02:46 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Интимоқ» – Татаристондаги қирғиз диаспораси

07.05.2007 22:30 msk

Инна Ишмуратова

Ҳозир Татаристон Республикасида яшовчи қирғизларнинг миллий-маданий мухторияти бўлган “Интимоқ” эътиборли ташкилотдир. У Татаристон миллий-маданий бирлашмалар ассоциацияси (ММБА) таркибига кирган ўттиз беш жамият орасида ўзига хос эътиборли ўринга эга. Аммо ўн йил олдин ҳамма нарса бошқача бўлганди.

Мухторият қандай вужудга келди

90-йилларда бу ерларга келган шижоатли қирғизларга худди “бир тўда жиноятчи”ларга қарагандек қарардилар. Мухторият раиси Бейшенбек Муқанбетов ҳикоя қилади: “Ҳаммаси бизнинг мутлақо ҳуқуқсиз эканимиздан бошланди. Биз ҳатто ўлдирилган дўстимизнинг жасадини ватанга юбора олмас эдик”. Оила ва дўстлар бошига тушган мусибатдан “келгиндиларга” шубҳа билан қарайдиган маҳаллий амалдорларнинг этлари жимир ҳам этмасди. Мана шундай аянчли кунларда миллий жамиятга ҳуқуқий мақом олиш қарори туғилди.

Маълумки, Россияда қоғозлар мўъжиза яратади. Шундай қилиб, Қирғизистон вакиллари “сизлар кимсизларки”дан кам сонли миллат ва маданий ташкилот даражасига кўтарилдилар. Ҳозир жамиятнинг тузилганига ўн йилдан кўпроқ бўлди. У муҳожирларни ижтимоий ва ҳуқуқий кўниктириш бўйича фаол иш юритади. Оддий сўз билан айтганда, улар маҳаллий қонунчиликнинг маккорлигини биладиган, меҳнат бозорини, маъмурият билан норасмий алоқалар тизимини ўрганиб чиққан ва бу ерларга келишга қарор қилган собиқ ватандошларига ёрдам беришни истайдиган зиёли кишилардир.

Қирғизистон фуқаролари йўлга отланишдан олдин маҳаллий жамиятга қўнғироқ қилиб, улардан керакли кўрсатмаларни оладилар. Асосий масала Татаристонда яшашни расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар пакетидир. Диаспора аъзолари фуқаролик олиш учун, вақтинча яшаш учун, истиқомат учун гувоҳнома олиш учун ва ишга жойлашиш учун қандай ҳужжатлар зарурлиги ҳақидаги саволларга жавоб берадилар.

Кетиш сабаблари

Одамлар нима учун Қирғизистондан қочадилар? Қайси сабабларга кўра, улар мана шундай ажойиб тоғ манзаралари, ўзига мафтун этувчи Иссиқкўли ва мусаффо ҳавоси бўлган мамлакатни ташлаб кетадилар? Ахир бу юрт буюк куч, энергия манбаи эмасми?

Таассуфлар бўлсинким, ҳатто энг идеал дам оладиган жойлар ҳам мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий тузилиши ҳамда иқтисодидаги катта муаммоларни ҳал эта олмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Жамиятдаги улкан табақаланишни, ишсизликни, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги маъмурий кўзбўямачиликларни, ўлиб бораётган саноатни, ривожланмаётган инфраструктурани, оммавий бесаранжомлик ва тартибсизликларни отарда тинчгина ўтлаб юрган қўйларнинг, шилдираб оқаётган шаффоф сувларнинг ортига беркитиб бўлмайди.

Ота-оналарнинг жимлигини сукут аломати ризо қабилида қабул қилган ёшлар ё танфурушлик кўчасига кириб кетяптилар ёки гиёҳванд моддалар сотувчиларнинг тузоғига илиняптилар. Охирги ҳодисалар хусусида бир неча томлик “йўл эртаклари” китобини чоп этиш мумкин. Россиядан Бишкекка бораётган поездларда яшириш мумкин бўлганки жой ё юлиб олинган ё эгилган ёки синдирилган. Тафтишчилар банканинг ичидаги мураббони ҳам, ёнғоқнинг ичини ҳам текширадилар. Вокзал ҳазили ортида ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати ётибди. Булар бор-йўғи сабаблар. Натижалар эса Қирғизистоннинг ҳамма жойида россиялик туристларга кулгили баҳода сотиладиган ташландиқ кўчмас мулк.

