15:56 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Самарқандда маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари темир-терсак учун пул йиғувчига айланиб қолдилар

08.05.2007 22:12 msk

Феруза Жоний

Самарқандда маҳалла фуқаролар йиғини (МФЙ) раисларига йилига икки ярим тоннадан темир-терсак йиғиб топшириш вазифаси юклатилди.

- Темир-терсак йиғиб топшириш Ўзбекистонда давлат сиёсатига айланиб қолган, - дейди номи ошкор бўлишни истамаган маҳалла фуқаролари йиғини раисларидан бири, - Маҳалла ҳудудида темир бўлса-ку, хўп, уни йиғиштириб давлатга топширарсан. Бўлмаса нима қилиш керак? Самарқанд шаҳар ҳокими Ш. Ҳусанов ҳар бир маҳалла раисини ихтиёрий–мажбурий тарзда «Вторчермет» билан шартнома тузишга ундаяпти.

Маҳалла оқсоқолининг сўзларига қараганда, 2006 йилда Самарқанд шаҳрида 192 нафар МФЙ раислари ва маъсул котибларига чораклик пул мукофоти ёздирилган. Аммо, мукофотга аталган пул темир-терсак сотиб олиш учун кетган. Шундай қилиб давлатга темир-терсак топшириш режаси бажарилди, маҳалла оқсоқолларининг қулоғи ҳам тинчиди. 2007 йилнинг режасини бажариш муддати келгунича...

Маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятининг саксонтага яқин йўналиши мавжуд. Аммо шаҳар ҳокимлиги "ҳозирги кунда фаолиятингизнинг тўқсон фоизини коммунал тўловларни амалга оширишга қаратишингиз лозим", дейди.

"Ҳокимиятнинг бу кўрсатмаларини бажаришни истамаганлар ишдан бўшаш тўғрисидаги аризасини ёзсин", деди Самарқанд шаҳар ҳокими Шерали Ҳусанов навбатдаги йиғилишда. Бу тўғрида мажлис иштирокчиларидан бири «Фарғона.Ру» мухбирига сўзлаб берди.

МФЙ раислари бундай мажлисларда ҳафтасига олти-етти марта иштирок этадилар. Улар ҳар сафар ҳокимиятга "аҳолидан газ, электр энергияси бўйича қарздорликни ундириш режасини бажарилиши" тўғрисида ҳисобот берадилар. Шу йилнинг 23 март куни ўтган навбатдаги йиғилишда Самарқанд вилоятининг "Ўзбекгаз" концернидан 62 миллиард сўм (49,6 миллион доллар) қарзи борлиги тўғрисида маълумот ўқиб эшиттирилди.

Шундан 20 миллиард сўм Самарқанд шаҳрига тегишли. Шу куни ҳар бир маҳалла оқсоқолига кечгача «Халқ банки»га 100 минг сўмдан пул тўлангани тўғрисидаги кирим квитанциясини ҳокимиятга олиб келиб топшириш вазифаси берилди.

Аҳолидан коммунал тўловлар учун пул йиғиш кўрсаткичлари паст бўлган оқсоқолларни ҳоким тўра мажлис залининг ўзида "Одам бўлмай ўл!", "Ўзингни осиб қўя қол", деб ҳақорат қилади. Мажлисга келмаган оқсоқолнинг уйига ўша куни албатта милиция ходимлари келиб, қўлтиғидан ушлаб ҳокимиятга келтирадилар. Бу ерда ярим тунгача бечоранинг пўстаги қоқилади.

Ҳамма ҳам бу каби ҳақоратларни кўтара олмайди. Асосан ёши улуғ бўлган МФЙ раислари (улар орасида аёллар ҳам бор) навбатдаги йиғилишдан кейин касалхоналарга тушиб қолиши ҳоллари тез-тез учраб туради. Норасмий маълумотларга кўра, аҳоли коммунал тўлов режасини бажармагани учун Самарқанд вилоятининг Оқдарё ва Пахтачи туманлари маҳалла раислари ишдан ҳайдалган.

Ваҳоланки, коммунал тўловларни йиғиш, шу ишдан манфаатдор бўлган шахсларнинг яъни, коммунал хизматчиларнинг иши бўлиб, бу ишга маҳалла фуқаролари йиғинлари яқиндан кўмак беришлари керак, холос.

- Агар коммунал хизмат ходими ўз ишини уддалай олмаса ишламасин, кетсин. Бизни эмас, назоратчиларнинг ўзларини ишлашга мажбур қилиш керак, - дейди раислардан бири, - бизнинг ўз вазифаларимиз бор, шуларни бажарсак ҳам катта гап.

Унинг сўзларига кўра, маҳалланинг ободончилиги, аҳолига турли-туман маълумотномаларни бериш, маҳалла аҳолиси ўртасида соғлом муносабатларни яратиш, қўйди-чиқди ишларини бартараф этиш, қўни-қўшничилик, бундан ташқари иссиқ ва совуқ маъракалар МФЙ раислари, котиб ва маслаҳатчиларининг асосий вазифаси бўлиб келган.

Бу вазифалар Ўзбекистонда 1999 йил 14 апрель куни мамлакат президенти томонидан имзоланган №758-I сонли "Фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш идоралари" тўғрисидаги қонунда белгилаб қўйилган. Ушбу қонуннинг моддаларида, хусусан, "давлат ҳокимият идоралари фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш идоралари тикланишига ва ривожланишига зарур бўлган имкониятларни яратадилар, уларнинг фаолиятига аралашмайдилар, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш ҳуқуқлари амалга ошишига кўмак берадилар", деб айтилган. Ушбу қонуннинг 7-моддасида бўлса, "Фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш идоралари ҳокимият тизимларига кирмайди", – дейилган. Демак МФЙ раислари ҳокимиятга ҳисобот беришлари ҳам қонунга зид.

Суҳбатдошимиз сўзини якунлар экан, МФЙ раисларининг ишлари ниҳоятда кўплигини, аммо маҳаллий ҳокимият уларга турли вазифаларни юклаш билан асосий ишдан чалғитаётганидан хафа бўлди.

- Маҳалла аҳолиси ҳам хафа бўляпти, - дейди раис куюниб, - қачон бир масала билан келсак раис ҳокимиятда дейишади. Ахир халқ олдидаги вазифаларимизни ҳам бажаришимиз керакми?

Қисқача маълумотнома: Самарқандда 192 маҳалла фуқаролар йиғини (МФЙ) бор. Ҳар бир МФЙ таркибида раис, котиб, диний-маърифий ишлар бўйича маҳалла оқсоқоли маслаҳатчиси ва посбон ишлайди. МФЙ раиси ҳар икки ярим йилда МФЙ умумий йиғинида очиқ овоз билан сайланади. МФЙ раисининг бугунги маоши 47 минг сўм ($37), котиб 45 минг сўм, маслаҳатчи билан посбон 39 минг сўмдан ойлик маош оладилар. Бу маблағ маҳаллий бюджет ҳисобидан тўланади.