10:38 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Умида Ниёзова халқаро ташкилотлар босими билан озод этилди

08.05.2007 22:49 msk

Алексей Волосевич

Бугун, 8 май куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судида аппеляция ҳайъатининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир ҳафта олдин Тошкент шаҳар Сирғали туман суди томонидан 32 ёшли ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Умида Ниёзовани етти йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида чиқарилган ҳукм қайта кўриб чиқилди.

Аппеляция ҳайъатининг йиғилиши рус тилида, судья Синягина раислигида ўтди.

Аввалига прокурор ёрдамчиси ҳайъат азоларини У. Ниёзова содир этган жиноятларнинг қисқача тафсилоти билан таништирди.

Қораловчи прокурор сўзини тугатганидан сўнг навбат адвокатга келди.

“Маҳкама жараёнида айбсизлик презумпцияси принципи қўпол тарзда бузилди, - деди Татьяна Давидова, - айблов хулосаси учун судга асос бўлган “Қўрғошин ёмғири” ҳисоботини «Human Rights Watch» ташкилоти республиканинг барча идораларига расман тарқатган эди. Суд бизнинг далилларимизни нима учун эътиборга олмаганини асослаб бериши лозим”.

Фото ИА Фергана.Ру

Татьяна Давидовага кўра, на Умида ва на адвокати унинг айбсиз эканини исботлашга мажбур, балки қораловчи унинг айбдорлигини исботлаши лозим эди. Аммо у буни эплай олмади.

“Одатда, иш юзасидан қандайдир шубҳа ва гумонлар бўладиган бўлса, қонунга кўра, жараён айбланувчининг фойдасига талқин этилиши керак”.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Умидани жиноий жавобгарликка тортиш учун у таъқиқланган материалларни тарқатиши керак эди, аммо у бу ишни қилмаган. У материалларни сақлаган, холос. Бунинг учун жиноий жавобгарлик йўқ. Ноутбукни чегарадан ўтказиш бўлса, ҳеч қачон жазога лойиқ ҳаракат ҳисобланмаган.

Сўзининг охирида Татьяна Давидова У. Ниёзовага чегарадан ноқонуний ўтгани учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо белгилашни, қолган икки модда бўйича эса, тўла оқлов ҳукмини чиқаришни сўради.

Фото ИА Фергана.Ру

Шундан сўнг сўз Умида Ниёзовага берилди. У кутилмаганда пушаймонлик руҳида сўзлади.

“Бу жиноятларни мен ўзим билмаган ҳолда содир этганимни эътиборга олишингизни сўрайман. Менинг баъзи халқаро ташкилотлар фаолиятидан кўнглим қолди. Мен Андреа («Human Rights Watch»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори), Сизнинг ва ўзимнинг ишимдан ҳам кўнглим қолди. Мен “рангли инқилоблар”га қаршиман. Мен Ўзбекистонда Қирғизистон ва Грузияга ўхшаш “рангли инқилоблар” бўлишини истамас эдим”.

Сўзи давомида у ёдлаб олинган “рангли инқилоблар”дан келадиган хавфлар тўғрисида гапириб ўтди.

“Мен Ўзбекистонда тинчлик ва барқарорлик бўлишини орзу қиламан”, - деди у ҳорғин ҳолатда.

Шундан сўнг у тўғри маромга тушиб олди ва суддан икки ёшли фарзанди борлигини эътиборга олиб, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо белгилашни сўради.

Фото ИА Фергана.Ру

Ўзбекистонда бу каби пушаймонлик изҳор этиш озодликка чиқишнинг зарур шарти эканини таъкидлаш жоиз. Ўз вақтида ҳатто “акромийлар” ҳам суднинг биринчи йиғилишларидаёқ “айбдормиз, гуноҳкормиз, икки маротаба ўлим жазосига лойиқмиз”, деб пушаймонлик билдирганлар. Ким билади, балки айнан шу сўзлари туфайли улар ўз ҳаётини сақлаб қолгандир.

Айни пайтда спектакль давом этиб, томонларга сўз берилди.

“Мен ҳамма гапимни айтиб бўлдим”, – деди Давидова.

“Қўшимча қиладиган гапим йўқ”, – деди Умида Ниёзова.

“Судланувчининг айби жиноят иши материаллари билан ўз исботини топган. Сирғали туман судининг ҳукмини ўзгартиришсиз қолдиришингизни сўрайман”, - деди прокурор ёрдамчиси Халилова.

Қисқа танаффусдан сўнг судья ўз ҳукмини ўқиди: “Сирғали туман судининг ҳукми ўзгартирилсин ва уч йил синов муддати билан 7 йил муддатга шартли жазо белгилансин. Бу муддат ичида (яъни уч йил давомида) Умида Ниёзова милициядан рўйхатдан ўтиб туради ва тунги соат 22:00 дан эрталаб соат 6:00 гача ўз уйида бўлиши шарт”.

Ўн беш дақиқадан сўнг Умида дўстлари ва қариндошлари қуршовида суд биносидан кўчага чиқди. У қамоқда тахминан уч ярим ой ўтирди.