14:15 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Матбуот эркинлиги куни: Ўзбекистонда йўқ нарсани нишонладилар

08.05.2007 21:18 msk

Бобур Мирзоев

Тақдирнинг аччиқ ўйинини кўрингки, Тошкентда учинчи май - матбуот эркинлиги кунига бағишланган журналистика соҳаси бўйича “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндорларини тақдирлаш тантанаси эркин журналист Умида Ниёзованинг етти йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган кунига тўғри келди.

“3 май – бутун дунё матбуот эркинлиги кунига бағишланган бу тадбирда президент Ислом Каримов раҳбарлигида мамлакатда ислоҳот ўтказиш, замонавийлаштириш, демократлаштириш ва янгилаш жараёнида оммавий ахборот воситаларининг улкан роли таъкидланди”, -деб хабар беради ўзбек оммавий ахборот воситалари. – “Мустақиллик йилларида оммавий ахборот воситалари ҳақиқатан ҳам мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар тарғиботчилари бўлиб қолишди” (Таъкид муаллифники). Охирги гапларга иккиланишнинг ҳожати йўқ. Охирги йилларда Ўзбекистон ҳукумати журналистларнинг катта армиясини тўла-тўкис ўзига ўргатиб олди. Улар тобора хунуклашиб бораётган давлат идеологиясининг ташвиқотчилари бўлиб қолдилар.

Ўзбек ОАВ ҳали миллий, ҳали халқаро, деб юритаётган “Олтин қалам” конкурси натижалари ҳам шу фикримизни қувватлайди. Ўзбекистон миллий телеканалида “талантли, фаол, мамлакат ҳаётини объектив ва ҳаққоний кўрсатиб бераётган конкурс ғолиблар, ўттиздан ортиқ мамлакат ва чет эл журналистлари”, деб аталганлар орасида бирозгина бўлса-да, объектив тайёрланган материали билан фахрлана оладиган эркин журналист йўқ эди. Бунинг сабаби оддий. Бундай журналистлар аллақачон мамлакатни тарк этганлар. Мамлакат ўнгланиб қолар, деган илинжда юртда қолганлар эса қамалганлар ёки қамалиш арафасида турибдилар.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари А. Орипов ҳам иштирок этган тантанада одамлар “ижтимоий йўналишдаги кўрсатувлар учун; аёлларнинг жамиятдаги роли ҳақидаги бир неча кўрсатувлар учун; қишлоқ муаммоларига оид таҳлилий материаллар учун; миллий ва маънавий қадриятларни ташвиқот қилувчи материаллар учун” ва ҳатто “Интернет-журналистика” ҳақидаги материаллар учун тақдирландилар. Спорт шарҳловчилари, “Ўзбектелефильм” студияси режиссёрлари ва “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ходимлари ҳам эътибордан четда қолмади. Номзодлар орасида Туркия радио-телевидениесининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари ҳам турарди. Буни конкурснинг “халқаро” мақомини қувватлаш учун, деб тушуниш керак. Тадбир шу қадар дабдаба билан ўтдики, ҳатто унда БМТ, ЮНЕСКО ва Жаҳон Банки вакиллари ҳам қатнашиб, ўн нафар журналист совринни айнан уларнинг қўлларидан олди.

Шуни ҳам назардан қочирмаслик керакки, “олтин қалам” “миллий-халқаро” соврини Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ва журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази ташаббуси билан икки йил олдин, Андижон воқеаларидан кейиноқ, мамлакатда сўз ва матбуот эркинлигига қарши шафқатсиз террор бошланган бир пайтда ташкиллаштирилган эди. Ҳайратланишнинг ҳожати йўқ. Чунки мамлакатда ҳар қандай ҳодиса, ҳар қандай тушунча ўта хунук шаклда намоён бўлмоқда. Ҳақиқий художўйлар экстремизм ва терроризмда айбланиб қамаляптилар, ғалаба куни “хотира ва қадрлаш кунига” айлантириляпти. Улуғ Ватан Уруши фахрийларига деярли эътибор берилмаяпти. Яна бу ишлар оддий, шундай бўлиши керакдек амалга ошириляпти.