Кимлардир бундай шароитда яшашдан батамом бош тортишни орзу қилади. Бошқалар эса қандай қилиб бўлмасин, ўзининг каттагина оиласини боқиш учун пул топишга ҳаракат қилади-да, турли шаҳарларга қараб йўл олади: Москвага, Екатеринбургга, Қозонга... Муҳожирларнинг айтишларича, ҳақиқий рус шаҳарларида келгиндиларга нисбатан жуда қаттиқ босим ўтказилади. Ҳар куни зўравонлик, қўполлик, таҳқирлаш ҳолатлари юз бериб туради. Масалан, Қозон билан солиштирилганда, у ерларда тазйиқ кучлироқ.

Татаристондаги ҳаёт

Умумий турк илдизлари бир бўлгани учун Татаристонга борган муҳожирларни худди “ўзлариникидек” қабул қилишади. Ташқи қиёфа кўрсаткичлари бир-бирига жуда ўхшаш. Уларнинг ўзларига хос рус тилида сўзлашлари қишлоқлардан келган татарларнинг гапиришидан фарқ қилмайди. Республика аҳолисининг ўзи бир неча бор миллатчиликнинг ички зарбаларига дуч келди ва бундай тенгсизлик ҳолатидан чарчади. Шунинг учун бўлса керак, одамлар бошқа жойлардан келганларни тўғри тушунишади.

Ҳозирда расмий кўрсаткичларга кўра, Қозонда 3 500 нафар қирғиз яшайди. Бу кўп эмас. Чунки Қирғизистонда 47 000 дан кўпроқ татар яшайди. Албатта, кўплаб ноқонуний муҳожирлар ҳам мавжуд. “Рўйхатдан ўтиш системаси осонлаштирилгани”га қарамасдан, қонун ва конституциядан ташқарида ҳаракат қилаётганлар ҳамон бор ва улар ҳеч қандай муносиб мақомга эга эмаслар. Диаспора вакиллари тасдиқлашларича, улар “қора нақдина”нинг гуллаб яшнашига ўз ҳиссаларини қўшяптилар. Шундай кучли тизимлар борки, улар учун мана шундай вазият қулай ҳисобланади. Айнан мана шу тизимлар муҳожирлар тўла қонунийлаштирилишига ҳеч қачон йўл қўймайдилар. Келгиндилар норасмий чиқимлар хусусидаги ўз таассуротларини мамнуният билан бизга айтиб бермоқчи бўлдилар. Лекин бу ҳақда бироз кейинроқ тўхталамиз. Умуман олганда муҳожирларнинг бу ердаги муаммолари Россиянинг бошқа минтақаларидаги муаммолардан қолишмайди. Бу ерга ҳар ким ўзининг тарихи, кечинмалари ва умидлари билан келади.

Турли стратегиялар

Турмуш тарзини, одатини ўзгартириш учун одамлар ўзларича янги шароитга мослашиш стратегияларини ишлаб чиқадилар. Мен бир пенсия ёшидаги момосини – рус аёлини бошқа юртга юборган оилани учратдим. Айнан шу қари аёл бутун оиланинг ўша юртга кўчиб бориши учун ҳамма шарт-шароитларни яратиб туриши керак эди. Унинг олдида жуда катта муаммо турарди. Кўчиб бориш, фуқаролик олиш, нафақасини расмийлаштириш, кейин эса қолган қариндошларини чақириб олиш.

Табиийки, шу ишларга кетадиган барча чиқимларни фарзандлар ўз зиммаларига олганлар. Аёл билан суҳбатда у бу ишлар учун кўп куч ва энергия сарфлаганини гапирди, лекин бошқа томондан ёрқин келажакни ўйлаб ҳаяжонланаётгани ҳам сезилиб турарди. Унинг давлатдан оладиган нафақаси ортди, болалари ўзларининг ихтисослари бўйича ишлай оладилар, набиралари эса қулай ижтимоий-сиёсий муҳитда униб ўсадилар.

Шунга ўхшаш оилавий кўчиб ўтишлар хавфсиз ва қулайдир. Бутун оиланинг кўчиб ўтиши учун кетадиган чиқимлар бир-бирини қўллаб-қувватлаш, руҳий қулайлик ва қандайдир оила ичидаги хотиржамлик билан ўзини оқлайди. Пул топиш учун ўзи ёлғиз келганлар кўпинча инқирозга учрайдилар. Автобус ҳайдовчиси бўлиб ишга жойлашган бир ёш йигитнинг бошидан кечирганлари бунга мисол бўла олади.

