16:46 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Спиртли ичимликлар тўғрисидаги қарор кучга кириши билан Ўзбекистонда ароқ танқис бўлиб қолди

08.05.2007 21:55 msk

Ўз мухб. (Тошкент)

Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб эркин савдодаги ароқ йўқолди. Куни кеча турли туман спиртли ичимликларга тўла бўлган дўкон пештахталари бўшаб қолди. Бунинг сабаби “фуқаролар соғлиғини ҳимоя қилишни кучайтириш, истеъмол бозорларига сифатсиз, сертификатланмаган алкоголь маҳсулотлари олиб кирилишига йўл қўймаслик мақсадида” мамлакат президентининг 16 март куни матбуотда эълон қилинган “Чакана савдодаги алкоголь маҳсулотлари сифатини яхшилаш” борасидаги қарори кучга киргани бўлди. Янги қоидага кўра, спиртли ичимликларни сотиш учун махсус лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ижозат берилади, холос. Ушбу лицензиялар республика вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қошида тузилган комисиялар томонидан берилади. Бундай лицензияга эга бўлиш учун қишлоқ жойларида минимал иш ҳақининг эллик баробарига, шаҳарларда эса юз баробарига тенг миқдорда низомдаги жамғарма (устав фонди) маблағи бўлиши лозим.

Бундан ташқари алкоголь маҳсулотларини фақат касса аппаратлари билан жиҳозланган махсус дўконларда ёки алоҳида савдо залларида сотиш мумкин. Бу залларнинг савдо майдони шаҳарларда 25, қишлоқларда эса 15 метр квадратдан кам бўлмаслиги лозим. Спиртли ичимликлар сотадиган дўконлар бўлса, таълим, мактабгача таълим ва диний муассасалардан ярим километр олис масофада жойлашган бўлиши керак. Бундан ташқари, бу дўконлар жамоат транспортлари бекатларида, метро станциялари бекатларида, жамоат жойларида, соғлиқни сақлаш, профилактика ва соғломлаштириш-спорт муассасаларида, аэропорт, вокзал, автошоҳбекатларда жойлашмаслиги зарур. Бу қоидани бузган юридик шахслар лицензиядан маҳрум бўладилар ва минимал иш ҳақининг 200-300 баробари миқдорида (2-3 минг доллар) жарима тўлайдилар.

Ўзбекистонда винодан ташқари ишлаб чиқариладиган ароқ, бренди ва бошқа спиртли ичимликлар сифати ниҳоятда пастлигини таъкидлаш жоиз. Лекин маҳаллий алкоголь маҳсулотларининг ёппасига ғойиб бўлишини унинг сифатига нисбатан даъволар кўпайганидан эмас, балки махсус дўконларнинг яратилмагани билан изоҳлаш мумкин. Натижада, бир ҳафта аввал Ўзбекистон пойтахтида ароқ билан вино дарё каби оққан бўлса, ҳозир униси ҳам, буниси ҳам сотувда йўқ.

Лекин шу бугундан бошлаб алкоголь маҳсулотларини яширин тарзда ноқонуний сотиш ҳам бошланди. Нарх ҳам ўзига яраша ўсиб қолган. Тошкентдаги озиқ-овқат дўконларидан бирида сотувчи ароққа қизиқишимни кўриб, дарҳол “керак бўлса тўғрилаб берамиз”, деб қулоққа шипшиди. Чеклашлар пиво савдосига таъсир этмаган, негаки Ўзбекистонда пиво алкоголсиз ичимлик ҳисобланади.

Янги қоидага кўра, махсус дўконлар учун нафақат низомдаги жамғарма, балки ҳар ой савдодан 5 миллион сўм топшириш режаси кўзда тутилган.