Шу ўринда “Садо” ўзбек телекомпаниясининг расмий сайтида эълон қилинган “Матбуот эркинлиги йўлида” мақоласи ўзига хос характерга эга. Мақола муаллифи матбуот эркинлиги кунини нишонлаш тарихи ҳақида тўхталар экан, мамлакат конституциясида Ўзбекистонда ОАВ эркин экани ва цензурага ўрин йўқлигини ёдга солади. Шундан сўнг муаллиф жамият онгини заҳарлаш, миллий ва маънавий қадриятларни парчалаш, халқнинг тарихий хотирасини йўқ қилиш” ва ҳоказоларга йўналтирилган ахборот ҳужуми нима эканлигини шарҳлай бошлайди.

“Таҳлилчиларнинг тасдиқлашларича, рангли инқилоблар ғарбнинг кучли ахборот босими остида амалга ошади, - деб ёзади мақола муаллифи. – Шунинг учун Андижон воқеалари пайтида ва ундан кейин Ўзбекистонга қарши кенг кўламли ахборот ҳужуми уюштирилди. Бу ҳужумга қарши курашда журналистикамиз елкасига масъулиятли вазифа юкланди. ...Ўзбек журналистлари ўзларининг ҳар қандай ахборот ҳужумига қарши жавоб қайтара олишга тайёр эканликларини кўрсатдилар”. Масала равшан. Мукофотларни айнан мана шу “ахборот босқинчилари” ҳужумига қарши жавоб берганлар олган.

Бугунги кунда ОАВдаги деярли ҳамма материаллар, ҳатто катта бўлмаган ҳажмдаги хабарлар ҳам “ҳамма ҳақида ва ҳар доим ғамхўрлик қилишга улгурадиган” президент Ислом Каримовнинг қайсидир буйруғи ёки гапи ёдга олинган бир кириш қисми билан бошланади. Бу диёрда ҳатто эгизаклар ҳам донишманд президентнинг “оталарча ғамхўрлиги” шарофати билангина туғиладилар. Гарчи охирги пайтларда матбуотда майда амалдорлар ҳақидаги танқидий мақолалар кўзга ташланаётган бўлса-да, шуни ҳам унутмаслик керакки, улар ҳукумат тепасидагиларнинг топшириғи билан бўляпти ва уларда у ёки бу соҳада юзага келган ҳолат тўла ёритилмаяпти. Бундай топшириқдан мақсад “демократик мамлакат” қиёфасини яратишдир.

Матбуот эркинлиги Куни муносабати билан ўтказилган танловнинг тақдирлаш маросими халқаро жамоатчилик Ўзбекистон ҳукуматини Умида Ниёзова ва Гулбаҳор Тўраеваларни ноҳақ суд қилгани учун кескин қоралаётган бир пайтда юз берди. Бу икки журналист ўз профессионал бурчларини ҳалол адо этганлари учун олти ва етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва бошқа ижтимоий ташкилотлар босими остида Европа Иттифоқи бу ташкилотда раислик қилаётган Германия орқали Гулбаҳор Тўраева ва Умида Ниёзовалар ҳукм қилингани тўғрисида кескин баёнот бериб, Ўзбекистондан бу икки ҳуқуқ ҳимоячисининг ишини зудлик билан қайта кўриб чиқишини талаб қилди ва акс ҳолда бу мамлакатга нисбатан қўлланган санкциялар муддати чўзилишидан огоҳлантирди.

Лўнда қилиб айтганда, чет эл оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қиладиган ҳар бир Ўзбекистон журналисти учун қамоққа олиниш хавфи бор. Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда мана шундай қўрқитиш усуллари билан сўз ва матбуот “эркинлиги”ни ривожлантирмоқда. Бироқ, Андижон воқеаларидан кейин АҚШга кўчиб кетган журналист Галима Бухарбаева ўзининг Умида Ниёзовага қилган виртуал мурожаатида, Ўзбекистон ҳукумати “мамлакатда энг қўрқинчли, даҳшатли қатағонлар остида ҳам озодлик ва гуманизм ғоялари учун кураша оладиган мард, қобилиятли шахслар топилаверишини” ҳисобга олмаяпти, деди.

Бу байрам – халқаро матбуот эркинлиги куни гарчи арзимас пулли мукофотларсиз бўлса ҳам, моҳият эътибори билан ўшандек мард журналистларникидир.