У ишлаш ва яшаш жойларининг қулайлигини ваъда қилувчи бир эълонни ўқиб, кўчиб ўтишга қарор қилди. Ҳақиқат эса буларнинг акси бўлиб чиқди. Қозонга кўчиб ўтганидан кейин оиланинг ягона боқувчиси, уч боланинг отаси бўлган бу йигит жуда кам миқдордаги маош учун тинимсиз ишлашга мажбур бўлди. Бошқа кам сонли миллат вакиллари каби унинг ҳам паспорти ва бошқа ҳужжатлари олиб қўйилди ва ярим йил мобайнида қайтариб берилмади. Бу ҳолатда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиш беҳуда эди.

Унинг учун жамиятдан бошқа ёрдам сўрайдиган жой йўқ эди. Унинг ўз оиласи моддий таъминоти учун юбориб турган маблағи икки ойда юз долларни ташкил қилди. Унинг муаммолари ҳал бўлган пайтда у эканкираган, тарвузи қўлтиғидан тушган бир ҳолатда эди. У пул топа олмаганидан ташқари бир йилини йўқотди ҳам. Бу йил ичида у ўзининг оиласи билан яшаши ва яхшигина шароитда ишлаши мумкин эди.

Бахтимизга ижобий мисоллар ҳам бор. Савдо соҳасидаги хусусий корхона раҳбари мутлақо бошқа бир ҳикояни сўзлайди. У олий маълумотли, ишбилармон, нафсонияти кучли, жисмонан бақувват, эндигина қирқ ёшга тўлган одам эди. Унинг айтишича, Қирғизистонда ҳатто муниципиал ташкилотларда ҳам (ҳукумат корхоналарида) ҳалол ишлаш имконсиздир, оилани расмий даромад билан боқиш мумкин эмас.

У кўчиб кетиб, Россиянинг бир қанча катта шаҳарларида Қирғизистонда тикилган кийимларни сотадиган воситачи фирмалар ташкил қилди. Ҳозир у Татаристонда яшайди. Ўзининг ёруғ офиси, ахборот таъминоти ва омборлари бор. Хотини ўзининг қўл остида менеджер бўлиб ишлайди. Унинг хонасидан одам узилмайди. Ўз муаммоларини ҳал қилмоқчи бўлганлар “Татаристон республикаси халқлар дўстлиги уйи”га эмас, айнан шу ерга келиб, маслаҳат сўрайдилар. Бу ер диаспора йиғилишининг норасмий жойи бўлиб қолган. У билан бўлган суҳбатда мен ўз йўлидаги ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўта оладиган ҳақиқий кучни, эркак зотининг тошқин энергиясини ҳис қилдим.

Меҳнат соҳаси

Муҳожирлар қайси соҳада ишлайдилар? Албатта, савдо соҳасида.

Қирғизистондан келганлар, шу йўл билан енгил саноатимизни ривожлантиряпмиз, дейдилар. Улар бу ерда ўз ватанларида ишлаб чиқарилган либосларни таклиф қиладилар. Бизнинг бозорларимизда сабзавот маҳсулотларини сотаётган ёки хитой молларини олиб-сотиш билан шуғулланаётган бошқа давлат одамларидан фарқли ўлароқ, қирғизлар ўзларининг саноати учун жон куйдирмоқдалар. Айтишларича, тикувчилик соҳаси ўз ичига фабрика ва мини-цехларни бирлаштириб ривожланяпти. Россияда эса экспорт товарлар учун бозор мавжуд. Қозонда Қирғизистон вакиллари ишлайдиган иккита асосий бозор бор. Лекин “янги меҳнат қонуни” жорий қилинганидан кейин келгиндилар бевосита савдо билан шуғуллана олмай қолдилар. Улар таъминотчи ёки савдо агенти бўлиб ишлаяптилар. Бошқа одамларни ёллаб, хусусий корхоналар очяптилар. Кўпчилик талон-торожни, қонуннинг қўпол равишда бузилишини, маъмурий жарималарни кўтаролмай қолди.

Айнан шу соҳада сабрсизлик ва миллатчилик юзага келяпти. “Ҳаммаси кўчиб келишиб, иш жойларини эгаллаб олишди, энди ўзимизникиларга иш қолмади” деган сўзларни муҳожирлар дунёнинг исталган нуқтасида эшитишлари мумкин бўлса керак. Ҳақиқатда эса келгиндилар “ўзиникилар” ишлай олмайдиган бурчакларда ишлайдилар.

