу орада, 29 апрель куни Истанбулда сўл кучлар томонидан ташкил қилинган яна битта намойиш бўлиб ўтди. Унда иштирок этган бир миллионга яқин киши Абдуллоҳ Гулдан номзодини қайтариб олишни, сўл кучларнинг эса бирлашишини талаб қилди.

1 май куни Конституциявий суд ўз қарорини эълон қилиб, президент сайлови ўтказиш учун парламентда камида 367 депутат ҳозир бўлиши зарурлигини шарт қилиб қўйди ва биринчи тур сайлов натижаларини бекор қилди. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас, адлия вазири Жамил Чичек ҳукумат баёнотини билдирди. У, ҳукумат суд қарорини ҳурмат қилишини, юзага келган танглик давом этмаслиги учун барвақт сайловлар ўтказишга рози эканликларини айтди. Чичек, бунинг эвазига мухолифатдаги партиялардан 25 ёшга тўлган шахсларга ҳам парламентга сайланиш ҳуқуқини таъминловчи конституциявий ўзгартишларни қабул қилишни дастаклашни талаб қилди (ҳозирда бу 35 ёш ни ташкил қилади).

Кеч соатларда АРП марказий бошқаруви йиғилишини ўтказган Р. Эрдўған кечаси баёнот берди. У ҳам, адлия вазири каби, парламентга барвақт сайловлар ўтказишга тайёр эканликларини билдириб, ҳатто, сайловлар 24 июнь ёки 1 июлда ўтказилиши мумкинлигини айтди. Эрдўған, президентни умумхалқ сайловларда беш йил муддатга (ҳозирда етти йил) сайлаш, парламентнинг ваколат муддатини ҳозиргидек беш йил эмас, балки тўрт йил қилиб белгилаш мақсадида Конституцияга шошилинч равишда ўзгартишлар киритишни таклиф қилди. Агар, ўзгартишлар сайловгача кучга кирса, Туркия худди Франциядагига ўхшаш парламент-президентлик мамлакатига айланиши мумкин.

Мухолифатчи ЖХП раиси Дениз Байкал Эрдўғаннинг таклифига жавоб бериб, бундай кенг кўламли конституцион ўзгартишларни қисқа муддат ичида қабул қилиш хаёлпарастлик эканини айтди ва парламент сайловларини ҳозирги қонунлар асосида ўтказиш тарафдори эканини билдирди. Ҳар доим бўлганидек, Байкал иқтидордаги партиянинг барча таклифларига қарши чиқиб, барвақт сайлов ўтказиш таклифини маъқуллади, холос.

ЖХПдан фарқли ўлароқ, “Она Ватан” партияси раиси Эрқан Мумчи, иқтидордаги партиянинг конституциявий ислоҳотлар ўтказиш таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлади. Агар “Она Ватан” парламентда 20 ўринга эга эканини ҳисобга олсак, унинг дастаги билан Конституцияга ўзгартишларни бемалол қабул қилиш мумкинлиги кўринади (АРП депутатлари сони 352 нафар, бунга “Она Ватан”нинг 20 нафар депутатини қўшсак, жами 372 депутат бўлади, бу эса зарурий рақам 367 дан ҳам кўп). Бунга айрим мустақил депутатлар ҳам қўшилишига шубҳа йўқ.

Бош вазир ўзининг кейинги чиқишида, ҳукумат 2 май куни парламентга барвақт сайловлар ўтказиш таклифини тақдим қилишини билдирди. Бу орада, парламент 2 майга белгиланган президент сайловларининг иккинчи турини бекор қилиб, янгитдан сайловлар 6 майдан 15 майгача ўтказилишини эълон қилди. Ҳозирги президентнинг ваколат муддати 16 майда тугайди ва у, Туркия Конституциясининг 102-моддасига биноан, янги президент сайлангунга қадар ўз ваколатларини давом эттиради.

Конституциявий суд ўз қарорини эълон қилгандан кейин бир ярим соат ўтгач, соат 20.00 да Туркия давлат телевидениесининг 1-дастури орқали жонли тарзда намойиш қилинган икки ярим соатлик махсус кўрсатувда президентликка номзод А. Гул мамлакатдаги йирик газеталар вакилларининг саволларига жавоб берди. Абдуллоҳ Гул, жумладан, ўзи исломий қадриятлар партиясига мансуб эканига қарамай, ўзи ҳам, ҳукумат ҳам ҳеч қачон демократия ва дунёвий давлат тамойилларидан воз кечмаслигини таъкидлади. “Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар биз Исломий давлат тузишга ҳаракат қилаётган бўлсак, бизни демократия тамойиллари устувор бўлган Европа Иттифоқи аъзолигига номзод қилиб олишармиди?”, - деб сўради у газетачилардан.

А. Гул, ҳалигача уни қоралаш кампанияси давом этаётганига эътиборни қаратди. Жумладан, “Жумҳурият” газетаси ўзининг биринчи саҳифасида инглиз “Индепендент” газетасидан олинган, гўёки уни фош қилувчи материалларни босиб чиқаришни давом эттирмоқда. Гул, бевосита мулоқот чоғида, аслида инглиз газетаси мухбири билан учрашуви қандай юз берганини батафсил айтиб берди.

1995 йили унинг ёнига “Индепендент” газетаси мухбири келиб, суҳбатлашади, Англияга қайтгандан кейин эса, турк сиёсатчилари ҳақида катта мақола эълон қилиб, унда А. Гулнинг гўёки “демократия ўз мақсадига эриша олмади, Анқара аҳолисининг 60 фоизи хароб кулбаларда яшамоқда, ундан (демократиядан) воз кечиш керак”, деган гаплари келтирилади.