“Бундай режа ҳар бир дўконда бор, - дейди озиқ¬-овқат дўконларидан бирининг соҳибаси, - аммо банкка қанча кўп пул топширсанг, шунча кўп солиқ тўлашинг керак бўлади. Бир ойга беш миллион сўм ҳаддан зиёд кўп. Дўконлардан бири шаҳар марказида, бошқаси четида бўлса-ю, пул топшириш режаси бир хил бўлса, нима фойдаси бор. Шунинг учун ҳам мен спиртли маҳсулот сотмайдиган бўлдим. Олдин ҳам бундан фойда кўрмаганман”.

Қоидадаги, айниқса, махсус дўконлар таълим, мактабгача таълим ва диний муассасалардан ярим километр олис масофада жойлашган бўлиши керак, деган қисми диққатга сазовор. Тошкентда бундай жойни топиш қийин. Ароқ, вино сотадиган дўконларнинг аксарияти эса айнан одамлар оқими кесишган жойларда – метро, автобус бекатлари, бозорга яқин жойларда жойлашган. Энди улар алкоголь маҳсулоти сота олмайдилар.

Пойтахт марказида махсус дўкон қуриш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Биринчидан, Ўзбекистонда ер эркин сотилмайди, ҳокимият бўлса, ерни унча мунча одамга ажратиб беравермайди. Шундай қилиб, алкоголь маҳсулотининг савдоси бевосита ҳокимият тизимига алоқадор одамлар томонидан монополиялаштирилади дейиш учун башоратчи бўлиш шарт эмас.

Ўзбекистонда янги қоидалар жорий бўлгунга қадар, алкоголь маҳсулотлари сотилишининг сифатлилигини таъминлаш бўйича ўзига хос режа мавжуд бўлган. Назорат вилоят ва туман ҳокимларига юкланган. Яъни, паст сифатли маҳсулотнинг сотилиши давлат даражасида қўллаб-қувватланган. Бу эса, республикада спиртли ичимликлар ишлаб чиқаришни назорат қилувчи шахсларга улкан даромадлар келтирган. Шунинг учун Ислом Каримовнинг кўзи очилиб, вино-ароқ денгизини ишлаб чиқаришни тўхтатмоқчи деб ўйлаган одам хато қилади. Гап ишлаб чиқаришни камайтиришда эмас, балки унинг сотилишини керакли одамлар қўлига олиб беришдан иборат. Бошқача қилиб айтганда, монополист ширкатлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг аксарияти монополист савдо корхоналари томонидан сотилади.

Лекин президент қарорининг асосий мақсади бозор монополизацияси эмас, балки Ислом Каримов ўзи долларни сунъий равишда баланд нархда ушлаб туриш учун юритаётган пул маблағларининг банкдан ташқаридаги айланмаларига қарши курашда қўйилган навбатдаги қадам, деган тахминлар ҳам бор. Худди шунинг учун ҳам 2002 йилда республикада импорт молларига ҳаддан зиёд катта бож тўловлари ва солиқлар қўйилиб, уларнинг олиб келиниши чеклаб қўйилди. Кейин қўшни мамлакатлар билан чегаралар ҳам ёпилди.

Банкдаги ўз ҳисоб рақамида турган пулни олиш Ўзбекистон фуқаролари учун ҳануз мураккаб муаммолардан бўлиб қолмоқда. Ҳозир банк ҳисобидаги пулни нақдга айлантириш учун умумий пул миқдоридан 30 фоизгача “хизмат ҳақи” бериш керак. Алкоголь маҳсулоти савдоси билан шуғулланадиган фирмалар эса, тадбиркорларга айнан шу турдаги хизматларни кўрсатиб келганлар. Энди тадбиркорлар учун банкдаги музлатиб қўйилган пулни олишнинг бу йўли ҳам беркиладиган бўлди.

Албатта, мактаб, боғча, касалхона ва бошқа жамоат жойларида спиртли маҳсулот сотилиши таъқиқланишини табрикламоқ лозим. Аммо, шаҳар марказига атайлаб ароқ ёки вино олгани биров бормаса керак. Бу дегани ароқ билан винонинг яширин савдоси ривожланади. Аммо унинг сифати тўғрисида ўйлашнинг ўзи ваҳимали...



 

Реклама