Жамиятнинг яна бир аъзоси бўлган ташкилот хавфсизлиги раҳбари ҳар куни ўз ватандошларининг муаммоларини ҳал этишга ёрдам беради. У менга маккор ҳисобларни кўрсатди. Унда асосий чиқимларни “режалаштирилмаган ушлаб қолишлар” ташкил қиларди.

Унда Ички Ишлар вазирлиги, патруль пост хизмати, санэпидстанция, ветеринария, бозор маъмурияти, жиноятчи гуруҳлар каби хизматларга норасмий тўловлар тўланиши кўрсатилганди. Шуларнинг ҳаммасини бир қилиб олганда ҳар бир одамдан ойига уч мингдан беш минг рублгача тўлов олинади. Бундан ташқари ҳар бир одам ўзининг яшаши, овқати, хотин бола-чақалари учун ҳам маблағ ажратиши керак. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, диаспоранинг ҳар бир вакилидан виждонсиз участка милицияси ҳар ойда беш юз рублдан олади. Бундан жуда катта миқдордаги пул ҳосил бўляпти. Агар бунга туркман ва тожикларни ҳам қўшсак-чи? Бу жуда катта пул оқими. Бу “шартли бирликларни” (пул бирликларини) манфаатдор тизимлар ҳеч қачон демократия биносини қурадиган шартли “ғиштларга” алмашмайдилар.

Шундай қилиб, “эгаллаб олинган” иш жойлари ҳақидаги суҳбатимизни давом эттирадиган бўлсак, “ўзиникилар” яъни, маҳаллий халқ ҳеч қачон бозорларда ишлашга интилмайдилар. Навбатга туриш учун эрталаб соат тўртда уйғонмайдилар ва молларини сотиш учун эрталабки соат 8 дан то кечки соат 19 га қадар бозорда турмайдилар. Яшаш жойига олинадиган ҳақ қиммат бўлгани учун муҳожирлар тўп-тўп бўлиб яшайдилар. Мана шу ерда ватандошларининг муҳожирлик ҳаётидан бехабар бўлган кимсанинг хавотирли ва ноўрин бир саволи туғилади: “Улар ўзи пок одамларми?”

Табиийки, келгиндиларга ижтимоий имтиёзлар берилмайди. Улар ипотека дастурига киритилмайдилар. Уларнинг болалари “маҳаллийларга” жой мунтазам равишда етишмаётгани туфайли боғчаларга қабул қилинмайдилар. Ўқувчилар эса мактабни битирганларидан кейин ўрта мактабни битирганлари ҳақидаги гувоҳномани олишлари учун ўз юртларига боришлари керак бўлади. Қирғизлар бошларини силкитиб, мийиғида кулиб, ҳайрон бўлишади. “Нима учун бундай? Биз ҳам кўп ишлаяпмиз ва солиқларни тўлаяпмиз, шекилли”. Тизим ўзи шундай. У муҳожирлар ҳақидаги ҳамма нарсани билади, муҳожирлар эса у ҳақидаги.

“Интимоқ” ҳар доим ёлғиз одам ҳал қила олмаган муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради. Мухторият аъзолари инсонпарварлик ёрдами берадиган ташкилотлар билан ҳам алоқа боғлаган. Бошқа давлатлардан, яъни, собиқ СССР республикаларидан Россияга келиб қолган болалар яшайдиган болалар уйини оталиққа олган. Йилига бир неча маротаба совғалар, кийимлар, ширинликлар олиб бориб берадилар. Лекин болалар учун ҳеч қачон пул тўпламайдилар. Табиийки, бу борада улар интернатларга тарқатиладиган маблағларни йиғиш мажбуриятини олган маҳаллий маъмурият билан келиша олмайдилар. Қирғизларнинг шахсий ташаббуслари ҳукуматни мутлақо ажаблантирмади. Фақат одатдагидек, “Сизлар кимсизларки, бу ерда ўзларингизча тартиб ўрнатмоқчи бўласизлар”, дейишдан нарига ўтмадилар.

Бахтимизга диаспоранинг фақат қайғули кунларигина эмас, қувончли кунлари ҳам бор. Жумладан, улар татарларнинг миллий Сабантуй байрамида Қозон шаҳри марказий майдонида ўз маданий бойликларини, асосан, миллий турар жойни, таомларни, мусиқа ва ўйинларни намойиш қилишади. Мана шундай кунларда маҳаллий аҳоли муҳожирлар, келгиндилар, бегоналар билан эмас, балки, ўзи билан ёнма-ён яшаётган, янада кучлироқ ҳамкорлик қилишга қалбини очишга тайёр турган ажойиб бир халқ билан танишади.