Гулнинг сўзларига кўра, у ўша пайтнинг ўзидаёқ раддиясини юборган ва раддия “Индепендент”да босилиб чиққан. Бироқ, “Жумҳурият” газетаси ўзи кўришни хоҳлаган нарсани асл қилиб кўрсатиш мақсадида, инглиз журналистнинг ўша материали асосида мақолалар чиқаришни давом эттирмоқда. “Ишларим жуда кўплиги сабабли, мен ўзим ҳақимдаги ҳамма мақолаларни ўқиб, уларга раддия бериш имконига эга эмасман”, деб таъкидлади Гул.

Ёз жазирамаси кутилмоқда

3 май куни ҳукумат бошлиғи Р. Эрдоған парламентда нутқ сўзлаб, мухолифатнинг парламентдаги президент сайловлари ўтказилиши йўлини тўсиб қўйишини “демократияга отилган ўқ” деб атади. “Суд қарори президентнинг парламент томонидан сайланиши бўйича қонуний жараён йўлини тўсиб қўйди ва демократик кўпчиликни озчиликка бўйсунишга мажбур қилди, бу эса демократиянинг асосий тамойилларига зиддир”, деди бош вазир.

Ҳукумат барвақт сайловлар ўтказиш бўйича Марказий сайлов комиссияси (МСК) билан маслаҳатлашди. МСК ҳукумат томонидан таклиф қилинган муддатларгача тайёргарлик ишларини тугатолмаслигини билдирди ва 22 июль, якшанба куни сайлов ўтказишга келишиб олинди.

3 май куни парламент сайлов кунини тасдиқлаш масаласи бўйича йиғилди. Қизиғи шундаки, барвақт сайлов ўтказилишини энг кўп талаб қилган мухолифатдаги ЖХП вакиллари “таклиф қилинаётган кунга оз вақт қолди, сайловларга маромида тайёрлана олмаймиз” деб айтишди. Баҳона сифатида, ҳатто, “сайлов куни ватандошларимиз таътил жойларига кетган пайтга тўғри келади, шунинг учун кўпчилик унда қатнаша олмайди”, дейишди. Шунга қарамай, охир-оқибатда, йиғилишга келган 458 депутатнинг ҳаммаси сайлов кунини ёқлаб овоз берди.

6 май куни парламентда янгитдан президент сайловлари ўтказилди, аммо яна 367 депутат қатнашишига эришилмади. Абдуллоҳ Гул, бундан олдин берган баёнотига асосан, номзодини қайтариб олишини эълон қилди.

Ҳозирча АРП умумхалқ президент ва парламент сайловларини бир кунда ўтказишни таъминлаш учун Конституцияга ўзгартишлар киритилишига эришишга уринмоқда. Бироқ, кўпгина ҳуқуқшунослар мазкур ўзгартишлар бўлажак сайловларгача қабул қилиб бўлинишига шубҳа билан қарашмоқда. Чунки, парламент томонидан қабул қилинган ўзгартишлар президентга юборилади, у эса икки ҳафта муддат ичида уларни тасдиқлаш ёки вето қилиш ҳуқуқига эга. Агар президент вето қиладиган бўлса, у ҳолда мазкур жараённи янги сайланган парламент ва янги президент тугаллайди. Бу ҳолат учун ҳам ҳукуматнинг заҳира режаси мавжуд бўлиб, сайлов куни “президент халқ томонидан сайланишига розимисиз?” деган савол билан референдум ўтказиш ниятида.

АРП мавқеи жудаям ўсиб кетишига қаршилик кўрсатиш мақсадида, мухолифатдаги партиялар бирлашиш ёки бўлажак сайловларда ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилишмоқда. “Она Ватан” ва “Тўғри йўл” партиялари бирлашиш ҳақида қарор қабул қилишди. Янги партия “Демократик” номини олди. Сўлдаги кучлар ҳам бирлашиш борасида музокаралар юритмоқда.

Ҳозирча, мухолифатчиларнинг, хусусан Дениз Байкал партиясининг хаёлларига зид ўлароқ, бўлажак сайловларда иқтидордаги партия янада кўпроқ овоз олишга эришиши мумкин. Чунки ЖХП Адолат ва ривожланиш партияси қўлидан унинг президент сайлаш бўйича қонуний ҳуқуқини тортиб олганини сайловчилар кўриб тургани ҳақида маҳаллий сиёсатшуносларнинг фикри бир жойдан чиқмоқда.

Об-ҳаво кузатувчиларининг тахминларига кўра, дунё иқлимининг ўзгариши оқибатида бу ёз ойларининг инсоният тарихидаги энг жазирама бўлиши кутилмоқда. Туркияда юзага келган сиёсий вазият туфайли, бу ернинг ёзи жазирамадан ҳам баландроқ бўладиганга ўхшайди.

Муаллиф ҳақида: Бахтиёр Шоҳназаров – ижтимоий фанлар магистри, ҳуқуқшунос ва мустақил журналист, Ўзбекистон телерадиокомпанияси “Ёшлар” телеканалидаги «Ҳуқуқ ва бурч» кўрсатувининг муаллифи ва бошловчиси (1997-2003 йиллар). Ижтимоий-ҳуқуқий мавзулардаги долзарб мақолалари учун 2004 йили Тошкентдаги БМТ ва ЕХҲТ ваколатхонаси томонидан ўтказилган журналистларнинг республика танловида биринчи мукофотга сазовор бўлган. 2005 йилнинг июнь ойидан бери Туркияда яшайди.